Андрей Шипилов: “Валидол”ли ўйин бўлди. Пенальти белгиланган вазиятда 12 дақиқа давомида ўрнимдан ҳам турмадим”

Абдулвосит Бектемиров
8 апр 2026
Суперлига 6-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Насаф” (1:1) учрашувидан сўнг қўқонликлар бош мураббийи Андрей Шипилов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

“Олтинчи тур. Биз бу ўйинга жуда-жуда жиддий тайёргарлик кўрдик. Агар биз барча ўйинларга жиддий тайёрлансак, “Насаф” улар орасида алоҳида ажралиб турарди. Жуда айёр, маҳоратли, пухта тайёрланган жамоа. Биз “Сурхон” билан ўйинни ҳам, уларнинг қолган ўйинларини кўриб чиқдик. “Андижон” билан бўлган ўйинни ҳам кўриб чиқдик. Йигитларга “Насаф”га ҳеч қандай имконият бериб бўлмаслигини айтдим. “Насаф” тўп билан ўзини худди сувдаги балиқдек ҳис қилади. Майдон сифати аъло, суғорилган ва улар бундай майдонларда янада яхши ўйнайди.

Биринчи таймда ҳаммаси яхши эди. Биз жуда яхши ҳаракатландик, ҳужумга ҳам, ҳимояга ҳам жуда яхши ўтдик. Ўйинни назорат қилдик. “Насаф” ҳам бизнинг хатомизни кутди. Улар ҳам кутишди. Кўриниб турардики, улар Бердиевдан кўрсатма олган ва уни тўлиқ бажараётган эди.

Иккинчи таймда нокдаун ҳолатига тушдик, биргина хатонинг бадали. Гол ўтказиб юбордик. Кейин ҳисобни тенглаштирдик, ундан кейин эса, ростини айтсам, нима дейишни ҳам билмайман.

“Валидол”ли ўйин бўлди. Бу ўйиндан икки ҳисса афсус қолди. Нега биз иккинчи таймда бундай ўйнадик. Чарчамадик, ётиб олмадик, йиқилиб ётмадик, лекин нега иккинчи таймда шунча хато қилдик, билмадим. Шунга қарамай, ўзимизга келдик ва ҳеч бўлмаса битта тўп киритиб, ҳисобни қисқартиришга ҳаракат қилдик.

Ўйин сўнгида Жавоҳирда ҳам чап оёғи билан зарба берадиган вазият бўлди, балки ўшанда уч очкони қўлга киритармидик. Кейинги ўйин ўн тўртинчи апрель куни. Сафарда сунъий майдонда бўлади. Ҳеч кимга ҳеч қандай енгиллик берилмайди. Ҳозиргина кийиниш хонасида йигитларга ким тайёр бўлса, ким жонини беришга шай бўлса, ўшалар майдонга тушишини айтдим. Жуда-жуда кўп куч сарфладик, айнан жисмоний эмас, балки ҳиссий, руҳий томондан кўп куч кетди. Бу ҳам жуда-жуда кучли таъсир қилади. Майли, нима бўлса ҳам, ҳаммаси яхшиликка. Ҳа, битта ижобий томони бор: тўртта ўйиндан бери ютқазмаяпмиз, лекин очко олиш керак. Уч очко олган яхшироқ. Лекин, менимча, кузда ҳозир олаётган бу очколаримиз ҳам бизга ёрдам беради. Биз юқорироққа кўтарилишни истаймиз, лекин ўз уйимизда “Пахтакор” билан, ўз уйимизда “Навбаҳор” билан, ўз уйимизда “Насаф” билан ўйнаймиз. Булар жуда кучли, тартибли ва мақсадлари катта жамоалар.

Ҳозирги кунда барча жамоалар кучли. Барча жамоалар кучли, ҳар бир жамоанинг ўзига хос ўйин услуби, ўз ёндашуви бор. Кеча ҳамма дуранг ўйнади, бугун биз дуранг қайд этдик. Бугун бошқа рақиблар қандай ўйнаганини билмайман. Ишлайверамиз, олдинга интилаверамиз. Ўйиндан кейин ортиқча гапиришни истамайман. Мураббийлик иши шунақа-да. Ютдинг, ўйин тугади, сен дарҳол бошқа ўйин ҳақида ўйлай бошлайсан, натижа омадсиз бўлса ҳам, худди шундай, кейинги ўйин ҳақида ўйлайсан. Умуман олганда ҳакамнинг ўйин тугаши ҳақидаги ҳуштаги янграганидан сўнг кейинги ўйинга тайёргарликни бошлашинг керак”, - деди Андрей Шипилов баҳс якунлангач.

- Ҳозир сиз Суперлигадаги биргина хатонинг қиймати ҳақида гапирдингиз. Аслида ўтган йили ҳам, бу мавсумда ҳам айнан қўпол хатолар эвазига жуда кўп голлар урилди. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ?

- Анча бўлди менга бундай саволлар беришмаганига, лекин жон деб жавоб бераман. Бу саволингиз менга жуда ёқди. Ҳеч ким мендан хафа бўлмасин-у, лекин шу саволни беришларини кутиб юргандим. Айтмоқчиманки, биз гол ўтказиб юборган позицияда. Бизда яхши даражадаги фақат битта бола бор.  У ҳам бўлса Англияда. Ҳусанов ҳақида гапираётганимни билиб бўлдингиз. Бизда айнан Ўзбекистон паспортига эга бундай ҳимоячилар йўқ. Бу менинг фикрим. Балки кимдир баҳслашар, лекин бизда бундай футболчи йўқ. Ҳозир Ўзбекистонда марказий ҳимоячи позициясида. Ҳеч қаерда, ҳеч бир жамоада йўқ. На "Пахтакор"да бор, на бошқа клубда. Бу футболчиларнинг даражаси, чунки улар бу ерга келишни хоҳлашмайди. Сабаби, Европага йўл бор, қаердадир анча юқори савияда ўйнаш имконияти бор.

Илгари ҳар бир жамоада марказий ҳимоячилар жуда кўп эди. Магометов, Андрей Фёдоров бор эди. Ҳар бир жамоанинг ҳар бир позициясида, айнан марказий ҳимоя чизиғи ўйинчилари ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозиргидек Андреевга ўхшаганлар йўқ. Файзиевга ўхшаганлар йўқ. Шаймарданов Рустам. Лушчан ҳам терма жамоада марказий ҳимояда ўйнаган. Шунақалардан ҳозир умуман йўқ. Ҳозир фақат биргина футболчимиз Англияда ўйнаяпти. Ҳусанов ёш футболчиларга тўғри намуна бўла олади. Тўғри айтдингиз, мен ҳозир ҳеч қайси бир клубда жиддий марказий ҳимоячини кўрмаяпман.

Shipilovvv.jpg

- Тома Табатадзе қачон асосий таркибда майдонга тушади?

- Ҳа, мен учун ҳам бу қизиқ. Биз уни аста-секинлик билан ўйинга тайёрлаяпмиз. Оддий вазиятда бехосдан аҳмоқона жароҳат олиб қўйди. Лекин у жуда профессионал. Анча бўлди бундай ўйинчиларни учратмаганимга. Умуман олганда, жамоамиздаги учала грузиялик футболчимиз ва украиналик Кондратюк ҳам айнан ўйинга тайёргарлик борасида жуда яхши таассурот қолдиряпти. Бугун биз унга кўпроқ ўйин вақтини бердик.  Ўтган ўйинда унга бироз камроқ вақт бергандик, бугун эса кўпроқ. Ўйлайманки, яқин турларда у кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлади. Лекин рақибга қараб тузиладиган ўйин стратегияси ва тактикаси деган нарса ҳам бор. Чунки бугун ҳам Нимели жуда катта ҳажмдаги ишни бажарди. У жуда савияли, тезкор ва айёр ҳужумчи. Тўғрисини айтсам, жамоамизга бундай форвардни қўшиб олганимиздан омадимиз келди. Унинг ишга муносабати ҳам мени жуда хурсанд қиляпти. Ўйлайманки, у ҳали ўйнайди ва биз унга кўп имконият берамиз.

- Фарҳод Соҳибжонов ўйин қайдномасидан ўрин олмади. Бунга сабаб нима? Шунингдек, дарвозабонлар масаласида хавотирдаман. Нортожиев жароҳат олса, фақатгина ёш дарвозабон қолади. Биринчи даврадан сўнг янги дарвозабон олишни режалаштиряпсизларми?

- Бизда Рустам, Азиз ва Ҳамза бор. Клубимиз учун ҳозирги кунда шуларнинг ўзи етарли деб ҳисоблайман. Биз Рустамга ҳам, Азизга ҳам ишонамиз. Азизда ҳозир психология билан боғлиқ кичик бир муаммо бор, бу масала билан шуғулланяпмиз, иш олиб боряпмиз. Лекин бу клубнинг ички иши, буни сизга айта олмайман ва бунга ҳаққим ҳам йўқ.

Шунчаки кичик бир психологик синиш, озгина руҳий зўриқиш бўляпти, холос. Лекин клуб, жамоа ва шахсан мен, мураббий сифатида, уни қўллаб-қувватлаяпмиз. Ҳозирча дарвозабонлар чизиғида ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман. Бизнинг дарвозабонларимиз яхши, жуда меҳнаткаш, ўз ишини, футболни севади. Бугунги кунга қадар уларга ҳеч қандай эътирозим бўлмаган.

- Пенальти белгиланган вазиятга қандай баҳо берасиз?

Ҳа, охирида менга шу савол берилишини кутгандим. Биласизми, менда кўпроқ 45-дақиқага оид саволлар бор. Мен ўша вазиятни кўриб улгурдим. Пенальти белгиланган вазиятда эса шунчаки 12 дақиқа ўтирдим ва ўрнимдан ҳам турмадим. Биз пенальти тепгунимизча, ўрнимдан ҳам турмадим, ҳатто қарамадим ҳам. Биринчисини кўрдим. У ерда вазият аниқ эди, чунки менга дарҳол кўрсатишганди. Ҳозир кўрсатишмади, чунки вазият ҳамма учун. "Насаф" учун ҳам, мураббийлар учун ҳам, ўйинчилар учун ҳам, биз учун ҳам стрессли эди. Шунинг учун эртага уйга бориб кўраман ва Қўқонга келиб, яна кўраман. Агар қизиқсангиз, сизга ўз нуқтаи назаримни айтаман. Ҳаммага раҳмат.


Абдулвосит БектемировМуаллиф
Манба: