Эрон ФИФАдан ўйинларини АҚШдан Мексикага кўчиришни сўрамоқда

Sherzod Nurmatov
17 мар 2026, 14:47
Эрон футбол федерацияси Яқин Шарқдаги вазиятни сабаб қилиб, миллий жамоа ўйинларини АҚШдан Мексикага кўчириш масаласида ФИФА билан музокаралар олиб бормоқда.

Бу ҳақда AFP Эроннинг Мексикадаги элчихонасига таяниб хабар берди.

"Дональд Трамп Эрон терма жамоаси хавфсизлигини кафолатлай олмаслигини айтган экан, албатта, биз Америкага бормаймиз. Ҳозир ФИФА билан ўйинларни Мексикада ўтказиш бўйича музокаралар қиляпмиз", – деди Эрон футбол федерацияси раҳбари Меҳди Тож.

Ўтган ҳафта Трамп жамоага "ўз хавфсизлиги учун" турнирга келмасликни маслаҳат берганди. 

Мундиаль июнь–июль ойларида АҚШ, Мексика ва Канадада ўтказилади. Эрон миллий жамоаси "G" гуруҳида Бельгия, Миср ва Янги Зеландия билан учрашади. Режага кўра, Янги Зеландия ва Бельгияга қарши ўйинлар Лос-Анжелесда, Мисрга қарши баҳс эса Сиэтлда ташкил қилиниши кўзда тутилган.

Агар Эрон мусобақада иштирок этмаса, ФИФА ўрнига бошқа жамоани қидиришга мажбур бўлади. Номзодлар сифатида Ироқ ва БАА тилга олинмоқда.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: AFP