

“Сурия билан ўйинга тайёргарлик яхши кетмоқда. Рақибни етарлича ўргандик, учрашувга тайёрмиз. Уларнинг ўйинларини кўриб чиқдик, таҳлил қилдик”, — дейди Беҳруз Каримов.
— Ўзбекистон Суперлигаси ва Швейцария чемпионати ўртасида қандай фарқ кўрдингиз?
— Футбол жуда тезкор ва жамоалар жисмонан бақувват. Бу ерни Европа эшиклари очилиши учун тайёр реклама майдони десам бўлади.
— Фабио Каннаваро доим интенсивлик ҳақида гапиради. Швейцарияда бу борада вазият қандай?
— Швейцарияда ҳар 3-4 кунда ўйин бўлади, доимий равишда ротациялар амалга оширилади. Шу боис бу борада муаммо йўқ.
— “Лугано” сафидаги тажрибали футболчи билан рақобатда асосий таркиб учун курашда ютиб чиқмоқдасиз...
— Рақобат — яхши нарса. Уни олдиндан ҳам кузатардим, ҳозир эса дўстмиз. Бир-биримизни тушуниб ўйнамоқдамиз. Иккимизда ҳам етарлича имконият бўлади.
— Эрон билан ўйиндан сўнг қайси хатолар устида ишланди?
— Ҳужумга ўтаётган паллада бироз шошилмоқдамиз. Сурия билан ўйинда ўз ўйинимизни тўлиқ кўрсата оламиз, деб ўйлайман.
— Терма жамоага чақирилган ёш футболчилардан кимлар сиз каби кашфиёт бўлиши мумкин?
— Ҳаммада имконият бор. U-23 жамоамиздан ҳам кўплаб футболчилар чақирилган.



