

Матбуот анжуманида "Шўртан" бош мураббийи Ихтиёр Каримов иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бу ўйинда ғалаба қозонишимиз керак эди, лекин яратилган имкониятлардан фойдалана олмадик. Рақиб эса ўз имкониятидан фойдаланиб ғалабага эришди. "Олимпик Мобиуз" жамоасини ютуқ билан табриклайман. Футболчиларимиз ёмон ҳаракат қилишмади, лекин бу ўйинда сен урмасанг, сенга уришади қоидаси ўз сўзини айтди.
- Қайси футболчиларнинг ўйинидан кўнглингиз тўлмади?
- Яна бир бор таъкидлайман: ўйинчиларга эътирозим йўқ. Ҳаммага бутун мавсум учун миннатдорлик билдираман. Пролигани яхши ўтказдик деб ўйлайман. Жамоамиз мусобақани иккинчи ўринда тугатди. Энди бироз танаффусга чиқамиз ва кейинги мавсумга тайёргарликни бошлаймиз.
- "Олимпик Мобиуз"нинг Суперлигага чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Рақиб жамоа ҳақида гапириш мен учун тўғри бўлмайди. Ҳали яна ўтиш ўйинлари бор. Шуни айтишим мумкин, Пролигадан Суперлигага ким чиқмасин, жамоани шакллантириш учун вақт бўлади. Пролигадаги жамоалар ҳам кучсиз эмас.
- Кейинги мавсум режалари ҳақида?
- Саволингизни тушундим. Биз ҳозиргина ўтиш ўйинини тугатиб олдик. Бироз танаффусдан кейин клуб раҳбарияти билан учрашамиз ва режалар ҳақида гаплашиб оламиз. Шундан сўнг бу борада матбуотга маълумот берамиз.



