Latest news

02:05Илёс Қурбонов: "Ҳаёт-мамот ўйинида зафар қучдик. "Насаф"га қарши ҳам ғалаба учун майдонга чиқамиз"  0 01:45Иван Бошкович "Локомотив"га қарши ўйинда Йовович асосий таркибда тушмаганини айтди  2 01:29Григорий Колосовский: "Зарба бермасдан гол уриб бўлмайди"  0 00:24Ла Лига. "Реал" меҳмонда "Леганес"ни йирик ҳисобда мағлуб этди  40 23:59А Серия. "Наполи" — "Рома" ўйини тақдирини битта гол ҳал қилди  2 23:30АПЛ. МЮ Аморим қўл остидаги илк ўйинда "Ипсвич Таун"ни мағлуб эта олмади  21 22:55Машарипов "Пахтакор"га қарши ўйин олдидан: "Бу жамоада катта бўлганман, аммо..."  5 22:12"Лестер" Куперни истеъфога чиқарди  3 21:15АПЛ. "Саутгемптон" ва "Ливерпуль" ўртасидаги ўйинда 5та гол урилди  38 21:13 Элит Чемпионлар лигаси. "Пахтакор" бош мураббийи Максим Шацких ва ўйинчиси Ҳожиакбар Алижонов "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?  5 20:09Перес Винисиусга мурожаат қилди  7 19:45Кетма-кет иккинчи йил чемпион бўлган Бобир Абдихолиқов билан интервью   2 19:37Суперлига. "Сўғдиёна" – "Локомотив" 2:0. Highlights  0 19:36Суперлигани қайси клуб тарк этади? Кумуш медал кимга насиб қилади? 26-тур интригалари  8 19:18Суперлига. Қайси жамоалар қолади, қайсилари кетади?  6

Мурод Исмоилов: "Ҳали биз ўз сўзимизни айтамиз" News

Мурод Исмоилов: "Ҳали биз ўз сўзимизни айтамиз"

Ўзбекистон Кубогининг чорак финал жавоб учрашувлари ўтказилгач, олий лига жамоалари тўлалигича давралар оралиғидаги қисқа муддатли танаффусга чиқишди.
Футболчилар ҳордиқ чиқараётган бир пайтда мураббийлар 1-даврада йўл қўйилган камчиликларни таҳлил қилиш, таркибни кучайтириш юзасидан бош қотиряптилар. Бу борада айниқса, ««Пахтакор»» жамоаси мураббийларига иш кўпайган. Амалдаги мамлакат чемпионлари 1-даврани ўта омадсиз тарзда ўтказишди. 13та ўйинда 5та мағлубият... бу «Пахтакор»дек шонли тарихга эга жамоа учун жуда ҳам кўп. Айниқса, сўнгги икки турдаги мағлубиятлар жамоа аҳволини янада ёмонлаштирди. Ўзи шундоқ ҳам жамоанинг уй ўйинларига мухлисларнинг ташрифи аянчли аҳволда эди. Вазият ижобий томонга ўзгармаса, жамоа худди ПФЛ томонидан жазоланган клубдек уй учрашувларини бўм-бўш стадионда ўтказади. Энди юзага келган вазиятни чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, муваффақиятсизликнинг асл сабаби клубнинг молиявий ҳолатига бориб тақалади. Биз жамоа бош мураббийи Мурод Исмоиловга бир қатор саволллар билан мурожаат қилдик.

- Мурод ака, юзага келган танаффусдан унумли фойдаланган ҳолда 1-даврадаги омадсизлик сабабларини таҳлил қилиб чиқдингизми?

- Бу ҳақда йил бошида ҳам, аввалги матбуот анжуманларида ҳам айтганман. Муваффақиятсизликнинг сабаблари кўп ва улар бир-бирига боғлиқ. Бир бошдан бошлайдиган бўлсам, биз мавсум аввалида ўзимиз таркибда кўришни истаган футболчиларни сафимизга қўшиб ололмадик.

- Гапингизни бўламан, айнан қайси футболчиларни ҳарид қила олмадинглар?   

- Масалан, Олег Зотеев, Жасур Ҳасанов ва яна бир легионер ҳужумчи. Бу мен жамоада кўришни истаган асосий футболчилар эди. Афсуски, Зотеев Бунёдкорга, Ҳасанов эса “Локомотив”га ўтишни афзал билди. Рўйхатимда бўлган биргина Александр Мерзляков билан шартнома имзоладик, холос. Кейин етакчи футболчиларимиз Боян Миладинович ва Станислав Андреевнинг жароҳат олиши ҳам қимматга тушди.

- Бу трансферларнинг амалга ошмаганига клубдаги молиявий танглик сабаб бўлдими?   

- Шундай деса ҳам бўлади. Яна ҳам аниқроғи, номлари тилга олинган футболчилар ўзлари учун билдирилган яхшироқ таклифни афзал билишди. Маълумки, таркибимизда ёш футболчилар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг аксарияти Туркиядаги ЖЧ-2013да қатнашишди. Унга қадар эса йил давомида терма жамоа йиғинларида иштирок этишди. Уларнинг фойдаси клубимизга  деярли тегмади.

- Шундай бўлиши йил бошиданоқ маълум эди. Шуни инобатга олган ҳолда, зарурий чораларни кўриб қўйсангиз бўлмасмиди?

- Фикрингизга қўшилмай иложим йўқ. Аммо биз имкониятимиз даражасидан юқори бўлган ишларни амалга ошира олмасдик. Ички захирадан эса максимал даражада фойдаланган тақдирда ҳам, у самара бермасди. Вазият тақозоси билан Егорь Кримец, Шерзод Каримов каби асосий таркиб футболчиларини Хитой клубларига ижарага бердик. Натижани ўйлаб, уларни жамоада олиб қолсам ҳеч ким мени уришмасди, аммо бунда фақат ўзимни ўйлагандек бўлиб қолардим. Нима демоқчи эканлигимни тушунган бўлсангиз керак.

- Биринчи давранинг ўзидаёқ «Пахтакор»дек жамоа учун кўп эмасми?

- Жуда ҳам кўп. Натижа учун ҳамиша мураббий жавобгар бўлиб келган. Балки, бу омадсизлик, кетма-кет қабул қилинган мағлубиятларда менинг ҳам айбим бордир. Бу йил илк бор мустақил равишда жамоани бошқардим. Тажрибасизлигим панд бергандир. Буни инкор этолмайман. Ҳали мураббий сифатида ўрганадиганларим бисёр. Иккинчи даврада вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга ҳаракат қиламиз.

- Мағлубиятга учраган ўйинларингизни таҳлил қилдингизми? Уч очко бой берилган ўйинларда жамоангизга фақат таркиб билан боғлиқ муаммолар ҳалал бердими?

- Мағлубият сабабларини фақат таркиб билан боғлиқ муаммоларга йўйиш тўғри бўлмас. Имконият бой берилган учрашувларни таҳлил қилиб чиқиш асносида бир ҳақиқатга амин бўлдимки, биз ўйин борасида ҳеч бир рақибга ютказмадик. Юзага келтирилган қулай вазиятларни голга айлантира олмаганимиз панд берди. Биз ўз хатоларимиз қурбонига айландик, десам тўғри бўлади. Бунёдкор, Локомотив, Олмалиқ жамоаларига қарши кечган ўйинларда рақиб билан тенгма-тенг курашдик, хатто баъзи жиҳатларда устунликка ҳам эришдик. Ёки "Бухоро" билан ўйинни олинг, мезбонлар бутун ўйин давомида юзага келтирган ягона ҳавфли ҳужумларини голга айлантиришди. Бизникилар эса... Баҳриддин Ваҳобов ҳақиқий ҳужумчи қандай бўлиши кераклигини олдинги чизиқ вакилларимизга кўрсатиб қўйди. Ўша эски касалимиз  вазиятлардан фойдалана олмаслик рақиб жамоаларга очко улашишимизнинг асосий сабабларидан бири бўлди.

- Жамоангиз 13та ўйинда бор йўғи 14та гол урди. Битта ўйинда деярли битта гол. Амалдаги чемпион учун бу кўрсаткич жуда ҳам камдек кўринмаяптими?   

- Жуда ҳам кам. Ҳужум чизиғида ҳаракат қилган футболчиларимизга катта эътирозим бор. Ярим йилда 2-3 та гол урадиган ҳужумчини шахсан мен ҳужумчи ҳисобламайман. Қолаверса, баъзи футболчиларни бўйнидан бойлаб, мажбуран ўйнатяпмиз. Масалан, Темурхўжа Абдуҳолиқов, билмадим ўзини қайси жамоаларда ҳис қилиб юрган экан. «Пахтакор» либосини кийиб майдонга тушадию, лекин ўзи ҳаёлан бошқа клуб аъзоси. Шуям иш бўлдими? Қачонгача ҳимояланамиз? Биласизми, дуранг учун ўйнаган учрашувларимиз бўлди. «Пахтакор»дек жамоа учун бу иснод эмасми? Майдонга «Пахтакор» либосини кийиб тушдингми, демак шунга монанд ўйин кўрсатишинг шарт. Киши кўзига майдонда юриш керак эмас. Ҳамма нарсани фақат пул белгиламайди-ку!

- Лекин ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Нафақат, футбол ёки бошқа спорт турлари, балки исталган соҳада ҳам моддий рағбат муваффақият калити ҳисобланади. Айтингчи, клуб раҳбариятининг маош ҳамда мукофот пуллари бўйича футболчи ва мураббийлардан неча ойлик қарзи бор?
- ...

- Саволга жавоб беришга мажбур эмассиз. Бунга ҳаққингиз бор. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам натижа учун мухлислар ва раҳбарият олдида сиз жавобгарсиз. Барча масъулиятни ўз зиммангизга олиш оғирлик қилмайдими? Балки, давралар оралиғида юзага келган танаффусда зарурий чоралар қўллаш учун раҳбариятга мурожаат қиларсиз?

- Раҳбариятга бу ҳақда доимо айтиб келганман. Қолаверса, уларнинг ўзлари ҳам вазият нақадар жиддий эканлигини тушуниб туришибди. Шу мақсадда, “Циндао”га ижарага берилган Шерзод Каримов ортга қайтарилди. У Тошкентга етиб келган ва шу кунларда сафимизга қўшилиши керак. Егорь Кримецни жамоага қайтариш бўйича музокаралар давом этяпти. Лекин бу масала осонликча ҳал бўлмаса керак. Шунингдек, олий лига клубларида тўп тепаётган футболчилар билан ҳам алоқага чиқилган. Аммо ҳозирги шароитда жамоамиз учун фойдаси тегадиган футболчини сафимизга қўшиб олиш мушкул иш.

- Жамшид Искандаровнинг жароҳат олиши муаммоларингизни яна биттага кўпайишига олиб келди.

- Кутилмаганда орттирилган жароҳат биринчи галда терма жамоамиз, кейин эса клубимиз зарарига ишлади. Жамшид икки ҳафтадан ошиқроқ вақт давомида гипсда юради. Ундан ҳалос бўлганидан кейин ҳам бирданига машғулотларга қўшилиб кетмайди. Бундан ташқари, ЖЧда иштирок этган футболчиларнинг ҳам жамоамизга яқин орада фойдаси тегиши даргумон. Улар қаҳрамонлик кўрсата олишади, деган фикрдан йироқман. Мундиалдаги муваффақиятли иштирокларидан сўнг улар кўпчиликнинг диққат эътиборида бўлишади. Телевидение, радио, газета, умуман ОАВ ҳодимлари ЖЧдан қайтган футболчиларни камида бир ой давомида ҳол-жонларига қўйишмайди. Энг ёмони, футболчиларнинг ўзлари бундан ҳаволаниб, еттинчи осмонда учиб юришади. Истайсизми, йўқми, барибир 2-3 ой мобайнида ҳаёллари ЖЧда бўлади. Барча ўйинларда иштирок этган Игорь Сергеев, Владимир Козак ва Аббосбек Махсталиевлар жамоамиз ихтиёрига толиққан ҳолда етиб келишади. Устига-устак Козакнинг белидаги жароҳати безовта қиляпти. Шуларнинг барчасини инобатга олсак, ЖЧда қатнашган футболчиларимиз сентябрь ойигача клубимиз ўйинига тўлақонли қўшилиб кета олишмайди. Энди майдонга тушмай, ўйин амалиётисиз қолганларнинг ҳолатини айтмасам ҳам барчага аён.

- Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг ўнг қанот ҳимоясида ишончли ўйин намойиш этган Тоҳир Шамсиддинов кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди. Айни пайтда “Гулистон” клубида ижара асосида ўйнаётган ёш ҳимоячини ортга қайтариш ҳақида ўйламаяпсизми?

- Тоҳирни ҳам футболчи, ҳам инсон сифатида ҳурмат қиламан. Уни кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши учун ижарага бергандик. Шамсиддинов қисқа фурсат ичида Гулистон жамоасининг етакчи футболчиларидан бирига айланди. У ўзини бу клубда жуда яхши ҳис қиляпти. Аммо Тоҳирни жамоага қайтаришга шошилмаймиз. Хозир унинг позициясида Даврон Ҳошимов бор. Шу боисдан, мавсум сўнггига қадар Гулистон шарафини ҳимоя қилади.
   
- Бунёдкорга қарши кечган 1-давра учрашувини қолдиришнинг иложи бормиди? Бу борада ПФЛга мурожаат қилдингларми?

- Билишимча, клубимиз раҳбарияти ПФЛга ёзма мурожаат билан чиққан. Лекин бу масала бизнинг фойдамизга ҳал қилиб берилмади.

- Иккинчи давра олдидан «Пахтакор» Бунёдкордан 12, Локомотивдан 10, Насафдан эса 7 очкога ортда қолмоқда. Бу тафовутни йўққа чиқаришни уддалай оласизларми?

- Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, бу ўта мушкул вазифа. Аммо бажариб бўлмайдиган эмас. Ўтган йили 8 очколик фарқни йўққа чиқариб, якунда чемпион бўлгандик. Тан олиш керак, ўшанда вазият тамомила бошқача эди. Хозир эса умуман бошқача шароитдамиз. 12 очко бу жуда катта тафовут. Насаф билан ўртадаги 7 очкони бартараф этиб, қаршилик футболчиларга етиб олиш мумкиндир. Лекин чемпионлик ҳақида ўйлаш мушкул. Ҳар қандай ҳолатда ҳам охиригача курашамиз. Қарияларимиз ётиб қолгунча, отиб қол, дейишади. Шахсан ўзим ҳам охиригача курашишга ўрганганман. Самвел Бабаянда ҳам шундай ҳислат бор. Лекин майдонда футболчилар ҳаракат қилишади. Бу ёғи уларнинг виждонларига ҳавола. «Пахтакор» учун жонини фидо қилишга тайёр 4 нафар футболчи қолгунича курашамиз.

- Айнан шу мавзуда савол бермоқчи эдим. Йигитларнинг кўзи ёнмай қолди. Майдонда жон куйдириб ўйнаш ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади...

- Фикрингизга қўшиламан. Аммо ҳамма футболчилар ҳақида ҳам бундай фикр билдириш тўғри эмас. Орасида сиз айтган тоифадаги, бир оёғи билан ўзини бошқа клубда ҳис қилаётган ўйинчилар бор. Уларни мажбуран ўйнатишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Балиқ дарёнинг чуқурроқ жойига интилади, аммо танганинг орқа томони ҳам бор. Буни унутмаслик керак. Айтишадику, ҳар ерни ҳам қилмагин орзу, ҳар ерда бордир тошу тарозу, деб.

- Қайси футболчилар «Пахтакор»да ортиқ қолишни исташмаяпти?

- Биринчи галда Темурхўжа Абдуҳолиқов. У фаолиятини хориж клубларида давом эттириш истагида. Тажрибали Илҳом Суюнов ҳам раҳбариятдан ўзини қўйиб юборишларини сўраган. Катта эҳтимол билан бу икки футболчи 2-даврани бошқа жамоаларда бошлашади.

- Ҳужум чизиғидаги кемтикни Анвар Бердиев билан беркитиш мумкин эди. Нефтчи ҳужумчисининг «Пахтакор»га ўтишига нима ҳалал берди?

- У Бунёдкор жамоаси раҳбарлари ва мураббийларига ваъда бериб қўйган экан. Айнан шу нарса унинг жамоамизга ўтишига тўсқинлик қилди. Умуман олганда, мен бундай тоифадаги, яъни ўз ваъдасига содиқ футболчиларни ҳурмат қиламан.

- «Пахтакор» ОЧЛ баҳсларида мунтазам иштирок этиб келаётган қитъанинг ягона жамоаси хисобланади. Келаси мавсумда бу анъана бузилиши мумкин. Чемпионликдан умид узилган экан, энди бор эътибор Кубок баҳсларига қаратиладими?

- Ўзбекистон Кубогига бор куч ташланади, аммо бу билан чемпионатда курашилмас экан, деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Биз 2-давра ўйинларига ҳам жиддий эътибор қаратамиз. Иккинчи даражада деб ташлаб қўймаймиз. Юқорида айтганимдек, 4 нафар ғайратли бола қолгунича курашни давом эттирамиз. «Пахтакор» либосини кийиб, майдонга тушадиган футболчилар бошқалардан ажралиб туриши керак. Бу оддий жамоа эмас. Хозир кўча-куйда кечаси соат 2-3гача футбол ўйнашяпти. Юртдошларимиз ўз соғлиқлари йўлида шундай қилишяпти. Ҳа, профессионал футболчидан ярим кечаси футбол ўйнаш талаб қилинмаяптику! Бир ҳафтада икки марта бир ярим соатдан астойдил, юракдан югуриб бера олмайсанми?  

- Иккинчи даврадан Станислав Андреевни майдонда кўришимиз мумкинми?

- Унинг жароҳати камида 6 ойда тузалиши керак эди. Айни пайтда Стас якка тартибда машғулотларни ўтказяпти. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийимиз Шипилов у билан алоҳида икки маҳал шуғулланяпти. Сентябрь ойида сафимизга қайтиб қолса керак.

- Чемпионатимиз савияси ҳақида фикрларингиз ижобий бўлмаса керак?

- Турнир жадвалининг ўрта қисмидан пастки ўринларда бораётган жамоаларнинг савияси деярли бир ҳил. Аввалги йиллар билан таққослаганда савия анча тушган. Юқори поғоналарда бораётган жамоаларда эса ижрочилар борасида пасайиш бор. Ўзи футболда ёки олдинга кетилади ё пастга тушилади. Бир маромда туриб бўлмайди. Демак, аввалгидек шижоат, ёниш, қарама-қаршиликлар йўқ. Стадионга 3 нафар мухлис келса ҳам жон куйдириб ўйнаш керак. Акс ҳолда, майдонга чиқмаган маъқул.

- Мурод ака, бир муддат аввал "Нефтчи"га ўтишингиз ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлганди. Чиндан ҳам расмий таклиф олганмидингиз?

- Ҳа, бу маълумотни тасдиқлайман. Бундан хурсанд ҳам бўлдим. Аммо «Пахтакор» билан амалда шартномам бўлгани учун, бу таклифни қабул қила олмадим. Агар раҳбарият рухсат берганида, кетишга тайёр эдим. Ҳозирда "Нефтчи" жамоасида тажрибали мураббийлар ишлашяпти. Жамоа кетма-кет икки ўйинда ғалаба қозонди. Иккинчи даврада жамоа ўзи сўзини айтишига ишонаман.

- Эндиги режалар қандай?

- 14 июлдан 2-даврага тайёргарликни бошлаймиз. Машғулотлар Қибрайдаги базамизда олиб борилади. Йиғин доирасида 2та ўртоқлик ўйини ўтказишни режалаштирганмиз. Келишувга кўра, 17 июль куни "Нефтчи", 23-санада эса "Динамо" клубига қарши майдонга тушамиз. Мухлислар тушкунликка тушишмасин, 2-даврада вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга астойдил ҳаракат қиламиз. Ҳали биз ўз сўзимизни айтамиз.


Камолиддин АЛИМОВ  суҳбатлашди
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика