RU

Последние новости

07:46Суперлига. Бугун турнинг қизиқарли баҳсига гувоҳ бўламиз  0 03:00Франция. ПСЖ "Тулуза" дарвозасига 3та гол урди  0 03:00Бундеслига. "Бавария" йирик ғалабага эришди, Кейндан хет-трик  0 01:47Арне Слот: "Гвардиоланинг қолишидан хурсанд бўлдим"  0 01:13"Манчестер Сити" Чемпионшипга тушириб юборилса, Пеп жамоада қоладими? Унинг ўзи жавоб берди  1 00:43Флик Левандовскининг оффсайди борасида тушунтириш беришларини сўради  3 00:10Саудия Арабистони. Обамеянгнинг голи "Ал Насср"ни мағлуб қилди, Роналдудан 911-гол  15 23:33Россия. "Рубин" "Акрон"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 23:17Рубен Аморим: "Ўзимга, футболчиларга ва клубга ишонаман"  1 22:44Месси Флик "Барселона" бош мураббийи бўлгани ҳақида гапирди  7 22:08"Интер Майами"ни ким бошқариши аниқ  1 21:48Виталий Левченко: "Нефтчи"да ёшлар йўқ? Бунинг учун шароитлар йўқ"   8 21:35Рўзиқул Бердиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"  15 21:09Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"  0 20:57Сергей Лушчан: "Навбаҳор" футболчилари "Нефтчи"га ўтяпти? Балки..."  2

Латофатли Нигора Абидова билан яқиндан танишамиз Новости

Латофатли Нигора Абидова билан яқиндан танишамиз

Ҳаммага маълумки, ўзбек футболида бир талай аёл-қизлар фаолият юритади. Улардан бири ЎзПФЛнинг матбуот ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Нигора Абидова. Биз бугун у кишига бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

— Футболга қизиқишингиз ва кириб келишингиз қандай бўлган?  

— Футболга 11 ёшимда қизиқишни бошлаганман. Ўшанда Дэвид Бекхэм расмини синфдошларимда кўриб, уни футболчи эканлигини билиб олиб, "Манчестер Юнайтед" ўйинларини кўришни бошлаганман. (2001 йил бўлган, Бекхэм МЮ сафидаги пайтлар). Менга футболни ўргатадиган, тушунтириб берадиган одам бўлмаганлиги сабабли, фақат МЮ учрашувларини кузатардим, Чемпионлар лигаси ёки маҳаллий лигалар тизими ва бошқа нарсалар ҳақида вақт ўтган сайин ўрганиб борардим. 

Шундай бўлишига қарамай, "Барселона"ни ўйинларини севиб томоша қиладиган бўлдим. Мана 17 йилдирки Каталония клуби мухлисиман. 

Футбол соҳасида ишлашни 2016 йилда championat.asia сайтида бошлаганман. 

— ЎзПФЛ матбуот ҳизматида ишлаш қийинми? 

— ЎзПФЛ матбуот ҳизматида ишлаш осон эмас. Биласиз, лигалар кўп, барча ўйинлар ва футбол билан боғлиқ маросимларни ёритамиз. Ўйинлар ёз пайтлари 22:00да тугаши, улар билан боғлиқ барча хабарларни ёритиб, тугатгунгача кечки 12 бўлиб кетар эди. Базида бир кунда турли лигалардаги ўйинлар сонини ҳисоблаганда 15-17 тагача етади.  

Бир суткадаги вақтнинг 70-80% иш билан ўтиб кетади. Бир нимага эришиш учун, бошқа нарсадан воз кечишга тўғри келади. Шунинг учун ўзингиз ёқтирган соҳада иш олиб бориш, яхши жамоа йиғиб, биргаликда мақсадларга эришиш жуда муҳим. Чунки эртага шу кетган вақтингизга афсусланиш бўлмаслиги лозим. Бунда жамоангиз қанчалик сизни қўллаб-қувватлаши — асосий мотивация. 

Медиа ва маркетинг соҳалари ҳозирда компаниянинг асосий бўғинлари ҳисобланади. Уларни ривожлантирган раҳбар – ақлли раҳбардир. У доим ютади. 

Биз ҳали ишлайдиган масалалар талайгина. Олдинга юришда давом этамиз. 

— Бир пайтлар Championat.asia сайтида фаолият юритган экансиз. Қайси иш қизиқроқ, ОАВ ёки футбол ташкилотлари?  

— Тўғри, 2016-2017 йиллари championat.asia сайтида ишлаганман. Ишим болалар футболи билан боғлиқ бўлган. Кейинчалик "Пахтакор" футбол клубидан ишга таклиф бўлди, клубда ҳам матбуот бўлими фаолият юритганман. Кўриб турганингиздек, ОАВ билан доимий равишда ишлайман. ЎзПФЛ матбуоти қамрови клубникидан анча кенг, иш кўпроқ. 

ОАВда, клубда, лигада ишлашда ҳар бирининг ўзини завқи бор. 

— Адашмасам, ОФКда ҳам ишлаяпсиз. Шу ҳақда айтиб бероласизми? 

— Хабарингиз бор, ОФК бу йилдан бошлаб тижорат ва трансляция ҳуқуқлари бўйича Football Marketing Asia компаниясига билан 8 йиллик шартнома тузган. Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ учрашувларида, қолаверса, 1/8 финалда ОФК талабига асосан тижорий масалалар бўйича менеджер сифатида фаолият юритдим. 

ОФКнинг учрашувдаги барча йўналишлар бўйича талаблари жуда баланд. Босқичма-босқич биз ҳам тижорат билан боғлиқ ишларда талабни кучайтиришимиз лозим. Реклама футболга катта пул оқимини олиб келиши мумкинлигини тушуниб, ҳаётда тадбиқ қилиш керак. 

— "Барселона" фанати эканингизни биламиз. Клубдаги инқироз қанча давом этади деб ўйлайсиз? 

— "Барселона" катта инқирозни бошдан кечираётгани ҳеч кимга сир эмас. Клуб вице-президенти Эдуард Ромеу бир ой олдин берган интервьюсига назар солсак, у жамоадан 2 йил ҳеч қандай натижа кутмаслигини мухлислардан сўради. 

Лапорта-Куман ўзаро муносабати, Куманнинг ОАВ олдида клуб ва футболчиларни очиқчасига танқид қилиши, клубнинг 1,5 млрд. евро қарздорлиги ва рекорд даражадаги 500 млн. евро зарар кўргани, энг яхши футболчиси Лео Мессини ушлаб кола олмаганлиги... Бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Лекин яхши томонлари ҳам бор. 

"Барса" бугун Ансу Фати билан 2027 йилгача мўлжалланган янги шарнома имзолади. Клаусуласи 1 млрд. евролигини ҳисобга олсак, клуб Фатини қадрлайди, уни қўйиб юбормоқчи эмас. Педри ҳам жуда иқтидорли футболчи, бунақа кўп ва жонини бериб ишлайдиган футболчилар кам. "Барса" у билан ҳам шартномани узайтирмоқчи. 

Айтмоқчи бўлганим, "Барселона" доим ўз академияси ишонган клуб, Ла Масия дунёга кўп ажойиб футболчиларни келтирган ва шу йўлда давом этмоқда.

2-3 йил сабр қилишга тўғри келади. Ёшлар тажриба орттириб, клуб молиявий аҳволи яхшилангунча вақт керак бўлади. Буни мухлислар ҳам тушуниб етиши лозим. 

— Жаҳон футболидаги энг кучли 7 футболчини айтинг?  

— Албатта Девид Бекхэм менинг ҳар қандай рўйхатимда биринчи ўринда туради)) 

Лео Месси — мен кўрган энг иқтидорли футболчи. Унинг ўйинини кўриб қойил қолади одам.  

Криштиану Роналду — 36 ёшда бунақа жисмоний жиҳатдан кучли футбол кўрсатиши, ўзини устида ишлаш натижасида мақсадга эришиш мумкинлиги намунаси бўла олади. 

Хави, Карлес Пуйоль, Андрес Иньеста — улар билан доим ҳайратланганман. 

Ва албатта бу Роналдиньо — менинг "Барса"ни яхши кўриб қолишимнинг асосий сабабчиси. Бир сўз билан айтганда — афсунгар. 

Сиз сўраган еттита футболчидан деярли барчаси Каталония клубидан экан)) 

— Бу йил "Олтин тўп"ни ким олади?  

— Пандемия сабаб тарихда илк бор 2020 йилда Олтин тўп топширилмади. Шунинг учун ҳам 2021 йилги маросим шиддатли ўтишига шубҳам йўқ. Жорий йилда ўзини ўйини билан бошқалардан ажраб турган, жамоасига катта турнирларда ғалаба келтирган футболчилар 3 та деб ўйлайман. Улар Лионель Месси, Роберт Левандовски ва Жоржиньо. Месси ниҳоят Копа Американи олди, Левандовски Олтин бутсани қўлга киритди, Жоржиньо эса Чемпионлар лигаси ва Евро-2020 ғолибига айланди. 

— Ўзбек футболидаги энг яхши мураббий ким? 

— Ўзбек футболида икки мураббийни ажратиб кўрсатган бўлардим: Шота Арвеладзе ва Рўзиқул Бердиев. Тўғри, Арвеладзега яхши шароит яратилиб берилган, молиявий тарафдан ҳам клуб қийинчилик кўрмаган дейишингиз мумкин. Лекин ўша пайтда "Пахтакор"да ишлаганман. Бир қарашда жипслаштириш қийин бўлган вазиятда барча футболчиларни бир мақсад устида бир ёқадан бош чиқаришга ўргатди. Клуб тизимини ҳам яхшилашга эришди. "Локомотив" 3 йил давом этган триумфига барҳам бера олди. 

Рўзиқул Бердиев ҳақида қанча гапирса ҳам оз. Ёш футболчилар билан ишлаш йўлга қўйилган, "Насаф" ўйинчилари меҳнатсеварлиги, тиришқоқлилиги билан бошқалардан ажралиб туради. Тоза ва чиройли футбол кўрсатади, шунинг учун ҳам бутун ўзбек халқи "Насаф"ни ёқтирса керак. 

— Ўзбекистон чемпионатларида энг кучли легионерлар бешлигини тузинг. 

— Ривалдо 

Хосе Луис Вильянуэва 

Тиаго Безерра 

Акмал Холматов 

Драган Черан 

Марко Станоевични ҳам кўрсатиб ўтган бўлардим. Ўзбекистонга келганига 2 йил бўлишига қарамасдан, кўп мухлислар қалбига йўл топа олди. 

— Аёллар футболидаги доимий комиссарлардансиз. Нега у ерда эркаклар футболига нисбатан кўпроқ гол урилади? 

— Аёллар футболини ривожлантириш — ФИФА ва ОФК нинг — асосий мақсадларидан бири. Аёллар футболига яқин ўтмишдан бошлаб эътибор кучайишни бошлади. Улардан тез вақт оралиғидан эркаклар кўрсатадиган футболни талаб қилиш нотўғри. Эркаклар футболи ривожланиши учун вақт ҳам, шароит ҳам етарлича. 

Киритилган голлар сонига келсак, бу балки ҳар бир позицияда ўйнайдиган футболчилар савиясини ошириш, гол киритишдан ташқари яхши ҳимояланиш устида ҳам бош қотириш керак деб ўйлайман.

Малика Кушбакова суҳбатлашди

Рейтинг: -35   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика