"Ливерпуль"да катта хушхабар: Александер Исак сафга қайтди

Aslanov Jasurbek
1 апр 2026
"Ливерпуль" бош мураббийи Арне Слот жамоанинг энг қимматбаҳо ҳужумчиси Александер Исак асосий таркиб машғулотларига қайтганини маълум қилди.

Швециялик футболчи 2025 йил 21 декабрь куни АПЛ доирасидаги "Тоттенхэм"га қарши баҳсда (2:1) болдир суягини синдириб олган эди.

"Алекс ҳозир жуда яхши ҳолатда, деб ўйлайман. Швеция терма жамоаси Жаҳон чемпионатига йўлланма олди, бундан ташқари, у эртага жамоа билан бирга илк машғулотини ўтказади.

Албатта, бу уч-тўрт ойлик танаффусдан кейинги илк машғулот, аммо унинг қайтгани жуда муҳим. Биз қандай даражадаги ҳужумчини сотиб олганимизни ҳаммамиз биламиз — у ақл бовар қилмас иқтидор. Мавсумнинг сўнгги икки ойида унинг ёрдами бизга жуда керак бўлади", — деди Слот клуб расмий сайтига.

Эслатиб ўтамиз, "Ливерпуль" Исакни 2025 йил сентябрь ойида 145 миллион евро эвазига сотиб олган эди. У жароҳат олгунига қадар жорий мавсумда 16 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол ва битта голли узатмага муаллифлик қилган. Мерсисайдликлар мухлислари эндиликда ҳужумчининг мавсум финишида ўз сўзини айтишини кутишмоқда.


Aslanov JasurbekMuallif
Manba: liverpoolfc.com