Абдурауф Бўриев: "Ҳисоб 6:0 бўлсин ёки 1:0 – ғалаба учун 3 очко берилади. Ҳозирда хориж клублари билан музокаралар кетмоқда"

Оқил Абдубарноев
23 июн 2025
Суперлиганинг 13-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Қўқон-1912" (2:0) учрашувидан сўнг мезбонлар ярим ҳимоячиси Абдурауф Бўриев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз...

- Худога шукур, ғалабага эришдик. "Қўқон-1912" бизга қарши яхши тайёргарлик кўрган экан. Мураббийларнинг кўрсатмаларини бажардик.

- "Пахтакор" ижобий натижалар қайд этаётганига қарамай, охирги ўйинларда анча қийинчиликларга дуч келмоқда, ҳатто турнир жадвалида пастки ўринда бораётган жамоаларни ҳам қийинчилик билан енгмоқда. Бунга сабаб нима?

- Ҳар қандай жамоа билан ўйнаш осон эмас. Ҳар бир рақиб алоҳида тайёргарлик кўради. Ўйинда асосий нарса – натижа. 6:0 ми, 1:0 ми, қандай ҳисоб қайд этилишидан қатъи назар, ғалаба учун уч очко берилади.

- Кейинги турда "Пахтакор" "Насаф" меҳмони бўлади. Қаршиликлар кубок беллашуви учун реванш олишга уриниши табиий. Жамоангиз бунга қандай тайёргарлик кўрмоқда?

- Кейинги беллашувдаги рақиб – "Насаф" билан ўзаро ҳисоб-китоб мавжуд. Қаршиликлар турнир жадвалида 1-ўринда бормоқда, биз очколар фарқини қисқартирмоқчимиз. Бир кун дам олиб, "Насаф"га қарши тайёргарликни бошлаймиз. Меҳмондаги ўйин оғирроқ бўлади, лекин ғалаба учун борамиз.

- Эшитишимизга қараганда, фаолиятингизни хорижда давом эттиришингиз мумкин экан...

- Ҳозирда хориж клублари билан музокаралар кетмоқда, нима бўлишини вақт кўрсатади.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: championat.asia