Элдор Мойлиев: "Жамоамизга чидамлилик етмаяпти"

25 июл 2026, 21:06
Пролига 11-туридан ўрин олган "ФарДУ" – "Лочин" (2:1) учрашувидан кейин "Лочин" бош мураббийи Элдор Мойлиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Баҳсни яхши бошладик ва тўп назорати ҳам жамоамиз томонида эди. Афсуски, дарвозабонимиз йўл қўйган хатодан сўнг ўйин сценарийси ўзгариб кетди. Иккинчи бўлимда вазиятни ўнглаб гол уришга муваффақ бўлдик. Ҳисобни тенглаштирганимиз билан ушлаб қола олмадик ва тўп ўтказиб мағлуб бўлдик.

- Бугун Абдувоҳид Охтоев билан Мақсудхўжа Аълохўжаев асосий таркибда ҳаракат қилишди. Охтоев кўп бор ўзини кўрсатган бўлса, Мақсудхўжа унчалик кўзга ташланмади. Шу ҳақда фикрингиз?

- Энди Мақсудхўжа ҳимоячи, шу боис ўз ҳаракатлари билан кўзга ташланмаслиги мумкин. Чунки у асосан қора иш билан машғул бўлади. Охтоев ҳужумкор ўйинчи бўлгани учун тез кўзга ташланади. Жамоамизда ўзгаришлар бўлди, янгилар киришиб кетиши учун вақт керак. Жамоамизга чидамлилик етмаяпти, бунинг устида иш олиб борамиз.

- Жамоани тарк этганлар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

- Биз футболчилар учун трамплин вазифани бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Раҳматов ва Тошкенбоев "Насаф"га, Элбек Отақулов "Қизилқум"га, шунингдек бир ўйинчимиз "Шўртан"га кетди. Биз раҳбарият билан келишган ҳолда йигитлар келажагини ўйлаб қўйиб юбордик. Чунки биз ҳам футболчилар ўсишини хоҳлаймиз. Ўйлашимча, янги қўшилганлар ҳам ёмон эмас, фақат уларни жисмоний томондан тайёрлаб олсак бўлгани.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia