Алишер Шоғуломов: “Бир текисда ўйнай олмаётганимизга қайсидир маънода тақвим сабабчи. Лекин...”

Narzulla Saydullayev
23 ноя 2020
Про лига 18-туридан ўрин олган “Хоразм” – “Оқ-тепа”(0:1) учрашувидан сўнг меҳмон жамоа раҳбари Алишер Шоғуломов фикрларини билдириб ўтди.

“Қизиқарли учрашув бўлди. Устунлик яққол жамоамиз томонида эди. Футболчилар олдига қўйилган вазифани бажаришди. Тўғри футбол ўйнашга ҳаракат қилдик. Бу ўйинда академиямиздан чиққан яна бир ёш футболчи асосий таркибда дебютини ўтказди. Дебютини нишонлаган ҳар бир футболчи биз учун фахр, ўзига ҳос байрам ҳисобланади. Яхши таассурот қолдирди, голли пас берди. Икки баробар хурсандмиз.

Бир текисда ўйнай олмаётганимизга қайсидир маънода тақвим сабабчи. Лекин барча жамоалар бир хил тақвимда ҳаракат қилди. Ҳозир гапирсам баҳона қилгандек бўлиб қоламан. Мавсум ўртасида молиявий сабабларга кўра еттита футболчимизни Суперлига клубларига ижарага берганмиз. Бу йилги асосий мақсадимиз ёш футболчиларга имкон берган ҳолда кейинги мавсумга жамоани шакллантириш эди.

Жорий йилги Про лига баҳслари қизиқарли ўтмоқда. Айниқса юқори тўртлик жамоалари билан ўйинлар шиддатли кечди. Қуйи тўртликда ҳам кураш қизғин кечмоқда. “Хоразм” ҳам яхши жамоа, бизга бегона бўлмаган мураббий ишламоқда. Александр Ежовни кейиги мавсум жамоамизга қайтаришимиз керак”,- дейди Алишер Шоғуломов.




Narzulla SaydullayevMuallif
Manba: championat.asia