Суперлиганинг 5-туридаги ҳакамлик таҳлили: ОКМК офсайд ҳолатида рақиб дарвозасини ишғол қилди, "Сўғдиёна" голи билан боғлиқ эпизодда тўп майдонни тарк этмаганди
08 апр 14:37
Новости
Суперлиганинг 5-туридаги ҳакамлик таҳлили: ОКМК офсайд ҳолатида рақиб дарвозасини ишғол қилди, "Сўғдиёна" голи билан боғлиқ эпизодда тўп майдонни тарк этмаганди
Эслатиб ўтамиз, 5-турнинг учта учрашуви бошқа муддатга қолдирилган.
✅ "Локомотив" - "Андижон"
Менимча, ВАРнинг эпизодга аралашгани тўғри иш бўлди, ҳакам эса ҳақли равишда “Локомотив” дарвозасига белгиланган пенальтини бекор қилди. “Андижон” футболчиси дарвозага зарба йўллаганидан сўнг у инерция билан (беихтиёр) рақиб посбони томон, дарвозабон ҳам футболчи томон ҳаракат қилди. "Локомотив" қўриқчиси "Андижон" ўйинчисига ортиқча ҳаракат қилмаган, унинг ҳаракатларида бемулоҳазалик кўзга ташланмайди, шу боис ўйин давом эттирилиши лозим.
❌ "Сўғдиёна" - "Қизилқум"
Ўйин видеошарҳининг ушбу қисмида футболчилар ўз қилмишлари учун жазоланган-жазоланмаганлиги ноаниқлигича қолган. Жанжал уюштирганларга сариқ карточка кўрсатиш энг мақбул ечим ҳисобланади.
P.S. Учрашув бош ҳаками Равшан Абдувоҳидов ушбу эпизодда ҳар икки жамоа футболчиларига сариқ карточка кўрсатмасликка қарор қилди.
✅ "Сўғдиёна" - "Қизилқум"
Менимча, ҳакамлар “Сўғдиёна”нинг голини ҳисоблаб тўғри қилишди. Биринчидан, тўп дарвоза линиясидаги чизиқдан ўтиб кетганига 100% исбот йўқ. Катта эҳтимол билан тўп проекциясининг бир қисми дарвоза чизиғига тегиб турганди. Иккинчидан, дарвоза устуни рўпарасида офсайд ҳолатида турган “Сўғдиёна” футболчиси вазиятга халақит бергани йўқ. Гол тўғри ҳолатда ҳисобланди.
✅ "Сўғдиёна" - "Қизилқум"
Ҳакам ўйинни давом эттиргани тўғри иш бўлди. "Қизилқум" футболчиси оёғига ёлғондакам зарба қабул қилиб олгандай, “нимадир бўлиб қолар” дегандек йиқилди. Факт асосида айтадиган бўлсак, навоийликлар ўйинчиси ўнг оёғининг товон қисми билан рақиб оёғини босиб олди ва йиқилди. Қўл ва тана ўртасида енгил тўқнашув (контакт) мавжуд, аммо бу қўполлик қайд этиш учун етарли эмас. Эпизод ВАР томонидан текширилгандан сўнг футболчига оғзаки танбеҳ берилиши керак.
✅ "Бунёдкор" - "Динамо"
ВАР ўйинга тўғри ҳолатда аралашди ва ҳакам томонидан ҳақли равишда қизил карточка кўрсатилди. "Бунёдкор" ўйинчиси рақиб тўпиғидан юқори қисмига бутсасининг таг қисми билан ташланган ва рақиб оёғини "қайириб" юборган. Бу ҳолат жиддий қоидабузарлик саналади ва футболчи, албатта, четлатилиши лозим.
❌ "Сурхон" - ОКМК
Ҳакам ОКМКнинг голини адашиб ҳисоблади, аммо ВАР эпизодга тўғри аралашди. Ўйиндан ташқари ҳолатда бўлган ОКМК аъзоси тўпга тегмаса-да, вазиятда иштирок этди. Меҳмонлар вакили тўпга қараб интилди, у томон сакради. Футболчи бу ҳаракати билан зарбани қайтаришга ҳозирлик кўраётган "Сурхон" дарвозабонини чалғитди. Бу ҳолатда офсайд қайд этилиши ва гол бекор қилиниши керак эди.
Шу тариқа, Суперлига 5-туридан ўрин олган тўртта учрашувда иккита хатога йўл қўйилди ("Сўғдиёна" - "Қизилқум" учрашувида содир бўлган жанжал ҳамда "Сурхон" - ОКМК учрашувида урилган гол).
Комментарии