"Одатда майдон ўзига келиши учун 6-8 ҳафта керак бўлади. Билим бўлмаса, бир зумда майдонни "ўлдириб қўйиш" мумкин" — агроном
08 aug 16:52
News


"Одатда майдон ўзига келиши учун 6-8 ҳафта керак бўлади. Билим бўлмаса, бир зумда майдонни "ўлдириб қўйиш" мумкин" — агроном
Сайтимиз вакили "Ал Ҳилол" клубининг кўп тармоқли "Kingdom Arena" стадиони (Дмитрий Бивол ва Артур Бетербиев жанги шу ерда ўтказилган) агрономи Стюарт МакЧейн билан шу масалада суҳбат уюштирди.
- Салом, Стюарт, аҳволингиз қалай?
- Салом, мен яхшиман. Сиз-чи, яхшимисиз?
- Ҳа, яхшиман.
- Мен ҳам яхшиман.
- Хуллас, масала шундаки, машҳур қўшиқчи Женнифер Лопес Тошкентда концерт берди. Бу Ўзбекистонга илк бор келган машҳур санъаткордир. Концерт “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтди. Бу Ўзбекистоннинг миллий терма жамоаси уй учрашувларини қабул қиладиган асосий стадион. Биринчи савол шуки, стадионда концерт ўтказиш қанчалик хавфли? Чунки “Бунёдкор” стадиони 2012 йилда, яъни 13 йил олдин қурилган эди. У майдон сифати билан боғлиқ бўлган муаммолари билан машҳур бўлган. Бу ерда ўйнаган жамоалар ва футболчилар кўп марта майдоннинг ёмонлигини айтишган. Нега бундай эканини билмайман. Икки йил олдин, 2023 йилнинг қишида, янги гибрид майдон ўрнатилди. У 80% табиий ва 20% сунъий ўтдан иборат. Шундай экан, миллий терма жамоа ўйнаши керак бўлган стадионда концерт ўтказиш қанчалик хавфли?
- Майдонни ким парваришлаяпти? Уларнинг билими етарлими? Чунки бу муаммони ҳал қилишда муҳим омилдир.
- Мен у ерга икки йил олдин борган эдим, майдон ўрнатилаётган пайтда. Билишимча, улар Англиядан мутахассисларни таклиф қилишган эди. Ҳа, улар билан гаплашганман, лекин чим ўрнатилгач, иш тугагандан сўнг улар мамлакатни тарк этишди. Ҳозир стадионни ким бошқараётганини билмайман, лекин у ерда ҳали ҳам маҳаллий одамлар, маҳаллий мутахассислар ишлаётганига ишончим комил...
- Асосий омил – бу билим. Агар концерт бўлиб ўтган бўлса, кейин тўғри техник хизмат кўрсатиш жараёни амалга оширилиши керак. Сиз миллий терма жамоа кейинги ойда, яъни сентябрда ўйнашини айтдингиз. Шундай экан, бу вақт оралиғида ўйнаш умуман тўғри эмас, чунки одатда майдон ўзига келиши учун 6-8 ҳафта керак бўлади.
Янги майдоннинг тўлиқ шаклланиши учун тахминан икки ой керак бўлади, Аммо "Kingdom Arena"даги шахсий тажрибамга кўра, биз жуда зич тадбирлар жадвалига кўра кўп ишлаганмиз ва деярли ҳар беш кунда ўйин ёки тадбир ўтказардик.
Кўп маротаба бокс мусобақаларини ўтказдик. Ўшанда бир услубни қўллаганман, беш кун давомида чим махсус қоплама билан ёпиларди ва ўт деярли қуриб қоларди. Тажрибам туфайли буни тезда тузатиб, қайта тиклай олганман. Шунинг учун айтяпманки, тажрибага эга бўлиш жуда муҳим. Билим бўлмаса, бир зумда майдонни "ўлдириб қўйиш" мумкин. Аммо яхши тажриба бўлса, дарҳол ва тезкорлик билан ҳаракат қилиш керак.
Дарҳол янги ўт уруғини сепиш орқали майдонни қайта тиклаш зарур. Бу шунчаки билим масаласи. Шунинг учун Ўзбекистон футбол мутасаддилари масъулиятни ўз зиммасига олса, 1 ой ичида ўтни яхши ҳолатга келтириш мумкин, лекин бу ҳам билимга боғлиқ.
- Концертлар учун вақтинчалик қопламалар, масалан, пол панеллари ва шунга ўхшаш нарсалар қанчалик самарали?
- Хўш, сизда мусиқа концерти бўлиб ўтди. Шунинг учун, тўғрисини айтганда, ўт “ўлади”. Ҳар қандай тадбирдан сўнг. Бу нормал ҳолат. Шу сабабли, сиз қопламани олиб ташлаганингиздан сўнг дарҳол техник хизмат кўрсатишингиз керак бўлади: эски ўтларни йиғиштириб, майдонни тозалашингиз лозим. Кейин зудлик билан уни қайта экишингиз керак. Ўт шикастланган зоналарга. Шунда, айтганимдек, янги ўтни тез тиклаш учун тўғри парвариш қилиш зарур бўлади ва энг муҳими, унинг соғлом ўсишига ёрдам беради.
Абдулвосит Бектемиров суҳбатлашди.
Similar news

Comments