Latest news

20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  0 20:13"Ланс" — "Марсель". Ҳусанов дисквалификация сабаб ўйинни ўтказиб юборади  1 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  1 19:27Илёс Зейтуллаев: "Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди"  1 19:21Суперлига. "Андижон" "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этди ва Суперлигада ўрнини сақлаб қолди  13 19:09Денис Коростиченко: "Бунёдкор" захираси бизникидан кучлироқ экан"  0 18:47Туркия. Алиқулов жамоаси иродали ғалабага эришди  0 18:20"Ростов" сўнгги 15 дақиқаликдаги 2та гол туфайли ЦСКАдан ғалабани юлиб олди  7 18:00"Севинч" - 14 карра Ўзбекистон Кубоги соҳиби!  3 17:42"Матч ТВ" графика оператори ишсиз қолди. Нега?  7 17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  18

Шота Арвеладзе билан катта интервью: ҳибсга олиниши, Арчил учун Ла Лига етакчисига йўқ дегани ва ҳалоллик учун жазо News

Шота Арвеладзе билан катта интервью: ҳибсга олиниши, Арчил учун Ла Лига етакчисига йўқ дегани ва ҳалоллик учун жазо

Грузиялик собиқ футболчи, "Пахтакор" клуби бош мураббийи билан самимий суҳбат.
  • Грузия, Голландия ва Шотландия чемпиони, ўтган йили "Пахтакор" билан Ўзбекистон чемпионати олтин медалини қўлга киритди
  • Мавсум рестартига тайёрланаётган Шота 23 ёшида нега Испаниянинг топ-клуби таклифини рад этганини
  • "Аякс"даги биринчи машғулотида уни Роналд де Бур қутқариб қолгани
  • Ва нима учун ван Гални дарвозабонсиз ўйнашга кўндирмоқчи бўлганини айтиб берди


"Ёшлигида Виталий Дараселия ҳақида тўртлик тўқиган"

— Уни жуда яхши эслайман. Мен Виталий Дараселия ҳақида тўртлик тўқиганимдан хурсанд эдим. Айнан у ғалаба тўпини киритганди (грузинчадан таржима қилганда, тахминан: "Виталий Дараселия ажойиб ғалаба голини урди, — Бизларга кубок эгалари кубогини олиб берди"). Мен етти ёшда эдим, футбол учрашувларини оила аъзоларим, дўстларим билан томоша қилардим. Ҳамма ўйин борасидаги тахминларини айтарди. Ўйин қандай кечишини оиламиз дўсти тўғри топганди — у аёл нафақат Грузия футболи мухлисаси эди, балки Бразияга ҳам бефарқ эмасди. У аввалига битта тўп қўйиб юборамиз, кейин иккита урамиз деди. Афсуски, катталар нишонлашга бизни олиб кетишмади. Тбилисида шундай вазият эдики, шу сабаб тинчгина болаларни уйда қолдиришганди.

— Орадан йигирма йил ўтиб сиз "Карл Цейсс"ни Тбилисига олиб келдингиз. Бу қандай содир бўлди?
— Бу биз ака-укалар фондининг (ушбу фонд бугунги кунда ҳам мавжуд) биринчи лойиҳаси эди. Ёшликдаги кумирларимиз бизга тақдим этган қувонч учун миннатдорчилик билдирдик холос. Буюк Давид Кипиани аввалига ўйиндан бош тортди — оёқлари оғриётганди, — лекин биз уни ҳеч бўлмаса 15-20 дақиқага майдонга тушишга кўндирдик. Автофалокат натижасида ҳаётдан кўз юмган Виталий Дараселиянинг ўрнига унинг ўғли ўйнади.

Мақсадимиз, шунчаки кўз-кўз қилиш учун ўйин ташкил қилиш эмас, афсоналарни Грузия учун тарихий ўша кунга қайтариш эди. Трибуналарда эллик минг мухлис тўпланди. Биз 1981 йил финалини тўлиқлигича ҳосил қилишни истардик, шу сабаб нафақат "Карл Цейсс" футболчиларини, балки италиялик ҳакам Риккардо Латтанцини ҳам қидирдик. Ҳамма уни Котэ Махарадзенинг гапидан кейин эслаб қолганди: "Демак, Латтанцининг финал ҳуштаги чалинди!". Афсус, 2001 йил у оламдан ўтганига ўн йил бўлганди.

— Сизнинг ота-онангиз — шифокорлар. Учала ўғиллари ҳам футболчи бўлишига улар қандай муносабатда бўлишган?
— Отамнинг ўзи ҳам 18 ёшигача футбол ўйнаган. Дарвоқе, у техник жиҳатдан жуда кучли бўлган, аммо тиззасидаги жароҳат сабаб футбол билан хайрлашишга мажбур бўлган. Академик даражасига эришди. У бизнинг қизиқишимизни қўллаб-қувватларди, онам, бувам ва бувим эса фақат бир гапни такрорлашарди: "Футбол — бу касб эмас. Ўқиш керак". Бу борада жуда кўп баҳс-мунозара бўлган, лекин биз университетни (Реваз — кимё факультетини, мен ва Арчил — иқтисодиёт) битирдик, дипломни столга қўйдик ва бор эътиборимизни футболга қаратдик.

— "Трабзон"да сиз ва Арчилни ҳудди Марадонани Неаполда кутиб олишгандек қаршилашгани ростми?
— Бу иккинчи келишимизда эди. Ярим йиллик ижарадан сўнг биз "Динамо"га қайтдик ва мустақил Грузия тарихида илк бор Европа Чемпионлар Лигасида ўйнадик. Кейин жамоамизни дисквалификация қилишди ва биз тўлиқлигича "Трабзонспор"га кўчиб ўтдик. Ана ўшанда аэропортда бизни мингдан ортиқ мухлис кутиб олиб, қўлларида олиб кетмоқчи бўлишган.

— Туркияда икки марта вице-чемпион бўлгансизлар. Чемпионликка яқинроқ келган мавсумингиз қайси?
— 95/96-йилги мавсумда 15 ўйиндан буён мағлуб бўлмаган ва пешқадам эдик. Чемпионати якунига яқин қолганда жаҳон чемпиони Перрейра қўл остидаги "Фенербахче" билан ўйинда бизга дуранг ҳам етарли эди. 1:0 ҳисобида олдинда кетаётиб танаффусга йўл олдик, аммо якунда 1:2 мағлуб бўлдик ва иккинчи ўринга тушиб қолдик. Мухлислар агрессив ҳолатда эди ва бизни базага олиб кетишди. Ўйинчиларни уйларига жўнатиш хавфли эди.

Эртасига мен терма ихтиёрига етиб бориш учун самолётга чипта олгани бордим ва жахл тўла нигоҳларни учратдим. Ҳеч ким бир сўз демасди. Ҳайкалдек қотиб қолгандик ва вақт ҳам тўхтагандек эди. Ҳудди охири ёмонлик билан тугайдиган кинолардагидек. Биз Кубокни қўлга киритгандик, мен чемпионат тўпурари бўлдим, лекин ҳаммасидан чемпионлик муҳимроқ эди ва биз уни қўлдан чиқардик.

— Ўшанда сизга "Депортиво" таклиф билан чиққан. Нега рад эгансиз?
— Кубок эгалари кубогидан кейин "Депор" мен ва Арчилни таркибида кўришни истаган, лекин у оғир жароҳат олган ва жарроҳлик амалиётига мурожаат қилган ҳамда ярим йилга сафдан чиққанди. Музокараларга испанлар 1996 йил май ойида ташриф буюришди — ЕЧЛ финали "Аякс" — "Ювентус" бўладиган кун. Биз кундузи учрашдик ва мен кечки пайт ўйинни кўришимга ишончим комил эди, лекин учрашувда кечгача, ўн соатлар ўтирдик ва келиша олмадик.

— Нега?
— Улар фақат мен билан шартнома имзолашни хоҳлашган, мен эса Арчилни бир ўзини яна бундай вазиятда, жароҳати билан қолдириб  кета олмасдим. "Трабзонспор" билан шартнома муддати тугаган ва мен "Депор"га кетганимда, Арчил Грузияга қайтишига тўғри келарди. У вақтлар юртимизда даволаниш учун шароитлар мақтанишга арзигулик эмасди. Мен испанларга Арчилни ҳам олиб, у соғайиб сафга қайтганидан кейин ойлик тўлай бошлашларини таклиф қилдим, улар рад этишди. Мен айтдим: "Арчилни ҳам олишни истамасангиз — мен ҳам ҳеч қаерга кетмайман". Улар ҳайрон бўлишган — "Депор" ўшанда Примера етакчиларидан бири эди.

— Кейинроқ сиз "Ман Сити"дан Немсадзени қандай "илиб кетгандингиз"?
— Мен айтарли ҳеч нима қилмагандим. У "Сити"га Кинкладзе ва Кавелашвилининг олдига борган, деярли шартнома шартларини келишиб олганди, лекин охирги паллада битим имзоланмай қолади. Хафсаласи пир бўлган Гия Франкфуртга келади, айнан ўша вақтда, ўша ерда "Трабзонспор" йиғин ўтказаётганди ва уни бош мураббийимиз Шенол Гюнешга тавсия қилишимни сўради. Мураббий шундоқ ҳам Немсадзени яхши биларди ва жон деб жамоага олди. Кейинроқ Гоча Жамараули ҳам келди, шу сабаб Арчил соғайгандан кейин биз лимитдан чиқиб кета бошладик (уч нафар легионер) ва кимдир доим захирада қоларди. Яхши ҳам терма жамоада бундай чекловлар йўқ эди.

— Терма жамоа сафида энг эсда қоларли учрашувлар?
— Евро-1996 саралашида биз Гиггз бор Уэльсни ва кучли, яқиндагина ЖЧ ярим финалида ўйнаган Болгарияни енгдик. Ҳамма бизни ишёқмас, ўзидан кетиб қолган деб ўйларди ва ғалабаларимиз туфайли карахт ахволга тушиб қолишган. Болгар билан 2:1 дан кейин мен "Барса" юлдузи Стоичковдан футболкасини сўраганман, у эса мени қўли билан четроққа суриб, йўлида давом этди. Ғалати вазиятга тушиб қолгандим — ўшандан буён ҳеч кимдан футболка алмашишни сўрамаганман. Ундан кейин биз Христо билан бир неча марта кўришдик (масалан Бербатовнинг хайрлашув учрашувида), лекин мен унга ўша воқеа ҳақида ҳеч нима демаганман.

— "Уэмбли"да Англияга қарши беллашув ҳақида айтиб берсангиз...
— Деярли барча ушбу буюк стадионда тўп тепишни орзу қилади. Устига-устак у қисқа вақт ичида реконструкция учун ёпилаётганди. Лондонга футболчиларнинг яқинлари ҳам ташриф буюрганди ва 0:2 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин биз катта гуруҳ бўлиб, шаҳарни айландик. Кинкладзе билан иккимиздан қай биримизни тезроқ таниб қолишлари борасида баҳслашдик. Ютқазган 15 кишилик кечки овқат пулини тўлайдиган бўлди. Кинкладзе Англияда юлдуз эди, лекин мен Арчилдан илтимос қилдим: "Сал узоқроққа кетиб, баланд овозда мени исмимни айт". Лондонда турклар ҳам кам эмасди ва исмимни эшитиб, улар шу заҳоти суратга тушиш учун мени ўраб олишди. Уларга раҳмат. Мана шундай йўл билан биз Кинкладзени доғда қолдиргандик.


"Аякс"даги илк машғулотда бутсаларимни унутиб қолдирганман"

Кинкладзе чиндан Англия футболи юлдузи эди, лекин биринчидан, премьер-лига ўшанда машҳурлик бобида А серия ва примерадан ортда эди, иккинчидан, "Ман Сити" қуйи дивизионга тушиб кетган ва иккинчи дивизионда ўралашиб юрарди. Шотанинг янги жамоаси "Аякс", икки бор ЕЧЛ финалида ўйнаган, машҳурроқ эди, шунинг учун Арвеладзе "Милан"га йўл олган Клюйвертни ўрнинини эгаллашига дастлаб Грузияда ҳам ишонишмаган. "Сени биринчи жамоага олишдими ўзи ёки иккинчисигами?" — аниқлик киритмоқчи бўлди журналист «Аякс» билан шартнома имзолаган Шота Тбилисига келганда.  

— Мен шу қадар ҳаяжонланардимки, "Аякс"даги илк машғулотда бутсаларимни унутиб қолдирганман. Кийиниш хонасида бир қарашда тайёр ўтирибман, лекин оёқларимда ҳеч нима йўқ. Бировга бир нима дейиш ғалатику. Ичимда ўйлаяпман: "Аҳмоқ — "Аякс"га келиш ҳам шундай бўладими. Куртка, сумка, ён дафтарча, машинанинг нима кераги бор эди. Ундан кўра бутсаларингни олмайсанми". Роналд де Бур менга қараб, гап нимадалигини тезда тушунди: "Унутиб қолдирдингми?" — "Ҳа, шундай бўлиб қолди". — "Оёқ ўлчаминг неччи?" — "Саккиз ярим". Ва у менга ўзининг бутсаларини олиб келди. Биз Роналд билан ҳозиргача жуда яқин дўстмиз.

Мураббий борасида ҳам омадим чопган. Мортен Ольсен тахминан ўнта тилни биларди. Собиқ ҳимоячи, лекин ўта ҳужумкор футболни хуш кўради. Менинг Голландиядаги биринчи мавсумимда чемпионатнинг ўзида 112та гол урдик. Қизиғи, мавсум аввалида мен умримда биринчи марта "Бреда"да ўйнаётган акамга қарши майдонга тушдим.

У ердан Арчил "Кельн"га кетди, ўзи учун ноодатий чап қанот ярим ҳимоячиси позициясида тўққизта гол урди, лекин кейин яна тиззасидаги жароҳат ўзини эслатди. Жарроҳлик амалиётидан кейин у деярли ўйнамади. Даволанишдан чарчаб, ўттиз икки ёшида фаолиятини якунлади.

— 1998 йил кузида сиз ҳам тиззангиздан жароҳат олгандингиз — "Олимпиакос" билан ўйинда. Нега жарроҳлик столига ётмадингиз?
— Ҳа, ўшанда тиззамдан жароҳат олганжим, лекин у пайтлар уни операция қилишмасди (менимча ҳозир ҳам шундай). Лекин мен тиззамнинг яна бошқа бир қисмини жароҳатлаб олганман ва бир неча йил давомида ҳар мавсум охирида мени оғриқли муолажалар кутарди. "Олимпиакос" билан ўйиндан кейин эса бир неча ой майдондан ташқарида қолдим ва кейин сафга қайтдим. Бу пайтга келиб Ольсеннинг ўрнини Ян Воутерс эгаллаганди.

— У сабаб Кинкладзе "Аякс"да ўйнаб кета олмаганми?
— Бунда унинг ўзи ҳам айбдор. "Сити"да етакчи бўлишга ўрганиб қолганди, "Аякс"да эса ҳали Литманен бор эди ва Кинкладзени қанотга ўтказишди. Бу нуқтада у ўзини эркин ҳис қилмасди ва Англияга қайтишни орзу қиларди. Ҳаттоки голланд тили дарсларини ҳам рад этарди, бир-икки марта бу иши учун жазоланган ҳам. Кейин "Витесс" билан учрашув бўлиб ўтди. Кинкладзе уч ойдан буён ўйнамасди ва шу сабаб ўйин учун таркибга қараб ҳам ўтирмаганди. Эртаси куни мен кийиниш хонасига кирдим ва ёнимдаги жойда №11 билан Гионинг либосини кўрдим. Лекин унинг ўзи йўқ. У ўйнамаслигига ишончи комил эди ва шунинг учун мени стадионга ташлаб қўйиб, ўзи сайр қилишга кетганди.

— Сиз нима қилдингиз?
— Унга қўнғироқ қиламан — жавоб бермаяпти. Телефонини уйда қолдирган экан. "Эх, буниси энди нима бўлди", деб ўйладим. Санди Олиседан машинаси калитини олиб ва шаҳарга дўстимни қидириш учун ошиқдим. Ўйингача олти соатча вақт бор эди, лекин мен барибир уни топа олмадим ва жамоавий тушликка 10-15 дақиқа кеч қолдим. Натижада Воутерс мени қайдномадан чиқариб юборди.

Жахлим чиқиб кетди: "Ақлингиз жойидами? Сиз голланд тили дарсларида Кинкладзени 150 марта эслардингиз. Уч ойдан бери илк бор уни майдонга туширишингиз ҳақида бир оғиз огоҳлантириб қўйишингиз мумкин эди-ку. Ҳозир мен шунчаки шаҳарга уни қидириш учун бордим ва тушликка бироз кеч қолдим, ўйинга эмас".

Кейин бошқа бир мураббий Бобби Хармсга мурожаат қилдим — қирқ йилдан бери "Аякс"да ишлаётган афсона: "Боб, бу ноҳақлик-ку. Сизнинг ҳам дўстларингиз бордир. Сиз мени тушунишингиз керак". Хармс Воутерс билан гаплашди ва мени захирада қолдириб бўлса ҳам, қайдномага киритишди.

— Кейинчи?
— Ҳисоб 1:1 эди, Ян мени чақирди ва деди: "Бугун мен сен учун бир нима қилдим, энди сенинг навбатинг". Мен табассум билан қараб: "Айнан сен мен учун ҳеч нима қилмадинг-ку", - дедим. Лекин яна омадим келди ва ғалаба тўпини урдим.

Кейинроқ Воутерс қўл остида "Рейнжерс"да ўйнадим, у ўшанда Адвокатга ёрдам берарди, яна ўн йил ўтиб Ян "Қосимпошшо"да мени ёрдамчим сифатида ишлади. Биз дўст бўлиб қолгандик ва узоқ суҳбатлар қурардик. У ўша Кинкладзе билан боғлиқ вазият ҳақида такрорлайверарди: "Инсон профессионал бўлиши керак ва кимдирларнинг орқасидан югурмай, ўз ишини бажариши лозим". Унга Кинкладзе билан биз ҳудди ака-укадеклигимизни, деярли бир оила эканлигимиз, мен ўғлининг чўқинтирган отасилигимни тушунтиргунча… Хуллас, тушунтиргунча биринчи тайм тугайди.

Энг ёмони Гио менга: "Нега мени қидирасан? Телефонимни қолдириб кетибман — майли, бўлар иш бўлди". Сиз бутун Амстердам бўйлаб дўстингизни қидирасизу, кейин у сизга шундай деб турса. Бироқ мен уни барибир яхши кўраман.


"Полиция идорасида уч кун қолиб кетган"


— Хайрлашув учрашувингиздан кейин "Аякс"да сиз билан бирга ўйнаган Микаэль Лаудруп шундай деган: "Мен жуда банд эдим, лекин қандай қилиб Арвеладзега йўқ деб бўлади — ахир у "Аякс"далигимизда доим менга қартада ютқазарди.
— Мен ҳам покерни ёмон ўйнамасдим, лекин ҳа, у кўпроқ ютарди. Ҳар икки Лаудруп — ажойиб футболчилар бўлган, айниқса Микаэль. У менга қанчадан-қанча ажойиб узатмаларни амалга оширган. У "Аякс"дан кетганда жуда хафа бўлгандим.

— Литманеннинг охирги ўйинида сиз бўш қолган дарвоза қаршисида туриб, тўпни унга оширгансиз.
— "Аякс" тарихидаги энг яхши футболчилардан бири клуб таркибида сўнгги ўйинини ўтказаётганди — бошқа қандай йўл тутишим мумкин эди. Охирги дақиқада дарвозабон ван Дейкни алдаб ўтиб, Ярини кўрдим ва тўпни унга етказдим. Айтарли ҳеч гап йўқ.

— Шундай бўлсада, ўшанда сизга бутун стадион қарсак чалганди. Нима сабабдан мағулотдан аввал "Аякс"нинг яна бир мураббийи Ко Адриансе билан тортишгансиз?
— Бу тортишув ҳам эмасди. Шунчаки — қиш, февраль, шамол, муздек ҳаво. Биз у талаб қилгандек "шитки"лар билан тайёр, майдонга тушишга ҳозирланаётгандик. Бирдан Адриансе сўраб қолди: "Чарчаганлар борми?". Мен қўлимни кўтардим. Кейин менга Витчге, Винтер, Махлас қўшилди. Битта "банда", бирга қарта ўйнардик. Ко жуда жахли чиқти: "Қандай қилиб севимли ишидан чарчаш мумкин! Кўплаб одамлар бундан оғирроқ ишларига эрталаб соат олтида туриб борадилар. Сиз шунча пул топасиз, оддий одамлар қийналиб ётибди". Мен унга: "Ўзингиз ким чарчади деб сўрадингизку. Биз тўғрисини айтдик. Кейинги сафар ҳеч ким чарчамади деб ёлғон гапирамиз". Умуман олганда биз яхши чиқишардик. У дангалчи бўлган, лекин жуда яхши мураббий эди.

— Солиқ қўмитаси аризасига мувофиқ сизни ҳибсга олишганда нималарни ҳис қилгансиз?
— Сўроқлар — бу стресс, албатта. Мен полиция идорасида уч кун қолиб кетганман. Аввалига мени инглиз тилида сўроқ қилишди, кейин рус тили таржимони билан. Кейин мураккаб саволлар бера бошлашди ва мен грузиялик таржимон талаб қилдим. "Қаердам уни топамиз?" — "Русни топибсиз-ку, уни ҳам топинг". Агар топа олмасангиз — мени қўйиб юборинг.

— Қўйиб юборишдими?
— Битта грузиялик аёлни топишди! Мен ундан илтимос қилдим: "Яқинларимга қўнғироқ қилиб қўй, мендан хавотир олишмасин". У рад этди: "Менга мумкин эмас".

— "Аякс" сизга адвокат бердими?
— Ўзим олдим. Лео Спихта. Ўзига хос эркак. Узун американча машинада юради. У барча муаммоларни тез ҳал қилди. Ҳамма мени бошқа ҳисоб рақамим йўқлигини ва барча пулим "ABN Ambro"далигини биларди. Шунинг учун тинч қўйишди. Аммо кейин "Аякс" билан молиявий саволлар бўйича узоқ йил судлашишга тўғри келди.

— Озодликка чиққач нима қилдингиз?
— Дарҳол терма жамоага, Италияга қарши ўйинга учдим. Мураббийлар Зодзуашвили ва Кипиани мендан сўрашди: "Шотик, асосий таркибда бошлайверасанми?" — "Яхшиси, кераги йўқ. Нима бўлса ҳам уч кун ўтирдим". Кипиани фикримни қўллаб-қувватлади, Зодзуашвили эса: "Стрельцов етти йил ўтирган! Кейин чиққан ва уч бор кетма-кет мамлакатнинг энг яхши футболчиси бўлган. Сенга уч кун нима бўлибди? Майдонга туш ва ўйна. Керак". Бироқ мен танаффусдан кейин майдонга тушдим ва Гахокидзега голли узатма бера олдим.

— "Аякс" шартномани узайтирмагунингизча Адриансега сизни туширмасликни тайинлаганми?
— Ҳа. Мен жамоа етакчиси эдим, Чемпионлар Лигаси саралаши доирасида "Сельта"га қарши ўйинга тайёрланаётгандик. Мавсумлар оралиғи даврида "Рома" ва "Ливерпуль"га қарши ўртоқлик ўйинларида учрашувнинг охирида майдонга тушидим. Шундай бўлса ҳам ҳар икки сафар гол уришга муваффақ бўлдим. Кейин тушуниб қолдим: бу ерда бошқа бир гап бор. Кейин Адриансе телеинтервьюда тан олди: "Менга Шота шартномани узайтирмагунча уни туширмасликни тайинлашди". Менга журналистлар қўнғироқ қила бошлади, аммо мен мураббий сўзларига қўшимча ҳеч нима дея олмасдим. Кўп ўтмай мени "Рейнжерс"га сотиб юборишди.

— Глазгода Шон Коннерини учратганмисиз?
— Чемпионлар Лигаси доирасида "Спарта"га қарши ўйинлан олдин у бизнинг машғулотимизга келди. Ўша вақтда Прагада суратга олиш ишлари бўлаётган экан, кейин клуб базасига ҳам келган. Роналд де Бур унга: "Охирги фильмингизни кўрдим. Дабдала". Шон жавобан: "Бу Америка. У ерда асосийси — фойда. Фильм эллик миллион фойда кўрди. Ҳамма жим бўлиб қолди, қандайдир ғалати ҳолат бўлиб қолганди ва мен чалғитиш учун: "Шон, сиз де Бурнинг охирги ўйинини кўрдингизми? Дабдала", - дедим.


"Ирландияга қарши ўйиндан кейин ички қон кетиши сабаб ўлишим мумкин эди"

— Нега 2003 йил баҳорида Россия билан ўйинни телевизор орқали томоша қилгансиз?
— Мен терма жамоанинг янги устози Иво Шушак билан келишгандим, "Селтик" билан ўйин туфайли термага қолганлардан кейинроқ етиб боришим керак эди. Ўйиндан кейин Глазгодан Парих орқали Тбилисига етиб бордим ва кеч қолганим сабаб таркибга киритилмагандим. Ҳеч кимга ҳеч нима демай, сумкамни олдим ва базани тарк этдим. Албатта, бу нотўғри иш эди — ҳаётимда биринчи марта шундай қилгандим. Жуда хафа эдим, лекин ҳеч ким билан жанжаллашмагандим. Шунчаки жимгина кеттим. Худога шукур, биз юттик. Агар ютқазиб қўйганимизда ҳамма айбни менга ағдаришарди.

Шушак мени Ирландия билан ўйинга чақирди ва яна ўша воқеа такрорланди — лекин энди Кинкладзе билан. Таркибга киритилмаганини билгач, у нарсаларини йиғиштириб кетишга отланди. Мен ундан қолишини ўтиниб сўрардим, лекин у фикрида туриб олди. Биз 0:2 ютқаздик. Ўша ўйиндан кейин ҳаётдан кўз юмишимга бир баҳя қолганди.

— Нега, нима бўлганди?
— Керагидан ортиқ "вольтарен" қабул қилгандим. Бошим айланар, юрагим қаттиқ урарди. Иашвили каби еган овқатим ёқмаган деб ўйлардим ва шунчаки кўпроқ сув ичардим. Аммо вазият ёмонлашаверди. Ошқозонимда ички қон кетиши бўлган экан. Биз билан бўлган моксвалик ишбилармон Анзор Кикалишвили мени зудлик билдан Дублиндаги шифохонага етказиш кераклигини  айтди, у ерда тўрт кун қолиб кетдим. Яхши ҳам ўшанда жамоа билан Тбилисига учмаган эканман — худо билади, самолетда нималар бўларди.

— Нега Голландияга қайтдингиз?
— "Рейнжерс" билан жуда жиддий шартномам бор эди, менга уни узайтиришни таклиф қилишди, лекин тиззам оғрирди ва мен клуб билан бундай таваккал қила олмасдим. Эркакнинг иши бўлмасди. Клубдагилар бундай йўл тутганимдан ҳайратда қолишди ва жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтиб, ўзимни яхши ҳис қилсам, таклифни такрорлашларини айтишди.

Мен қайтдим, охирги 10 учрашувда 8та гол урди, биз чемпион бўлдик, аммо менга умуман бошқа шартнома таклиф қилишди — аввалгисидан 75%га ёмонроқ. Бундай муомала менга ёқмади ва мен "Аякс" мураббийи Дэнни Блиндга қўнғироқ қилиб, унинг жамоасида фаолиятимни якунлашни исташимни айтдим. У раҳбарият билан гаплашди, лекин улар швециялик Розенбергни маъқул кўришди. Ўшанда менга Луи ван Гал қўнғироқ қилди ва АЗ га чақирди.

— Ҳамкорлигингиз қандай бошланди?
— Мен биринчи машғулотдаёқ ухлаб қолдим. Танқид ёки жаримани кутиб тургандим, лекин у: "Уйқига тўйдингми?" — "Ҳа". — "Унда, яхши". Мана шундай мураббий у. Баъзан ҳордиқ ҳар қандай машғулотдан фойдалироқ. Чарчаган бўлсанг — дам ол", деганди у менга.

— Луи ван Галнинг АЗ стадионини сунъий қопламалага ўтказиш таклифига қандай муносабатда бўлдингиз?
— Мен синтетикани ёмон кўрардим. Ундан кейин ҳамма жойим — белим, мушакларим оғрирди… Ёдимда, ван Гал билан матбуот-анжуманида ўтирибмиз. У сунъий қопламанинг барча ижобий жиҳатларини санаб чиқди, лекин мен уни гапини бўлиб: "Футболчилар ҳам бир нима десин. Майдонда биз ҳаракат қиламиз-ку", дедим. - Сунъий қопламадаги футбол ҳақиқий футбол эмас.

— Нега сиз ван Галга "Эксельсиор" билан дарвозабонсиз ўйнашни таклиф қилгансиз?
— Ўшанда ҳамма дарвозабонларимиз жароҳатланганди — асосий таркибда ҳам, иккинчи жамоадагилар ҳам. Бутун ҳафта биз дарвозабонларсиз шуғуллангандик. Уларни ўрнини бақувват ҳимоячи Стейнссон ва мен эгаллагандик. Дарвозага Стейнссон туради деб тургандик, лекин бизга U19 жамоадан кипер юборишди. Мен Луидан дарвозабонсиз ўйнашни сўрардим: "Кел, дарвозабонсиз тушайлик". — "Сени томинг кетиб қолибди!"" — "Нима бўпти, лекин эртага ҳамма биз ҳақимизда гапиради". — "Бу рақибга нисбатан ҳурматсизлик".

Ўн саккиз ёшли йигитча билан 5:0 ҳисобида ғалаба қозондик. "Эксельсиор" олтмиш еттинчи дақиқада илк зарбасини берди. У ўйинни дарҳол унутишди, агар биз дарвозабонсиз ютганимизда — ҳалигача эслаб юришарди.

— "Эксельсиор" билан бошқа бир ўйин кўпроқ эсланади.
— Ҳа, 2006 йил "Эксельсиор" қуйи двиизионга тушиб кетаётганди ва биз уларни енгсак, чемпион бўлардик. Бироқ — дарвозабоннинг четлатилиши, пенальти… Ютқаздик. Аммо кейинчалик мен ван Галнинг ёрдамчиси бўлдим ва биз барибир чемпион бўлдик. Таркибда Дембеле, Ари, де Зеув, Эл-Хамдауи билан. Мен АЗ лойиҳасида иштирок этганимдан баҳтиёрман. Ҳозир у ерда ажойиб академия ва кўплаб ёш иқтидорлар тўп тепишмоқда.

— АЗ да футболчилик ва мураббийлик фаолияти ўртасида сиз бир йилни "Леванте"да ўтказдингиз. Ўша мавсум нималари билан ёдингизда қолди?
— Икки жароҳат сабаб бор йўғи бир нечта ўйинда иштирок этдим. "Зато" фаолиятимни "Бернабеу"да якунладим. Чиройли якун. Ҳозиргача Педро Леон билан дўстмиз. У кейинроқ "Реал"га ўтди, шунингдек Луис Рубиалес ҳам яқин ўртоғим, ўшанда у ҳам "Леванте" ҳимоясида тўп тепарди, ҳозир — Испания футбол федерацияси президенти.


"Мимино" — бизнинг библиямиз"

— Вахтанг Кикабидзе сизга қандай қариндош бўлади?
— Ойимнинг (қариндош) акаси. У иштирок этган фильмларни севиб томоша қиламан, "Мимино"ни айниқса. Режиссер Гия Данелия, композитор Гия Канчели, актерлар Кикабидзе, Леонов, Мкртчян шунчаки ажойиб. Чиндан улар даҳо эдилар. Авваллари ҳамма "Мимино"ни комедия деб ҳисобларди, лекин у бизнинг библиямиз — ушбу фильмдан қанча нарсани билиб олишиингиз мумкин!

Янги йилдан аввал Буба Константинович Тошкентда концерт берди. У саксон икки ёшда ва шунча ишни қила олмоқда. Қойил қоламан. Икки соатлик концерт дастурини қўйиб берди.

— "Кайсериспор" бошқарувини қўлга олгач, Герард ван дер Лемни ўзингизга ёрдамчи сифатида чақирдингиз, айнан у олтин "Аякс"да ван Галнинг ёрдамчиси эди. Ушбу ҳамкорлик нимаси билан ёдда қолган?
— Ажойиб инсон. Мен уни "Аякс"нинг бошқа бир собиқ ходими, бугунги кунда ҳам менга "Пахтакор"да ёрдам бераётган Ласло Ямбор орқали чиқтим. Мен: "ван дер Лемга бу менинг илк мустақил ишим. Менга тажрибали ёрдамчи керак. Керак вақтда "Тўхта, ўтир ва эшит", дея оладиган, грузиннинг қайноқ қонини боса оладиган инсон зарур дедим. Мавсум омадли ўтди: "Кайсериспор"ни УЕФА Кубогига олиб чиқтик. Ван дер Лем оилавий вазият туфайли Голландияга қайтди, мен эса "Қосимпошшо"га кеттим.

— Бу жамоа билан 2013 йил сиз охиргача иккинчи эдингиз. Кейин нима бўлди?
— Бундай кичик клуб билан турк футболи грандларига қарши курашиш мушкул. Ўзаро ўйинларда доим уларни енгардик. Мен ҳатто президентга шундай дердим: "Биз биринчи ўриндамиз!" — "Қанақасига?" — "Галатасарой", "Фенербахче", "Бешиктош" ва "Трабзонспор"дан кейин бироинчимиз деганман.

— "Қосимпошшо"ни тарк этишингиз жуда ғалати бўлган. Охирги ўйинда нима бўлганди?
— "Коньяспор" дарвозабони йиқилиб тушди, шериклари тўхтаб қолишди ва тўпни майдонда чиқариб юборишни сўрашди, лекин бизнинг Райан Донк қирқ метрлардан дарвозани нишонга олди. Бундан кейин мухлислар ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Мен йигитларга бу адолатдан эмас дедим ва "Коньяспор" гол уриб олишига қаршилик қилмасликни сўрадим. Орадан йигирма дақиқа ўтгач, дарвозамизга пенальти белгилашди — тўп ўша вазиятда Сарининг қўлига жарима майдонидан ташқарида текканди. Мен ҳамкасбимга қарадим ва у менга: "Биз қуйи дивизионга тушиб кетяпмизку", - деди. Ўйиндан кейин натижа учун ҳамма айбни ўз бўйнимга олдим, клуб президенти мени кетишимни сўради. Лекин биз ҳамон яхши алоқаларни сақлаб қолганмиз.

— Сиз ишлаган клубларнинг бирини тиббиёт маркази эгаси бошқарган. Айтишларича, у маслаҳатлари билан жонингизга тегиб кетган экан. 
— Мен эмас, футболчиларнинг. "Бундай зарба бер. Нега бундай тепаяпсан?" Мен ундан: "Сен гинеколог, хирург ёки бошқа бир докторга ҳам маслаҳат берасанми?", дедим. — "Йўқ". — "Нега унда футболчиларга зарбани қандай беришни ўргатяпсан?"

— Сиз келгач, "Пахтакор" ўйинларига мухлислар ташрифи ошдими? 
— Осиё Чемпионлар Лигасида стадион деярли тўлади, ўттиз минг мухлис йиғамиз. Яқинда янги стадионимиз очилади, у Осиёда энг яхшилардан бири бўлиши кутилмоқда ва ўшанда мухлислар ташрифи янада ошади. "Пахтакор" раҳбарияти футбол билан яшашлари ёқади, бошқаларнинг фикрини ҳам эшита олишади ва зарур пайтда мураббийга ёрдамга келишади.

— Тошкентга кўчиб ўтгач, ўзбек ошхонасини грузин ошхонасидан юқори қўйдингиз. Севимли таомингиз қайси?
— Ўзбек ошхонасининг барча таомлари ёқади. Мен таомларга катта эътибор бераман ва яхши тушунаман-ку. Таомлар шунчалик ёқтики, энди ортиқча беш килограммдан қутулишни ўйлаш керак.


Нозима Зарипова таржимаси

Rating: +11   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика