Орзулар рўёби: Ўзбекистон футболининг тарихий йилидаги муҳим воқеалар
30 дек 15:00
Новости
Орзулар рўёби: Ўзбекистон футболининг тарихий йилидаги муҳим воқеалар
Бу йил майдонларда ғалабалар қўлга киритилди, янги инфратузилмалар барпо этилди, халқаро миқёсдаги ишонч ва эътироф янада мустаҳкамланди. Миллий терма жамоанинг илк бор Жаҳон чемпионатига чиқиши, ёшлар термаларининг қитъада тенгсиз экани, клуб футболидаги тарихий чемпионликлар ва Ўзбекистонга ишониб топширилган нуфузли мусобақалар — буларнинг барчаси футболимизда янги давр бошланганидан далолат беради. Қуйида 2025 йил Ўзбекистон футболидаги энг муҳим ва эсда қоларли 10 та воқеани эслатиб ўтамиз.
1. Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор Жаҳон чемпионатига чиқди
Футболда Жаҳон чемпионати — миллионлар ўйинининг энг олий чўққиси, ҳар бир терма жамоа орзу қиладиган энг юксак марра ҳисобланади. Дунёнинг барча мамлакатлари йиллар, ҳатто ўн йиллаб айнан шу чўққига чиқиш учун кураш олиб боради. 2025 йил эса ўзбек футболи тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган унутилмас воқеа билан ёдда қолди — миллий терма жамоамиз тарихда илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.
Аввалги саралаш циклларида бизга доим нимадир етишмай қоларди: гоҳ бир очко, гоҳ биргина ҳал қилувчи гол. Бу сафар эса барча нарса ўз ўрнида бўлди — сабр, интизом, жамоавийлик ва ишонч. Сречко Катанец томонидан бошлаб берилган йўлни Тимур Кападзе изчиллик ва қатъият билан ажойиб тарзда якунлади. Дубайда БАА терма жамоасига қарши кечган ҳал қилувчи учрашувдаги 0:0 ҳисобидаги дуранг 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати эшикларини миллий термамиз учун кенг очиб берди. Бу натижа нафақат спорт ютуғи, балки бутун миллат учун тарихий фахр манбаи бўлди.

2. Ўзбекистон U-17 терма жамоаси — Осиёда тенгсиз!
Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Саудия Арабистонида бўлиб ўтган U-17 Осиё Кубогида ҳақиқий чемпионларга хос ўйин намойиш этди. Ўсмир футболчиларимиз тарихда илк бор 2012 йилда ушбу ёш тоифасида қитъа чемпионига айланган бўлса, орадан 13 йил ўтиб яна бир бор Осиёда тенгсиз эканини исботлади.
Вакилларимиз гуруҳ босқичини ишончли ўйинлар билан якунлади: Таиланд 4:1, Хитой 2:1, мезбон Саудия Арабистони эса 3:0 ҳисобида мағлуб этилди. Натижада жамоамиз нафақат плей-оффга йўл олди, балки ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳам муддатидан аввал қўлга киритди.
Плей-офф баҳсларида ҳам ўзбек ўсмирлари ҳеч кимга имконият қолдирмади. Чорак финалда БАА (3:1), ярим финалда КХДР (3:0) таслим этилди. Финал учрашуви эса алоҳида таърифга лойиқ бўлди: икки нафар футболчидан айрилганига қарамай, терма жамоамиз яна бир бор мезбон Саудия Арабистони устидан ишончли ғалабага эришди — 2:0. Якунда чемпионлик кубоги бош узра баланд кўтарилди ва Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ўз ёш тоифасида Осиёда тенгсиз деб топилди.

3. Футболимиз ўз уйига эга бўлди
Футболни барқарор ривожлантириш ва маҳоратли футболчиларни етиштиришда инфратузилманинг ўрни беқиёс. Дунёнинг кўплаб ривожланган футбол мамлакатларида терма жамоалар йиллар давомида ўз қароргоҳларига эга бўлиб, айнан шу муҳитда жисмоний ва руҳий тайёргарликни мукаммал даражага олиб чиқади. Афсуски, Ўзбекистон терма жамоаси яқин йилларгача доимий база масаласида қийинчиликка дуч келиб, гоҳ меҳмонхоналарда, гоҳ турли стадионларда йиғин ўтказишга мажбур эди.
Жорий йил эса миллий футболимиз тарихида муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Илк бор терма жамоалар учун махсус мўлжалланган, тўлиқ инфратузилмага эга замонавий база фойдаланишга топширилди. Янги қароргоҳ футболчилар ва мураббийлар учун барча қулайликларни ўз ичига олган: замонавий меҳмонхона, тиббий-реабилитация бўлими, мураббийлар тайёрлаш маркази, ҳакамлар маркази, шунингдек, атрофида жойлашган машғулот майдонлари.
Бу база нафақат терма жамоаларнинг тайёргарлик жараёнини тизимли йўлга қўяди, балки миллий футбол ривожи учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ҳам ўтайди. Энди бизда ҳам терма жамоалар ўз уйида, ўз муҳитида, юқори талаблар даражасида тайёргарлик кўриш имкониятига эга.
4. "Нефтчи" 24 йилдан сўнг яна Ўзбекистон чемпиони
Ўзбекистон Суперлигасининг ўтган мавсуми кескин курашлар, драматик паллалар ва интригага бой ўйинлар билан ёдда қолди. Бир йил аввал Қаршининг "Насаф" жамоаси чемпионликни қўлга киритган бўлса, 2025 йилда мамлакатнинг энг нуфузли кубоги Фарғонага — "Нефтчи" қароргоҳига йўл олди.
Мавсумнинг дастлабки қисмида барқарорлик етишмаган бўлса-да, чемпионатнинг иккинчи ярмида Виталий Левченко бошчилигидаги жамоа ҳақиқий чемпионларга хос характер намоён этди. Ҳал қилувчи паллаларда керакли очколарни жамғарган "Нефтчи" рақибларига имконият қолдирмай, олтин медалларни қўлга киритди.
Бу тарихий чемпионликда клуб атрофида яратилган муҳит ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровнинг "Нефтчи"га бўлган доимий эътибори, замонавий шароитлар яратиш, инфратузилмани яхшилаш, таркибни кучайтириш йўлидаги қатъий қадамлари натижасида жамоа яна ўзининг ҳақиқий ўрнига қайтди. Номдор ва тажрибали футболчиларнинг жалб этилиши ҳам чемпионлик пойдеворини мустаҳкамлади.
Шу тариқа, "Нефтчи" 24 йиллик соғинчдан сўнг яна Ўзбекистон чемпиони унвонини қўлга киритиб, Фарғона футболи тарихида янги саҳифа очди.

5. CAFA турниридаги ғалаба — Эрон ниҳоят таслим қилинди
Эрон терма жамоаси азалдан Ўзбекистон учун энг ноқулай ва қийин рақиблардан бири ҳисобланади. Икки жамоа ўртасидаги тўқнашувлар йиллар давомида турли мусобақаларда, хусусан, Жаҳон чемпионати саралаш босқичларида кечган бўлса-да, ғалабаларимиз саноқли бўлиб келган. Шу боис ҳар бир учрашув нафақат спортий, балки руҳий жиҳатдан ҳам алоҳида аҳамият касб этган.
2025 йил Тошкентда бўлиб ўтган CAFA Nations Cup турнири финалида эса тарих яна бир бор қайта ёзилди. Майдонда икки азалий рақиб — Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари тўқнаш келди. Асосий вақтда ғолиб аниқланмаган, муросасиз курашларга бой баҳс экстра таймларгача чўзилди. Ҳал қилувчи паллада Хожиакбар Алижонов томонидан киритилган гол бутун стадионни қувончга тўлдирди ва форслар устидан ниҳоят устунликка эришишимизга хизмат қилди.
Тимур Кападзе бошчилигидаги миллий терма жамоамиз шу тариқа CAFA Nations Cup-2025 турнири ғолиби бўлди. Аммо бу зафарнинг энг ёқимли жиҳати — айнан Эрон каби принципиал рақибнинг мағлуб этилганида эди. Бу ғалаба терма жамоамиздаги ишонч, характер ва янги давр рамзига айланди.

6. Олтин тўп соҳиби — "оқ бўрилар" йўлбошчиси
Жаҳон чемпионатига тарихий йўлланма қўлга киритилгач, миллий футболимиз олдида янги вазифалар, янги марралар пайдо бўлди. Шу боис футболимиз мутасаддилари терма жамоани жаҳон тажрибасига эга, катта саҳнада ўзини исботлаган мураббий қўлига топширишни мақсад қилди. Натижада бир қатор номдор мутахассислар кўриб чиқилди — Йоахим Лёв, Славен Билич, Фатих Терим каби таниқли исмлар муҳокамалар марказида бўлди.
Якунда эса танлов 2006 йилги жаҳон чемпиони, футбол тарихида ўз ўрнига эга бўлган Олтин тўп соҳиби Фабио Каннаваро фойдасига ҳал этилди. Энди "оқ бўрилар"ни Жаҳон чемпионати сари айнан Каннаваро бошлаб боради. Бу қарор нафақат катта умид, балки миллий терма жамоа учун янги давр бошланишини англатади.
Италиялик мутахассиснинг илк қадамлари умидбахш бўлди. Каннаваро қўл остидаги терма жамоа Кувайт устидан ишончли ғалабага эришди, Уругвайга қарши баҳсда мағлубиятни тан олган бўлса-да, ўйин мазмуни ижобий таассурот қолдирди. Ноябрь ойида бўлиб ўтган ўртоқлик турнирида эса Миср ва Эрон терма жамоалари устидан қозонилган ғалабалар миллий жамоамиздаги ишонч ва ўсиш белгисига айланди.
Эндиликда энг асосий тилак — бу натижалар тасодифий эмас, балки давомли ва барқарор бўлсин. Чунки олдинда бизларни футболнинг энг катта синови — Жаҳон чемпионати кутиб турибди.
7. U-20 Жаҳон чемпионати Ўзбекистон ва Озарбайжонга ишониб топширилди
Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро футбол харитасида ишончли мезбон сифатида мустаҳкам ўрин эгаллаб бормоқда. Мамлакатимиз ОФК ва ФИФА ҳомийлигида ўтадиган қатор расмий мусобақаларни юқори ташкилий савияда қабул қилиб, дунё футболи вакилларининг эътирофига сазовор бўлиб келяпти. Айнан шу ишонч ва тажриба натижасида ФИФА яна бир нуфузли турнир — U-20 ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати мезбонлигини Ўзбекистон ҳамда қардош Озарбайжонга ишониб топширди.
Футбол оламида кичик мундиал сифатида танилган ушбу мусобақа нуфузи жиҳатидан Жаҳон чемпионатидан кейинги ўринда туради. Унинг бизга берилгани эса нафақат катта шараф, балки миллий футболимизга берилаётган юксак баҳо, сўнгги йилларда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва инфратузилмага қаратилган ишлар самарасининг ёрқин тасдиқидир.
Бу чемпионат нафақат футбол байрами, балки ёш истеъдодларни кашф этиш, тажриба алмашиш ва Ўзбекистонни дунёга яна бир бор замонавий, футболсевар мамлакат сифатида намоён этиш учун катта имконият бўлади. Ушбу ишончни оқлаш эса олдимизда турган навбатдаги масъулиятли вазифадир.

8. Олимпия шаҳарчаси ишга тушди — спорт учун янги макон
Замонавий стадионлар, машғулот майдонлари ва спортчилар учун яратилган қулай муҳит ҳар қандай ислоҳотнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Юқорида қайд этилган ютуқлар ва ривожланиш жараёнлари айнан шу асосга таянади.
Жорий йил пойтахт Тошкентда мамлакат спорт ҳаётидаги яна бир муҳим лойиҳа — Олимпия шаҳарчаси расман фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуа нафақат кўлами, балки имкониятлари билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Олимпия шаҳарчаси замонавий талабларга жавоб берадиган спорт иншоотларини, машғулот базаларини ва мусобақалар ўтказиш учун мўлжалланган майдонларни ўз ичига олган.
Айниқса, шаҳарча ҳудудида барпо этилган футбол стадиони миллий футболимиз учун янги имкониятлар эшигини очди. Янги арена халқаро стандартларга жавоб беради, йирик мусобақалар ва расмий ўйинларни қабул қилиш салоҳиятига эга. Бу эса терма жамоалар ва клублар учун юқори даражада тайёргарлик кўриш, томошабинлар учун эса ҳақиқий футбол байрамларини ташкил этиш имконини беради.
Олимпия шаҳарчасининг ишга туширилиши нафақат спорт инфратузилмасининг ривожи, балки мамлакатда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ёшларни спортга жалб этиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу мажмуа келгуси йилларда Ўзбекистон спорти, хусусан футболининг янги ютуқлари учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

9. Ўзбекистон Кубоги яна Тошкентга қайтди
Мавсумни португалиялик мутахассис Педру Морейра қўл остида бошлаган "Пахтакор" кутилган натижаларни қайд эта олмади. Чемпионат давомида жамоанинг ўйинида барқарорлик етишмади, натижада клуб раҳбарияти мавсум ўртасида мураббий билан хайрлашишга қарор қилди. Бу эса жамоа тақдирида бурилиш нуқтасига айланди.
Янги бош мураббий сифатида "Пахтакор" ДНКсини яхши биладиган, клуб сафида катта тажриба орттирган собиқ футболчи Камолиддин Тожиевга ишонч билдирилди. У жамоани турнир жадвалининг қуйи қисмида қабул қилиб олган бўлса-да, қисқа вақт ичида "шерлар"да янги руҳ, ишонч ва интизомни шакллантира олди.
Натижада "Пахтакор" Тожиев қўл остида чемпионатни иккинчи ўринда якунлади, Ўзбекистон Кубогида эса бош совринни қўлга киритди. Шу тариқа мамлакатнинг энг нуфузли кубокларидан бири 5 йиллик танаффусдан сўнг яна пойтахтга қайтди. Бу ғалаба "Пахтакор"нинг қайта тикланиш рамзига айланди.
Ўтган мавсум Камолиддин Тожиев учун ҳам мураббийлик фаолиятида янги саҳифа очилган йил бўлди. Қисқа фурсатда эришилган муваффақият унинг катта салоҳиятга эга мураббий эканини исботлаб берди ва пойтахт клуби олдида янги умидлар эшигини очди.

10. 2025 йил — Ўзбекистонда футбол йили бўлди
Ўтиб бораётган 2025 йилни шубҳасиз Ўзбекистон футбол тарихида алоҳида ўрин тутадиган, бурилиш нуқтаси бўлган йил сифатида баҳолаш мумкин. Бу йил нафақат йирик натижалар, балки тизимли ислоҳотлар, янги инфратузилма лойиҳалари ва халқаро миқёсдаги эътирофлар билан ёдда қолди.
Миллий терма жамоамизнинг тарихда илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма қўлга киритиши, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларининг қитъа миқёсидаги ғалабалари, "Нефтчи" ва "Пахтакор" каби анъанавий клубларнинг совриндорлар қаторига қайтиши мамлакат футболида янги давр бошланганидан далолат берди. CAFA турниридаги ғалаба, Эрон каби принципиал рақибнинг мағлуб этилгани эса миллий жамоадаги ишонч ва характерни яққол намоён этди.
Шу билан бирга, терма жамоалар учун замонавий база, Олимпия шаҳарчасининг ишга туширилиши, U-20 Жаҳон чемпионати мезбонлигининг Ўзбекистонга ишониб топширилиши каби воқеалар футболимиз ривожи фақат натижалар билан чекланиб қолмаётганини, балки мустаҳкам пойдевор асосида қурилаётганини кўрсатди. Олтин тўп соҳиби Фабио Каннаваронинг миллий терма жамоа бош мураббийи сифатида тайинланиши эса бу йўлдаги катта мақсадлардан далолатдир.
Қисқаси, 2025 йил — Ўзбекистонда футбол йили бўлди. Бу йил эришилган ютуқлар фақат бир мавсумнинг самараси эмас, балки узоқ йиллик орзу ва меҳнатнинг натижаси сифатида тарихга муҳрланди. Энди энг муҳим вазифа — ушбу муваффақиятларни сақлаб қолиш, давом эттириш ва Ўзбекистон футболини жаҳон харитасида янада мустаҳкам ўринга олиб чиқишдир.
Похожие новости
championat.asia
10 ўйинда 12 гол: Роналду яққол тўпурар
Криштиану Роналду: "Мавсум ўртасида ҳеч ким чемпион бўлмайди"
Роналду кетма-кет учинчи марта Яқин Шарқда йилнинг энг яхши футболчиси бўлди
Эрон жамоаси Ўзбекистон МТЖ етакчиларидан бири учун 1 миллион доллар бериши мумкин
Комментарии