Latest news

00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  15 23:56"Сельта" — "Барселона". Таркиблар маълум  3 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  8 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  2 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  7 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  1 19:27Илёс Зейтуллаев: "Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди"  4

Рўзиқул Бердиев: "Терма жамоага фақат муносиб ва лойиқ футболчиларни жалб қиламиз" News

Рўзиқул Бердиев: "Терма жамоага фақат муносиб ва лойиқ футболчиларни жалб қиламиз"

Ўзбекистон терма жамоасига вақтинча бош мураббий этиб тайинланган Рўзиқул Бердиевдан сайтимиз ходими Шаҳбоз Беғамов баъзи саволларга жавоб олишга муваффақ бўлди.

"Насаф" жамоасининг Олий лига доирасидаги "Динамо"га қарши учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида фақат ўйин атрофидаги савол-жавоб бўлиб ўтди. Регламент бўйича ўйин олди ва учрашувдан кейинги ташкил этиладиган матбуот анжуманида фақат ўша баҳсга доим савол-жавоб бўлади. Шу боис матбуот анжуманидан кейин Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи билан янги режалар ҳақида қисқача суҳбатлашдим.

Даставвал таклиф қачон ва ким томонидан бўлгани ҳақида Рўзиқул Бердиевдан сўрадим:

- Тўғриси, бу таклифни кутмагандим. "Нефтчи" билан ўйиндан кейин мени ЎФФга чақиришди. ЎФФда мени Сардор Раҳматуллаев ҳамда вице-президент Шоакрам Исроилов билан учрашдим ва шу масалада гаплашдик. Улар менга президент Умид Аҳмаджонов Қатар сафаридан келганидан кейин расмий қарорни қабул қилишларини айтишди. БАА билан ўртоқлик учрашуви режалаштирилгани туфайли терма жамоани бошқаришимни сўрашди.

Рўзиқул Бердиевга терма жамоа мураббийлар штабида кимлар кўмаклашиши албатта қизиқ. Терма жамоа бош мураббийидан ушбу саволга қуйидаги жавобни олдим:

- Бугундан бу ҳақида ўйлашни, бош қотиришни бошлайман. Менга терма жамоада кўмаклашадиган кўпчилик мураббийлар ўз жамоамдан ("Насаф") бўлади. Балки бошқаларни ҳам таклиф қилишимиз мумкин.


Яқинда ЎФФдаги йиғилишда 10га яқин мураббийлар келажакда терма жамоа шарафини ҳимоя қилиши мумкин бўлган футболчилар рўйхатини тақдим этишганди. БААга қарши ўйинга ўша рўйхатдан келиб чиқиб таркиб тузиладими ёки Рўзиқул Бердиев ўзи кимларни жалб этишни аниқлайдими, деган саволга мураббий шундай жавоб қайтарди:

- Тақдим этилган рўйхатда 50-60га яқин футболчиларнинг номи бор. Биз ўша рўйхат ичидан муносиб футболчиларни танлаб олишимиз керак бўлади. Шуни таъкидлашим мумкинки, бу йиғинга футболчиларни жалб этишда ёшларга алоҳида эътибор берамиз. Албатта тажрибали футболчилар ҳам бўлади. Тажриба ва ёшликни уйғунлаштирган ҳолда таркибни тузамиз.

ЎФФ Рўзиқул Бердиев билан расман шартнома имзолангани йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон терма жамоасини БААга қарши ўйинда бошқариб борадиган мураббий шундай дейди:

- Расман шартнома имзолангани йўқ. Бу ҳақида гап бўлгани йўқ ва бўлиши ҳам шарт эмас. Керакли пайтда биз терма жамоа учун ёрдамга доим тайёрмиз.


Ватан жамоасини бошқариш жуда масъулиятли ва шарафли иш. Шу билан бир қаторда терма жамоа мураббийига мухлислар ва журналистлар томонидан босим ҳам албатта юқори бўлади. Бу хаттоки вақтинчалик бўлса ҳам. Рўзиқул Бердиев бу ҳақда шундай фикрда:

-Мураббийлар ўзи ҳар доим босим остида ишлайди. Бу хоҳ клуб ёки терма жамоа бўлсин. Бу каби юқори босимга мураббийлар доим тайёр бўлиши керак. Чунки мураббийликни масъулияти юқори. Терма жамоани бошқариш жуда катта вазифа. Босим бўлиши табиий. Буни тўғри қабул қиламан. Босим ҳар доим бўлган ва терма жамоада янада кўпроқ бўлади. Лекин биз хотиржам ишлашимиз керак.

Рўзиқул Бердиев футболчиларни танлашда жиддий ёндошиб, бунга алоҳида эътибор қаратишини маълум қилди.

Айни пайтда "Насаф" ажойиб ўйинларни ўтказаётгани, таркибида терма жамоага номзод ва муносиб футболчилар кўплигини инобатга олиб, мураббий таркибни танлаётганда кўпроқ ўзи билган футболчиларга суянадими, деган саволга Бердиев қуйидагича жавоб қайтарди:

- Олдимизда озгина бўлса ҳам вақт бор. Биз нафақат ўз жамоамиздан келиб чиқиб, бошқаларга ҳам эътибор берамиз. Терма жамоага яхши ўйнайдиган, муносиб футболчиларни жалб этамиз. Ўзбекистон деганда фақатгина "Насаф", "Бунёдкор" ёки "Пахтакор" деган гап бўлмайди. Муносиб ва лойиқ футболчиларни йиғинга чақирамиз. Агарда бизда яхши ўйнайдиган футболчилар бўлса, биздан бўлади. Агарда "Пахтакор", "Бунёдкор" ёки "Бухоро"дан бўладиган бўлса, ўшаларни жалб этамиз. Яна бир бор қайтариб айтаман, бунга жиддий эътибор қаратамиз. Ушбу йиғинда ёшларга эътибор қаратган ҳолда маҳаллий футболчилар жалб этилади. Легионерлар хизматидан фойдаланилмайди.

Айни пайтда "Насаф"нинг Олий лигадаги ишлари жуда яхши кетмоқда. Жамоа бир текис футбол ўйнамоқда ва натижалар ҳам қониқарли. Бердиев терма жамоага эътибор қаратиш чоғида клубдаги ишлари қай тариқа давом этади?

- Албатта бу озгина бўлса ҳам ташвишга солади. Чунки эътиборни икки тарафга қаратишга тўғри келади. Ўйлайманки, бу ерда ҳеч қандай хатоликларга йўл қўймаймиз. "Насаф" билан мавсумни яхши ва охиригача муваффақиятли давом эттиришимиз керак. Асосий эътиборимиз барибир терма жамоанинг ўртоқлик ўйини ва йиғинларига қаратилади. Лекин "Насаф"нинг ҳам тақдирига бефарқ қараб бўлмайди.


Рўзиқул Бердиев ҳужумкор футбол тарафдори.

Бердиев қўл остида терма жамоа қандай ўйнаши кўпчилик мухлисларимизни қизиқтириши табиий. Бу ҳақида янги мураббий қуйидаги фикрда:

- БААга қарши қандай ўйин услубини қўллашимизни рақибни яхши ўрганиб чиққанимиздан кейин ҳал қиламиз. Лекин мен ҳужумкор футбол тарафдориман. "Насаф"да ҳам шу услубдан фойдаланаман. "Насаф"даги ўйиинимизни оладиган бўлсак, кўпроқ тўп билан муомалада бўлишимиз керак бўлади. Бизни олдимизда вақт бор ва қайси жиҳатларга эътибор қаратишимизни янада аниқлаштириб оламиз.

Рўзиқул Бердиевнинг "Насаф"даги шартномаси йил якунида ниҳоясига етади. Мураббий терма жамоада берилган кичик имкониятдан максимал фойдаланмоқчи.

- ЎФФ хориждан мураббий олиб келмоқчилигидан хабарим бор. Бизга қанча имконият беришларидан қатъий назар, ўша вақт мобайнида яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ҳар қандай мураббий қаерда ишламасин, барибир терма жамоаси манфаатини ўйлайди.


Рўзиқул Бердиев терма жамоа мураббийи сифатида ишга киришди. "Насаф"нинг "Динамо"га қарши учрашувидан кейиноқ Бердиев терма жамоа ҳақида ўйлашни бошлаб юборган. Ўзбекистон терма жамоасининг янги вақтинчалик бош мураббийи Рўзиқул Бердиев бугун бўлиб ўтадиган "Бухоро" - "Пахтакор" учрашувини кузатиш учун Бухорога боради.


Шаҳбоз Беғамов

Rating: +67   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика