Latest news

19:37Суперлига. "Сўғдиёна" – "Локомотив" 2:0. Highlights  0 19:36Суперлигани қайси клуб тарк этади? Кумуш медал кимга насиб қилади? 26-тур интригалари  0 19:18Суперлига-2025. Қайси жамоалар қолади, қайсилари кетади?  3 19:00АПЛ. "Ливерпуль" чемпионат аутсайдерининг уйида меҳмон бўлмоқда (онлайн ҳисоб)  6 18:25Суперлига. «Сўғдиёна» «Локомотив»ни қийинчиликсиз мағлуб этди ва учинчи ўринга кўтарилиб олди  10 18:16Туркия Суперлигаси. "Сивасспор" "Қосимпошо" билан дуранг ўйнади, Турғунбоев бир бўлим ҳаракат қилди  2 18:04Февзи Давлетов: "Бу "Металлург" ютиши шарт бўлган ўйин эди"  4 17:28Холанд "Манчестер Сити" бўйича қарор қабул қилди  1 16:53Суперлига. «Металлург» мавсумдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритиб, элитада қолиш имкониятини сақлаб қолди  11 16:08Холанд 850 минг сўм сабаб қамоққа тушиши мумкин  7 15:26МЮ ва "Ман Сити" Гёкереш учун курашга киришмоқда, клублар 65 млн фунт тўлашга тайёр  4 13:38"Барселона" ва "Ливерпуль" бир ўйинчи учун курашади  5 13:04Анчелоттининг ўрнини Солари эгаллаши мумкинмиди?  10 12:38"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Аморим: "Мен ўзини босслардек кўрсатишни хоҳлайдиганлардан эмасман"  3 12:04Серхио Рамос АПЛда ўйнаши мумкин?  5

Самвел Бабаян: “Клубимиздаги ўзгаришларнинг ўзбек футболига фойдасига тегишига ишонаман” News

Самвел Бабаян: “Клубимиздаги ўзгаришларнинг ўзбек футболига фойдасига тегишига ишонаман”

Янги йилнинг илк кунларида “Пахтакор”да юзага келган ўзгаришлар кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Бу ҳақида турли фикрлар билдирилди. Шанба куни “Пахтакор” стадионида “Пахтакор” футбол клуби менежери “Футбол Экспресс” ва “Интерфутбол” газеталари, шунингдек, “сhampionat.asia” сайти вакиллари билан учрашиб, саволларга жавоб қайтарди ва турли ҳолатлар юзасидан ўз фикрларини билириб ўтди.

- “Пахтакор” бошқарувида катта ўзгаришлар рўй бергани тўғрисида тўхталиб ўтсангиз. Ўзбекистонда бу ҳали кузатилмаганди.
- Клуб акциядорлари йиғилишида клуб фаолиятини яхшилаш учун бошқарув тизимини ўзгартиришга қарор қилишди. Унда бош мураббий лавозимини бекор қилинди. Бу ёғига унинг фаолияти билан ҳам менежер шуғулланади. Менежернинг иши нималардан иборат? Бу асосий жамоанинг ўқув-машғулот йиғинлари ўтказиш, ташкилотчилик ишларини бажариш, бош жамоа фаолиятини йўлга қўйиш, ички ва халқаро мусобақалардаги иштирокини таъминлаш ва натижаларга жавобгар бўлиш, академия ҳамда селекция ишларини ташкил этиш ва назорат қилиш, ёшлар ва биринчи лига жамоаларининг ўқув-машғулотларини ташкил этиб, кузатиб бориш дегани. Тўғриси, ушбу ишлар мен учун янгилик эмас. Чунки бир неча йил давомида дам олишсиз шундай масалаларни ҳал этиш билан шуғулланганман. Бош мураббий лавозимининг бекор қилинишига келадиган бўлсак, академия тизимида вояга етган ҳозирги футболчилар авлоди билан янада сифатли иш олиб бориш керак. Ўтган йилларда жамоанинг мавсумий ва қисқа режалари тузилишида бевосита иштирок этганман. Лекин аввалроқ клуб бошқаруви ва бош мураббийлик лавозимларини бирга олиб бора олмасдим. Бу мен тарафдан тўғри қарор бўлмасди. Чунки клуб фаолиятини давом эттириш учун маблағ топиш билан ҳам банд бўлгандим. Табиийки, бош мураббийлик вазифасини тўлиғича бажармасдим. Лекин энг муҳим қарорлар қабул қилишда барибир иштирок этардим. Энди эса барчаси ўз номи билан аталмоқда. Ўзим менежерлик борасида Англиядаги тажрибаларни ўрганиб чиқдим. Бу ёғига жамоанинг янада яхшироқ ўйнаши ва клуб фалсафаси бўйича ишларни фаолроқ олиб борамиз.

2014 йил клубда ҳомий бўлади ва материал-техник базамизни яхшилаймиз. Чалғимасдан футбол майдонидаги фаолият билан машғул бўламан.

- Ушбу қарорни қабул қилиш фикри кимдан чиқди?
- Клубимизнинг бош акциядори ва Президенти Ботир Раҳимов кўп марта менга барчасини қўлга олишим ҳақида таъкидлаганди. Бироқ буни қабул қилмадим, чунки ўшанда мураббийлик касбига нисбатан мен тарафдан тўғри муносабат бўлмасди. Машғулотларда ҳамиша қатнаша олмасдим. Бугун эса акциядорларимиз ва раҳбарларимизнинг кафолати натижасида бемалол мураббийлик фаолияти билан ҳам шуғулланиш имкониятига эгаман. Маблағ тарафдан клуб юқори даражада таъминланади. Клуб билан боғлиқ турли ишларни бош директор, унинг ёрдамчиси, жамоа бошлиғи ва спорт директори ҳал этишда катта ёрдам беришади. Шу билан бирга вице-президент сифатида ишлашни мендан олиб ташлашгани йўқ. Лекин уни бажаришда кўпроқ ҳамкасбларимга ишонаман. Асосий таркиб, ёшлар, биринчи лига, академия ва селекция фаолияти билан кўпроқ машғул бўламан.

- Энди натижалар учун ҳам асосий жавобгар ҳисобланасиз. Барча сизнинг мураббий сифатидаги фаолиятингиз қандай бўлишини кузатади. Ушбу ҳолат катта масъулият юклайдими?
- Шу саволни ўзимга бериб кўрдим. Айтишим керакки, масъулиятни бўйнимга олишдан қўрқмайман. Чунки бу ҳамиша бўлган, бошқа мураббийлар ишлаган даврда ҳам қониқарсиз натижалар учун жавобгарликни ўзимга олганман. Танқидлар ҳам кўпроқ мен томонга айтиларди. Шу иш ва “Пахтакор” билан яшайман. Ажойиб мураббийлар штаби ва футболчилар билан бирга бундан қўрқмайман. Қарорлар қабул қилишда аввал ҳам бевосита иштирок этардим. Масалан, Темур Жўраевнинг ўз вақтида пенальтилар сериясида ўйнаши ҳақида фикр мендан чиққанди. Ўзим ишлаган жамоалар 3 марта пенальтилар сериясида мағлубиятга учраган. Шундан кейин қандайдир ўзгариш қилиш лозимлигини тушуниб етдим. Натижада МДҲ Чемпионлари Кубоги чорак финал ва финалда Жўраев Нестеровнинг ўрнига майдонга туширилганди. Ўшанда Темур ҳар икки учрашув қаҳрамонига айланган. Демоқчиманки, қарорлар қабул қилишда баъзан таваккалчилик ҳам қила оламан. Баъзида ёшларни асосий таркибда тушириш ҳақида мураббийлар билан маслаҳатлашардим.

- Мураббийлар штабида кимлар фаолият юритади? Машғулотларни ким ўтказади?
- Мавсумга тайёргарлик режасини мураббийлар штаби билан биргаликда тузиб чиқдик. Кўп марта сара мутахассислар қўл остида амалиётда бўлиб, кўп нарсаларни ўрганганман. Машғулот жараёни ва услубий тарафдан жамоамизда замонавий ишлаш йўлга қўйилган. Бу борада жаҳоннинг етакчи мураббийлар билан учрашиб, улар билан маслаҳатлашганман. Бу ишлар “Манчестер Юнайтед”да қандай ташкил этилиши ҳақида билимга эга бўлганман. Тайёргарлик режасига мен жавоб бераман. Асосий таркиб мураббийлар штабида жисмоний тайёргарлик бўйича Андрей Шипилов, Григорий Колосовский ва Нўъмон Ҳасанов фаолият юритади. Ҳасанов аввал жамоада ўйнаган ва у анъаналарнинг сақланиб қолиши борасида ажойиб номзод. Шунингдек, дарвозабонлар билан Анвар Рашидов ишлайди. Жамоа бошлиғи Виктор Жалилов ҳам бор. Яқин кунларда хорижлик мутахассис штабда иш бошлайди. У “Пахтакор”да фаолият юритган. Ўз иши орқали ижобий таассурот қолдирган.

Илҳом Мўминжонов ва Владимир Андреев ёшлар жамоасида, Дилшод Нуралиев ва Жасур Абдураимов эса биринчи лигадаги жамоада фаолият олиб боради. Нуралиев академия директори лавозимида ҳам ишлаши режамиздан ўрин олган. Унга Валерий Бородавкин ёрдам беради.

- 1993 ва 1996 йилларда таваллуд топган академия тарбияланувчилари хориждаги халқаро турнирларда кўпроқ иштирок этишганди. Шу сабабли улар орасида кўплаб яхши футболчилар етишиб чиқди. Охирги йилларда академия жамоалари шундай турнирларда иштирок этишмади. Молиявий ҳолат яхшилангач, бу борада ҳам ўзгаришлар бўладими?
- Биз асосий эътиборни ёшларни тарбиялашга қаратамиз. Шу сабабли тарбияланувчиларимизни халқаро турнирларга юборишга ҳаракат қиламиз. Бу йил эса молиявий ҳолатимиз бунга имконият беради. “Коппа Карневале”да февраль ойида жамоамиз иштирок этади. Ўтган йили терма жамоаларга кўп футболчилар чақирилгани туфайли унга бора олмагандик. Бу сафар 4 нафар 1994 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдаги футболчилар Италияга боришади. Улар орасида 1996 ва 1997 йилда таваллуд топган ўйинчилар ҳам бор.

- “Пахтакор-79” хотира турнирига хориждан жамоалар таклиф этиш режадан ўрин олганми?

- 2004 йил МДҲ Чемпионлари Кубогига ўхшаш турнир ўтказгандик. Молиявий имконият етарли бўлган тақдирда нафақат ён қўшнилар, балки узоқ хориждан ҳам клубларни ўзимизнинг мусобақага таклиф этишимиз мумкин.

- Вилоятларда “Пахтакор”нинг нуфузини ошириш учун қандайдир ишлар амалга ошириладими? Охирги йилларда вилоятларда жамоага нисбатан салбий фикрлар авж олгандек.
- Бу қийин деб ўйлайман. Чунки Қашқадарёда бутун вилоят “Насаф”га мухлислик қилади. Биз эса Тошкент шаҳри жамоасимиз. Собиқ Иттифоқ даврида бутун мамлакат “Пахтакор”га олий лигада республика шарафини ҳимоя қилгани сабабли мухлислик қилган. Қолаверса, бизнинг катта тарихимиз бор. 3-4 нафар мухлиснинг интернетда ўтириб олиб, ёзадиган фикрларига эътибор бермаймиз. Бизда ундан муҳимроқ ишлар бор, клуб фаолияти билан машғул бўлишимиз керак. Қайсидир тарафдан клуб амалга ошираётган ишлар кўламини матбуот хизмати тўлиқ ёритиб бера олмаётганди. Энди матбуот хизматига Нодир Абдуқодировни таклиф этдик, бўлим ишини қайтадан ташкил этяпмиз. Эндиликда биз қилаётган ишлар кўлами етарлича ёритиб борилади. Бу жамоа мухлисларига биз ҳақимизда кўпроқ маълумотга эга бўлишга ёрдам беради. Лекин вилоятларда нуфузни ошириш масаласини кўриб чиқмаяпмиз. Чунки улар ўз вилояти жамоаларига ишқибозлик қилишади. Фарғоналик мухлис “Нефтчи” учун жон куйдиради, буни тўғри тушуниш керак. Биз эса ўз мухлисларимиз орасида жамоа нуфузини тиклашга уринамиз.

- Жамоа қандай ўйин намойиш қилади? Сизни қайси мутахассисларнинг иши ўзига жалб қилади?
- Қайсидир жамоа услубини кўчириб қўйиш фойда келтирмайди. Ҳозир кўпчилик “Барселона”нинг тўпни назорат қилишга асосланган услубини кўчириб қўймоқда. Бироқ Хави, Иньеста ва Месси каби футболчилар фақат бу жамоада бор холос. Гвардиоланинг фалсафаси маъқул келади. У “Бавария”да тўпни ушлаб туриш билан бирга тез ҳужумга ўтиш ва вертикал йўналиш орқали ҳаракатланишни яхши ҳолатга келтирди. Моуриньонинг “Челси”да олиб бораётган иши ҳам эътиборни тортади. Қарши ҳужумда ўйнаш ҳаракатлари жуда ажойиб. Биз етакчи клублардан андоза олиб, ўз услубимизни яратамиз. Шундай ўйнашимиз лозимки, ҳамма ҳимояда ва ҳужумда ҳаракат қилиши зарур. Охиги 2 йилда ёш футболчилар кўрсатган ўйинни янада юқори савияга олиб чиқишимиз керак. Ҳужумкор футбол намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Чунки биздан шуни кутишади. Энг муҳими, 3 нарса бўлиши шарт: футболчиларнинг савияларини ўстириб бориши, ижобий натижаларни қўлга киритиш ва ишқибозларимизга биз кўрсатадиган футбол маъқул келиб, бундан завқ олиши.

- Клубни молиялаш масаласи ҳал этилганми?
- Бу ҳолат юзасидан футболимиз раҳбарлари бизга ижобий жавоб беришди. Барчаси ҳақида батафсил кейинроқ ўзимиз хабар берамиз.

- Жамоага янги ўйинчилар таклиф қилинадими?
- Биз ёшларга эътибор қаратиш ва уларга имконият беришни ўз вазифамизга айлантирганмиз. Бундан воз кечмаймиз. Жамоанинг асосий ўзаги сақланиб қолинди. Кахи Махарадзе жамоамизда қолади, Камолиддин Тожиев ва Егор Кримец бизга қайтишди. Боян Миладинович билан боғлиқ ҳолатни бирга-бир ўтириб, ҳал этиб оламиз. Таркибдаги охирги кетиш Ойбек Қиличевнинг БААга йўл олиши бўлди. Албатта, баъзи футболчиларни ижарага берамиз. Улар профессионал тарзда ўсиши учун шундай имконият тақдим этамиз.

- Ўтган йил якунларига келсак, жамоада қарзлар қолмадими?
- Маошлар бериш масаласида айтишим керак, бизда кечикишлар бўлиши мумкин, лекин ҳеч қачон кимнингдир ҳақи қолиб кетмайди. ПФЛга жамоадан пул ололмаётгани тўғрисида баъзида молиявий ҳолати юқори жамоалар футболчилари келиб туришади. Буни эшитгансиз. Лекин “Пахтакор”дан бирор ўйинчи бу масалада мурожаат қилмаган. Чунки биз ҳар бир футболчи ёки ходимга пулларини тўлаб берамиз.

- Спорт натижалари бўйича 2013 йилни қандай баҳолайсиз?
- Бир нарсани бемалол айтаман, ўтган йил ачинарли бўлмади. Чунки 2012 йил чемпион бўлган пайтимизга қараганда ҳам кучлироқ бўлдик. Фақат асосий таркибда ўйнаётган ёшлар терма жамоаси аъзоларининг йўқлиги 1,5 ой ихтиёримизда бўлмагани қимматга тушди. Бизнинг чемпион бўлишимизга 6 очко етишмади. Охирги турда Наманганда очко йўқотганимизни ҳисобга қўшмаяпман, чунки ўша ўйинда биз етарлича иштиёқ билан ҳаракат қилмадик. Биринчи давра “Олмалиқ”, “Бунёдкор” ва “Бухоро”га қарши беллашувларда бизда 9 очкони қўлга киритиш имконияти бор эди. Ўшанда 6 очко олганимизда ҳам 2013 йил яна чемпион бўлардик. Ўша ўйинларда Рогованов ва Соҳибов каби жуда ёш футболчилар майдонга тушишди. Иккинчи даврани эса жуда яхши ўтказдик. “Бунёдкор”, “Локомотив” ва “Нефтчи” билан кечган учрашувларни эслаш кифоя. Энди ПФЛ ёшлар ёки олимпия терма жамоасига кўп номзодлар етиштириб берган ва ўша футболчилар клуб асосий таркибида ўйнаётган бўлса, учрашувни қолдириш борасида ПФЛ билан тушунишга эгамиз. Ўйлайманки, ўтган мавсумда бизнинг ҳолатимизни кўрганлар ҳовлимизга тош отишмади. Чунки улар қанчалик қийин эканлигини ҳис қилиб туришганди.

Бундан ташқари, чемпионатдаги асосий рақибларимиз биздан молиявий имконият бўйича бир неча баравар ортда эдик. Лекин улардан шунчалик фарқ билан орқада қолмадик. Асосий эътиборни академияга қаратдик ва ҳозир 8 нафар тарбияланувчи асосий таркибда ўйнаяпти. Сколари келган даврда “Бунёдкор”дан маблағ борасида 10 баравар ортда қолгандик. Шунга қарамай, тўғри йўналиш танлаган ҳолда ишлашда давом этдик.

- Ҳозирги пайтда олий лига ўйинларига мухлислар ташрифи анча камайиб кетди. Бунинг сабаби нимада ва унга барҳам бериш учун нима қилиш зарур?

- Менимча, клублар мухлисларни сифатлироқ футбол билан стадионга жалб қилишлари керак, уларнинг эътиборини тортиш лозим. Ёки стадионларда турли ўйинларни ташкил қилиш даркор. Масалан, биз янги мавсумда ишқибозлар ўртасида лоторея ташкил этмоқчимиз. Бу борада жамоа ҳуқуқшуноси ва маркетинг бўлими билан иш олиб боряпмиз. Лекин вилоятларга борганимизда “Пахтакор”га қарши ўйинларда стадионлар тўлаётганини кўряпмиз. Ўзимиздаги учрашувларда эса муаммо бор. Ҳокимият ва стадион билан биргаликда бунинг чораларини ишлаб чиқяпмиз. Бу ҳолат устида иш олиб боряпмиз. Бошқа клублар ҳам буни ҳал қилишлари керак. Концерт ёки шоу, сифатли футбол билан буни ҳал этиш мумкин.

- Мухлислар учун янада кўпроқ озиқ-овқат ва ичимликлар савдосини ташкил қилиш мумкинми? Бу уларга қулайлик туғдирган бўларди.
- Тўғри, фикрингизга қўшиламан. Бу борада “Пахтакор” стадиони маъмурияти иш олиб боради. Чунки шундай маҳсулотлар сотувидан тушган маблағ стадион ҳисобига тушади. Бу масала юзасидан шаҳар ҳокимияти билан стадион раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилган. Сиз таъкидлаган ҳолатларга бу йил батафсил эътибор берилади.

- Клуб режасига кўра, стадион ҳудудида сунъий майдонлар қурилиши мўлжалланганди. Бироқ ўша ҳудудда ҳозир бошқа ташкилот биноси қурилмоқда. Бу масала қандай ҳал этилади?
- Инфратузилмани яхшилаш кераклигини яхши тушуниб турибман. Бу ҳолат борасида бошқа клублардан ортдамиз. Шу йил маблағ борасида муаммо бўлмаса, инфратузилмани яхшилаш устида иш олиб борамиз. “Пахтакор” ва “Чилонзор” стадионлари ҳудудида биттадан сунъий майдон, Қибрайдаги базада тикланиш маркази, тренажёр зали, манеж барпо этишимиз лозим. Бу бизга жуда керак.

- Мурод Исмоиловнинг “Нефтчи”га ўтиши ҳақида қандай маълумот берасиз?
- Бир нарсани алоҳида айтаман: нафақат футболчилар, балки мураббийларимизга ҳам талаб борлиги мени жуда қувонтиради. Клубимизда ишлаган, ўсишга эришган ва ўзини кўрсатган бир қатор мутахассислар бор. Нуралиев, Евстафеев ва Исмоиловни улар қаторига киритаман. Исмоилов фарғоналик бўлгани сабабли “Нефтчи”да ишлашни хоҳлади. Шу сабабли унга рухсат бердик. У жуда малакали мутахассис. Ўзбек футболига яна бир яхши мураббий тарбиялаб берганимиздан қувонамиз. Умид қиламанки, ажойиб анъаналарга эга бўлган Фарғона жамоаси яна ўзини тиклаб олади. Исмоилов “Нефтчи” билан ўзини кўрсатиб, кўп нарсаларга қодир эканлигини исботлашни жуда хоҳлардим.

- Мураббийнинг клубда тутган ўрни қандай бўлиши керак деб ўйлайсиз?
- Ўйлашимча, мураббийнинг клубдаги ўрни жуда кучли, сезиларли бўлмаслиги лозим. У худди катта машинанинг кичик механизми сингари бўлиши керак. Кучли клубларда одатда шундай бўлади. Мураббий ҳам ёлланма ишчи ва у кетгач, барчаси пастга қараб шўнғиши керак эмас. Клубнинг ўз фалсафаси бўлиши шарт ва мураббий ўша фалсафанинг бир қисми бўлиши лозим. Клуб кескин ўзгариб кетмаслиги зарур. Ҳозир “Рубин”да юз берган вазиятни олинг. Қурбон Бердиев ишдан кетгач, Татаристон раҳбари клубдаги ҳолатдан ҳайрон қолди. 12 йил ичида катта миқдорда пул сарфланди, бироқ тарбияланувчилар деярли йўқ. Қиммат футболчиларни чақириб, натижа учун футбол ўйнаш тўғри эмас. Клубда барқарорлик учун фалсафа бўлиши керак. Айтайлик, бизда бир вилоят жамоаси бор. Ўз вақтида жуда кучли бўлган. Бироқ фалсафа йўқлиги сабабли ўта ачинарли аҳволга тушиб қолган. Маҳаллий футболчилар бу клубдан кетишни исташади. У ерга ҳар қандай мураббийни олиб келманг, икки йилда ҳам бирор натижага эриша олмайди.

- “Пахтакор”даги ўзгариш қандай таъсир кўрсатади?
- “Пахтакор”нинг натижалари қандай бўлишини фақат Яратган билади, бироқ биз бошлаб берган ҳолат ўзбек футболига таъсир қилади, албатта фойдали. Бизда мураббийлар ва ҳакамлари мактаби бор, бироқ менежерлар мактаби йўқ. Клуб раҳбарларининг асосий иши фақат пулни тақсимлаш бўлиб қолган. Мен ушбу лавозимгача футбол клубида узоқ йўлни босиб ўтганман. Фаолиятимни оддийгина маъмурликдан бошлаганман. Шу сабабли бунинг қандай эканлигини жуда яхши биламан. Турли мураббийлар билан ёнма-ён юриб, лицензиялар олиш учун таҳсил олдим. Бир пайтлар Россияга бориб, “Спартак” Москва футболчилар билан тузадиган шартномаларни олиб келиб, ўзимизга зарур тарафларини татбиқ қилишга ўтгандик. “Бунёдкор” ташкил топган пайтда улар бу борада биздан маслаҳат сўрашган. Ёки матбуот хизмати, академия ва фан клуб сингари бўлимларни доимий ишлайдиган тарзда биринчи бўлиб очганмиз. 2002 йил клубда иш бошлаган давримда жамоа шарафини мусобақаларда Геннадий Красницкий номли футбол мактабидан ижарага олинган ёш футболчилар ҳимоя қилишарди. Ҳозир ўзбек клублари орасида “Машъал”ни жуда ҳурмат қиламан. Бу клубда академия ва ўзига яраша тарихи бор. Клуб ўз йўналишига эга. Яқиндагина бу жамоа билан назорат ўйинида тўқнаш келдик. Бундан хурсанд бўлдим. Чунки академияда таҳсил олган тарбияланувчилар жамоа сафида майдонга тушмоқда. Ким ишлашидан қатъи назар Муборакда яхши клуб бўлади. Ўтган йили бир қадам ортга қадам ташлашди, лекин яна олий лигага қайтишди. Биздаги янгиликнинг ўзбек футболига фойдали таъсири ҳақида гапирсам, бир клубда ишлайдиган ҳамкасбим мен билан боғланиб, 2 ҳафтага малака оширишга келмоқчи эканлигини билдирди. Ўша клуб жуда кучли ва ўзига хос йўналишга эга. Демак, бошқа раҳбарлар менежерлик тўғрисида тушунчага эга бўлишни исташмоқда. Мен билимларим билан бемалол ўртоқлашишга тайёрман.

Ўзбек футболи ҳақида гап кетар экан, Мираброр Усмонов унинг ривожланишига катта ҳисса қўшганини айтишим мумкин. Кўплаб стадионлар қурилди, инфратузилма яхшиланди. Биздан Осиёдаги бошқа давлатлар вакиллари ривожланиш бўйича андоза олишни исташяпти. Футболга миллиардлаб пуллар сарфлаётган Хитой улардан бири. Шунинг ўзи ҳам Усмонов ўзбек футболи учун катта иш қилганлигини кўрсатиб турибди.

- Олий лигада молиявий “фейр-плей”ни йўлга қўйиш керакми? Ёки жамоалар бюджетини тенг қилиб қўйса, шунда ривожланиш сезиларли бўларди.

- Бу тўғри фикр. Клублар бюджетини бир-бирига яқин суммада қилиб чиқиш зарур. Фарқ бўлсин, фақат 10-20 фоиз атрофида. Шунда бугунги кунда оғир аҳволда қолган “Навбаҳор” сингари жамоаларда бундай вазият кузатилмасди. Мураббийлар ва менежерлар савияси асосий ўринга чиқарди. Ҳозир эса кимдадир бюджет катта. Бу эса бошқа клубларга ўйинчиларни сақлаб қолишни қийинлаштиради. ПФЛ бу борада ўз режасини ишлаб чиқяпти. Клублар учун минимал бюджет миқдори белгиланиши кутиляпти.

-  Мираброр Усмонов ЎФФ Президенти лавозимидан кетишини эълон қилганди, лекин уни қолдиришга кўндиришди. Икки лавозимда ишлаш унинг учун оғирлик қилмайдими?
- Мираброр Зуфарович футболимиз учун катта ишлар қилди. Унинг қолишини оддий футболчилардан тортиб жамоа раҳбарларигача хоҳлашганди. Ишга келсак, Усмонов ЎФФда аллақачон юқори савияга эга ишчи гуруҳини ярата олган. Бу эса унга ЎФФ фаолияти билан ҳолатларда асқотади. Умид қиламанки, миллий олимпия қўмитасида ҳам Мираброр Зуфарович турли спорт турларининг ривожланиб, халқаро мусобақаларда катта ғалабалар қўлга киритилишига ҳисса қўшади.

- Осиё Чемпионлар лигасида ўйнамаслик футболчилар савиясига таъсир қилмайдими?
- Йўқ. Чунки футболчиларимиз барибир терма жамоалар таркибида халқаро беллашувларда майдонга тушишади, клуб сафида ҳам йиғинлар мобайнида кучли рақиблар билан ўйнашади, доимо ўз маҳоратларини ошириш устида меҳнат қиладилар. Шу сабабли бунинг салбий таъсири билинмайди.

- 2013 йилнинг энг яхши футболчилари ва мураббийлари деб кимларни айтган бўлардингиз?
- Футболчилардан Махарадзе, Геворкян ва Искандеровни таъкидлайман. Айниқса, Махарадзе катта ўсишга эришди. Кеча унинг “Рубин”га кўчиб ўтиши ҳақидаги масалага чек қўйдик, у жамоамизда қолишга рози бўлди. Мураббийлар масаласида Қосимов, Нуралиев ва Шквиринни таъкидлаган бўлардим. Қосимов миллий терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқишига бир қадам етмади дейиш мумкин. Кореянинг ўз майдонида Эронга ютқазиб қўйишини ким кутганди? Терма жамоа миллатники ва уни барча бирдек қўллаб-қувватлаши керак деб ўйлайман. Барчамизнинг энг юксак мақсадимиз терма жамоамизни мундиалда кўриш ҳисобланади.

Беҳзод НАЗАРОВ.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика