

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Аввало шуни айтишимиз керак, муҳтарам Президентимиз томонидан вилоят ҳокими Хайрулло Ҳайитбоевич "Фидокорона меҳнатлари учун" ордени билан тақдирланди. Бу билан вилоятимиз раҳбарини табриклаймиз ҳамда бугунги ғалабани шу инсонга бағишлаймиз.
Хайрулло Ҳайитбоевич Фарғона футболини кўтариш мақсадида астойдил ҳаракат қилиб келмоқда, охирги йилларда футбол ривожи учун катта ишларни амалга оширди. Кеча фуnболчилар билан гаплашганимизда ҳам ғалаба қозонишимиз шартлигини ва вилоят ҳокимини хурсанд этиш мақсадимиз борлигини айтгандик.
Ўйлайманки, бугун ишончли ғалабани қўлга киритдик. Биринчи таймда ва иккинчи бўлимнинг дастлабки 20 дақиқасида тезкор, интенсив футбол намойиш этдик. 20-дақиқага қадар кўплаб ҳужумлар уюштирдик, аммо имкониятлардан фойдалана олмадик. Сўнгра битта имкониятдан фойдаланиб гол урдик. Доимий равишда ҳужумкор ўйин кўрсатишни ўйлайдиган бўлсак, вазиятлардан фойдаланишимиз керак бўлади. Бу борада танаффус пайти ҳам футболчиларга керакли кўрсатмаларни бердик. Чунки ҳар бир ҳужум тезлик талаб қилади.
Мухлислар нияти сифатли футбол кўриш бўлса, бунинг ягона ечими тезлик. Тез ҳаракат қилсакгина, ўйин сифати ошади. Секин футбол мухлисларга ёқмаслиги аниқ. Лекин ўйин тезлашганидан кейин футболчилар кўп куч йўқотяпти, ҳар бир ҳужумга бутун жамоа бўлиб ўтишга ҳаракат қиляпмиз. Керак пайтда ҳар бир ўйинчимиз битта ҳужум пайти 60-70 метр масофани босиб ўтяпти. Бу эса кўп меҳнатни талаб қилади.
Бугун дастлабки йигирма дақиқаликда ва иккинчи бўлимнинг ҳам дастлабки 20 дақиқасида мавсумдаги энг чиройли ўйинларимиздан бирини намойиш этдик. Умуман ўйиндан ва натижадан кўнглим тўлди, рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмадик.
- Бугун Дориев ҳар томонлама "боғлаб" қўйилди. Унга ўйин бермаслик учун кимдир бириктирилганмиди?
- Йўқ, биз қайсидир ўйинчига қарши персонал қўймаймиз. Бу усулдан йироқмиз. "Сўғдина" билан олдинги ўйинда ҳам Дориевни зарарсизлантириш уддасидан чиққандик. Жиззахликлар ўйин услуби Дориев атрофида қурилган. Бу футболчи ўзи гол уради, ҳам голларга ассист беради. Дориев тўпни қабул қилиб олгач уч нафар футболчи кутиб олишини таъминладик. Бу ишни айниқса қанотдаги ўйинчиларимиз аъло даражада бажаришди. Чунки у тўпни қабул қилган пайтда ҳудудларни бир вақтда ёпа олдик. Дориев бугунги ўйинда умуман кўринмади, унга ҳеч қандай имконият қолдирмадик.
- Жароҳат олганлар "Пахтакор" билан ўйингача қайтадими?
- Бу оғриқли савол. Жамоамизда кўплаб етакчи ўйинчилар йўқ, уларнинг ўрни беқиёс. Биз ҳам тезроқ сафга қайтишларини кутяпмиз. Катта эҳтимол билан бу қийин ҳолат. Лекин шифокорлар ишлашяпти, ҳамма максимал даражада ҳаракат қиляпти. Жароҳат олган футболчиларимиз "Пахтакор" билан ўйингача сафга қайтишларини умид қилиб қоламиз. Ўйин услубимиз шаклланаётган бир пайтда футболчиларнинг сафдан чиқиши режаларимизга таъсир қилади. Шунга қарамай майдонга тушаётганлар бор куч билан ҳаракат қилмоқда.
- Сўнгги ўйинларда кўряпмизки, "Нефтчи" асосан қанотлар орқали ҳужум қиляпти. Бу сиз танлаган тактиками ёки рақиб ўйинидан келиб чиқиб шундай йўл тутяпсизми?
- Аслида биз қанотлардан ҳужум қилишни ёқламаймиз. Шахсан ўзим бунинг тарафдори эмасман. Машғулотларда бу борада деярли ишламаймиз. Ўйиндан олдинги кўрсатмаларда ҳам бу ҳақда гапирмаймиз. Мақсадимиз тезроқ дарвозага йўл топиш. Аксар жамоалар бизга қарши чуқур ҳимояланяпти. Керак пайтда ўн киши бўлиб ҳимояга ўтяпти. Шунақа пайт наилож қанотлар орқали ҳужум қиляпмиз. Агар қанотлардан узатиладиган тўплар фойдамизга ишласа, бундан хурсанд бўламиз. Лекин афсуски, бу бўйича оқсаяпмиз.




