Соядаги қаҳрамон Салиба, омади чопмаган "қизил иблислар" — "Арсенал" қийин ўйинда "Манчестер Юнайтед"ни мағлуб этди
18 aug 16:00
News


Соядаги қаҳрамон Салиба, омади чопмаган "қизил иблислар" — "Арсенал" қийин ўйинда "Манчестер Юнайтед"ни мағлуб этди
"Арсенал"дагилар ўйинга тўлиқ тайёр эмасликларини тўғри тушунишганди
Артета шогирдлари жисмоний жиҳатдан "Манчестер Юнайтед" билан рақобатлашиши қийинлигини тушунганди. Микелнинг ёрдамчилари рақибнинг мавсумга тайёргарлик жараёнидаги ўйинларини синчковлик билан кузатишган ва уларнинг ҳолати ҳақида етарлича маълумотга эга бўлишган. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийларнинг тактикаси ҳар хил бўлади ва юкламаларни ҳам улар турлича тақсимлашади. Ҳар икки жамоа Клублар ўртасидаги ЖЧда иштирок этмади, лекин рақибдан фарқли ўлароқ МЮ анча тетик кўринди. Аморим жамоаси кўп ҳужумлар уюштирди, меҳмонлар эса бу ҳужумларга қарши турди.
"Арсенал" АПЛ доирасида МЮга қарши охирги 11 ўйиндан бор йўғи 2 тасида имкониятни бой берган, шундай экан мазкур баҳсдан аввал босим даражаси тушунарли эди. Жамоаларнинг "Олд Траффорд"даги аввалги тўқнашувида "канонирлар" тўп билан кўпроқ муомалада бўлиб, зарбалар бўйича ҳам устунлик қилганди — 17:10. Шунга қарамай, Аморим ўшанда Артетага имкониятни бой бермаганди — 1:1. Куни-кеча эса Микель натижа йўлида футболни қурбон қилди.
МЮ схемасини ўзгартирмади – Аморимнинг барчамизга таниш бўлиб улгурган схемаси — уч ҳимоячидан бошланадиган худди янги йил арчасидек жойлашув. Аммо таркибдаги ижрочилар ўзгарган. "Арсенал"га қарши аввалги баҳсдан 5 нафар футболчи таркибда эди, эътиборлиси барча чизиқларда янги номлар бор эди, жумладан, дарвозада ҳам – Онана ҳам ўйнамади. Андре ҳам стандарт вазиятда техник хатога йўл қўйиши мумкин эди, лекин бу сафар туркиялик кипер Алтай Байиндир бош ролларда эди. МЮ ишқибозлари гол урилган бурчак зарбаси вазиятида Салиба ўйин қоидасини бузганини ишонч билан таъкидлашмоқда.
Франциялик уддабурон йигит Маунтнинг футболкасидан ушлашдан ташқари, Байиндирнинг қўлларини ҳам навбати билан "қулфлаш"га уринди ва тўп дарвоза тўрига кетаётганида қўйиб юборди. Голкипер ўзига келиб, тўпни қайтаришни уддалолмади, Калафьори урган тезкор гол эса учрашувда ягона бўлиб қолди. Уёғига "Арсенал" посбони Райя еттита зарбани қайтарди, улардан иккитаси айниқса хавфли кўриниш олганди. МЮ янги футболчилари Мбеумо ва Куньяга катта ишонч билдирганди, улар ўзини яхши кўрсата олди, аммо ҳисобни тенглаштиришга бу етарли бўлмади. Артетанинг "автобуси" ҳозирги ҳолатида "Арсенал" очиқ ўйин билан манчестерликлардан очко ололмаслигини яққол кўрсатиб берди.
Шундай ўйнаб турса, "Манчестер Юнайтед" ўртамиёна жамоа бўлиб қолмайди
Тўпни назоратда ушлаб туриб, рақибдан кўпроқ ҳужум уюштириб, ўтган мавсумнинг энг кучли ҳимоясига қарши ўйинда 20дан ортиқ зарба бериб, имкониятни бой бериш аламли, албатта. "Арсенал" "Манчестер Юнайтед"нинг еттита аниқ зарбасига уч бор жавоб берди. "Канонирлар" икки баробар кўпроқ қоида бузишди ва узатмалардаги фарқ ҳам катта бўлди. "Қизил иблислар"га балки футболчиларнинг ҳали ўзаро тил топишиб улгурмагани панд бергандир: мезбонлар олдинги чизиқда кўп вазиятларда тўпни йўқотишди. Лекин жамоа ишқибозларини хурсанд қиладиган нарсалар ҳам йўқ эмас.
Биринчидан, МЮ ҳимояда қўпол хатоларга деярли йўл қўймади. Гёкереш бир соат вақт давомида рақиб жарима майдончасида бор йўғи икки бор тўпга тегинибди, лекин унинг иккала узатмаси ҳам манзилига етиб бормади. Швециялик иқтидор на рақиб дарвозасига зарбалари билан хавф солди, на шерикларига қулай вазият яратишда иштирок эта олди. МЮ ҳимоя учлиги юлдузга айланиб улгурган швециялик ҳужумчининг жамоа билан алоқасини узиб қўя олди. Иккинчидан, "Манчестер Юнайтед" ўзининг ҳужумдаги янги қуроли Шешкосиз ўйнади.
Маунт ёмон ўйин ўтказмади, лекин унинг фойдали ҳаракатлари алдамчи тўққизлик сифатида эмаслиги аниқ. Словениялик форвард тўлиқ тайёр бўлиб, ҳужум триосидаги тезкор Мбеумо ва техник жиҳатдан кучли Кунья билан ўзаро тил топишиб олса, нисбатан кучсизроқ рақиблар ҳимоясини анча қийин вазиятда қолдиради. Агарда аввалгига қараганда кўпроқ тўпсиз тер тўкиши талаб қилинадиган Фернандеш ва Каземиро панд бермаса, Аморим августнинг кейинги иккита баҳсида "Фулхэм" ва "Бернли"ни мағлуб эта олади.
"Манчестер Юнайтед"ни муддатидан аввал мақтаб, уларга юқори баҳо бериб юбориш яхши оқибатга олиб келмаслигини охирги йиллар бир неча бор кўрсатиб берган. Бироқ янги мавсумнинг илк учрашуви бўйича уни кескин танқид қилишга сабаб йўқ. "Арсенал"га минимал ҳисобда имконият бой берилиши фожиа эмас. МЮ футболчилари аввалги мавсумлардагидек кетма-кет ўз дарвозалари яқинида қўпол хатоларга йўл қўйишмади, улар нафақат Гёкереш, балки Артета вингерларини ҳам умумий олганда зарарсизлантира олишди. МЮ бу сафар Райя дарвозасига йўл топа олмади ва Салиба Куньяга ҳалақит қилди, лекин унинг оёғига зарба бермади ва ҳакам нуқтани кўрсатишни истамади.
Артета жамоаси АПЛда "бурчак зарбалари қироли" бўлиб қолмоқда
Ўз дарвозаси олдидаги стандарт вазиятларда баъзан хатога йўл қўйиб турса ҳам, лондонликлар ҳужум уюштирилаётган паллада стандарт амалга ошириши – гол уриш учун ажойиб имконият. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Калафьорининг тўпидан ташқари, ўйиндан "Арсенал" рақиб дарвозаси олдида чинакамига хавфли вазият яратишда жиддий муаммоларга дуч келди. Шу ўринда, Аморим ва унинг штабидагиларга "Арсенал" бурчак зарбаларини ўрганиб чиқиб, унга қарши қандай ўйнаш кераклигини ўрганганларга савол туғилади. Бўйдор Салибага қарши нега Маунт ўйнади? Англиялик футболчи Вильямни ўз дарвозабони олдидан суриб-чиқариб ташлай олмади ва франциялик ўз мақсадига етди.
Ҳакамлар хато қилди деб муҳокама қилиш мумкин, лекин фойдасиз: тўғри, ҳакамлар фол қайд этиб, "Арсенал" голини бекор қилишлари мумкин эди. Аммо Вильямга қарши Каземиро ёки де Лигт ўйнаганида, гол юзага келмаслик эҳтимоли анча юқори бўларди. Агарда гол бўлмаганида ўйин бошқача кетиб, биз "Арсенал" ҳужумлари ва Кунья ҳамда Мбеумо учун қарши ҳужумга қочиш учун бўш зоналарни кўрар(ми)дик. "Канонирлар" бу баҳсда майда деталларга эътиборлироқ бўлишди.
Артета жамоаси умумий олганда кучлироқ, лекин кеча Аморим бошчилигидаги "Манчестер Юнайтед" яхшироқ эди. Улар шунчаки "Арсенал"нинг эскириб улгурган қуроли қурбони бўлишди: 2023 йил ёзидан буён лондонликлар АПЛда бурчак зарбаларидан кейин 31 та гол уришди. Улар бу борада рўйхатнинг иккинчи жамоасини 11 та голга ортда қолдиришмоқда – "Ливерпул"да 20 та муваффақиятли вазият қайд этилган. Англияда қанотлардан узатилган тўплар учун курашишни деярли ҳамма яхши билсада, "Арсенал" охирги вақтларда бу йўналишда энг яхшисига айланиб олди. Николя Жовернинг меҳнати ва иқтидори, айнан у стандартларга жавоб беради, "Арсенал"га навбатдаги уч очкони келтирди.
"Канонирлар" "Лидс"га қарши биринчи рақам бўлиб ўйнаши мумкин, "автобус" эса учинчи тур сафарда "Ливерпуль" билан тўқнашувда яна ишга тушса ажаб эмас. Артета қийин стартга тўғри баҳо бериб, таваккалга бормади ва "Олд Траффорд"да чиройли футбол кўрсатиш учун катта кучини сарфлаб қўймади. Прагматик футбол билан "Арсенал" чемпионатни дуранг билан бошлаши мумкин эди, лекин омад кулиб боқди. Бу ўйин учун Аморим манзилига илиқ сўзлар айтсак арзийди, Артета эса шунчаки ғалаба қозонди, бу вазиятда Микелга мақтовлардан кўра, натижа муҳимроқ.
Омонжон Тўхтамирзаев тайёрлади
Similar news

Comments