

"Қийин учрашув бўлди, аммо Эронга қарши учрашув билан солиштирсак бугун яхшироқ ўйнадик. Прессингимиз яхшироқ бўлди, вазиятлар ярата олдик. Муҳими, ғалаба қозондик ва мухлисларимиз бугунги натижадан қониқишди, деб ўйлайман", - дея фикр билдирди Аббосбек Файзуллаев.
- Иккита учрашувдан бери ўнг қанотда ўйнаб келмоқдасиз. Бу сизга қанчалик ноқулайлик туғдирмоқда?
- Тўғриси, менга чап қанотда ўйнаш қулайроқ. Чап қанотда қандай ўйнашни сезаман, лекин мураббийимиз қайси позицияни танласа ўша ерда максимал фойда келтиришга ҳаракат қиламан.
- Иккинчи бўлимда ажойиб вазиятга эга бўлдингиз. Ўша вазиятда сиз пас бермоқчи эдингизми ёки зарба?
- Тўпни тўхтатиб олиб, дарвозага зарба бермоқчи эдим, лекин рақиб ҳимоячиси тўпни майдондан чиқариб юборди.
- Жисмоний ҳолатингиз ҳақида нималар дея оласиз? Жароҳатингиз борлигидан хабардормиз. Жароҳат билан ўйнаш қанчалик қийин бўлди?
- Бугунги баҳсда майдонга тушганимни "кичик мўъжиза" деб атасак бўлади. Оёғим ишиб кетган эди. Шифокорларимизга раҳмат, уларнинг сайл ҳаракатлари туфайли ўйинда иштирок эта олдим.
- Кейинги рақибимиз Қатар ҳақида бироз гапириб ўтсангиз?
- Қатарга яхши кайфиятда борамиз. Сафарда бизни қийин учрашув кутиб турибди. Ноябрь ойидаги баҳсларда 6 очко тўплашни мақсад қилганмиз. Агар ушбу натижага эриша олсак, мундиал сари жуда катта қадам ташлаган бўламиз. Бизни қўллаб-қувватлаётган мухлисларга раҳмат айтаман.




