“Кучли бешлик шарҳи”: Англияда грандлар синови, Испанияда “Реал” ва “Барса” пойгаси, Бундеслигада янги мавсум

29 авг 2026, 02:11
Европанинг кучли беш чемпионатида навбатдаги тур ўйинлари бошланди.

“Кучли бешлик шарҳи” лойиҳасида уикэнднинг асосий учрашувлари ва жамоаларнинг улар олдидан қандай ҳолатда эканига назар ташлаймиз.

Англия Премьер-лигаси

АПЛнинг 2-тури “Манчестер Сити”нинг йирик ғалабаси билан бошланди. Мареска жамоаси сафарда “Кристал Пэлас”ни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Эрлинг Ҳоланд дубль қайд этди, Райан Шерки ҳам гол урди. “Сити” шу тариқа икки ўйиндан кейин 6 очко тўплади ва стартдаёқ рақибларига очко йўқотиш учун кўп имконият бермаслигини кўрсатмоқда.

gettyimages-2292493558-2048x2048.jpg

Энди асосий эътибор “Ливерпуль”, “Манчестер Юнайтед” ва “Арсенал”га қаратилади. “Ливерпуль” биринчи ўйинда “Ньюкасл” билан дуранг қайд этди ва энди “Ноттингем Форест”ни қабул қилади.

“Манчестер Юнайтед”да вазият оғирроқ. Манкунианликлар чемпионатни мағлубият билан бошлади, энди эса биринчи турда ғалаба қозонган “Ипсвич”ни қабул қилади. Иккинчи ўйинда ҳам очко йўқотилса, жамоа атрофида босим анча эрта бошланади.

“Арсенал”ни эса жиддийроқ сафар кутяпти. Лондонликлар “Астон Вилла” меҳмони бўлади. “Арсенал” биринчи турни ишончли ўтказди, “Вилла” эса 0:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Бироқ чемпионлик учун курашда айнан шундай сафарлар муҳим — “Сити” очко йўқотмаётган пайтда “Арсенал” ҳам ортда қолмаслиги керак.

2-тур тақвими:

  • “Ливерпуль” — “Ноттингем Форест” — 29 август, 16:30

  • “Борнмут” — “Эвертон” — 29 август, 19:00

  • “Ковентри” — “Халл” — 29 август, 19:00

  • “Тоттенхэм” — “Ньюкасл” — 29 август, 21:30

  • “Челси” — “Брайтон” — 30 август, 18:00

  • “Лидс” — “Брентфорд” — 30 август, 18:00

  • “Сандерленд” — “Фулхэм” — 30 август, 18:00

  • “Манчестер Юнайтед” — “Ипсвич” — 30 август, 20:30

  • “Астон Вилла” — “Арсенал” — 1 сентябрь, 00:00

Испания Ла Лигаси

Ла Лигада икки турдан кейин “Барселона” ва “Реал” максимал натижа билан кетяпти. Ҳар икки жамоада 6 тадан очко бор. Шунинг учун ҳозирча Испаниядаги асосий савол оддий: икки гранддан қай бири биринчи бўлиб очко йўқотади?

Бу турда уларнинг иккаласи ҳам ўз майдонида ўйнайди. “Реал” “Малага”ни қабул қилса, “Барселона” “Райо Вальекано” билан куч синашади. Қоғозда иккиси ҳам фаворит, лекин чемпионлик пойгасида бундай ўйинларда йўқотилган очколар кейин қимматга тушиши мумкин.

gettyimages-2292209392-2048x2048.jpg

“Атлетико” эса аллақачон очко йўқотишга улгурди. Мадридликлар икки турдан кейин 4 очкога эга ва бу сафар икки ўйинда икки ғалаба қозонган “Севилья” меҳмони бўлади.

3-тур тақвими:

  • “Алавес” — “Вильярреал” — 29 август, 00:30

  • “Леванте” — “Бетис” — 29 август, 20:00

  • “Реал Сосьедад” — “Эспаньол” — 29 август, 22:00

  • “Севилья” — “Атлетико” — 30 август, 00:30

  • “Реал” — “Малага” — 30 август, 20:00

  • “Депортиво” — “Валенсия” — 30 август, 22:30

  • “Сельта” — “Атлетик” — 31 август, 00:30

  • “Осасуна” — “Хетафе” — 31 август, 22:30

  • “Барселона” — “Райо Вальекано” — 1 сентябрь, 00:30

Франция Лига 1

Францияда ПСЖнинг мавсум бошидаги муаммолари давом этди. Парижликлар биринчи турда “Ренн” билан дуранг ўйнаганди, иккинчи турда эса “Лилль” меҳмонида 2:2 ҳисобини қайд этди. Бу сафар Луис Энрике жамоаси мағлубиятга жуда яқин келди: “Лилль” сўнгги дақиқаларгача 2:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Витинья 90+1-дақиқада фарқни қисқартирди, Маркиньос эса 90+5-дақиқада ПСЖга бир очко олиб келди.

gettyimages-2291904365-2048x2048.jpg

Шу тариқа ПСЖ дастлабки икки турда ҳам ғалаба қозона олмади. Чемпионат энди бошланган бўлса-да, одатда Францияда бошқалардан тез узилиб кетадиган жамоанинг икки ўйиндан кейин 2 очкода қолиши рақобатчилар учун яхши имконият.

Шу нуқтаи назардан “Монако” — “Марсель” учрашуви янада қизиқ бўлиб қолди. Икки жамоа ҳам биринчи турни ғалаба билан ўтказган, “Марсель” эса тўртта жавобсиз гол урганди. Улардан бири иккинчи ғалабани ҳам қўлга киритса, ПСЖнинг стартдаги очко йўқотишларидан фойдаланиб қолади.

2-тур тақвими:

  • “Страсбур” — “Ланс” — 29 август, 20:15

  • “Осер” — “Анже” — 29 август, 23:45

  • “Брест” — “Тулуза” — 29 август, 23:45

  • “Лорьян” — “Труа” — 29 август, 23:45

  • “Лион” — “Гавр” — 29 август, 23:45

  • “Париж” — “Ницца” — 30 август, 18:00

  • “Ренн” — “Ле-Ман” — 30 август, 20:15

  • “Монако” — “Марсель” — 30 август, 23:45

Италия А Серияси

А Сериянинг 2-тури “Милан”нинг ғалабаси билан бошланди. “Россонери” ўз майдонида “Венеция”ни 2:0 ҳисобида енгди. Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади, иккинчи бўлимда эса Адриен Рабьо гол урди, сўнг меҳмонлар футболчиси Патрик Халхал автогол муаллифи бўлди. “Милан” биринчи турдаги ғалабадан кейин бу сафар ҳам очко йўқотмади ва икки ўйиндан 6 очко тўплади.

gettyimages-2292493562-2048x2048.jpg

Энди навбат қолган фаворитларга. “Интер” стартда “Монца”ни 4:1 ҳисобида енгди ва бу сафар “Кальяри” меҳмони бўлади. “Наполи” эса биринчи турда “Женоа”дан 2:0 ҳисобида устун келди, энди “Комо”ни қабул қилади. “Милан” олти очко билан олдинга чиқиб олганидан кейин икки жамоага ҳам жавоб қайтариш керак.

“Рома” ҳам биринчи турда яхши таассурот қолдирди — римликлар “Фиорентина”ни 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Энди жамоа “Лечче” меҳмони бўлади. “Ювентус” эса “Парма”ни қабул қилади. А Серияда фаворитлар стартни деярли бир хил бошлагани учун ҳозирча ҳар бир очко йўқотиш жадвалда дарров сезилади.

2-тур тақвими:

  • “Фиорентина” — “Фрозиноне” — 29 август, 21:30

  • “Монца” — “Удинезе” — 29 август, 21:30

  • “Сассуоло” — “Торино” — 29 август, 21:30

  • “Ювентус” — “Парма” — 29 август, 23:45

  • “Наполи” — “Комо” — 30 август, 21:30

  • “Кальяри” — “Интер” — 30 август, 23:45

  • “Лацио” — “Женоа” — 30 август, 23:45

  • “Лечче” — “Рома” — 31 август, 21:30

  • “Аталанта” — “Болонья” — 31 август, 23:45

Германия Бундеслигаси

Бундеслигада янги мавсум “Бавария”нинг кучли старти билан бошланди. Мюнхенликлар “Штутгарт”ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Биринчи бўлимда фақат битта гол урилган бўлса, танаффусдан кейин ўйин очилиб кетди ва “Бавария” рақибини йирик ҳисобда енгди.

gettyimages-2292492102-2048x2048.jpg

Энди асосий эътибор “Боруссия Дортмунд”, “Байер” ва “Лейпциг”га қаратилади. Дортмундликлар “Гамбург”ни қабул қилади, “Байер” “Эльверсберг” меҳмони бўлади, “Лейпциг” эса “Боруссия Мюнхенгладбах” билан ўйнайди. “Бавария” мавсумни 5:1 билан бошлаган бир пайтда унинг асосий рақобатчилари стартдаёқ ортда қолмасликка ҳаракат қилади.

Биринчи турнинг яна бир қизиқ томони — Бундеслигага қайтган клублар. “Шальке” янги мавсумни “Аугсбург” меҳмонида бошлайди, “Падерборн” эса “Майнц” билан ўйнайди. Айниқса “Шальке”нинг элитага қайтиши Германия футболи учун қизиқ воқеа — энди клуб олдидаги биринчи вазифа Бундеслигада ўрнини мустаҳкамлаш бўлади.

1-тур тақвими:

  • “Эльверсберг” — “Байер” — 29 август, 18:30

  • “Кёльн” — “Хоффенхайм” — 29 август, 18:30

  • “Майнц” — “Падерборн” — 29 август, 18:30

  • “Лейпциг” — “Боруссия Мёнхенгладбах” — 29 август, 18:30

  • “Унион” — “Айнтрахт” — 29 август, 18:30

  • “Боруссия Дортмунд” — “Гамбург” — 29 август, 21:30

  • “Фрайбург” — “Вердер” — 30 август, 18:30

  • “Аугсбург” — “Шальке” — 30 август, 20:30

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›