"Металлург" бош мураббийи Илҳом Мўминжонов: "Биз учун ҳар бир баҳс финалдек ўтяпти"

Aslanov Jasurbek
20 апр 2026, 22:06
Пролига 4-туридан ўрин олган "Металлург" – "БухДУ" (3:0) учрашувидан кейин "Металлург" бош мураббийи Илҳом Мўминжонов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Чиройли ғалабага эришдик. Бу билан жамоамиз аъзоларини ва бекободликларни табриклайман. Футболчиларимиз ўйиндан ўйинга қўшишяпти, тезлик ҳам юқорилаб бормоқда. Биз мураббийлар хоҳлаган футболни намойиш этиб чиройли ғалабага эришдик.

- Жамоангиз ўйинидан қанчалик кўнглингиз тўлди?

- Айтиб ўтганимдек, ўйиндан ўйинга қўшяпмиз. Энг кўп кўнглим тўлган жиҳат - тўртинчи турга келиб дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолганимиз бўлди. Ҳимояда хатолар борлигини аввалги баҳслардан кейин айтиб ўтгандим. Бугун ҳимоямиз жуда яхши ҳаракат қилди.

- Иккинчи бўлимда Бубанья, Саиднуруллаев каби футболчиларни алмаштирдингиз. Бу нима билан боғлиқ?

- Ҳозир Пролигада ҳам худди Суперлига каби "боксинг дэй" кетяпти. Тез-тез майдонга тушяпмиз. Футболчиларга дам бериш мақсадида шу қарорга келдик, чунки кейинги баҳсни сафарда "Пахтакор фарм"га қарши ўтказамиз. Бу ҳам муҳим ўйин бўлади.

- Рақиб ўйинчисининг қизил карточка олиши режангизга қанчалик таъсир қилди?

- Биринчи бўлимдан кейин ҳам ҳужумчимизга айтиб ўтдим: йиқилмаса ҳам бўларди. Ўзи гол урса бўларди. Майли йиқилди ва бунда фол бор эди. Танаффусда йигитларга тўпни ушлаш кераклигини айтдим. Рақиб ўн киши бўлиб қолгач, бу бизга эркинлик берди. Ҳисоб 2:0дан кейин хотиржамликка берилдик ва ҳужум чизиғимизда тезлик йўқолди. 2:0гача рақибга юқорида кўп босим қилаётгандик.

- "Пахтакор фарм" билан баҳсдан сўнг жамоангиз "Арал" ва "Олимпик Мобиуз" клубларига қарши майдонга тушади. Бу ўйинларга "Металлург" қай даражада тайёр?

- "Шўртан", "Каттақўрғон" қатори "Арал" билан "Мобиуз"да ҳам вазифа борлигини биламиз. Биз учун ҳар бир баҳс финалдек ўтяпти. Масалан, "Лочин" билан осон бўлмади. Айни дамда фикру хаёлимиз "Пахтакор фарм"га қаратилган, шу ўйинни ўтказиб олгач кейинги рақибларни ўйлаймиз.

- Ўйиндан сўнг "Металлург" комбинат раҳбари кийим алмаштириш хонасига кириб, сир бўлмаса нима дедилар?

- Ғалаба билан табриклаб, футболчиларга мотивация бердилар. Клубимиз раҳбарининг бизни қўллаб туриши жамоага катта руҳият беради. Бундан биз мураббийлар ҳам, жамоамиз аъзолари ҳам ниҳоятда хурсанд.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia