

"Мухлисларни табриклайман. "Машъал"нинг ҳозирги кундаги ҳолати яхши эмас, афсуски. Ўйинда керакли вазиятлардан фойдаланиб ғалаба қозондик. Олдинда яна бир муҳим ўйин бор. "Машъал"га кейинги ўйинларда омад", - дея гап бошлади Тимур Кападзе.
- Бир йўла учта ўзгаришни амалга оширдингиз. Ушбу ўзгаришлар ўйинга қанчалик таъсир қилди деб ўйлайсиз?
- Майдонга тушган футболчи гол урди-ку. Демак, ўзгариш иш берди. Ҳар бир футболчимиз асосий таркибда ўйнашга муносиб. Асосийси жамоа ғалабаси, ким қанча ўйнашида эмас.
- Жоэль Кожо қайдномага киритилмади?
- У шамоллаб қолди.
- "Навбаҳор" иккинчи даврада "Робин Гуд" бўлишни тўхтатди деган фикрга қўшиласизми?
- Бундай фикрни биринчи марта сиздан эшитяпман. Биз ҳар бир ўйинга ғалабани мақсад қилиб тушамиз. Ҳеч қайси бир ўйин осон эмас. Ҳар бир ўйинда максимал очко тўплашга ҳаракат қиляпмиз. Мавсум якунидан сўнг бизни "Робин Гуд"ми ёки бошқа ном берасиз.




