"Галатасарой" ва "Атлетико" "Барселона" футболчисига харидор, бироқ...

Aslanov Jasurbek
24 янв 2026
Туркиянинг "Галатасарой" клуби "Барселона"нинг 22 ёшли ярим ҳимоячиси Марк Касадога жиддий қизиқиш билдирмоқда.

Бу ҳақда "Mundo Deportivo" нашри хабар тарқатди.

Манбага кўра, испаниялик иқтидор эгаси учун курашда Мадриднинг "Атлетико" жамоаси ҳам бор. Бироқ Касадо Туркия грандининг таклифига аллақачон "йўқ" деб жавоб берган. Футболчи қишки трансфер ойнасида "кўк-анорранглилар" лагерини тарк этиш ниятида эмас. Қайд этиш жоизки, унинг шартномасида 100 миллион евро миқдоридаги товон пули белгилаб қўйилган.

Жорий мавсумда Касадо барча турнирларда 19 та ўйинда майдонга тушиб, битта голли узатмани амалга оширди. Унинг "Барселона" билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. "Transfermarkt" портали футболчини 25 миллион еврога баҳоламоқда.


Aslanov JasurbekMuallif
Manba: Mundo Deportivo