Latest news

21:35"Леганес" — "Реал". Беллингем, Винисиус, Гюлер ва Мбаппе асосий таркибда  11 21:22"Наполи" — "Рома". Таркиблар маълум  1 21:15АПЛ. "Саутгемптон" ва "Ливерпуль" ўртасидаги ўйинда 5та гол урилди  28 21:13 Элит Чемпионлар лигаси. "Пахтакор" бош мураббийи Максим Шацких ва ўйинчиси Ҳожиакбар Алижонов "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?  1 20:31"Ипсвич Таун" — "Манчестер Юнайтед". Бруно, Рэшфорд ва Каземиро асосий таркибда  6 20:09Перес Винисиусга мурожаат қилди  7 19:45Кетма-кет иккинчи йил чемпион бўлган Бобир Абдихолиқов билан интервью   2 19:37Суперлига. "Сўғдиёна" – "Локомотив" 2:0. Highlights  0 19:36Суперлигани қайси клуб тарк этади? Кумуш медал кимга насиб қилади? 26-тур интригалари  6 19:18Суперлига-2025. Қайси жамоалар қолади, қайсилари кетади?  6 18:25Суперлига. «Сўғдиёна» «Локомотив»ни қийинчиликсиз мағлуб этди ва учинчи ўринга кўтарилиб олди  11 18:16Туркия Суперлигаси. "Сивасспор" "Қосимпошо" билан дуранг ўйнади, Турғунбоев бир бўлим ҳаракат қилди  2 18:04Февзи Давлетов: "Ўйинни тўлиқлигича назорат қилдик, фақатгина гол етмади"  4 17:28Холанд "Манчестер Сити" бўйича қарор қабул қилди  1 16:53Суперлига. «Металлург» мавсумдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритиб, элитада қолиш имкониятини сақлаб қолди  11

Жаҳонгир Меҳмонов: «Тўртта жамоадан таклиф бор» News

Жаҳонгир Меҳмонов: «Тўртта жамоадан таклиф бор»

Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасининг етакчи ҳимоячиларидан бири Жаҳонгир Меҳмонов учун ҳар мавсум якунига кўра турли жамоалардан таклиф тушиб туради.
Шундай бўлсада, футболчи «Навбаҳор»га содиқлигини амалда исботлаб келмоқда. Жорий йилги мавсум якунига етгач, Меҳмоновга бир қатор клублардан чақирувлар бўлганлиги хусусидаги гап-сўзлар тарқалди. Ушбу маълумотлардан келиб чиқиб, Меҳмонов билан учрашдик. Суҳбат давомида ҳимоячи чемпионат якунлари ҳамда келгуси режалари ҳақида гап борди.

- Якунига етган мавсум Сизда қандай таассурот қолдирди?
- Чемпионатни у қадар ишончли бошлай олмаган бўлсакда, биринчи давра ўрталарига бориб, ўйинимизни топиб олгандик. Бунинг натижасида қатор очколарни қўлга киритдик. Аммо, иккинчи даврадаги ишларимиз кўнгилдагидек кечмади. Турли қийинчиликларни юзага келиши оқибатида олий лигадаги ўрнимизни сақлаб қолиш учун курашдик. Ҳайриятки, чемпионат якунланишига бир нечта тур қолганида олий лигадан тушиб кетиш хавфидан қутилдик.

- Жамоа нима сабабдан муваффақиятсиз тарзда иштирок этди?
- Назаримда бунга мураббийлар алмашинуви сабаб бўлди. Футболчилардан чемпионат мобайнида бир мураббийнинг тактикасидан иккинчисиникига мослашгунча вақт талаб этилади. Истайсими ёки йўқми бу жиҳат ҳам қийинчилик туғдиради. Ҳар бир мураббийнинг ўз ўйин услуби бўлади. Унинг услубига кўникиш эса ўз-ўзидан бўлмайди. «Навбаҳор»нинг муваффақиятсиз иштирокига бу ҳол ўз таъсирини кўрсатди.

- «Навбаҳор»нинг мусобақа жадвалида эгаллаган ўрни намойиш этган ўйинига мос бўлдими?
- Иккинчи даврада намойиш этган ўйинимиз балки эгаллаган ўрнимизга мосдир. Зеро, 11-ўриндан юқорироқ поғоналарга кўтарилишимиз мумкин эди. Бундай бўлишига эса ўз майдонимиздаги учрашувларда бой берилган кўплаб очколар тўсқинлик қилди.

- Жамоанинг қайси чизиғини кучайтириш керак деб ўйлайсиз?
- Ҳар бир позицияга иккитадан моҳир футболчи рақобат қилса мақсадга мувофиқ бўларди деб ўйлайман. Фақатгина бир чизиққа диққатни қаратиб бўлмайди. Футбол жамоавий ўйин саналади. Шундай экан бутун таркибни кучли ўйинчилар билан тўлдириш зарур. Ҳар бир чизиқда ўз етакчи ўйинчиси бўлса, жамоанинг ўйини ва салоҳияти кучли бўлади. «Навбаҳор»да ҳам бундай ўйинчилар бор эди. Бироқ, иккинчи даврада мураббий алмашгани сабабли озгина муаммога дуч келдик. Бунинг натижасида ўйинчиларни бир-бирини тушунишига вақт керак бўлди. Мисол учун биринчи даврада ҳимояда ҳаракат қилган таркиб мавсум иккинчи ярмида умуман ўзгариб кетди.

- Денис Романенко жароҳат олгач, голкипер масаласи «лочинлар»нинг оғриқли нуқтасига айланди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, Павел Леус ишончни оқламаган бўлса, Мочалов ва Жўраевларнинг тажрибасини бироз камлиги кўзга ташланди. Бу борада Сизнинг фикрингиз қандай?
- Фикрингизга қўшиламан. Дарвозабон – ярим жамоа деб бежизга айтишмайди. Агарда Романенко жароҳат олмай дарвозани қўриқлашда давом этганида, яхши ўринларни эгаллашимиз мумкин эди. Тўғри, биргина ўйинчи ҳеч нарсани ҳал қилмайди, бироқ барибир дарвозабон муаммоси ўз таъсирини кўрсатди. Ёш посбонлардан бири Ислом Жўраевга ўзини кўрсатиш учун яхши имкониятлар яратиб берилди. Бир-икки ўйинда у ишончни оқлади. Шундай бўлсада, унга кейинчалик унга ўйин амалиёти берилмади. Нима бўлган тақдирда ҳам у ҳали ёш, тажрибаси кам. Леус гарчи тажрибали саналсада у ҳам кутилган ўйин кўрсатолмади. Хуллас Павел ҳам биз ўйлаган даражадаги дарвозабон эмас экан.

- Легионер ўйинчиларга муносабатингиз. Шундай ўйинчи керакдир балки?
- Бу масала селекционерларимизга боғлиқ. Агарда улар кучли футболчиларни топишса, нур устига аъло нур бўларди. Чунки хориждан келган ўйинчи маҳаллий футболчилардан бир бош устун бўлиши керак. Маҳаллий футболчилар савиясидаги легионерларни таклиф этишдан эса фойда йўқ. Ундан кўра ёшларга эътибор берган афзалроқ.

- Ўз ўйинингиздан қониқиш хосил қилдингизми?
- Бу йилги мавсумда барча ўйиндан қониқиш ҳосил қилдим деб айта олмайман. Айрим ҳолларда кўнглим тўлди, лекин кўп учрашувларда имкониятим даражасида тўп сура олмади. Чемпионат якунида 11-ўрин банд этилгач, «ўйинимдан қониқдим» дейиш уят бўлади.

- Олий лигадаги амплуадошларингиз орасида энг кучлиси сифатида кимни кўрсатган бўлардингиз?
- Албатта Хайрулло Каримовни У мамлакатимизнинг яхши ҳимоячиларидан бири саналади.

- Наманганлик бўлгани учун шундай деяпсизми?
- (кулади) Йўқ, Каримов тажрибали футболчи. Кўп йиллардан буён «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. «Навбаҳор»даги ўйинлари орқали ҳам барча мухлислар ёдида қолган. Бошқа футболчиларга ҳам ўрнак бўла олади. Ушбу позицияда тўп сурадиган футболчи Каримов каби жаҳлдор бўлиши керак. Ҳужумчи ҳимоячидан қўрқиб туриши лозим.

- «Навбаҳор»ни бу йилги мавсумда энг осон ва оғир кечган ўйинлари қайси бўлди?
- Энг осон ўйин ўз майдонимизда «Гулистон»га қарши кечган баҳсни эътироф этган бўлардим (6-тур «Навбаҳор» - «Гулистон» 3:0 – муал.). Рақибга қараганда мазмунли ўйин кўрсатиб, йирик ҳисобда зафар қучгандик. Барчамиз бир-биримизни яхши тушуниб, ҳаракат қилгандик. Энг оғир учрашув эса Тошкентда «Бунёдкор»га қарши кечди.

- Ҳаётда идеал инсон бўлмайди. Ҳар бир инсонни ўз камчилиги бўлганидек Сизда ҳам камчилик мавжуд. Қайси камчилик устида ишлашим керак деб ўйлайсиз?
- Барча инсонлар каби ўзимга яраша камчилигим мажуд. Лекин, бу мендан кўра ўйинларимни кузатиб борувчи мухлисларга кўпроқ аён. Аниқ шундай камчилигим бор деб айта олмайман. Бу саволни мураббийлар ёки мухлисларга бериш орқали аниқ жавоб топиш мумкин деб ўйлайман.

- Янги мавсумга тайёргарлик қачон бошланади?
- Раҳбарият янги мавсумга тайёргарликни 20 декабрдан бошланишин айтишган.

- Жамоанинг «юраги» деб қайси футболчини кўрсатган бўлардингиз?

- Жамоани олдинга бошлайдиган ёши катта ўйинчи, тўғрисини айтсам таркибимизда йўқ. Барча футболчилар бир куч бўлиб ўйнашмайди. Маҳаллий футболчилар мисол учун бор кучи билан жонини бериб ўйнаса, иккинчи ўйинда бунинг акси кузатилиши мумкин. Бу мухлисларга ва мураббийларга ҳам аён.

- Бошқа жамоалардан таклифлар тушаётганлиги хусусидаги гап-сўзлар юрибди?
- Айни пайтда тўртта жамоадан таклиф бор. Лекин, қайси клублардан чақирув бўлганлиги сир бўла қолсин. Боиси, агарда «Навбаҳор» раҳбарияти билан келишувга эришсак, жамоада қоламан. Мақсадим фаолиятимни Наманганда давом эттириш ҳисобланади. Бироқ, ҳозирги аҳволда қийналамиз деб ўйлайман.

- Молиявий тарафдан юзага келган муаммоларни назарда тутяпсизми?
- Ҳа, шундай.

- Жамоа якунланган мавсумда оғир ўйинларни ўтказди. Кўп ҳолларда мухлислар ҳам футболчиларга эътироз билдиришди. Мағлубиятга учраганда Сизга ким далда беради?
- Албатта бундай вазиятларда ота-онам далда беришади. Ҳар бир ўйиндан сўнг қандай натижа бўлишидан қатъий назар уйдагиларга қўнғироқ қилиб, дарҳол нима бўлганини айтаман. Улар ҳам ғалаба қозонсак, табриклашади, имкониятни бой берган ҳолатда эса «майли болам, кейинги сафар ғалаба қозонасизлар, руҳан тушкунликка тушманглар» деб далда беришади.

- Сўнгги турларда асосий таркибда камроқ кўриндингиз. Бу масалада Нўъмон Ҳасанов билан гаплашдингизми?
- Йўқ. Лекин, Мустафо Байрамовнинг айтишича, Ҳасанов мени «Локомотив»дан кўра, «Пахтакор»га қарши ўйинга тайёргарлик кўришимни режалаштирган экан. Мураббий ўзи ҳам ўз вақтида футболчи бўлгани учун «темирйўлчилар»га қарши ўйинда қайси ўйинчини танлашни яхши билади. Сўнгги турда «Пахтакор» билан кечган ўйинда биринчи бўлимда «Навбаҳор» мағлубиятга учраётганди. Иккинчи бўлимда мураббийнинг тактикасими ёки бошқасими билмадим. Бироқ, ўйин тақдирини ўзгартирдик деб ўйлайман. Балки ишқибозларимиз бошқача фикрдадир. Мавсумнинг сўнгги баҳсида мухлислар учун ҳаракат қилдик. Ғалаба қозонсак бўларди, вазиятлар бўлганди. Шундай бўлсада, якунда дуранг билан чекландик.

- Яна саноқли кунлардан сўнг «Олтин тўп» соҳиби аниқланади. Бу совринни кимга топширишини истардингиз?
- Меҳнат қилиб, яхши ҳаракат қилган футболчиларни ҳурмат қиламан. Тўғриси, ўзим ҳам жонимни бериб мухлислар кўз ўнгида ўйнайман. Футбол мухлислар учун ўйналади. Баҳони ҳам улар беришади. Авваллари Криштиану Роналдуни хушламасдим. Лекин, футболчи катта қўламдаги ишни бажаргани учун «Олтин тўп» унга топширилишини истардим. Лионель Месси жароҳатланган. Қолаверса, аргентиналик футболчи аввалгидек юқори даражада тўп сура олмади. Рибери ҳам ушбу совринга муносиб. Бироқ, Роналду Португалия терма жамоасини жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишида, муносиб тарзда ҳисса қўшди. Назаримда совринни айнан Криштиануга топширилса, тўғри бўларди.

- Европа жамоаларидан қай бирига мухлислик қиласиз?
- Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клубига мухлислик қиламан. Гарчи бу йилги мавсумда жамоанинг ишлари кўнгилдагидек кечмаётган бўлсада, чемпионатнинг иккинчи қисмида таркибдаги футболчилар мураббийнинг ўйин услубига кўникиб олган ҳолда мазмунли ўйинлар билан жамоа мухлисларини ҳурсанд қилишади деб ўйлайман.


Жавлон Маҳмудов суҳбатлашди.
“Аср футболи” газетаси.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика