Мундиал тарихи. Қуръа ташлаган 5 ёшли болакай, иримчи дарвозабон ва ялангоёқ тўпурар, шортиги тушиб кетган Меацца ҳамда пойабзал қутисида сақланган кубок ҳақида ҳикоя қиламиз
30 дек 18:20
Новости
Мундиал тарихи. Қуръа ташлаган 5 ёшли болакай, иримчи дарвозабон ва ялангоёқ тўпурар, шортиги тушиб кетган Меацца ҳамда пойабзал қутисида сақланган кубок ҳақида ҳикоя қиламиз
1938 йилги жаҳон чемпионатини қабул қилиш ҳуқуқи учун учта мамлакат – Аргентина, Германия ва Франция даъвогарлик қилди. Турнир мезбонини аниқлаш бўйича овоз бериш 1936 йил ёзги Олимпия ўйинлари якунланишидан бир неча кун олдин Берлинда бўлиб ўтган ФИФА конгрессида ўтказилди.
Аргентиналиклар мезбонлик танлови борасида ғолиб чиқишига ишонган эди, чунки уларнинг аризаси мусобақани Европа ва Жанубий Америка ўртасида навбатма-навбат ўтказиш тамойилига асосланганди. Бироқ овоз бериш ҳуқуқига эга 23 давлатдан 19 таси Францияни ёқлади. Бу қарор Аргентинани шунчалик ранжитдики, улар мусобақада иштирок этишдан бутунлай воз кечди. Уругвай ҳам ўтган мундиалдаги сингари яна бойкот эълон қилди.
Ҳамжиҳатлик рамзи сифатида Аргентинани Жанубий ва Марказий Американинг бир қатор мамлакатлари, шунингдек АҚШ ҳам қўллаб-қувватлади. Катта натижага умид қилган Германия эса бор-йўғи битта овоз билан чекланди.
Аргентина кейинчалик мусобақада иштирок этиш аризасини кечиктириб топширган бўлса-да, қабул қилинди. Бироқ миллий федерация билан маҳаллий клублар ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб жамоа охир-оқибат мусобақадан чиқиб кетди. Испания эса мамлакатда давом этаётган Фуқаролар уруши туфайли турнирда иштирок эта олмади.

САРАЛАШ БОСҚИЧИ
Миланда нейтрал майдонда бўлиб ўтган Швейцария – Португалия учрашувини икки фашист диктатори – Муссолини ва Гитлер ҳам томоша қилди. Германия канцлери Италияга илк бор расмий ташриф билан келган эди ва дуче уни футболга таклиф қилди. Гитлер футболни ёқтирмасди, аммо меҳмондўст мезбонга рад жавобини беролмади.
Учрашув қизғин кечди, айниқса португалияликлардан омад юз ўгирди: улар ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйишди, қолаверса, пенальтини амалга ошира олмади. Натижада Швейцария 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.
Австрия терма жамоаси атиги битта ўйин ўтказиб, Венада захира таркиб билан Латвияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди ва жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Бироқ 1938 йил март ойида Австриянинг мажбурий тарзда Германия таркибига қўшиб олиниши ортидан мамлакат Европанинг сиёсий харитасидан ўчирилди.
Натижада Австрия финал босқичида иштирок этмади. Айрим футболчилар Германия терма жамоасига қўшилди, аммо жамоанинг энг ёрқин юлдузи Маттиас Синделар бирлашган жамоа сафида ўйнашдан қатъий бош тортди. Австриянинг бўш қолган ўрни туфайли унинг дастлабки рақиби бўлиши керак бўлган Швеция автоматик равишда иккинчи босқичга йўл олди.

Саралаш босқичининг энг катта сенсацияларидан бири Югославия терма жамоасининг мағлубияти бўлди – уларни мусобақадан Польша чиқариб юборди. Варшавада ўтган илк ўйинда мезбонлар кутилмаганда меҳмонларни 4:0 ҳисобида мағлуб этди.
Орадан ярим йил ўтиб, 1938 йил апрелида жавоб учрашуви Белграддаги "БСК" стадионида бўлиб ўтди. Реваншни кутган 25 минг нафар мухлис тўпланганига қарамай, ёш Польша жамоаси ўйин бошиданоқ ҳужумкор ҳаракат қилиб, трибуналарни жим қилди. Югославлар 65-дақиқада жарима зарбасидан ягона голни уришди, бироқ бундан ортиғига кучи етмади.
Будапештда Венгрия терма жамоаси грекларни унчалик ҳам "илиқ" қарши олмади – учрашув 11:1 ҳисобида йирик ғалаба билан якунланди. Бу жаҳон чемпионатлари саралаш босқичи тарихида қайд этилган илк икки хонали ҳисоб эди. Қизиғи, венгрлар бундай натижани 1982 йилда ҳам такрорлади – Испанияда ўтган финал босқичида Сальвадор терма жамоасини 10:1 ҳисобида мағлуб этди.
Люксембург кутилмаганда бельгияликларни анча саросимага солди. Илгари Нидерландияга 0:4 ҳисобида мағлуб бўлган жамоа ўз майдонида анча кучли рақибга муносиб қаршилик кўрсатди. Мезбонлар икки бор ҳисобда олдинга чиқишди, бироқ иккинчи бўлимда яна икки гол ўтказиб юбориб, 2:3 ҳисобида мағлуб бўлишди. Ушбу ўйинни трибуналарда 11 200 нафар томошабин кузатди.
Нидерландия Шарқий Ҳиндистони (ҳозирги Индонезия) Японияга қарши ўйнаши керак эди, аммо охирги паллада "самурайлар" мусобақада қатнашишдан воз кечишди. Шунга қарамай, ФИФА Осиёдан илк вакилнинг иштироки соя остида қолиб кетмаслиги учун Францияда АҚШга қарши саралаш (плей-офф) ўйини уюштиришни режалаштирди. Бироқ америкаликлар Европага сафар учун қабул қилиб бўлмас шартларни илгари суришди ва натижада бу ғоядан ФИФАнинг ўзи воз кечишга мажбур бўлди.
1938 йил 5 март куни Париждаги Ички ишлар вазирлиги биносида финал босқичи қуръаси ўтказилди. Қуръада беш ёшли Ив – Жюль Римэнинг набираси асосий вазифани бажарган. Стол устига чиқарилган болакай икки идишдан жамоалар номи ёзилган капсулаларни навбатма-навбат танлаган.

Биринчи бўлиб Германия ёзуви туширилган капсула чиқди – шу тариқа Париждаги мамлакатнинг бош стадиони "Парк де Пренс"даги очилиш ўйини немислар иштирокида ўтиши маълум бўлди. Германия терма жамоасининг рақиби эса Адольф Гитлер ҳам томошабин сифатида кузатган Швейцария ва Португалия ўртасидаги саралаш баҳсида аниқланиши керак эди.
Учинчи мундиал 4–19 июнь кунлари ўтказилди. Бу илк бор мусобақа мезбони – Франция ва амалдаги чемпион – Италия автоматик равишда жаҳон чемпионатига йўлланма олган ҳолат эди. Амалдаги чемпионларга автоматик иштирок ҳуқуқи 1938 йилдан 2002 йилгача сақланиб қолди.
Қолган 14 та ўриндан 11 таси Европа жамоаларига, 2 таси Америка қитъасига ва 1 таси Осиёга ажратилди. Шу тариқа, мусобақада Европа қитъасидан ташқари бор-йўғи учта жамоа иштирок этди – Бразилия, Куба (илк бор) ва Голландия Шарқий Ҳиндистони (ҳозирги Индонезия, дебютант). Охиргиси ФИФА жаҳон чемпионатида қатнашган илк Осиё давлати сифатида тарихга кирди. Бу эса мезбон қитъадан ташқари жамоалар сони энг кам бўлган жаҳон чемпионати бўлиб қолди. Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этган бошқа жамоалар қаторида Польша ва Норвегия ҳам бор эди.
1934 йилда қўлланилган плей-офф формати сақлаб қолинди. Ўйиннинг асосий 90 дақиқаси дуранг билан якунланса, 30 дақиқалик қўшимча вақт ўйналди. Агар қўшимча вақтдан кейин ҳам ҳисоб ўзгармаса, учрашув қайта ўтказилди. 1938 йилги жаҳон чемпионати тўлиқ тўғридан-тўғри плей-офф тизимида ўтказилган сўнгги мундиаль бўлди.

1/8 ФИНАЛ
ВЕНГРИЯ 6:0 НИДЕРЛАНДИЯ ШАРҚИЙ ҲИНДИСТОНИ (ИНДОНЕЗИЯ)
Биринчи босқич ўйинлари катта шижоат ва кураш остида кечди – етти учрашувдан бештаси қўшимча таймгача чўзилди, икки ҳолатда эса ҳатто қўшимча вақт ҳам ғолибни аниқлаб бермади. Фақат Венгрия терма жамоаси рақибини қийинчиликсиз мағлуб этди.
Бу ажабланарли эмас эди: қуръа Европанинг энг кучли жамоаларидан бирига Нидерландия Шарқий Ҳиндистони (ҳозирги Индонезия) терма жамоасини рўбарў қилганди. Венгрлар биринчи таймдаёқ тўртта гол уриб, ўйин тақдирини ҳал қилди, иккинчи таймда эса яна икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Жамоа сардори, филология фанлари доктори Дьёрдь Шароши ҳамда Дьюла Женгеллер дубль муаллифига айланди.
Нидерландия Шарқий Ҳиндистони (Индонезия) терма жамоаси дарвозабони Хен Мо Тан Венгрия терма жамоасига қарши ўйин бошланишидан олдин уни ҳимоя қиладиган иримларга ишонган ҳолда дарвоза ичига туморли қўғирчоқ жойлади. Бироқ бу жаҳон чемпионати дебютантларини оғир мағлубиятдан сақлаб қололмади.
ФРАНЦИЯ 3:1 БЕЛЬГИЯ
Асосий вақтда чемпионат мезбонлари – францияликлар ҳам ғалабага эришди. Парижда Бельгияни қабул қилган французлар 17-дақиқага келибёқ Венан ва Николянинг голлари орқали 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Шундан сўнг бироз хотиржамликка берилган мезбонлар битта гол ўтказиб юборишди. Хавфни англаб етган французлар ўзларини қўлга олди ва Николянинг яна бир голи эвазига учрашувни 3:1 ҳисобида якунлади.
КУБА 3:3 РУМИНИЯ
Руминия – Куба ўйини сенсация билан якунланди. Кубаликлар ҳатто ўз минтақасида ҳам етакчи жамоалар қаторига кирмас, Францияга эса кучли рақибларнинг оммавий равишда мусобақадан воз кечиши ортидан етиб келган эди. Шунга қарамай, улар руминияликларга қарши баҳсда икки бор ҳисобда олдинга чиқиб, учрашувни 3:3 ҳисобида дуранг билан якунлашди.
Журналистлар бу кутилмаган натижани кубаликлар дарвозабони Карвахалеснинг қаҳрамонларча ўйини ва руминия дарвозасини икки марта ишғол этган ҳужумчи Эктор Сокорронинг самарали ҳаракатлари билан изоҳлашди.
"Футбол ўйнашни Гавана майдонларида, денгизчилар билан бирга ўргандим", – деган эди Кубанинг афсонавий ҳужумчиси Хуан Тунас 2011 йилда вафотидан бироз олдин ФИФАга берган интервьюсида. – "Францияга сафарга чиққанларнинг барчаси испанлар авлодидан эди. Ўша пайтда оролда футбол анча оммалашганди. Биз аввал ҳеч қачон Кубадан ташқарига чиқмаган, дўстлардан иборат жамоа эдик".
Мураббий Хосе Тапия раҳбарлигида Куба терма жамоаси 15 кунлик денгиз сафарини амалга оширди, бироқ йўл осон кечмади. Сафар давомида Тунаснинг кўнгли айниб, тоза ҳаво олиш учун каюта эшигини очди. Аммо у жойшлаган каюта сув сатҳидан пастда жойлашганини билмас эди – натижада хонаси бир зумда сувга тўлди.
КУБА 2:1 РУМИНИЯ
Мутлақо кутилмаган ҳолда Куба терма жамоаси қайта ўйинда Руминияни мағлуб этди. Газеталар таъкидлаганидек, кубаликлар "катта чаққонлик, темперамент ва ҳаракатчанликни" намоён этди. Айнан шу жиҳатлар уларга техника ва тактикадаги етишмовчиликларни қоплаш имконини берди.
ИТАЛИЯ 2:1 НОРВЕГИЯ
Амалдаги жаҳон чемпионлари – ўша пайтда Олимпия ўйинлари ғолиби унвонини ҳам сақлаб турган Италия терма жамоасига қўшимча бўлимлар керак бўлди. Бу кутилган эди, чунки италияликлар 1936 йилги Олимпия ўйинларида сенсация яратган Норвегия терма жамоасига қарши майдонга тушишганди. Берлинда скандинавияликлар Гитлер шахсан ташриф буюрган ўйинда Германияни мағлуб этган, ярим финалда эса Италияга фақат қўшимча бўлимларда мағлуб бўлган эди.
Ўйин олдидан бурилиш нуқтаси юз берди. Футболчилар фашистча салом бериш учун қўлларини кўтаришди. "Мен жамоа билан бирга стадионга кирдим, ҳарбий тартибда саф тортдик ва ўнг томонда турдим. Салом пайтида бизни қулоқни қоматга келтирадиган даражадаги ҳуштаклар, ҳақоратлар ва турли баёнотлар қаршилади. Гўё Италияда эмас, балки ўз уйимизда тургандай эдик – чунки қичқириқлар орасида италянча иборалар янграб турарди", – деб ёзади Поццо.
"Бу шов-шув қанча давом этганини билмайман. Қўлимни ерга параллел чўзиб қотиб турганим учун вақтни ҳам текширолмасдим. Немис ҳаками ва норвегиялик футболчилар бизга хавотир билан қараб туришарди. Бир пайт келиб ғалаён сусайди. Биз қўлларимизни туширишимиз билан шовқин яна бошланди. Дарҳол буйруқ берилди: 'Жамоа, тайёрлан. Салом!' Ва биз қўрқув йўқлигини намоён этиш учун қўлларимизни яна кўтардик. Қўрқитиш жангини ютгандан сўнг, ўйинни бошладик".
Италия терма жамоаси бош мураббийи Витторио Поццонинг Норвегияга қарши ўйин ҳақидаги бу хотираси фашизмнинг 1938 йилги жаҳон чемпионатида тўрт йил аввал қўлга киритилган унвонни ҳимоя қилишдаги муросасиз ва қатъий ёндашувини яққол акс эттиради.
Марселда бўлиб ўтган баҳсда "скуадра адзурра" ўйинни жуда фаол бошлади – Пьетро Феррарис иккинчи дақиқадаёқ ҳисобни очди. Бироқ устунликни мустаҳкамлаш насиб этмади ва 83-дақиқада Арне Брустад ҳисобни тенглаштирди. Кўп ўтмай у яна бир гол урди, аммо ҳакам уни шубҳали офсайд сабаб бекор қилди. Қўшимча бўлимларда эса италияликлар яна олдинга чиқишди – Сильвио Пиола ҳал қилувчи голни урди ва ғалабали ҳисоб сақлаб қолинди.

ЧЕХОСЛОВАКИЯ 3:0 НИДЕРЛАНДИЯ
Амалдаги вице-чемпион Чехословакия терма жамоаси нидерландларни асосий вақтда мағлуб эта олмади. Катта устунликка қарамай, чехословакиялик ҳужумчилар Ван Мале қўриқлаётган дарвозани ишғол қила олишмади.
Бироқ қўшимча вақтда "лоларанглилар" ҳимояси бутунлай чўкди. Ван дер Вен жароҳат олиб, жамоа бир киши камайиб қолди ва бу ўйин тақдирига бевосита таъсир қилди. Қўшимча вақтнинг учинчи дақиқасида Коштялек ҳисобни очди, шундан сўнг Земан ва Неедли яна икки бор дарвозани ишғол қилиб, ғалабани мустаҳкамлашди.
ШВЕЙЦАРИЯ 1:1 ГЕРМАНИЯ
Германия терма жамоаси Францияга мусобақанинг асосий фаворитларидан бири сифатида келган эди. Босқинчилик ортидан кучли бўлган таркибга Австрия термасининг энг яхши футболчилари қўшилди. Бироқ бу қўшилиш муаммоларни ҳам келтириб чиқарди – икки жамоанинг ўйин услуби кескин фарқ қилар эди. Бош мураббий Зепп Хербергер эса таркиб билан эркин тажриба ўтказа олмасди, чунки кўрсатмага кўра майдонда олти немис ва беш австриялик футболчи бўлиши шарт эди.
Германияга рақиб сифатида Швейцария тўғри келди. Ёрқин юлдузлари бўлмаса-да, тактик жиҳатдан пухта жамоа 90 дақиқа давомидаги босимга дош бериб, 1:1 ҳисобида дурангга эришди. Қўшимча бўлимлар бошида Пессер майдондан четлатилгандан кейин немисларнинг ҳужумий фаоллиги пасайди.
Илк учрашув Париждаги "Парк де Пренс" стадионида бўлиб ўтди. Томошабинлар швейцарияликларни фаол қўллаб-қувватлади, ўйин олдидан қилинган фашистик салом эса оммавий ҳуштакбозлик билан қарши олинди.

ШВЕЙЦАРИЯ 4:2 ГЕРМАНИЯ
Қайта ўйиннинг илк дақиқаларида Германия кутилганидек ҳаракат қилди ва 22-дақиқадаёқ 2:0 ҳисобида олдинга чиқди. Аммо шундан кейин вазият кескин ўзгарди. Танаффусга уч дақиқа қолганда Валяшек бир гол уриб ҳисобни қисқартирди, 64-дақиқада эса Биккель ҳисобни тенглаштирди. Шундан сўнг Андре "Трелло" Абегглен орқага чекиниб, немис ҳимоячиларини ўзига торта бошлади ва бўш ҳудуддан фойдаланиб, Рафтль дарвозасига икки бор аниқ зарба йўллади.
Кескин муҳитдаги мағлубиятдан сўнг Хербергер жамоага мажбуран қўшилган австриялик футболчиларнинг руҳий жиҳатдан тайёр эмаслигини сабаб қилиб кўрсатди. Кейинчалик бир немис журналисти шундай деган эди: "Немислар билан австрияликлар ҳатто бир жамоада бўлсалар ҳам, бир-бирига қарши ўйнашни маъқул кўришади".
Бу мағлубият Германиянинг миллий ғурурига қаттиқ зарба бўлди. Хербергерни жазодан фақат битта омил сақлаб қолди – футбол раҳбарлари унинг оғир шароитда ишлаётганини тушунарди. У майдондаги натижадан ташқари, жамоада немис ва австриялик футболчилар ўртасидаги қалтис мувозанатни ҳам сақлашга мажбур эди.
БРАЗИЛИЯ 6:5 ПОЛЬША
Бразилия – Польша учрашуви ҳақли равишда афсонавий учрашув ҳисобланади. Унда нафақат ғайриоддий ҳисоб, балки кўплаб экзотик тафсилотлар қайд этилган. Айтилишича, бразилиялик Леонидас деярли ярим ўйинни ялангоёқ ўтказган ва шундай ҳолда ҳам голлар урган. Яна бир ривоятга кўра, польяклар мураббийи Калужа танаффус пайтида шунчалик қаттиқ бақирганки, унинг овози стадион ташқарисидан ҳам эшитилган.
Аниқ фактларга келсак, биринчи бўлимда бразилияликлар тўлиқ устунлик қилди ва 3:1 ҳисобида олдинга чиқди. Иккинчи бўлимда эса ўйин манзараси кескин ўзгарди – бу ё мураббийнинг қаттиқ "қичқириғи", ёки техник жиҳатдан кучли жанубий америкаликларга халақит берган ёмғир билан изоҳланади. Ҳар ҳолда, айнан иккинчи таймда польяк Эрнест Вилимовский хет-трикка эришди. Унинг ҳисобни 4:4 га тенглаштирган голи ўйин тугашига бир дақиқа қолганда урилди.
Қўшимча вақтда эса "Қора олмос" лақабини олган Леонидас яна икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Улардан бири ростдан ҳам ялангоёқ ҳолатда урилган гол эди – оёқ кийими лойга ботиб, йиритилиб кетганди. Вилимовский қўшимча вақтда фақат бир марта жавоб қайтарди. Натижада Бразилия чорак финалга йўл олди.
Қизиқ жиҳати шундаки, Леонидаснинг териси ранги унга жаҳон чемпионатидаги энг муҳим голларидан бирини уришга билвосита ёрдам берган. Қоидага кўра ялангоёқда уриладиган гол ҳисобга олинмаслиги керак эди. Аммо ҳакам ҳужумчининг қора оёғида бутса йўқлигини пайқамай қолди ва гол расмий тарзда эътироф этилди.

25 ёшли ҳужумчи мазкур жаҳон чемпионатида жами 7 та гол муаллифи бўлди. Италияга қарши ўйинда унинг таркибдан қолдирилиши Бразилиянинг мусобақани тарк этишида ҳал қилувчи омил бўлгани айтилади.
Леонидаснинг ўйини мухлисларни шу қадар мафтун этдики, Бразилиядаги қандолат фабрикаларидан бири футболчи билан шартнома тузиб, унинг образидан "Diamante Negro" номли шоколад батончиклари сериясида фойдаланиш ҳуқуқини олди. Бу маҳсулот ҳозиргача Бразилияда оммавий машҳурлигини сақлаб келмоқда.
Жаҳон чемпионатлари тарихида илк бор бир учрашувда тўртта гол урган футболчига айланган Вилимовский эса 1941 йил Германия фуқаролигини олди, унинг ота-онаси этник немислар эди.
Унинг машҳурлиги онасини қутқариб қолишга ҳам ёрдам берган. Вилимовский яҳудий билан алоқада бўлгани учун Освенцим ўлим лагерига юборилган онасини қутқаришга муваффақ бўлган. Урушдан кейин Польша ҳукумати унга ватанига қайтишга рухсат бермади ва у Карлсруэ шаҳрида муқим яшаб қолди. Вилимовский 1959 йилгача у ерда футболчилик фаолиятини давом эттирди.
ЧОРАК ФИНАЛ
ШВЕЦИЯ 8:0 КУБА
Руминия билан ўтган ўйинлар кубаликларни, кўринадики, батамом ҳолдан тойдирган эди ва улар шведларга қарши муносиб қаршилик кўрсата олмади. Ҳисоб 0:3 бўлиб турган пайтда Фернандес пенальтини амалга ошира олмади ва бу жамоани руҳан синдирди – ўшанда йирик мағлубиятдан қутулиш имкони бор эди. Швеция сафида икки футболчи – Келлер ва Веттерстрём кейинчалик хет-трик қайд этди. Айниқса, Веттерстрёмнинг натижаси эътиборли бўлди: у уч голни атиги 22 дақиқа ичида, 22-дақиқадан 44-дақиқагача бўлган оралиқда урди.
Учрашув ҳақида француз мухбири шундай фикр қолдирганди: "Бешта голгача – бу журналистика. Ундан кейин эса оддий статистика".
ВЕНГРИЯ 2:0 ШВЕЙЦАРИЯ
Германияга қарши қайта ўйиндан сўнг швейцарияликлар анча чарчаган эди, қолаверса, жароҳат сабаб жамоа сардори Минелли майдонга туша олмади. У майдонда бош мураббий Карл Раппаннинг гўёки тўғридан-тўғри "ўринбосари" саналган – ўйинчилар ҳаракати ва жамоавий уйғунлик айнан унинг маслаҳат ва кўрсатмаларига боғлиқ эди. Минеллисисиз машҳур швейцарияча "қулф" анча самарасиз ишлади.
Венгрияликлар 14-дақиқага қадар олти марта бурчак зарбасини амалга оширди, танаффусга беш дақиқа қолганда эса устунликни голга айлантиришди – Шарошининг зарбасидан кейин тўп рикошет орқали Хубер дарвозасидан ўрин олди. Сўнгги дақиқаларда эса Женгеллер учрашувга нуқта қўйди.
ИТАЛИЯ 3:1 ФРАНЦИЯ
Норвегияга қарши ўйиндан сўнг Италия терма жамоаси бош мураббийи Витторио Поццо таркибни бироз янгилашга қарор қилди. Хусусан, майдонга янги қанот ҳужумчилари – Колаусси ва Бьявати туширилди. Улар аввал бирга ўйнамаган бўлса-да (Бьявати учун бу умуман миллий терма жамоадаги илк ўйин эди), ҳар иккиси ҳам ўзини яхши томондан кўрсатди. Колаусси 9-дақиқада ҳисобни очди, французлар эса деярли дарҳол Эйссерернинг голи билан жавоб қайтарди. Иккинчи таймда Бьявати икки бор Пиолага голли узатма берди ва италияликлар учрашувни катта қийинчиликсиз ғалаба билан якунлашди.
Бу баҳс ҳатто кейинги босқичдан ҳам кўпроқ мухлисларни жалб қилди. Бир хил кўк рангдаги либосда майдонга тушган қўшнилар ўртасидаги кескин дерби сабаб Италия жамоаси кийимини қора футболкаларга алмашишга мажбур бўлди.

БРАЗИЛИЯ 1:1 ЧЕХОСЛОВАКИЯ
Бордо шаҳридаги ўйин эса ҳақиқий жанг тусини олди. 14-дақиқада бразилиялик Зезе Прокопио майдондан четлатилди, аммо камчиликда қолган бразилияликлар ҳисобни очишди – Леонидас ўзининг "қайчи" услуби орқали Планичканинг дарвозасини ишғол қилди. Биринчи бўлим охирида Ржигага нисбатан қўпол ҳаракати учун Машаду ҳам майдондан четлатилди, бироқ қизишиб кетган футболчи дарҳол майдонга қайтди.
Танаффусдан кейин Машаду ҳеч нарса бўлмагандек жамоа билан бирга майдонга чиқди, аммо бу сафар ҳам унинг айёрлиги фош этилди. Чехлар пенальтидан ҳисобни тенглаштиришди, қўшимча дақиқаларда эса ҳатто ғалабани илиб кетишлари ҳам мумкин эди, бироқ Властимил Копецкийнинг зарбаси тўсинга тегди.
Бразилияга қарши чорак финалдан сўнг Чехословакия терма жамоасининг икки асосий футболчиси – дарвозабон Франтишек Планичка ва ҳужумчи Олдржих Неедли "тез ёрдам" машиналарида шифохонага олиб кетилди. Чех ҳужумининг етакчиси ўйин бошидаёқ ҳимоячи Зезе томонидан "ишдан чиқарилди", аммо Неедли майдонни тарк этмади – зўрға оқсоқланиб, ён чизиқ бўйлаб ҳаракатланди. Кейин маълум бўлишича, у суякдаги ёриқ билан ўйнаган экан.
Дарвозабон Планичка эса Перасио билан тўқнашувдан кейин қўшимча бўлимни синган ўнг қўлига ҳўл сочиқ босган ҳолда ўтказди. Шифокорлар бунга ишона олмади: қандай қилиб? Планичканинг ўзи эса ҳали терма жамоадаги фаолияти якунланаётганини англаб ҳам етмаган эди. Қайта ўйинни ҳар икки футболчи трибуналардан томоша қилди.

БРАЗИЛИЯ 2:1 ЧЕХОСЛОВАКИЯ
Жавоб учрашуви олдидан чехлар етакчиларидан айрилганига қарамай, ҳисобни айнан улар очишди – Копецкий бу сафар ҳам аниқ зарба йўллади. Бироқ шундан кейин ўйин тўлиқ бразилияликлар устунлигида кечди. 57-дақиқада Леонидас ҳисобни тенглаштирди, олти дақиқа ўтиб эса ўзи аниқ пас билан Робертога гол уриш имконини яратиб берди. Шундан сўнг чехлар ўзига кела олмади.
ЯРИМ ФИНАЛ
ИТАЛИЯ 2:1 БРАЗИЛИЯ
Ярим финалнинг энг катта сирларидан бири Бразилия таркибида Леонидаснинг йўқлиги бўлди. Ё мураббий Пимента ғалабага ортиқча ишонган, ёки Чехословакияга қарши ўта машаққатли баҳслардан сўнг юлдузга дам беришни маъқул кўрган – буни аниқ айтиш қийин. Аммо Леонидассиз бразилияликлар ҳужуми ўз кучини йўқотди.
Мутахассисга тегишли машҳур ибора ҳам бор эди: "Италия – финалга олиб борадиган йўлимиздаги сўнгги бекат". Бироқ Пиментани ҳам, ўйинни радио орқали тинглаб борган бутун мамлакатни ҳам аччиқ умидсизлик кутарди. Бразилия мағлуб бўлди ва ҳатто бронза учун баҳсдаги ғалаба ҳам мураббийни истеъфодан қутқариб қололмади.
Ҳисоб иккинчи бўлимда очилди – Францияга қарши баҳсда бўлгани каби, бу сафар ҳам Колаусси ўз номини таблога ёздирди. Шундан сўнг эса тарих саҳифаларига кирган пенальти белгиланди ва у билан боғлиқ афсоналар ҳануз айтилмоқда. Домингос ҳақиқатан ҳам Пиолани йиқитдими ёки италиялик ҳужумчи симуляция ишлатдими – бу масала очиқ қолган. Аммо асосий эътибор зарбанинг қандай бажарилганига қаратилган.
Пенальтини бажариш учун Жузеппе Меацца тўп ёнига келди ва дарвозани ишғол қилди. Ушбу зарба атрофида бир нечта версиялар тарқалган: гўё у зарбадан олдин шортигини пастга тушириб, дарвозабонни чалғитган; бошқа талқинга кўра, бу ҳолат дарвозабонни кулдириб юборган; яна бир версияда эса Меаццанинг шортиги резинкаси узилиб, у зарба пайтида уни қўли билан ушлаб тургани айтилади. Бу ҳодиса эса дарвозабонни чалғитган бўлиши мумкин. Қандай бўлмасин, пенальти аниқ ижро этилди.
Ўша давр кинохроникаси бу ривоятларга фақат қисман ойдинлик киритди: кадрларда зарба олдидан Меаццанинг шортиги жойида экани ва уни қўллари билан ушлаб турмагани кўринади. Аммо зарбадан кейинги ҳолат тасвирга тушмаган.
Бразилия матбуоти ярим финалдаги мағлубият учун асосий айбни бош мураббий Адемар Пиментуга юклади. У Италияга қарши ўйинда на Леонидасни, на Тимни майдонга туширди. Бразилияликлар эса фақат ўйин тугашига уч дақиқа қолганда Ромеунинг голи билан жавоб қайтара олди.
Италияга қарши ярим финал олдидан ғалабасига ишонган бразилияликлар Марсель – Париж рейсига авиачипталарни олдиндан сотиб олишди. Бу ҳолат италияликларни хавотирга солди, чунки мазкур рейс ягона бўлиб, уларга чипталар қолмаганди. Италия терма жамоаси бош мураббийи Витторио Поццо бразилияликлар меҳмонхонасига келиб, таклиф билдирди – қайси жамоа ғалаба қозонса, ўша Парижга учади. Бироқ бразилияликлар қатъий рад жавобини берди.
Ярим финалда ғалаба қозонган италияликлар Марселдан Парижга поездда йўл олишга мажбур бўлди – бутун жамоа учун атиги бештагина ётоқ жойи топилди.
ВЕНГРИЯ 5:1 ШВЕЦИЯ
Швецияликларга Францияда икки бор омад кулди: аввало улар ўйнамасдан чорак финалга йўл олди, кейин эса қуръа уларга нисбатан кучсиз Куба жамоасини раво кўрди. Аммо ярим финалда омад тугади – венгрлар Швеция қироли Густав Vнинг туғилган кунида у ҳукмронлик қилаётган мамлакат жамоасини "ёриб ташлади".
3-ЎРИН УЧУН
БРАЗИЛИЯ 4:2 ШВЕЦИЯ
Уч кундан сўнг шведлар, кечикиб бўлса-да, ўз қиролини яна бир бор қувонтиришга уринди. Улар ўйинга жуда шиддат билан киришиб, Юнассон ва Ньюбергнинг саъй-ҳаракатлари билан 44-дақиқага келиб 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди. Аммо шу пайтдан бошлаб скандинавлар учун барча яхши янгиликлар тугади – учрашув охиригача майдонда фақат бразилияликлар гол урди.
Биринчи таймда Ромеу ҳисобни қисқартирди, иккинчи бўлимда эса саҳнага турнирнинг ҳақиқий қаҳрамони – Леонидас чиқди. Мусобақанинг энг яхши тўпурари икки бор дарвозани ишғол қилди, яна бир голни Перасио ўз ҳисобига ёздирди. Ҳисоб янада йирик бўлиши ҳам мумкин эди, аммо Патеско 11 метрлик жарима зарбасини бепарволик билан ижро этди.

ФИНАЛ
ИТАЛИЯ 4:2 ВЕНГРИЯ
Учрашув олдидан қайсидр жамоани фаворит деб аташ қийин эди. Бир томондан, италияликлар амалдаги жаҳон ва Олимпия чемпионлари эди. Статистика ҳам улар фойдасига эди: венгрлар кетма-кет 13 та ўйин давомида "скуадра адзурра"ни мағлуб эта олмаган, италияликларнинг финалгача бўлган мағлубиятсиз серияси эса 21 та ўйинни ташкил этарди.
Бироқ чемпионат давомида венгрлар ҳам италияликлардан қолишмади. Аксинча, улар ярим финалда Швецияни 5:1 ҳисобида мағлуб этиб, умумий тўплар нисбатида 13:1 кўрсаткични қайд этди. Италия эса бир тўпдан ортиқ фарқ билан фақат мезбон Франциянигина енгган эди. Шунингдек, Карой Дитц ва Альфред Шаффер шогирдлари дам олиш учун кўпроқ вақтга эга бўлишган: венгрлар ярим финални Парижда ўтказган, жаҳон чемпионлари эса Марселдан пойтахтга оғир шароитда поездда етиб келишга мажбур бўлганди.
Ривоятларга кўра, финал олдидан Бенито Муссолини терма жамоага телеграмма юбориб, унда "Vincere o morire!" – яъни "Ғалаба ёки ўлим!" деган иборани ёзган. Бироқ бу сўзлар тўғридан-тўғри таҳдид эмас, балки руҳлантириш сифатида айтилгани тахмин қилинади. Шу билан бирга, бундай телеграмманинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳеч қандай расмий далил сақланиб қолмаган.
Жаҳон чемпионати иштирокчиси Пьетро Рава 2001 йилдаги интервьюсида бу гапларни инкор этган: "Йўқ, бу гаплар рост эмас. У бизга фақат омад тилаб телеграмма юборган, холос. ‘Ғалаба ёки ўлим’ деган сўз бўлмаган".

Бироқ "скуадра адзурра" ўйинни ҳеч қандай чарчоқ аломатларисиз бошлади ва олтинчи дақиқада Колаусси ҳисобни очди. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, дарвозабон Оливьери ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди – Титкош жавоб қайтарди. Аммо дуранг узоққа чўзилмади: 16-дақиқада Пиола Меаццанинг пасидан сўнг италияликларни яна олдинга олиб чиқди.
Орадан 20 дақиқа ўтиб эса Пиола Колауссига ажойиб пас узатди, Колаусси эса Полгардан қочиб, тўпни ишонч билан рақиб дарвозасига жойлади. Биринчи тайм 3:1 ҳисобида Италия фойдасига якунланди.
Иккинчи бўлимда венгрлар маълум вақт давомида чемпионларга тенгма-тенг қаршилик кўрсатишди, бироқ кейин Италиянинг устунлиги яққол сезила бошлади. Антал Сабо тўрт марта хавфли зарбаларни қайтариб, жамоасини қутқарди, яна икки ҳолатда эса унга дарвоза устунлари "ёрдам" берди. Шароши жавоб тўпини киритишга муваффақ бўлди, аммо ўйин тугашига саккиз дақиқа қолганда Пиола учрашувга батамом нуқта қўйди.
Бу сафар Италиянинг ғалабаси мутлақо адолатли бўлди. Гарчи Бразилия дарвозасига белгиланган пенальти анча баҳсли бўлганига қарамай, финалда ҳакамлар ёрдами ҳақида гап-сўз бўлмади. Италия финалда муносиб тарзда ғалаба қозонди.
Чемпионлик учун жамоанинг ҳар бир аъзоси 8 000 лира миқдорида мукофот пулига (тахминан уч ойлик маошга тенг) ҳамда фашистик Олтин медалга сазовор бўлди. Ушбу медалларни футболчиларга Бенито Муссолини шахсан ўзи Римдаги Палаццо Венеция саройида жамоа билан ўтказилган 15 дақиқалик қабул маросими чоғида топширди.
Қизиғи шундаки, дунёга ҳукмронлик қилишга бўлган иштиёқига қарамай, Италиянинг "1-рақамли спортчиси" ҳисобланган Муссолини жаҳон чемпионлиги кубогини ҳеч қачон шахсан ўзи кўтармаган.
Италия терма жамоаси мураббийи Витторио Поццо жаҳон чемпионатларида икки бор чемпионликни қўлга киритган ягона мураббий ҳисобланади. Ўша даврда у тактик схемаларнинг энг забардаст билимдони сифатида эътироф этиларди.
Италиялик мураббий ишида кам аҳамиятли бўлмаган жиҳат – қатъийликни шогирдларига нисбатан ҳурмат билан уйғунлаштира олиш маҳорати эди. Футболчилар ўз мураббийи учун ҳар нарсага тайёр бўлишарди. 1938 йилги ғалаба йўлида Поццо атиги 14 нафар футболчидан фойдаланиб, илк жаҳон чемпионлигини 15 ўйинчи билан қўлга киритган Уругвай рекордини янгилади.
Францияда ўтган чемпионатда Италия таркибида аввал жаҳон кубогини қўлга киритган тўрт нафар футболчи бор эди. Жузеппе Меацца 1934 ва 1938 йилги чемпионатлардаги барча ўйинларда иштирок этган. Жованни Феррари 1934 йилги мусобақада фақат бир ўйинни ўтказиб юборган, Эральдо Мондзельо эса 1938 йилда майдонга атиги бир марта тушган. Дарвозабон Гвидо Мазетти эса ҳар икки жаҳон чемпионатида ҳам захирада қолган.

РАМЗИЙ ТЕРМА ЖАМОА: Франтишек Планичка (Чехословакия) – Пьетро Рава (Италия), Альфредо Фони (Италия) – Домингос да Гия (Бразилия), Микеле Андреоло (Италия), Уго Локателли (Италия) – Сильвио Пиола (Италия), Жино Колаусси (Италия), Дьёрдь Шароши (Венгрия), Дьюла Женгеллер (Венгрия), Леонидас (Бразилия).
Италия терма жамоаси жаҳон чемпиони унвонини 16 йил давомида – 1934 йилдан 1950 йилгача сақлаб келди. Бунинг асосий сабаби Иккинчи жаҳон уруши эди. 1942 йилда ўтказилиши керак бўлган навбатдаги жаҳон чемпионатига Бразилия, Аргентина ва Германия даъвогар сифатида чиққан эди. Мусобақа мезбон мамлакатининг номи 1940 йилда бўлиб ўтадиган ФИФА йиғилишида эълон қилиниши режалаштирилган, аммо Европада бошланган ҳарбий ҳаракатлар бу режаларни барбод қилди.
ФИФАнинг Италиядан бўлган вице-президенти Отторино Барасси эса Иккинчи жаҳон уруши йилларида жаҳон чемпионати кубогини кровати остидаги пойабзал қутисида яшириб сақлаган ва шу йўл билан уни босқинчилар қўлига тушишидан асраб қолган.
Мундиал тарихи. Пора эвазига иштирокчи бўлган чемпион, Фаластин номидан қатнашган Исроил ҳамда фашизм тарғиботига айланган турнир ҳақида ҳикоя қиламиз
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Похожие новости
championat.asia
10 ўйинда 12 гол: Роналду яққол тўпурар
Криштиану Роналду: "Мавсум ўртасида ҳеч ким чемпион бўлмайди"
Роналду кетма-кет учинчи марта Яқин Шарқда йилнинг энг яхши футболчиси бўлди
Эрон жамоаси Ўзбекистон МТЖ етакчиларидан бири учун 1 миллион доллар бериши мумкин
Комментарии