

Аргентина терма жамоаси сардори ва "Интер Майами" ҳужумчиси Лионель Месси Жаҳон чемпионати олдидан турнирдаги кучлар нисбати ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. "Альбиселесте" амалдаги чемпион мақомида бўлса-да, Месси ўз жамоасини олтин медаллар учун ягона асосий даъвогар деб ҳисобламаяпти. Аргентиналик журналист Полло Альваресга берган интервьюсида Лео айни дамда бир нечта топ-терма жамоалар Лионель Скалони шогирдларига нисбатан кучлироқ кўринаётганини тан олди.
Мессининг таъкидлашича, жаҳон футболида рақобат даражаси сезиларли даражада ошгани сабабли, титулни ҳимоя қилиш аргентиналиклар учун ниҳоятда оғир синов бўлади.
— Биз шуни тушунишимиз керакки, мусобақага биздан кўра яхшироқ спорт формасида етиб келаётган бошқа фаворитлар ҳам бор. Франция яна жуда кучли, уларнинг ихтиёрида юқори савияли футболчилар кўп. Шунингдек, Испания ва Бразилияни ҳам айтиш мумкин. Гарчи бразилияликлар охирги вақтларда ўзларининг энг яхши ўйинларини кўрсата олишмаётган бўлса-да, улар ҳар доим ғолибликка даъвогар бўлиб қолаверади. Менимча, Португалия ҳам жуда рақобатбардош таркибга эга, — деди Месси.
Эслатиб ўтамиз, Қатарда бўлиб ўтган ЖЧ-2022 финалида Аргентина тарихдаги энг драматик баҳслардан бирида Францияни пенальтилар сериясида мағлуб этган эди. Шу йилнинг июнь ойида старт оладиган навбатдаги дунё биринчилиги 38 ёшли Месси учун фаолиятидаги олтинчи Жаҳон чемпионати бўлиши мумкин. Бу борада у ўзининг азалий рақиби Криштиану Роналду билан биргаликда ноёб рекорд соҳибига айланиши кутилмоқда.



