Ислом Исмоилов: "Саудия Арабистони билан ўйинда икки хил тактикани синовдан ўтказдик"

Iskandarov Abdulaziz
31 янв 2025, 15:23
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси апрель ойидаги Осиё кубогига муносиб тайёргарлик олиб бориш мақсадида Саудия Арабистонида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказди.

Мамлакатнинг мазкур ёш тоифасидаги жамоасига қарши ўртоқлик учрашувларидан сўнг терма жамоа устози Ислом Исмоилов фикрларини билдирди. 

"Саудия Арабистони билан учрашувга келадиган бўлсак, мақсадимиз икки хил бўлимда иккита тактикани синовдан ўтказиш эди. Биринчи бўлимда юқорига кўтарилиб, рақибга тинимсиз босим ўтказиш, иккинчи бўлимда рақибни иккинчи худудда кутиб олиш ва қарши ҳужумларда ўйнаш вазифаси юклатилганди. Ўйлаган нарсаларимиз амалга ошди, умуман олганда Саудия Арабистонидаги йиғинимиз ёмон ўтмади. Футболчилар ўзларига берилган вазифани тўлиқ бажаришди. Саудия Арабистони гуруҳимиздаги асосий рақибимиз бўлгани учун тўлиқ имкониятларимизни оча олмас эдик. Шу боис икки учрашувда турли тактикалардан фойдаландик. 

Осиё кубогига кам вақт қолмоқда. Олдинда Туркияда, кейин Беларусь давлатидаги мусобақаларда қатнашамиз. ЎФА томонидан бизга барча шароитлар яратиб бермоқда. Бунинг учун терма жамоалар марказига миннатдорчилик билдириб қоламан. Асосий мақсадимиз Осиё кубогида Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш ва муносиб иштирок этиш",- дейди Ислом Исмоилов.


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: ЎФА матбуот хизмати