Latest news

00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  11 23:56"Сельта" — "Барселона". Таркиблар маълум  2 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  8 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  2 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  7 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  1 19:27Илёс Зейтуллаев: "Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди"  4

Рўзиқул Бердиев: "Насаф"ни ҳисобдан чиқарманглар..." News

Рўзиқул Бердиев: "Насаф"ни ҳисобдан чиқарманглар..."

Ўзбекистоннинг 2017 йилдаги энг яхши мураббийи, "Насаф" устози Рўзиқул Бердиев сайтимизга эксклюзив интервью берди.

Қишки трансфер бозоридаги ҳаридлар, аниқроғи, "Насаф"нинг бир қатор етакчилари "Пахтакор"га ўтиб кетганидан сўнг "аждарлар"га янги мавсумда осон бўлмаслиги ойдинлашди. Жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев зиммасидаги юк янада оғирлашди. "Насаф"га ўтган мавсумда кумуш медалларини олиб берган мутахассисга яхши шакллантираётган жамоасини бир қатор устунлари қулагани албатта алам қилгани аниқ. Буни қаҳрамонимиз журналистлар Хайрулла Холиқов, Диёр Имомхўжаев ва Шаҳбоз Беғамов билан бўлиб ўтган очиқ ва самимий суҳбат давомида ҳам алоҳида таъкидлади.

ОЧЛ плей-офф палласига жуда яқин қолаётган бир пайтда, "Насаф"ни яна қайтадан қуришга мажбур бўлаётган мутахассис билан бўлиб ўтган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз. Суҳбат давомида бир қатор мавзуларда Рўзиқул Бердиев ўз фикрларини билдириб ўтди.

- "Насаф"нинг таркиби деярли бутунлай янгиланди. Етакчилар жамоада олиб қолинмади. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?

- Аввалдан мавжуд таркибни сақлаб қолишни режалаштиргандик. Афсуски етакчиларимизни жамоада олиб қололмадик. Аламли жиҳати шуки, футболчиларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, бир-бирини тушуниб ҳаракат қилиши юқори даражага чиққанди. Жамоа анча яхши шаклланганди. Агарда ўтган йилги таркибни сақлаб қололганимизда, унда жамоамиз билан ҳар қандай мусобақада юқори ўринларни вазифа қилиб қўйсак бўларди. Чунки иккинчи даврадаги учрашувлар шуни кўрсатгандики, жамоавий ўйин бизда юқори нотага чиққанди.

Тан олиш керак, қўл остимдаги футболчиларни жамоада олиб қолишни жуда истагандик. Лекин буни ўтган йилги молиявий ҳолат туфайли амалга ошира олмадик. Ўтган мавсумда футболчилар олдида баъзи қарздорликлар юзага келди. Натижада футболчилар клуб билан шартномалари ниҳоясига етгандан сўнг яхшироқ таклиф билан чиққан "Пахтакор"га ўтиб кетишди. Биз доим ўз молиявий имкониятларимиздан келиб чиққан ҳолда футболчиларни жалб этишимизни барча яхши билади.

"Пахтакор" эса айни пайтда яхши молиявий имкониятларга эга ва уларнинг танлаган сиёсати ҳам анча юқори. Биз биринчи маротаба бу каби ҳолатга тушаётганимиз йўқ. Яъни, айтмоқчи бўлганим, пайтида жамоамизни Қораев, Геворкян, Бойдуллаев ёки Юнусовлар ҳам тарк этишган. Ўшанда ҳам жамоа ўйинини қайтадан шакллантиришга тўғри келганди. Бу осон иш эмас. Жамоани қайтадан шакллантириш, керакли футболчилар, талабларимизга мос тушадиган ўйинчиларни жалб этиш доимо қийинчиликлар келтириб чиқаради. Жамоа ўйинини аввалгидек йўлга қўйиш учун аввало вақт керак бўлади.

Яна қайтараман, бу йили жамоа ўзагини сақлаб қолишни жуда истагандик. Ҳали айтганимдек, жамоа ўйини жуда юқори нотага чиққанди. Шуниси алам қилди. Клубга яқиндагина янги президент тайинланди. Куни кеча клуб президенти билан учрашиб, суҳбатлашдим. Ўша суҳбат чоғида клуб президенти футболчиларни йиғиб, жамоани шакллантириш ишларини давом эттириш кераклигини таъкидлади. Янги раҳбар ҳам тезда жамоани шакллантириб бўлмаслигини тушуниб турибди. Янги раҳбар жамоага ҳар тарафлама ёрдам беришини алоҳида айтиб ўтди.

Етакчилар кетгани билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Жамоамиз изланишда, ишлашда давом этади. Жамоамизда бир қатор иқтидорли ёшлар бор. Шунингдек, Қувватов, Голбан, Эшмуродов, Ҳасанов, Черан каби тажрибали футболчилар қолишди. Ёшлик шижоати ва тажрибани уйғанлаштиришга ҳаракат қиламиз.


- Масалан Коутиньони "Ливерпуль" ҳам олиб қололмади. "Насаф"нинг етакчиларини сақлаб қололмагани ҳам оддий ҳолат ўзи аслида. Фарқли томони, "Ливерпуль" футболчиси учун катта пул олди. Ўтган ёзда масалан Суюнов ва Аъзамовнинг трансфери учун 1 миллиард ишлаб олингани ҳақида айтиб ўтгандиз. Бу сафар эса клуб бир қатор етакчиларини текинга қўлдан чиқарди. Айтмоқчи бўлганим, шартнома имзолагунча шу жиҳатларини ҳам инобатга олиш вақти келмадими?

- Биз аввалдан раҳбариятга футболчилар билан 1 йиллик эмас, кўп муддатли шартнома имзолашлари ҳақида сўрардик, шундай фикр берардик. Аммо кўп ҳолатларда футболчиларнинг ўзлари 1 йилдан ортиқ шартнома имзолашни исташмасди. Чунки улар клубнинг имкониятларига ишонмаган ҳолда ёки кейинчалик яхшироқ таклифлар чиқиб қолишини инобатга олиб кўпроқ 1 йиллик битимга розилик беришарди. Бу ерда кўтарма пуллари ҳам мавжуд. Яна бир томони шундаки, агарда кўп йиллик шартнома имзоламоқчи бўлсангиз, унда футболчиларга янада кўпроқ пул беришингиз керак бўлади. Бунга эса клубнинг молиявий ҳолати имкон бермайди. Шу боисдан ҳам одатда кўпроқ 1 йиллик шартномалар имзоланади.

Шуни қўшимча сифатида алоҳида айтишим мумкинки, таркибдаги иқтидорли ёшлар билан 2020 йилга қадар шартнома имзолаганмиз. Ўйлайманки, бундан кейин жамоамиз бу каби ҳолатларга тушиб қолмайди. "Насаф"нинг сиёсати кўпроқ ёшларга таяниб, академиямиз орқали жамоамизга пойдевор қўйиш асосий вазифамиз бўлиб келган. Академиямизга алоҳида эътибор қаратамиз, кўп маблағларни айнан жамоамиз футбол мактабига сарфлаймиз. Агарда академияга эътибор қилмасдан, катта маблағни жамоага сарф қиладиган бўлсак, унда биз ҳам яхши футболчиларни олиб келишимиз мумкин. Лекин академия биз учун муҳимроқ.


- Агарда солиштирадиган бўлсак, "Бунёдкор" ҳам охирги 3-4 йилда ҳудди шу тизимда ўйнади. Нима деб ўйлайсиз, охирги йилларда академиядан чиқадиган футболчилар борасида "Насаф" "қалдирғочлар"дан ўтиб кетдими?

- Тўғриси, "Бунёдкор"да қанча академия тарбияланувчиси ўйнашини билмайман. Мен шуни аниқ факт сифатида айта оламанки, жамоамизнинг ҳозирги кунда 70 фоизи академиямиз тарбияланувчиларидан иборат. Туркиядаги йиғинда олиб кетиладиган таркибнинг ярмидан кўпи ҳам академиямиздан чиққан футболчилар.


- Мавзудан ташқаридаги савол: яқинда ЎФФ ёши кичрайтирилган футболчиларга чора кўрди. Бизнинг футболда бу каби ҳолатлар борлиги сир эмас. Баъзи тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бундай футболчилар кам эмас. Айни пайтда кўпчилик бекор четлаштирилди, энди кўп футболчилар жабр чекади. Уларда айб йўқ эди, деган гапларни айтмоқда. Бу энди ип-ипига уланиб кетиши мумкин. Бу четлатишларга сизнинг муносабатингиз қандай?

- Бу нарса фақат бизда эмас, бошқа жойларда ҳам бор. Ёш кичрайтириш ҳамма жойда бўлиб келган. Асосан африкада бу каби ҳолатлар кўп учраши ҳақида ўқиганмиз. Ёш кичрайтириш бу нотўғри. Қачон нотўғри? Қачонки ёшлар тоифасидаги мусобақаларни ютиш учун ёши катта футболчиларни ўйнатиб натижага эришиш. Лекин катта футболга кириб келгандан кейин футболчининг ёши ҳеч қандай роль ўйнамайди. Профессионал футболда паспортдаги ёш эмас, футбол ўйнаш муҳим. Агарда футболчи катта футболга кириб келган бўлса, жамоасида етакчи бўлса, унда унга нисбатан жуда кескин чора кўриш шарт бўлмаса керак. Бу энди менинг шахсий фикрим. Чунки катта футболда ёшнинг ҳеч қандай таъсири йўқ. Чунки бу ерда чекловлар йўқолади. Катта футболда ҳамма бир хил. Ёшлар футболида эса бу нарса бўлиши мумкин эмас. Уларга нисбатан жазо ва кескин чора кўриш керак. Катта футболда ўзи ҳаммаси билиниб қолади. Агарда футболчи ўйнай олмаса, унинг ёшини яна 5 йилга кичрайтириш ҳам фойда бермайди. Чунки фойдаси йўқ. Катта футбол ҳаммасига баҳо беради.  ЎФФ болалар футболида ёш кичрайтиришга қарши курашаётгани ва уларни танлаган сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.


- "Насаф"даги ёш истеъдодли футболчилардан кимларга аниқ таклифлар мавжудлигини айта оласизми?

- Ўтган йили Азиз Ғаниевга "Динамо Киев" ҳамда "Зенит" клубларидан қизиқиш бўлганди. Улар клубга ҳам, шахсан менга ҳам хат юборишганди. "Зенит" ва "Динамо Киев" Ғаниевни сотиб олиш таклифи билан эмас, йиғинда кўрикдан ўтиш таклифи билан мурожаат қилди. Улар Ғаниевни чақирган пайтда биз ОЧЛда ўйнаётгандик. Шу боисдан Ғаниевни йиғинга юборолмадик.

Бу йили эса раҳбариятни менга айтиши бўйича, Бобир Абдихолиқовга "Пахтакор" томонидан қизиқиш бўлмоқда. Бобир Абдихолиқов ҳали ёш, иқтидорли ҳужумчи. "Пахтакор"га қарши ўйинда ҳам Абдихолиқов жуда яхши ҳаракат қилганди. Музокаралар қандай давом этгани ва "Пахтакор" футболчи учун қанча таклиф қилгани ҳақида билмайман.

Ўзбекистонда учта яхши ҳужумчи бўлса, Бобир ўша учтадан биттаси. Потенциали кучли футболчи. Бобир Абдихолиқов ҳали ёш ва ўсадиган ҳужумчи. Мени фикримча, Бобир ҳали ўзимизга ҳам керак. Бизнинг олдимизда ҳам мақсадлар турибди. Абдихолиқовни бу ёшида европанинг бирорта жамоасига бериб юбориш мумкин. Мен ҳали Осиё ёки ўзимиздаги жамоалар ҳақида гапирмаяпман. Бобир Абдихолиқовни ўзимизга ўхшаган жамоага бериб юбориш шарт эмас. Ундан кўра, ўзимизда ўйнагани яхши. Европадан таклиф ёки қизиқиш бўлганида бошқа гап эди. Мени қўл остимда Черан ва Бобир бўлиши керак. Абдихолиқов меҳнатдан тўхтаб қолмай, ўсишда давом этиши лозим.


- Қаршида "Ал Файсали"ни ютиш мумкин. Агарда "Насаф" гуруҳ босқичига чиқса, реал қарайдиган бўлсак, жамоанинг гуруҳдаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Гуруҳ босқичдаги рақибларни ҳам қараб чиқдим. Уларнинг ҳолати жуда яхши. "Ал Садд" қандай кучга эканлигини барча жуда яхши билади. "Персеполис" ҳақида ҳам ортиқча тўхталиш шарт эмас. Бу жамоа таркибида доим Эроннинг энг кучли футболчилари ўйнашган. "Персеполис" Эроннинг "Пахтакор"и десак бўлади. Эронда "Персеполис"ни жуда яхши кўришади. Эронга борганимда уларни ўйинини кузатганман ва мухлислар ташрифидан ҳайратлангандим. Амирликларнинг "Ал Васл" деган жамоаси ҳам айни пайтда яхши формада. Агарда гуруҳга чиқадиган бўлсак, бизга осон бўлмаслиги аниқ.

Бизнинг олдимизда турган асосий вазифа аввало гуруҳга чиқиш. Агарда буни уддаласак, таркибни янада кучайтириш имкони бўлади. Чунки плей-оффдан ўтса жамоа қайдномага яна 5 нафар футболчини қўшиши мумкин. Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бизга гуруҳда жуда қийин бўлади. Ўзи умуман янги мавсум "Насаф" учун жуда машаққатли ўтишини кутяпман. Жуда қийин бўлади. Ҳали айтиб ўтганимдек, агарда жамоа ўзагини сақлаб қолганимизда, режамда икки нафар футболчини олиш бор эди. Етакчиларни сақлаб қолганимизда, гуруҳдан чиқиш ҳақида бемалол ўйлашимиз мумкин эди. Чунки жамоамиз ўйини мен кутган даражада шаклланганди. Ҳозир эса жуда оғир ҳолатдамиз. Лекин вазиятдан чиқишимиз керак.

- Етакчиларга қўшилиб яна 3 нафар футболчи жамоани тарк этди. Бундан ташқари "Насаф"нинг етакчиларига айланган ёшлар - Ғаниев, Ҳамробеков, Абдихолиқов ҳамда яна бир ёш футболчи Дониёр Нарзуллаев айни пайтда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ихтиёрида. "Насаф" мавсумга тайёргарликнинг асосий қисмини уларсиз ўтказади. Бу эса мавсум давомида катта қийинчиликлар тақдим этиши муқаррар...

- Албатта, тўғри таъкидлаб ўтдиз. Айнан бу ёшлар янги мавсумда бизнинг асосий футболчиларимиз бўлишади. Равшан Ҳайдаров Хитойга олиб кетган жамоа шундай зўр таркибга эгаки, бу жамоа Осиё чемпиони бўлишга қодир. Чунки терма жамоамизнинг келажаги бўлишга энг асосий номзод ва юксак истеъдод соҳиблари жамланишган. Ҳайдаров энг яхши футболчиларни Хитойга олиб кетган. Уларга аввало омад тилайман. Равшан Ҳайдаров жамоаси Осиё чемпиони бўлишини истайман. Бу бизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Бу турнир қайсидир тарафдан бизга халақит беради. Биз таркибни шакллантириш учун тўхтаб қолганимиз йўқ. Баъзи бир футболчиларни таклиф қилганмиз ва Туркиядаги йиғинда ҳам янги легионерларни ҳам кўздан кечирамиз. Янги келган футболчиларни ўйин амалиётини ошириш биринчи масалали иш. Ўйлайманки, ёшларимиз жамоага яхши спорт формада қайтиб келишади. 

Тўғриси, мен жуда қийин вазиятга тушиб қолдим. Жамоамни ярми уёқда, ярми буёқда. Шу боисдан янги мавсум биз учун жуда қийин бўлишини тахмин қиляпман.


- Легионерлар майли, улар ҳали номаълум. Олий лига футболчиларидан кимларни айнан жамоада кўришни истайсиз?

- Яширмайман, "Бунёдкор"нинг икки нафар футболчиси - Жавлон Иброҳимов ва Шаҳзод Нурматовга шахсан ўзим қизиқиш билдирдим. Иброҳимов бизга нима учун керак? Биринчидан, ҳозир бизда марказда муаммо катта. Шунингдек, Иброҳимовни ОЧЛда ўйнаш тажрибаси улкан. Азиз Ғаниев ва Одил Ҳамробеков ҳозир биз билан эмас. Дилшод Раҳматуллаев ҳам жамоадан кетди. Ҳозирча бу чизиқда икки нафар ёш футболчини ўйнатяпмиз. Булар ОЧЛ даражасида ўйнай олмасликлари мумкин-у, лекин яқин вақт ичида Олий лига даражасига чиқишларига ишонаман. Менга айни пайтда битта таянч ярим ҳимоячиси зарур. Шу боисдан Жавлон Иброҳимовга жиддий қизиққандим.

Бундан ташқари "Металлург"дан икки нафар футболчи Мирғиёз Сулаймонов ҳамда Мурод Тошматовни қўшиб олдик. "Суғдиёна"дан Санжар Рашидов билан шартнома имзоладик. Таркибда яна тожикистонлик футболчи Жаҳонгир Алиев шуғулланмоқда. Унинг ҳам ҳаракатлари ёмон эмас.

Рой Рокни жамоага қайтариш режасини кўриб чиқяпмиз. Рой Рок билан дастлаб гаплашганимда талабларини айтганди, кейинги сўзлашувда эса унинг талаблари яна ўзгарди. Кўрамиз, агарда Рок билан келишувга эришсак, балки келаси мавсум мухлислар уни яна сафимизда кўришар. Рой Рокнинг ҳозирги ҳолати билан ҳам танишишимиз лозим. Чунки футболчи охирги 1,5 йилни Словениянинг қуйи лигасида ўтказди. Шу боисдан якуний қарорга келишдан аввал чуқур ўйлаб кўрамиз.  Легионер масаласи анча нозик. Легионер футболчини танлашда адашмаслик жуда муҳим.

Ҳозирги кунда футбол агентлари жуда кўпайиб кетган. Қайсидир футболчига қизиқсангиз, улар сизга 10дан ортиқ футболчини таклиф этишади. Легионерлар эса ҳар хил бўлади. Кимдир жароҳатдан кейин ўйнашни тўхтатиб қўяди, яна кимдир муҳитни бузгани учун эски жамоасидан кетган бўлиши мумкин. Бунга ўхшаган мисоллар кўп. Шу боисдан ҳам легионер танлаётганда, етти ўлчаб, бир кесиш керак. Легионер бу кўпроқ таваккал ҳам дейиш мумкин.

ОЧЛ даражасидаги ўйинчини олмоқчи бўлсак, маҳаллий футболчилардан "Локомотив", "Пахтакор" ва "Бунёдкор" таклиф этиш мумкин. "Бунёдкор"дан кимларга қизиққаним ҳақида айтиб ўтдим. "Локомотив" ва "Пахтакор" эса бизга футболчи беришмайди. Чунки рақобатчи жамоага футболчи бермаслик уларни сиёсати. Бу тўғри йўл аслида.


- Нима деб ўйлайсиз, янги форматда чемпионатимиз қандай ўтади?

- Ўйлаб қаралса, рақобатдош жамоалар кўп бўларкан. Нимага асосланиб бу каби фикрни айтяпман? Чунки баъзи "Пахтакор"дан кетаётган футболчиларга таклиф билан чиққанимда, улар "Қўқон-1912"ни, "Металлург" ёки "Олмалиқ"ни танлаяпти. Нима демоқчиман, жамоаларга борадиган яхши футболчилар кўпайди. Танлов кенгайди. Энди ўйлаб ҳам қоляпман, энди олтиталикка кириш учун курашиш ҳам анча муаммо бўлиши мумкин. Бу нимани англатади? Кучли ўйинлар кўп бўлади. Янги формат чемпионатимиз кучайишига, сифатли учрашувлар кўпайишига ва футболчиларнинг тайёргарлиги яхшиланишига хизмат қилиши мумкин. Олий лигада 16та жамоа иштирок этган пайт кучсиз клублар бўлган. Футболчилар баъзи ўйинларга у қадар жиддий тайёргарлик кўришмасди, чунки билишарди, бу жамоани ортиқча қийинчиликсиз ҳам мағлуб этса бўлишини. Сабаби, савия жиҳатидан бошқа бир жамоа иккинчи жамоадан яққол устунлиги кўриниб турарди.

- Мураббий сифатида Вадим Абрамовни футболдан четлатилганига қандай муносабат билдира оласиз?

- Мен аввало Абрамовни нима учун ёки қайси ишлари учун четлаштирилганини яхши билмайман. Шуни айтишим мумкинки, Абрамов ёмон мураббий эмас. Вақтида Абрамов терма жамоада ҳам ёмон ишламаганди. Унинг футболга бўлган ўзини қарашлари бор. Мураббий сифатида Абрамов яхши мутахассис эканлигини айтишим мумкин. ЎФФ нима учун Абрамовни футболдан четлаштиргани менга қоронғу.


- Мартда терма жамоамизни ўртоқлик ўйини бор. Ҳозирча эса терма жамоага ваъда қилинган хорижлик мураббий келгани йўқ. Агарда ўша вақтга қадар терма жамоага хорижлик мураббий келмаса ва сизга яна ўша учрашувларда МТЖни топширишса нима дейсиз?

- Аввало шуни айтишим керакки, мавсум давомида терма жамоани ҳам бошқариш қийинчилик туғдираркан. Ноябрда терма жамоа билан БААга қарши ўйинда иштирок этдим. Ундан кейин эса жамоамизни "йил ўйини", яъни "Пахтакор"га қарши мавсумдаги энг муҳим баҳс кутаётганди. Ўшанда терма жамоага номзод футболчиларни кўздан кечириш, кимларни таркибга жалб этишни ўйлашга тўғри келди. Олдимизда эса "Насаф"нинг муҳим беллашуви ҳам турганди. Ўшанда бизга руҳий тарафлама осон бўлгани йўқ.
Менга терма жамоани фақатгина БААга қарши баҳсга бошқариб туришни айтишганди. Ундан кейин мен ҳам сайт ва газеталарда янги йилда хорижлик мураббий келиши ҳақида ўқидим.

Аввал ҳам айтгандим, терма жамоани муносиб ва хориждан келадиган кучли мутахассис бошқарадиган пайт келди, назаримда. Бизда ҳам яхши мураббийлар бор, бу камситиш эмас. Лекин терма жамоани нейтрал мураббийга топшириш керак. Халқни, мухлисларнинг талаби ҳам шу. Агар ўртоқлик учрашувларигача янги мураббий келмаса? Энди қанчалик қийин бўлишидан қатъий назар, терма жамоа учун ҳар доим лаббай деймиз.

Ўша пайтга келиб яна мендан бир ўйинга жамоани бошқариб туришни сўрашса, мен яна энг оптимал спорт формасидаги футболчиларни жалб этаман ва келажак учун ёшларни чақираман. Бу жуда муҳим. Равшан Ҳайдаров қўл остидаги ёшлар терма жамоасидаги футболчилар яқин келажакда терма жамоа ўзагини ташкил қиладиган ёшлар. Уларга кўпроқ эътибор беришимиз лозим.


- "Насаф"да ҳали ҳеч қачон чемпионлик вазифаси қўйилмаган. Ҳар қандай мураббий фаолияти давомида совринлар ютишни, чемпион бўлишни истайди. Чемпионлик вазифасини қўймайдиган жамоада ишлашдан зерикмадизми?

- "Насаф"да вазифа қўйилади. Фақат чемпионлик эмас, балки совринли ўринларни эгаллаш вазифаси белгиланади. Чемпионлик вазифасини қўйиш учун шунга яраша шароит ва имкониятларга эга бўлмоқ лозим. Бизда 2010-2011 йилларда барча шароитлар яратилганди. Чемпионлик учун вазифа қўйилганидан кейин ўшанга яраша футболчиларни ҳам олиб бериш керак. Мураббийга керакли футболчиларни олиб бермасдан, молиявий имкониятларни яхшиламасдан чемпионлик учун вазифа қўйиб бўлмайди. 

Мен ҳам чемпионлик учун ўйнайдиган жамоаларда ишлагим келади. Аммо нима қилай, мени "Пахтакор" ёки "Локомотив" чақирмаяптику? (кулади)

- Ҳар бир мураббий мавсум олдидан раҳбариятга керакли футболчиларни рўйхатини топширади. Етакчиларни сақлаб қолиш масаласида гапирдингиз. Бу мураббийнинг бўйнидаги вазифа эмас, балки раҳбарлар ҳал қиладиган иш. Раҳбарият сиз талаб қилган шароитни яратиб беряптими? Селекция ишларидан кўнглингиз тўляптими? Шу ҳақда дангал айта оласизми?

- Раҳбарият билан гаплашганимда биринчи бўлиб етакчиларни сақлаб қолишни сўраб, кимларни олиб қолиш бўйича мурожаат қилгандим. Лекин афсуски бундай бўлмади. Бизда орада клуб президенти ўзгарди. Ҳозир эса янги раҳбар келди. Мен аввалги раҳбариятга кимлар қолиши кераклигини айтгандим. Аммо музокаралар кўнгилдагидек кечмади ва натижада улар жамоада қолишмади. Бу фақат раҳбарият ёки мураббийга ҳам боғлиқ эмас. Кўп нарса футболчиларнинг ўзига ва хоҳишига ҳам боғлиқ.

"Пахтакор" кетган футболчиларга биздан кўра анчагина яхшироқ шартнома таклиф қилган. Чунки уларнинг имкониятлари бунга етарли. Футболчиларни ҳам қораламайман, улар ҳам яхшироқ шароитда ўйнашни исташган бўлиши мумкин. Биз ҳам қачонгача футболчиларга патриот бўлгин, ўйнаб бериб тургин деб илтимос қиламиз? Уларни ҳам тўғри тушунаман. Асосий таянадиган футболчиларим айнан "Пахтакор"га кетиб қолган ўйинчилар эди. Мен аввалги клуб президентига шуларни олиб қолиш ҳақида алоҳида таъкидлагандим...


- Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Футболчилар ҳам ақлли. Улар "Насаф"да қолиб чемпион бўлишларига кўзлари етмагандир. "Пахтакор"да эса имкониятлар юқори. Янги мавсумда чемпионлик учун курашадиган жамоалар аниқ. "Пахтакор" ва "Локомотив" бу борада яққол фаворит сифатида ажралиб қолишмоқда...

- Нимага? Мен бу борада ҳали шошилмасликни маслаҳат берардим. Қолган жамоаларни ҳам ҳисобдан чиқарманглар...


- Бизда кўпинча тахминлар ўзини оқлаб келади-да...

- "Насаф" барибир улар билан курашади. "Насаф"ни ҳисобдан чиқармасликни сўраган бўлардим. Нимага дейсизларми? Чунки таркибни кучайтириш бўйича изланишлар давом этмоқда. Яна бир икки нафар футболчи оламиз. Мавжуд таркибдаги Қувватов, Эшмуродов, Голбан, Черан, Ҳасанов каби футболчилар тажрибали ҳисобланишади. Ёшларимиз ҳам иқтидорли ва анча ўсишга эришишди. Бизда тенг кучли иккита таркиб йўқдир, лекин эътиборимизни фақат битта мусобақага қаратадиган бўлсак, унда кураша оламиз, назаримда. Шу боисдан ҳам "Насаф"ни курашдан чиқариб юборишга шошилманглар (кулади). Асосийси, биз курашувчан жамоани шакллантиришимиз лозим.

Биз мураббийлар штаби билан футболчиларни руҳан яхши тайёрлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Ҳозир жалб қилган ёшлар таркибидан ҳам янги мавсумда 2-3 нафар футболчи порлаб чиқишига ишонаман. Янги мавсумда ёшлар таркибидан асосий жамоага жалб этилган футболчиларга ҳам имконият беришни режа қилганман.


- Сиз футболчилик пайтингизда "Насаф"да кўп йиллаб ўйнагансиз, меҳнатингиз синган. Ўша даврда ҳар бир жамоанинг ўз етакчиси, садоқатли футболчиси бўларди. Нима деб ўйлайсиз, ҳозирги пайтда футболда пул садоқатни бутунлай енгиб ўтдими?

- Мен шу жойда бир фикрни айтмоқчиман, жамоамиздан кетган футболчилар ҳам жамоамизга, клубга нисбатан садоқатли бўлди. Уларни меҳнатидан розиман. Кетган футболчиларимизга бундан олдин ҳам таклиф бўлганди. Лекин улар жамоани оғир пайтда ташлаб кетишмади. Вақтида ўша футболчиларимиз 5-10 баробар катта маошдан воз кечиб "Насаф" учун ўйнашди, садоқат кўрсатишди.

Шу боисдан ҳам мен уларни қораламайман ёки қарорига қарши бормайман. Албатта ҳар бир мураббий ўз таркибида кучли футболчи бўлишини истайди. Лекин футболчилар ҳам барча каби яхши шароитни исташади. Мен етакчиларимизни сақлаб қолишни жуда истагандим. Лекин биз уларга "Пахтакор" таклиф этган шароитларни қилиб беришга қурбимиз етмади.

Яна қайтараман, "Насаф"дан "Пахтакор"га ўтиб кетган ҳеч бир футболчи жамоамизга нисбатан садоқатсизлик қилмади. Уларни мухлислар садоқатсизликда айблашлари нотўғри. Чунки улар вақтида жамоамиз жонига оро киришган.


- Кўряпмиз, кўпчилик клубларда молиявий имкониятлар у қадар юқори эмас. Футболчилар олдида қарздорлик мавжуд. ПФЛ эса буёғда йиллик бадал пулларини 180 миллиондан 500 миллионга кўтарди. Лекин ҳеч ким бунга реакция қилмаяпти. Демак ҳамма ўйлайдики, клубларда пул бор. Сизни бунга муносабатингиз қандай?

- Ўйлайманки, ПФЛ ҳар бир қарорни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиб чиқаряпти. Тўғри, баъзи клубларга бу каби катта маблағлар қийинчилик туғдириши мумкин. Ишонаманки, ПФЛ ҳамма нарсани мўлжалини олиб, чемпионатимизни нуфузини кўтариш учун янги, футболимиз ривожи учун хизмат қиладиган қарорлар чиқаряпти.

- Тарихда бўлмаган жарима ҳақида. "Пахтакор"га қарши ўйиндан кейин клубга 100 миллион жарима солинди. Камига аниқ фактлар келтирилмаган. Бунга "Насаф" томонидан қандай реакция билдирилди?

- Албатта мухлисларни маданиятга ўргатиш керак. Лекин бу нарса ҳамма жойда бўлади. Европада ҳам, бошқа жойларда ҳам мухлислар эҳтиросларини жиловлай олмай қолиб, футболчиларни ҳақорат қилишлари футболда учрайдиган ҳолат. Бунга профессионал футболчи ортиқча эътибор қаратмасдан, провакацияга учмасдан ўзини тўғри тута билиши керак. Бизни ҳам сафар ўйинларида борганимизда сўкишади, трибунадан ҳар хил ҳақоратли сўзлар эшитилади. Бунга эътибор қилмасдан, ўзимизни тўғри тутишга ҳаракат қиламиз.

Бу йилдан регламентда айнан шу нарсаларни аниқ сўммасигача кўрсатиб қўйилса, мухлислар маданиятсиз ҳаракатлари клубларига зиён келтиришини билишса, унда бу ишқибозларни тартибга чақиришга хизмат қилади, деб ўйлайман. Клубимиз вакиллари жарима бўйича ПФЛга мурожаат қилишган, аммо якуний қарор қандай бўлгани ҳақида хабарим йўқ. Қўйилган жаримадан мақсад мухлисларни тартибга чақириш эканлигини тўғри тушуниб турибмиз.


- Мураббий сифатида ўз-ўзингизни қанчалик танқид қиласиз?

- Тўғрисини айтаман, мураббий сифатида ўзимга кўпинча танқидий муносабатда бўламан. Камчиликларимни билсам, буни жуда қаттиқ қабул қиламан. Мени биринчи танқидчим - ўзим. Футболда, мураббийда камчилик бўлади. Қачонки сиз ўзизни танқид қилмасангиз, камчиликларингизни билмасангиз, унда ўсишдан тўхтаб қоласиз. Идеал мураббий бўлмайди. Барчани камчилиги бўлади. Муҳими, инсон ўша камчилиги ҳақида билиши, буни тўғрилаш ўстида ишлаши лозим.

Агарда мен ўзимни идеал мураббий деб билсам, камчиликларим йўқ деб ўйласам, унда футболдан кетишим керак. Мен ҳали футболда кимман? Ҳали ўрганадиган, узлаштирадиган жиҳатларим жуда кўп. Мураббий, умуман инсон доимо изланишда бўлиши керак.

Мен билган нарса балки жамоамиз ёки Ўзбекистон чемпионати даражасида бўлиши мумкин. Шуниси аниқки, мен билмаган нарсалар жуда кўп футболда. Бу борада эса изланиш, меҳнат қилиш керак. 


- Аслида Ўзбекистонда энг кам танқидга учрайдиган мураббийлардан бири ҳисобланасиз. Лекин сизга ташқаридан, хусусан ОАВ, матбуот томонидан бўладиган танқидга қандай муносабатда бўласиз?

- Танқид аввало ўринли бўлиши керак. Футболни тушунган, футболни ичида юрган инсон томонидан бўлса, буни тўғри қабул қиламан. Танқид қилаётган одам ўша жиҳат бўйича аввало ўзини тушунчасига эга бўлмоғи лозим. Барчада камчилик ва хатолар бўлади. Буларни айтиб, кўрсатиб туриш эса ҳеч қачон зарур қилмайди. Мени танқидга бўлган муносабатим яхши. Буни хотиржам ва тўғри қабул қиламан. Ўринли ва асосли танқиддан хулоса чиқараман албатта.


- Ўзимга нисбатан танқидчи ва камчиликларимни биламан дедингиз. Охирги йилларда мураббий сифатида қайси камчиликларингиз устида иш олиб бордингиз?

- Дастлабки йилларда тактика ва стратегияга кўп ҳам эътибор бермаганман. Авваллари кўпроқ футболчиларга таянган ҳолда жамоа ўйинини тузардим. Лекин шу нарса кўриндики, тактика футболда жуда муҳим ўрин тутаркан. Охирги йилларда айнан шу камчиликларим устида ишладим ва тактикага алоҳида эътибор қаратдим.

Сўнгги пайтларда жамоам ҳар хил тактик схемалардан фойдаланаётганини биласизлар. Шунингдек, жамоам рақибга нисбатан фаол прессинг қўллашни кучайтирган. Шу каби муҳим жиҳатлар устида ишлаяпмиз. Яна селекция ишларида ҳам оқсаяпмиз. Ҳали айтдимку, мен жамоа ўзагини сақлаб қолишни ва баъзи нуқталар бўйича футболчиларни жалб этишни режалаштиргандим, деб. Лекин якунда бу бўлмадику, ана энди селекция ишларида шошилиб қоляпмиз. Масалан жамоа етакчиларини сақлаб қолмаганимизда нима қиламиз, деб аввалроқ ўйламаганимиз мана энди панд бермоқда. Бу ҳам битта камчиликларимдан бири, деб ҳисоблайман. Бу борада иккинчи вариантни ўйлаб қўймаганимга аттанг деб қолдим.

Мураббий сифатида шуни тушундимки, футболда тактика жуда катта аҳамиятга эга экан. Ўтган мавсумда муҳим ўйинларда уч нафар марказий ҳимоячи билан ўйнадик. Яъни одатий тактик схемадан "Б" режага ўтдик ва бу якунда бизга кўп фойда келтирди.

Янги мавсумда янги жамоа қуриляпти. Саволим шундай: Таркибдан келиб чиқиб схемани танлайсизми ёки аксинчами?

- Қўл остимдаги футболчилардан келиб чиқиб тактик схемани танлайман. Чунки мавжуд футболчилар қайси тактикага мос келиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, рақибдан келиб чиқиб ҳам тактик схемани ўзгартириб туришга тўғри келиб қолади. Бу борада барча жиҳатларни инобатга олиш лозим бўлади. Шу боисдан мураббийда доимо "А" вариантдан ташқари бошқа режалар ҳам бўлиши зарур.


- Нимага бизларда мураббийлар футбол ҳақида китоб ёзмайди, футболимиз даражаси, қайси босқичда эканлигимизни ўша китобда қораламайди. Ёки футбол борасида маърузалар ўқишмайди. Жаҳон футболида ёш истиқболли мураббийлар, футболчилар китоб ёзишади. Уларни мутолаа қилиш қизиқ. Бизнинг мураббий ёки футболчилар нега бунга қўл уришмайди? Масалан сизни ёки бошқа мураббийни футболга бўлган ўз қарашини ўқиш кўпчиликка қизиқарли бўлади...

- Рустам Акрамов кўп маърузалар қилардилар. Лекин тан олиш керак, ҳозирда Рустам Акрамов ёки Ислом Аҳмедовдан ташқари маъруза ўқий оладиган мураббий ёки мутахассислар йўқ. Китоб ёзиш даражасига чиқмагандирмиз. Бизнинг ўзимизни футбол ҳақида баъзи фикрларимиз, қарашларимиз бордир, лекин бу фикрлар саёз бўлиши мумкин.Шу боисдан ҳали китоб ёзишга қарор қиладиган мураббийлар йўқдир.

Жозе Моуринью ёки Гвардиола бу жаҳон элитасидаги энг юқори чўққига чиққан мураббийлар ҳисобланишади. Улар замонавий футболни ўргатишга, ўз қарашларини қоралашга муносиб мураббийлар. Биз эса ҳали замонавий футболни таърифлашга ожизмиз.


- Кўпчилик гапираётган норматив ҳақида нима дея оласиз?

- Аввало шуни айтишим керакки, бу нормативлар аввал ҳам бўлган. Ҳар йили мавсум олдидан норматив топшириларди. Шунчаки олдинлари норматив ҳақида кам ёзилиб, эътибор бироз паст бўлган. Ҳозир эса нормативга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боисдан кўпчиликка бу янгиликдек туюлмоқда. Менга шахсан мураббий сифатида норматив муҳим. Чунки бу орқали ўз футболчиларимнинг жисмоний ҳолатини янада аниқ ва яхшироқ билиб олиш имконияти пайдо бўлади.

Хайрулла ХОЛИҚОВ, Диёр ИМОМХЎЖАЕВ ва Шаҳбоз БЕҒАМОВ суҳбатлашишди.

Rating: +116   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика