

Ўртамиёналар қарама-қаршилиги
Сўнгги марта ўтказган ўйинида мусобақанинг "энг қолоқ иштирокчиси" номини ҳеч кимга бермай келаётган "Цинициннати" билан нурсиз дурангга имзо чеккан "Чикаго Файр" бу сафар ўз майдонида юқори ўринлар учун курашаётган "Торонто"ни қабул қилди. Ушбу баҳсда томонлар 2:2 ҳисобидаги жанговар сулҳга рози бўлишди. Барча голлар иккинчи бўлимда урилди. Чикаголиклардан Алтидор ва Омар Гонсалеслар ўзларини кўрсатишган бўлса, меҳмонларда "жокер"лар вазифаларини аьло даражада бажаришди. Гол муаллифлари заҳирадан тушган Александр Катаи ва Фабиан Херберс.
Аутсайдер анча кеч уйғонмоқда
Мавсум бошидан бери, жуда суст ўйин кўрсатган "Цинциннати" клуби қаторасига учинчи учрашувда кучли клублардан очко тортиб олмоқда. Улар жорий турда ўз майдонларида "Орландо Сити" билан мардонавор курашишди ва хаттоки жамоа ғалаба қозонишига ҳам бир баҳя қолди. Аллан Круснинг биринчи бўлим оҳирида киритган голига, асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларга келибгина заҳирадан ўйинга қўшилган Мишель жавоб қайтарди ва жамоасини муқаррар мағлубиятдан сақлаб қолди.
Ашаддий рақобатчилар баҳсида ҳисоб очилмади
Сўнгги ўйинларда жуда ишончли тарзда муваффақиятли одимлаётган "Нью-Йорк Ред Буллз" бу сафарги турда, ўз уйида доимий таьқиб этиб келаётган рақиби Уэйн Руни сардорлигидаги жамоа "Ди Си Юнайтед" билан кураш олиб борди. Учрашувда иккала жамоа ҳам гол уриш учун бир қатор имкониятларга эга бўлишди. Аммо томонлар вазиятлардан самара чиқаришда оқсашди ва натижада нурсиз дуранг қайд этилди.
"Инқилобчилар" пешқадамни маҳв этишди
Жорий тур "сенсация"си айланган ўйинда, шарқий минтақада узоқ вақтдан бери пешқадам бўлиб турган Нью-Йорк шаҳри бош жамоаси "Нью-Инглэнд" меҳмони бўлиб, кутилмаганда ютқазиб қўйди. Ўйиннинг иккинчи ярмида Банбери ва Густаво Боу томнидан киритилган голлар баҳс тақдирини ҳал қилди. Нью-Йоркликларнинг баҳтига яқин таьқибчилари ҳам бу турда очко йўқотишди ва етакчилар орасидаги фарқ деярли ўзгармай қолди.
Атланталиклар Монреальда меҳмон
Узоқ вақтдан буён ғалаба нималигини билмай келаётган ва Боян Кркичдек хужумчиси бор "Монреаль" клуби бу сафар ўз уйида шарқда чемпионлик учун даьвогарлардан бири бўлиб турган "Атланта" жамоасини меҳмон қилди. Жуда қизиқарли курашларга бой ўтган учрашувда олдинига Грессел иккинчи бўлим бошида ҳисобни очди. Бироқ, аста-секин юқори спорт формасига кириб бораётган "Барселона" тарбияланувчиси Кркич ўртадаги мувозанатни тиклади ва жамоаси жонига оро кирди.
Аутсайдер етакчини енгди
"Экипажчилар" жамоаси турдаги навбатдаги "сенсация"ни қайд этиб беришди ва улар ўз майдонларида сўнгги ўйинларда ажойиб ўйинлари орқали чемпионлик учун кескин кураш олиб бораётган "Филадельфия" клубини қабул қилишди. Юнес Мохтар ва Педру Сантушнинг қандайдир тўрт дақиқа ичида урган голлари учрашув тақдирини ҳал қилди.
Етакчи ва ўртамиёна беллашуви
Аввалги турда ўз мухлислари қаршисида ўйнаб, "Филадельфия"га ютқазиб қўйган "Сан-Хосе" бу сафар қарама-қарши минтақа етакчиларидан бири "Сиетл Саундерс"ни меҳмон қилди ва яна бир аламли мағлубиятни тан олишга мажбур бўлди. Асосий вақтга қўшиб берилган сўнгги дақиқада Жордан Моррис томонидан киритилган гол меҳмонларга уч очкони тақдим этди.
Яна бир ўртамиёна ва аутсайдер тўқнашуви
Сўнгги пайтларда, хеч ишлари юришмаётган ва қуйи поғоналардан бирини банд этиб турган "Хьюстон Динамо" бу сафар ҳам мусобақанинг кучли клубларидан бўлган "Реал Солт-Лейк" майдонида баҳс олиб борди. Ўйинга келадиган бўлсак, дастлабки дақиқадаёқ Кори Бейрд ҳисобни очди. Лекин биринчи бўлимнинг ўзида Мартинес гол уриб, мувозанатни тиклади. Саварино учрашувнинг 75-дақиқасида тўп киритиб, жамоасига ғалаба келтирди.
Чемпион Миннесотага учди
Жорий мусобақанинг мутлақ ғолиби "Лос-Анжелес" олдинги турда Хьюстон шаҳри жамоасини аяб ўтиришмаганди. Бу сафар улар, бутун мавсум давомида асосий рақобатчилари бўлиб келган "Миннесота" клуби меҳмони бўлишди. Учрашувда, жамоалар биттадан гол уришди ва очколарни бўлишиб олишди. Тўғри, кўринишидан чемпион эндиликда очко улашиш билан банд бўлади шекилли.
Аутсайдер лос-анжелесликларни тўхтатди
"Ла Гэлакси"ни уч ўйинлик ғалабали серияси мусобақа жадвалида яққол аутсайдер бўлиб турган "Ванкувер"га қарши баҳсда узилди. Жамоа ўз майдонида ўйнаганига қарамай, кутилмаганда ютқазиб қўйди. Учрашувда, муҳлислар голлар шоусига гувоҳ бўлишди. Ҳисобни очиб берувчи голга машҳур Тьерри Анрининг фамилиядоши Дониэл Анри муаллифлик қилди. Лекин, орадан уч дақиқа ўтар-ўтмас ўша тиниб-тинчимас Ибрагимович голли сериясини давом эттирди ва сўнгги тўртинчи ўйиндаги олтинчи голини урди. Бўлим якунланмасидан Тео Бейр жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ўйиннинг иккинчи ярмида яна тўртта гол урилди. Мезбонларда Антуна ва заҳирадан майдонга тушган Крис Понтиус ўзларини кўрсатишган бўлса, "Ванкувер"дан Рикеттс ва асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггисида Чиринослар биттадан гол уришди.
Далласликлар Колорадода меҳмон бўлишди
Оҳирги пайтларда иродали ғалабаларни қўлга киритаётган "Колорадо" ўз майдонида рақобатчиларидан бири "Даллас"ни қабул қилди. Жамоа бу сафар, йирик ҳисобда муваффақият қозонди. Олдинига, Прайс ва Рубиолар биттадан гол уришди. Иккинчи бўлимда Камара чиройли голи билан якуний ҳисобни ўрнатди. Ушбу ғалабадан кейин, "Колорадо" "Даллас"га максимал даражада яқинлашиб олди.
Ўртамиёна ва аутсайдер жанги
Ўтган турда "Миннесота"га меҳмонда мағлуб бўлган "Спортинг Канзас-Сити" ўз уйида олдинги баҳсда ҳам дурангга рози бўлган ва турнир жадвалининг экваторига жойлашган "Портленд Тимберс"ни меҳмон қилди. Дастлаб, Себастьян Бланко ҳисобни очди. Бироқ, орадан бир дақиқа ўтмасидан Немет фарқни тиклади. Иккинчи бўлимда Шаллои гол урган бўлса, Дайрон Асприлья белгиланган 11 метрли жарима зарбасидан унумли фойдаланди ва жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.
Хондамир Ҳакимов тайёрлади



