Ўзбек футболида янги давр бошланишига ҳисса қўшган инсон
18 окт 11:05
Новости
Ўзбек футболида янги давр бошланишига ҳисса қўшган инсон
Яқинда “Футбол Экспресс” газетасининг телеграм каналида шундай хабар чиқди: "Бахтиёр Раҳимов ЎФФга раҳбар этиб тайинланганида ишни зўр бошлаб, ислоҳотларни амалга оширишга киришганди. Улкан режалар тузганди. Биринчи навбатда ҳакамлар сафини тозалаб, келишилган ўйинларни йўқотиш пайига тушди. Ҳаммаси зўр бошланиб, шаффофлик кира бошлаганди футболимизга. Аммо, салбий иллатлар ижобий тус ола бошлашидан манфаатдор бўлмаган "қора кучлар"га бундай ислоҳотлар керак эмасди. Бирин-кетин Бахтиёр Раҳимов тайинлаган кадрлар федерациядан кетказилди. Ҳеч қанча ўтмай ўзига ҳам чиқиш эшиклари кўрсатилди".
Футболга қизиқишимга 1998 йилги жаҳон чемпионати сабаб бўлган. 2000-йиллар бошида “Ўзбекистон футболи” газетасига тажриба олиш мақсадида тез-тез келиб турардим. Таҳририят топшириғига биноан бир неча бор ЎФФга боришимга тўғри келган.
Ўшанда Бахтиёр Раҳимовнинг ЎФФдаги фаолияти эндигина бошланган, ёш раҳбар ўзбек футболини юқорига кўтариш мақсадида енг шимариб ишга киришган пайтлар эди. “Футбол Экспресс” каналида эълон қилинган хабарни ўқигач, менда Бахтиёр Раҳимов ҳақида ўз билганларимни қоғозга тушириш фикри пайдо бўлди.
37 ёшли мутахассиснинг ЎФФга келиши
2000 йилнинг куз ойлари. Ливан. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги иккинчи иштироки. Яхши натижа кутилган бир пайтда чархпалак тескари айланиб ҳаммаси бошқача бўлиб кетади.
1996 йил БААда ўтказилган қитъа биринчилигида илк бор иштирок этган Ўзбекистон гарчи гуруҳда Хитойни мағлуб этган бўлса-да, Япония ва Сурияга имкониятни бой берган ҳолда охирги ўрин билан тугатган.
Орадан тўрт йил ўтиб Ливанда ҳақиқий трагедия рўй берди. Терма жамоами Япониядан 1:8, Саудия Арабистонидан 0:5 ҳисобида енгилиб ўз тарихидаги энг йирик мағлубиятларни қабул қилиб олди.
Мамлакатнинг бош жамоаси бундай шармандали иштирокдан сўнг қайтиб келгач, Ўзбекистон футбол федерациясида тезкор йиғилиш ўтказилиб, кадрлар алмашинуви рўй беради.
ЎФФнинг ўша пайтдаги раҳбари Зокиржон Алматович Алматов ўзбек футболини мураккаб вазиятдан олиб чиқиб кетиш мақсадида футболни бошқара оладиган ёш ҳамда замонавий фикрга эга раҳбар тайинлаш учун топшириқ беради.
Шундай хусусиятларга эга раҳбарни топишга узоқ вақт кетмайди ва бунгача “Дўстлик” клубини президент сифатида бошқариб, 1999-2000 йилларда икки бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган Бахтиёр Икромжонович Раҳимовнинг номзоди илгари сурилиб, 2000 йил охирларида ЎФФга бош котиб сифатида қадам қўяди. Ўшанда Бахтиёр Раҳимов 37 ёшни қарши олганди.
Мураккаб давр ва ундан чиқиб кетишнинг йўли
Шундай қилиб Бахтиёр Раҳимовнинг кейинчалик 10 йил давом этган ЎФФдаги фаолияти бошланади. Ҳозирги давр ўқувчиларимизда савол туғилиши мумкин: Бахтиёр Раҳимов ким бўлган?
Маълумот учун, Бахтиёр Икромжонович Раҳимов 1963 йил 13 сентябрь куни Тошкентда таваллуд топган. Тошкент автомобиль йўллари ҳамда Шарқшунослик институтларини тамомлаган. Ёшлигидан спортга қизиққани боис спортнинг чим устида хоккей тури билан профессионал шуғулланган. 1979 йил ўтказилган собиқ иттифоқ халқлар спартакиадасида Ўзбекистон терма жамоасининг байроқдори ҳам Бахтиёр Раҳимов бўлган. Яхши биласиз, Спартакиада ва Олимпиада каби йирик мусобақаларда байроқдор бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Суратга изоҳ: 1979 йилги собиқ иттифоқ халқлар спартакиадаси. Бахтиёр Раҳимов терма жамоа байроқдори бўлган
Суратга изоҳ: Чим устида хоккей бўйича Ўзбекистон терма жамоаси. Бахтиёр Раҳимов тепа қатор ўнгдан учинчи. Чапдан биринчи терма жамоа мураббийи Анатолий Климов
Ўша йиллари чим устида хоккей терма жамоамизга Анатолий Климов мураббийлик қиларди. Кейинчалик ушбу мутахассис бир неча йил давомида ЎФФ терма жамоалар бўлимида фаолият олиб борганини ёши катта мухлислар яхши эслайди.
2000 йилги Осиё чемпионатидаги муваффақиятсиз иштирокдан кейин зудлик билан ривожланишнинг янги дастури ишлаб чиқилади. Ва бу дастурни бошқариш ҳамда назорат қилиш эндигина ЎФФга келган Бахтиёр Раҳимовга ишониб топширилади. Хўш, нима қилиш керак? Нима қилсак халқимиз хунук натижани унутиб, ўзбек футболига яна ишонч билан қарай бошлайди? Ахир тўрт йилдан кейин яна Осиё чемпионати кутмоқда. Унгача эса Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари бор. Биз ҳам жаҳон чемпионатига чиқа оламизми? Бунинг учун яхши футболчилар етарлими? Шу ва шу каби ўнлаб саволлар кун тартибидан ўрин олганди.
“Пахтакор”ни терма жамоалар базасига айлантириш
Ўзбек футболига янгилик олиб кириш, янги даврга қадам қўйиш учун нима қилиш кераклиги борасида таклифлар ўртага ташланади. Ва якунда энг маъқули сифатида “Пахтакор”ни терма жамоалар базасига айлантириш таклифи танлаб олинади ва бу дастурни амалга ошириш учун енг шимариб ишга киришилади.
Нима учун “Пахтакор” база вазифасини бажариши керак бўлган? Бунга биринчи сабаб - “Пахтакор” пойтахт жамоаси. Иккинчидан, “Пахтакор”ни нафақат Осиё, ҳатто МДҲ давлатлари ҳам яхши билади. Учинчидан, “Пахтакор” собиқ иттифоқ юқори лигасида Ўзбекистон номидан мунтазам иштирок этиб келган ягона клуб бўлган. Барибир бу ҳам муҳим роль ўйнаган.
Дастур шундай эдики, мамлакатдаги энг иқтидорли футболчиларни “Пахтакор”га жамлаш ва шу орқали ҳам клубни кучайтириш, ҳам терма жамоага муносиб ўйинчиларни етказиб бериш. Айтиш мумкинки, бу усул ўзини оқлаган. Айнан шу юришдан сўнг “Пахтакор”нинг гегемонлиги бошланади ва токи 2008 йил “Қурувчи” (ҳозирги “Бунёдкор”) чемпион бўлгунига қадар давом этади.
“Пахтакор”ни базага айлантириш “Пахтакор”нинг ўзига ёрдам бериб қолмади, балки терма жамоаларимизга ҳам ўз таъсирини ўтказиб, футболчиларнинг клубдан терма жамоага ўтишида муҳим роль ўйнаган.
Масалан, 2004 йил Осиё чемпионатига чиққанимиз ва гуруҳдаги учта ўйинни ғалаба билан якунлаганимиз - тўрт йил олдинги дастур самараси деб ўйлаймиз. Қолаверса, айнан шу дастур сабаб Республика Олимпия захиралари коллежи тўлиқ қайта таъмирдан чиқарилиб, вилоятлардан келадиган ёшлар учун ажойиб спорт масканига айланди. Ушбу спорт коллежи ҳудудида футбол майдони, тренажер зал, ошхона, ётоқхона кабилар барпо этилиб, ёш футболчилар учун барча шарт-шароит яратилди. Шу дастур тузилиши ва ижро этилишида Бахтиёр Раҳимовнинг ҳиссаси катта бўлган.
Илк жаҳон чемпионати
2003 йил ўзбек футболи тарихига алоҳида эсланадиган давр сифатида кирган. Негаки айнан шу йил Ўзбекистон футбол бўйича ўзининг илк жаҳон чемпионатида қатнашган.
Бахтиёр Раҳимов ЎФФга келган йиллари ташкилот олдига жиддий мақсад қўяди: имкон қадар тезроқ ҳар бир ёшдаги терма жамоа билан муваффақиятга эришиш ва шу орқали миллионлаб мухлислар ишончини қозониш. Ишқибоз кўнгли футболдан бир совуса уни қайтариш жуда қийин кечади. Вақт эса кам. Одамлар Ливандаги воқеани ҳали унутгани йўқ.
Буни қарангки, орадан кўп ўтмай ёқимли хабар тарқалади. Ўзбекистон - жаҳон чемпионати иштирокчиси! 2002 йилнинг куз фаслида Қатарда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси кучли тўртликка кирган ҳолда ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқди.
Бу – ўзбек футболидаги биринчи жаҳон чемпионати бўлган. 2003 йил Виктор Борисов қўл остида ёшларимизнинг жаҳон чемпионатига боргани мундиал сабаб кўплаб мухлисларнинг футболга қайтишига сабабчи бўлганди. Буни ҳам инкор этиб бўлмайди.
Ёшлар терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқиши Бахтиёр Раҳимовга қўшимча шуҳрат олиб келди. Бу натижа ишлар кутилганидек кетаётганидан дарак берарди. Лекин қувонишга ҳали эрта, негаки олдинда катталар ўртасидаги Осиё чемпионати кутаётганди. Бахтиёр Раҳимовнинг ЎФФдаги кейинги фаолияти ҳам Осиё чемпионатига боғлиқ бўлиб қолиши мумкин. Боз устига биз 2002 йилги жаҳон чемпионатига чиқа олмаганмиз. Легионерларни маҳаллийлаштириб терма жамоада ўйнатиш ўзини оқлаганми? Бу ҳақда қуйида тўхталамиз.
Маминов, Пашинин режаси
Ҳозирги футболда яхши ўйинчиларни маҳаллийлаштириш авж олди. Қатар бундан устамонлик билан фойдаланиб келмоқда, яқинда БАА ҳам ўзиб кетди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам ўз пайтида шу усулни синаб кўрган.
2000 йил Осиё Кубогидаги иштирокдан сўнг терма жамоага янги бош мураббий этиб Владимир Сальков тайинланади. 2001 йил жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари бўлиб ўтишини ҳисобга олсак, кучли жамоа шакллантириш мақсадида уч нафар россиялик – Владимир Маминов, Олег Пашинин ва дарвозабон Алексей Поляков таклиф этилиб, уларга Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаш имконияти берилади. Шунингдек, болгариялик ҳужумчи Георгий Георгиевга ҳам Ўзбекистон паспорти тақдим этилган.
Тўғри, бу йўл билан жаҳон чемпионатига чиқа олмаганмиз, лекин кўпчиликда Маминов, Пашинин каби футболчиларнинг терма жамоадаги ўйинидан ижобий таассурот қолганди. Ўшанда ЎФФ раҳбарияти натижа тезроқ келиши учун шундай йўл тутган. Қолаверса ўша йиллари Ўзбекистон ФИФА рейтингида 50-ўринда бўлган.
Блаттернинг илк ташрифи
2004 йилнинг 17 сентябрь санаси ўзбек футбол тарихида ўчмас из қолдирди. Чунки шу куни ФИФА президенти Йозеф Блаттер илк бор юртимизга ташриф буюради. Шундай мартабали шахснинг Ўзбекистонга келишида ЎФФ бош котиби Бахтиёр Раҳимовнинг ҳиссаси катта бўлган. Ўшанда Блаттерга ОФК раҳбари Муҳаммад бин Ҳаммам ҳамроҳлик қилганди.
Авваллари ЎФФ биноси “Халқлар дўстлиги” саройи томонда, фақат йўлнинг бу бетида бўларди. Жуда ихчамгина бинога метродан чиқиб пиёда борардик. Ҳозирги ЎФА биноси ўрнида эса “Спорт” ва “Ўзбекистон футболи” газеталари таҳририяти жойлашганди. 2004 йил Блаттер илк бор Ўзбекистонга келганида ЎФФ раҳбарияти билан биргаликда ҳозирги ЎФА биносига тамал тоши қўйиш маросими ўтказилган. Кейинчалик таҳририят Хувайдо томонга кўчди, таҳририят биноси эса ЎФФ биносига айлантирилди.
Орадан уч йил ўтиб 2007 йилнинг 29 март куни ФИФА раҳбари Йозеф Блаттер иккинчи бор юртимизга ташриф буюрди. Бу сафар Чиғатой стадиони ва базасига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди. Бундан ташқари УЕФА раҳбари Мишель Платини ташрифи ҳам ўзбек футболи учун катта воқеага айланганди.
ОФК билан муносабатлар
Бахтиёр Раҳимов ЎФФдаги фаолияти давомида фақат терма жамоаларни кучайтиришга ҳаракат билан чекланиб қолмасдан, керак пайт ОФК билан илиқ муносабатларни ҳам йўлга қўйди. Хусусан ОФКнинг аввалги раҳбари Муҳаммад бин Ҳаммам шахсан ўзи Бахтиёр Икромжоновични ОФК ижроия қўмитасида бўлишини хоҳлаган ва халқаро бўлим бошлиғи Алишер Мўминовнинг тавсияси орқали Бахтиёр Раҳимов ҳам ОФК Ижроқўмига кирган.
Айнан ОФК билан илиқ муносабатлар сабаб Ўзбекистон Бахтиёр Раҳимов ЎФФда фаолият олиб борган 10 йил ичида бир қатор мусобақаларга мезбонлик қилди. Жумладан, 2008 йил ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати илк бор Тошкентда ўтказилди. 2010 йилги мусобақа ҳам бизда ўтгани кўпчиликнинг ёдида.
Бахтиёр Раҳимов ЎФФда ишлаган кезлари нафақат футбол, балки футзалга ҳам эътибор кучайди. Хусусан 2008 йилги футзал бўйича Осиё чемпионати мезбонлиги Ўзбекистонга ишониб топширилди. Бундан ташқари орадан икки йил ўтиб ушбу мусобақа мезбонлиги яна бизга насиб этди ва кетма-кет ҳар иккала Осиё чемпионатида Ўзбекистон футзал терма жамоаси иккинчи ўринни эгаллади.
ЎФФдаги сўнгги даврлар
2006 йилга келиб ЎФФ раҳбариятида ўзгариш рўй берди. Мираброр Зуфарович Усмонов ЎФФ президенти этиб тайинланди. Бахтиёр Раҳимов ЎФФ вице-президенти сифатида беш йил Мираброр Зуфарович билан бирга фаолият олиб борди.
2010 йил ОФКдан Бахтиёр Раҳимовни ОФК вице-президентлигига номзодини қўйиш борасида ЎФФга тавсиянома келади. Бахтиёр Икромжонович бунга розилик билдириб, ўз номзодини қўйиш борасида ҳаракатга киришади. Лекин нимадир бўлиб номзодини илгари сура олмайди. Шундан сўнг кетиш фурсати етганини англаган Раҳимов барчага ўз миннатдорчилигини билдирган ҳолда нафақат ЎФФ, балки умуман футбол билан хайрлашади.
Бахтиёр Раҳимов ЎФФда ишлаган йиллари унинг қўл остида меҳнат қилган бир нечта етук кадрлар етишиб чиқди. Улардан бири сиз-у бизга яхши таниш Алишер Никимбаев бугунги кунда Қатар футбол ассоциациясида ишлаб келаётган бўлса, яна бир мутахассис Санжар Ризаев айни пайт ўз фаолиятини ОФКда давом эттирмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкин, Бахтиёр Раҳимов ЎФФда фаолият юритган йиллар ўзбек футболи бир нечта синовли даврни бошдан кечирди, агар ўша пайт иш тўғри йўлга қўйилмаганида, ўз йўлимизни топа олмаслигимиз мумкин эди. Лекин вақтида кучли кадрларнинг футбол бошқарувига келиши ўзбек футболини тубанликдан ёруғлик сари етаклай олди.
Хайрулла Холиқов.
Комментарии