"Барса" Рэшфорд учун 30 миллион тўлагиси келмаяпти: Каталонияликлар МЮ билан савдолашмоқчи

Aslanov Jasurbek
1 апр 2026
"Барселона" клуби "Манчестер Юнайтед" ҳужумчиси Маркус Рэшфордни аввал келишилган нархда сотиб олиш фикридан қайтди.

Клублар ўртасидаги келишувга кўра, каталонияликлар англиялик футболчини 30 миллион евро эвазига тўлиқ сотиб олишлари мумкин эди.

"SER Catalunya" журналисти Нил Соланинг хабар беришича, ушбу имтиёзли сотиб олиш банди март ойи якуни билан ўз кучини йўқотган. "Барселона" эса бу имкониятдан фойдаланмади.

Энди "кўк-анорранглилар" 28 ёшли ҳужумчининг трансфер суммасини пасайтириш ёки уни яна бир мавсумга ижарага олиш бўйича МЮ билан янги музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда. Бироқ, инглиз клубини бу шартларга кўндириш анча қийин бўлиши кутиляпти.

Ҳозирги ҳолатга кўра, томонларнинг ўзаро тил топишишидан кўра, Рэшфорднинг "Барселона"даги фаолияти якунланиш эҳтимоли юқорироқ баҳоланмоқда. Маркус Ла Лиганинг жорий мавсумида 24 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол ва 6 та голли узатмага муаллифлик қилди.


Aslanov JasurbekMuallif
Manba: SER Catalunya