Улуғбек Бақоев: "Сифатли футбол кўрсатмаган бўлсак ҳам ғалабага эриша олдик"

Sherzod Nurmatov
1 май 2022
Суперлиганинг 6-туридан ўрин олган "Сўғдиёна" – "Металлург" (2:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида

- Қийин ўйин ўтказдик. Намангандаги "Навбаҳор" билан ўйиндан сўнг тикланиш учун вақт оз эди. Йигитлар чарчоқ туфайли бугун ҳақиқатдан ҳам қийналишди, буни мураббий сифатида кўриб-билиб турибман. Сифатли ўйин намойиш этмаган бўлсак ҳам голлар урдик ва ғалабага эришдик. Муҳими – натижа. 

Кейинги учрашувга қадар тўлиқ тикланиб янада сифатли ўйин намойиш этамиз деган умиддаман. Жамоамиз аъзоларига бугунги ўйин учун миннатдорчилик билдираман.

- Милан Митровичда узатмалар хато чиқаётгани кўзга ташланмоқда. Бу борада иш олиб борасизларми?

- Тўғри, Митрович узатмаларда хатоликларга йўл қўйди. У билан дарвозабонлар мураббийимиз алоҳида иш олиб боради. Бу тўғриласа бўладиган холат.

- Жамоани олдинда "Пахтакор", АГМК каби кучли жамоаларга қарши ўйинлар кутиб турибди...

- Тўғри, биз яқин кунлар ичида "Пахтакор" ва АГМК билан ўйнаймиз. Ҳозирда Суперлигада кучсиз жамоанинг ўзи йўқ, исталган рақиб муаммо туғдира олади. Биз ҳар бир ўйинга жиддий ёндашамиз.


Sherzod NurmatovMuallif
Manba: championat.asia