Даврон Умиров: "Турон"нинг Суперлигада қандай иштирок этиши кўпчилик учун қизиқ"

Aslanov Jasurbek
10 фев 2021
АГМК ва "Турон"(1:1) ўртасидаги ўртоқлик учрашувидан сўнг Яйпан шаҳри жамоасига қишки трансфер ойнасида келиб қўшилган Даврон Умиров фикрлари билан ўртоқлашди.

"Янги жамоага мослашиш жараёни яхши кетмоқда, дея оламан. Ҳар бир жамоа қайси лигада иштирок этишидан қатъий назар ўз олдига юқори мақсадларни қўяди. "Турон"нинг мақсади кучли учликдан ўрин эгаллаш. Бу ким учундир кулгули туюлиши мумкин. Барибир катта марраларни мўлжаллаш керак, деб ўйлайман. Қайсидир маънода мазкур жамоа ўзимизни кўрсатишимиз учун ҳам ажойиб имкониятдир. Ўз ўйинимизни кўрсата олсак бунданда кучлироқ клубга йўл олишимиз мумкин. Умумий қилиб айтганда трамплин дейишим ҳам мумкин. Аммо, айни пайт фақат шу жамоа ҳақида ўйламоқдаман. 

"Локомотив"да жароҳат олдим ва ўйин амалиётисиз қолиб кетдим. Бош мураббий Ислом Исмоиловнинг таклифига кўра ушбу жамоага келдим. "Турон" янги жамоа, Суперлигада қандай иштирок этишимиз кўпчилик қатори ўзимиз учун ҳам қизиқ. Тўғри, баъзида танқидлар бўляпти, салбий фикрлар янграмоқда. Ўйлайманки, мавсум давомида яхши натижалар қайд этишга ҳаракат қиламиз",- дейди Даврон Умиров.


Aslanov JasurbekMuallif
Manba: championat.asia