1990 йилги жаҳон чемпионати финалида жамоасига ғалаба келтирган гол муаллифи вафот этди

Оқил Абдубарноев
20 фев 2024, 20:02
Германиялик собиқ футболчи Андреас Бреме 63 ёшида вафот этди.

Қайд этилишича, Бреме душанбадан сешанбага ўтар кечаси Мюнхенда юрак уришининг тўхтатиши натижасида вафот этган. У касалхонага ётқизилган, аммо ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, Бреме ЖЧ-1990 финалида Аргентина терма жамоасига қарши ўйинда (1:0) Германия терма жамоасига ғалаба келтирган голга муаллифлик қилганди.

Бреме фаолияти давомида “Бавария”, “Кайзерслаутерн”, “Интер”, “Сарагоса” каби клубларда тўп сурган. Немис футболчиси "Кайзерслаутерн" сафида энг кўп ўйин ўтказган - 319. Бу ўйинларда Бреме 53 гол уриб, 19 голга ассистентлик қилган.

Бреме Германия терма жамоасидаги дебютини 1984 йил 15 февралда ўтказди. Германия терма жамоаси таркибида у 86 та ўйин ўтказиб, 8 та гол урган.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Bild