Latest news

09:52Дания терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Оге Харейде вафот этди  0 09:00Каррагер: "Салахнинг хатти-ҳаракати ҳақиқий шармандалик эди"  2 08:37Ўзбекистон U-17 терма жамоаси сардори "Нефтчи"га ўтди  4 08:00Бруну Фернандеш: "Менда иккита яхши таклиф бор эди"  3 07:30Невеш АПЛга қайтиши мумкин  1 06:36Мундиал тарихи. Пора эвазига иштирокчи бўлган чемпион, Фаластин номидан қатнашган Исроил ҳамда фашизм тарғиботига айланган турнир ҳақида ҳикоя қиламиз  2 02:59Конференциялар лигаси. "Фиорентина" ютқазди, "Пэлас"дан дуранг ва бошқа натижалар  0 01:58"Наполи" Италия Суперкубоги финалида!  3 01:29Бастони "Барселона"нинг қизиқишлари ҳақида гапирди  0 00:59Зидан "Реал"га қайтмоқчи эмас  1 00:25Туркия кубоги. "Галатасарой" ўз майдонида "Истанбул Башакшеҳир"ни мағлуб этди  19 00:13"Атлетико" ҳимоячиси 2 ойга сафдан чиқди  0 23:58Араб Кубоги. Марокаш Иорданияни иродали тарзда мағлуб этиб, бош совринга эга чиқди  3 23:43Луис Энрике: "ПСЖда уч нафар топ-дарвозабон борлиги ажойиб ҳолат"  0 23:17Самвел Бабаян: “Керакли натижага эришиш учун максимал даражада ҳаракат қиламиз”  7

Мундиал тарихи. Пора эвазига иштирокчи бўлган чемпион, Фаластин номидан қатнашган Исроил ҳамда фашизм тарғиботига айланган турнир ҳақида ҳикоя қиламиз News

Мундиал тарихи. Пора эвазига иштирокчи бўлган чемпион, Фаластин номидан қатнашган Исроил ҳамда фашизм тарғиботига айланган турнир ҳақида ҳикоя қиламиз

Футбол бўйича жаҳон чемпионатлари тарихига оид қизиқарли маълумотлар билан таништиришда давом этамиз.

1934 йилги жаҳон чемпионати футбол тарихида янги босқични бошлади. Мусобақа илк бор Европа қитъасида – Италияда ўтказилиб, илк марта саралаш босқичи жорий этилди. Ушбу чемпионат футболнинг нафақат спорт мусобақаси, балки сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга эга ҳодиса эканини ҳам намоён қилди.

ФИФА ижроия қўмитаси саккиз марта йиғилиш ўтказилган узоқ муҳокамалардан сўнг, 1932 йил 9 октябрь куни Стокгольмда бўлиб ўтган мажлисда Италияни мезбон мамлакат сифатида танлади. Қарор аъзолар ўртасида овоз бериш ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри ижроия қўмита томонидан қабул қилинди ва Италиянинг аризаси Швеция таклифидан устун қўйилди. Италия ҳукумати турнир учун 3,5 миллион лира миқдорида бюджет ажратди.

Бу вақтга келиб ФИФА аъзолари сони 51 тага етган, жаҳон чемпионатида иштирок этиш истагини эса 32 та мамлакат билдирган эди. Шу сабабли саралаш босқичи ўтказиш зарур деб топилди. 

Шунга қарамай, мусобақада айрим етакчи жамоалар иштирок этмади. Амалдаги жаҳон чемпиони Уругвай 1930 йилги турнирда Европа мамлакатларининг Жанубий Америкага сафардан бош тортганига жавоб сифатида, 1934 йилги жаҳон чемпионатида қатнашишдан воз кечди. Натижада, мазкур чемпионат амалдаги чемпион иштирок этмаган ягона мусобақа сифатида тарихда қолди.

Бундан ташқари, Англия, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия ҳам турнирдан четда қолди. Сабаби Британия футбол ассоциациялари FIFA аъзоси эмас эди ва ўзларини футболнинг "асосчилари" деб билиб, жаҳон чемпионатини тан олмасди. Бу ҳолат 1950 йилгача сақланиб қолди.

Илк мундиалда ҳаваскорлик руҳи устувор бўлган бўлса, 1934 йилга келиб кўплаб жамоалар профессионал футболчилардан шаклланди. Бу эса ўйин суръатининг ошиши, тўқнашувларнинг кучайиши ва жароҳатлар сонининг кўпайишига олиб келди.

Иштирокчилар таркибида Европа жамоалари устунлик қилди: 12 та жамоа Европадан, 3 та Америка қитъасидан ва 1 та Африкадан – Миср терма жамоаси қатнашди. Шу тариқа, Миср жаҳон чемпионатлари тарихида иштирок этган илк Африка жамоасига айланди. 

Саралаш ўйинлари географик тамойил асосида ташкил этилди. ФИФА Италияни ҳам саралашдан ўтишга мажбур қилди – бу жаҳон чемпионатлари тарихида мезбон мамлакат биринчи ва ягона марта саралашда иштирок этган ҳолат сифатида қайд этилди. Италия Грецияни 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, финал босқичига йўл олди. Ўша баҳсда кейинчалик "Милан"нинг машҳур мураббийига айланадиган Нерео Рокко терма жамоа сафидаги ягона ўйинини ўтказган. Сабаби, ўша даврда А Серияда мураббий бўлиш учун миллий жамоада камида бир учрашувда қатнашиш шарт эди. Илк мағлубиятдан сўнг Греция саралашни давом эттирмади ва Италия ўз турнирига амалда автоматик равишда чиқди.

Грецияга қарши ўйинда "Скуадра адзурра" амалдаги қоидаларни ҳам бузган. Ўша пайтда ФИФА алмаштиришга фақат ўртоқлик учрашувларида, фақат жароҳат сабабли ва 40-дақиқагача рухсат берган эди. Италия эса танаффусда Нерео Рокко ўрнига Жованни Феррарини майдонга тушириб, барча талабларни четлаб ўтди. Учрашувда Гуаризи ва Феррари биттадан гол урган, ҳозир Миландаги стадион унинг номи билан аталадиган Жузеппе Меацца эса дубль қайд этган – 4:0. Шунга қарамай, ўйин натижасини бекор қилиш масаласи умуман кўтарилмади.

Жавоб ўйини эса ўтказилмади. Расмий версияга кўра, греклар тўрт гол фарқини ўнглай олмасликларини англаб, иштирок этишдан бош тортган. Бироқ йиллар ўтиб, Италия томонидан пора берилгани ҳақида маълумотлар ошкор бўлди. Бу ҳолат ЖЧ–1934дан қарийб 60 йил ўтгач жамоатчиликка маълум қилинди. Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) ўша турнир тафсилотларини тиклаш жараёнида Греция терма жамоасининг тирик қолган футболчиларига мурожаат қилди. Леонидас Андрианопулос, Ахиллеас Грамматикопулос, Аристидес Хризафопулос ва Андониос Миякис ҳар бири мустақил равишда италияликлар томонидан пора берилганини тасдиқлади.

Грек футболчиларига кўра, Италия финал турнирига бир ой қолганда узоқ денгиз саёҳати қилишни истамаган. Кучни тежаш мақсадида Италия футбол раҳбарлари молиявий жиҳатдан қийин аҳволда бўлган Греция федерациясига Афинанинг марказида жойлашган икки қаватли уйни сотиб олиб беришган. Филис кўчаси, 1-уй манзилидаги бу бино 1980 йилгача Греция футбол федерацияси штаб-квартираси сифатида хизмат қилган.

"Федерация италияликлардан пора олишга рози бўлди. Биз мажбур бўлиб, рақибни жаҳон чемпионати финал босқичига йўл олишини таъминладик", – деган Хризафопулос. Андрианопулоснинг сўзларига кўра, пора миқдори 700 минг драхмни ташкил этган бўлиб, бу ҳозирги ҳисоб-китобларда тахминан 6 миллион АҚШ долларига тенг. Дарвозабон Грамматикопулос эса Миландаги ўйиндан кейин италияликлар унга 400 минг драхм миқдорида чек кўринишида аванс берилганини айтиб берган.

IFFHS ФИФА олдига Италия терма жамоасини 1934 йилги жаҳон чемпионлиги унвонидан маҳрум этиш масаласини қўйган, аммо даъво муддати ўтиб кетгани сабабли тергов иши давом эттирилмаган. 

Миср ва Фаластин ўртасидаги саралаш баҳслари таркибида маҳаллий араб футболчилари деярли бўлмаган Британия мандати остидаги Фаластин жамоасини Исроил терма жамоаси сифатида тақдим этишга уриниш сабабли мураккаблашди, бироқ ФИФА ўша пайтда бундай давлат мавжуд эмаслигини инобатга олиб, бунга рухсат бермади.

"Британия мандати остидаги Фаластин" деб номланган жамоа мусобақада омадсиз иштирок этди: Миср уларни Қоҳирада 7:1, Тель-Авивда эса 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, икки ўйин якунида 11:2 натижани қайд этди. Ушбу жамоа таркиби тўққиз нафар Британиядан келган муҳожир, олти яҳудий ва бир араб футболчисидан иборат бўлиб, кейинчалик ҳозирги Исроил терма жамоасининг илдизи сифатида қаралади.

Миср Туркия ва Фаластин жой олган 12-саралаш гуруҳидан чиқди, Туркия эса бирорта ўйин ўтказмасдан туриб саралашдан воз кечди.

Мексика терма жамоаси хизмат сафарига чиққан бўлса-да, уни деярли сайёҳатга айлантирди. Улар Франциянинг шимолидаги Булонь-сюр-Мер шаҳрига йўл олишдан олдин Орисабадаги казинода катта байрам уюштиришди. Саёҳат Гавана, Бермуда, Виго, Ла-Корунья, Сантандер, Сан-Себастьян ва Саутгемптон орқали давом этиб, Париж ва Римда поезд алмаштириш билан якунланди. Умумий ҳисобда 15 кун давом этган бу сафар давомида Педро Гонсалес ва Фелипе Росаснинг ҳар бири тахминан олти килограмм вазн орттирганини тан олган.

АҚШ терма жамоаси эса Италияга италияликларга тегишли пароходда етиб келди. Тўққиз кунлик сафардан сўнг улар плей-офф ўйинидан ўн кун олдин манзилга жойлашди. 

Ушбу ўйинни Римда ўтказиш қарори жаҳон чемпионати ташкилотчилари билан келишилган бўлиб, ҳар икки жамоага ҳам натижадан қатъи назар бепул сафар ваъда қилингани розиликни тезлаштирган. Финал босқичи бошланишидан атиги уч кун олдин ўтказилган баҳсда ғалабага ишонган мексикаликлар ўйин давомида ташаббусни қўлда ушлаб, мазмунли комбинациялар кўрсатишди, аммо 60-дақиқада жамоа тўққиз киши бўлиб қолди: Гарсия жароҳат олди, Аспири эса қўпол ўйини учун майдондан четлатилди. Натижада АҚШ 4:2 ҳисобида устун келди, терма жамоа сафидаги барча тўрт голни эса Донелли ўз ҳисобига ёздирди. Мукофот сифатида эса нафақат мундиаль йўлланмаси, балки Папа Пий XI билан учрашув ҳам насиб этди.

Перу ва Чили Уругвай билан ҳамжиҳатлик билдириб, саралашдан воз кечди. Натижада Бразилия ва Аргентина бирорта ўйин ўтказмасдан финал босқичига йўл олди.

Бразилия терма жамоасида мослашиш учун деярли вақт бўлмади. Улар Conte Biancamano кемасида бўронли денгиз орқали 12 кунлик сафарни бошдан кечирди, бу вақт ичида айрим футболчилар ҳатто вазн орттирган. Жамоа нимчорак финал учрашувидан атиги 48 соат олдин манзилга етиб келди. Қизиғи, йўлда Генуяга кетаётган пайтда Барселонада рақиблари – Испания терма жамоаси билан тўқнаш келишди. Айтилишича, Испания дарвозабони Рикардо Самора Seleção ҳужумчиси Валдемар де Бритонинг кемада пенальти машқ қилаётганини кузатган ва орадан бир неча кун ўтиб, ўйинда унинг зарбасини қайтарган.

Аргентина терма жамоаси эса Буэнос-Айресдан Болоньягача Neptunia кемасида 13 кунлик денгиз саёҳатини амалга оширган.

Варшавада Чехословакияга қарши ўтган кескин баҳсда меҳмонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонгандан сўнг, Польша терма жамоаси 1934 йил 15 апрелга белгиланган Прагадаги жавоб учрашувига тайёргарлик кўраётган эди. Бироқ икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тўсатдан ёмонлашгани сабабли ўйин ўтказилмади. Низо сабаби – дарё билан иккига бўлинган Цешин шаҳри бўлиб, шу дарё орқали давлат чегараси ўтганди. Пилсудский ҳукумати хавфсизлик чораси сифатида футболчиларга хорижга чиқиш визасини бермади. Натижада Польша терма жамоасига техник мағлубият ёзилди.

Люксембург ва Франция терма жамоалари ўртасидаги баҳс меҳмонлар кечиккани сабабли икки соатга чўзилди – йўлда уларнинг поезди локомотив носозлиги туфайли тўхтаб қолган. Стадионда тахминан 18 минг томошабин тўпланиб, рақиб жамоани сабр билан кутди. Бироқ ўйиннинг ўзи катта қизиқиш уйғотмади: тажрибали французлар маҳаллий ҳаваскорларни 6:1 ҳисобида мағлуб этди.

Испания ва Португалия иштирок этган 2-гуруҳда испанлар икки ўйинда 11 та гол уриб, рақибларига атиги битта гол уриш имконини берди. Кучи етмаган португаллар вақт чўзиш ва турли ҳийлаларга қўл уриб, ҳатто алмашинувлар амалга оширишга уринди: аввало уч гол ўтказиб юборган дарвозабон, кейин жароҳат олган жамоа сардори алмаштирилди, танаффусдан кейин эса ҳакам эътибор бермаган ҳолда майдонда яна икки нафар "янги" футболчи пайдо бўлди. Ҳолбуки, ўша давр қоидаларига кўра, алмашинувлар қатъиян тақиқланган эди.

Югославия, Швейцария ва Руминия жамланган гуруҳда саралаш баҳслари жуда қизғин кечди, чунки финал босқичига фақат икки жамоа чиқарди. Аввало, югославлар ўз майдонида швейцарияликлар билан кутилмаганда дуранг ўйнашди – меҳмонлар 0:2 ҳисобини ўнглаб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди.

Худди шу ҳисоб Бернда Швейцария ва Руминия ўртасидаги баҳсда ҳам қайд этилди. Бироқ ФИФА майдон эгаларига ғалабани тақдим этди, чунки меҳмонлар сафида аввал Венгрия терма жамоасида ўйнаган Баратка майдонга тушганди. Шу тариқа Руминия – Югославия ўйини ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Меҳмонларга дуранг ҳам етарли эди, бироқ улар мағлубиятга учради. Ҳисобни тенглаштиришга уринган югославлар беш марта руминияликлар дарвозасининг тўсинига тўп теккизди, умуман олганда эса учрашув давомида саккиз бор тўсинни мўжалга олди.

Австрияга қарши учрашувнинг дастлабки дақиқаларидаги тўқнашувда Франциянинг етакчи ҳужумчиси Жан Николянинг мияси чайқалди. тиббий ёрдамдан кейин майдонга қайтгач, у гол урди. Бироқ учрашувдан кейин жамоадошлари унинг муваффақиятини ёдга солган пайт Николя ҳеч нарсани – ҳатто Франция қайси рақибга қарши майдонга тушганини ҳам эслай олмади.

Футболни чин дилдан севувчи маҳаллий аҳоли сафига кўп сонли хорижлик мухлислар ҳам қўшилди. Нидерландиядан 7 минг, Швейцариядан 10 минг ва Австриядан салкам 12 минг нафар томошабин Италияга ташриф буюрган.

Финал босқичи 1934 йил 27 майдан 10 июнга қадар ўтказилди ва барча учрашувлар тўғридан-тўғри "плей-офф" тизимида ташкил этилди. Биринчи жаҳон чемпионатида қўлланилган гуруҳ босқичи бекор қилиниб, дуранг бўлган ҳолатда 30 дақиқалик қўшимча тайм ўйналди, ҳисоб ўзгармаса, учрашув эртаси куни қайта ўтказилди.

Ўйинлар Италиянинг Рим, Милан, Турин, Неаполь, Флоренция, Болонья ва Генуя шаҳарларида бўлиб ўтди. 

Илгари Европада асосан Буюк Британияда ишлаб чиқарилган тўплар қўлланилган бўлса, 1934 йилги финал босқичи учун Италия ўзининг замонавий Federale 102 номли тўпини тайёрлади.

Ушбу жаҳон чемпионати тактик жиҳатдан янги даврни бошлади. Европа жамоалари жисмоний тайёргарлик, жамоавий ўйин ва қатъий тактик интизомни устувор қўйди, бу эса Жанубий Америка жамоаларига қарши баҳсларда яққол намоён бўлди.

Расман эълон қилинмаган бўлса-да, турнирда кучли жамоаларни илк босқичда ўзаро тўқнаштирмасликка ҳаракат қилинди. Сараланган саккиз жамоа – Аргентина, Бразилия, Германия, Италия, Нидерландия, Австрия, Чехословакия ва Венгрия биринчи босқичда бир-бирига рўбару қилинмади.

1930 йилги финалчи Аргентина ушбу чемпионатда илк ўйиндаёқ мағлуб бўлиб, мусобақани эрта тарк этди. Бразилия ҳам кутилган натижани кўрсата олмади.

1934 йилги жаҳон чемпионати спорт тадбиридан очиқ сиёсий мақсадларда фойдаланилган турнир сифатида тарихда қолди. Муссолини мусобақани фашизмни тарғиб қилиш воситасига айлантиришга интилган. 1930-йилларда Европа фашизм даврини бошдан кечирар, Италия эса ушбу тузумнинг асосий рамзларидан бири эди. Тинимсиз тарғибот орқали футбол миллат устунлигини намоён этувчи ватанпарварлик тимсоли сифатида илгари сурилди. Фашизмнинг футболчилар тайёргарлигига қай даражада таъсир кўрсатгани баҳсли бўлса-да, стадионлар қурилиши ва мухлислар оқимини таъминлашда муҳим ўрин тутгани шубҳасиз.

Муссолини бошқа сиёсий етакчилардан олдинроқ футболнинг оммага таъсир кучини англаган эди. 1920-йиллар охирида унинг режими Италия футбол федерациясини қайта ташкил этиб, асосий қарорлар устидан назоратни қўлга олди. 1929 йилда эса амалда ягона миллий чемпионат – А Серия шакллантирилди, чунки унгача Италияда алоҳида – шимолий ва жанубий чемпионатлар мавжуд эди. Муссолини Италиянинг жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишини ҳам, унда ғолиб чиқишини ҳам жуда қаттиқ истарди.

Сиёсий режим ютуқларини бутун дунёга намойиш этиш мақсадида хорижлик мухлислар Италияга фаол тарзда чорланди. Италия футбол федерацияси чет элликлар сафар харажатларининг 70 фоизини субсидия қилди, мезбон шаҳарлар ўртасидаги қатнов эса арзонлаштирилди. Турнир арафасида стадионлар фашистик рамзлар билан безатилди, қуръа ташлаш маросими эса ҳақиқий сиёсий шоуга айлантирилди. 

Муссолинининг ўзи ҳам футбол мухлиси бўлиб, уни халққа таъсир ўтказишнинг кучли воситаси деб билган. Айрим тарихчилар Муссолини томонидан мусобақага аралашув ва коррупция бўлганини таъкидласа-да, Италия томони ғалабани тўлиқ муносиб равишда қўлга киритганини уқтириб келади. Ўша Италия терма жамоаси мамлакат футбол тарихидаги энг кучли жамоалардан бири сифатида баҳоланади ва кейинчалик 1936 йилги Олимпия ўйинлари ҳамда 1938 йилги жаҳон чемпионатида ҳам ғалаба қозонган.

Муссолини очилиш учрашувига чипта сотиб олишни ҳам саҳналаштирилган томошага айлантирди, сўнг қирол оиласи ва олий мартабали меҳмонлар билан бирга фахрийлар ложаси – tribuna d’onoreдан жой олди. Шу орқали у ўзини "халқ орасидаги инсон" сифатида кўрсатишга, "Халқ кубоги" деб аталган турнирга оддий мухлис каби қизиқиш билдираётгандек таассурот уйғотишга интилган.

Англия матбуоти "яккалик" позициясини сақлаган ҳолда жаҳон чемпионатини ёритиш учун Италияга бирор ҳам мухбир юбормади. Оқибатда мусобақа умуман ёритилмади: газеталарда ҳатто ўйин ҳисоблари ҳам берилмади, кинохроника материаллари эса сотиб олинмади. Фашистик тарғибот таъсири асосан Италия ичида қолди, чунки чемпионатда иштирок этган Германия ва Францияда ҳам ёритиш жуда чекланган эди. Бу воқеаларни батафсил ёритган ягона мамлакат эса Испания бўлди.

Италия терма жамоаси мусобақанинг асосий фаворитларидан бири ҳисобланарди. Турнир мезбонлари АҚШни 7:1 ҳисобида ишончли тарзда мағлуб этди, "Болонья" ҳужумчиси Анджело Скьявионинг эса хет-трик қайд этди. Ушбу баҳс мусобақадаги энг сермаҳсул ўйин бўлиб қолди.

Учрашувдан сўнг The New York Times мухбири шундай ёзган эди: "Фақатгина АҚШ дарвозабони Жулиус Юлианнинг ажойиб ўйини италияликларга бундан ҳам кўпроқ гол уришга имкон бермади".

Италия ва Испания ўртасидаги чорак финал ўйини шиддати, шафқатсиз кураш, ҳакамликдаги баҳсли қарорлар ва эҳтимолий коррупция гумонлари билан тарихда қолган афсонавий баҳсга айланди. 

Учрашув давомида ҳар икки жамоа томонидан ҳам кўплаб қўпол ҳаракатлар кузатилди. Бир неча футболчи тиббиёт ходимлари замбили ёрдамида майдонни тарк этди, италиялик Марио Пицциоло эса оёғини синдириб олди ва шу сабабли "Адзурри" сафида бошқа ўйин ўтказа олмади. Баҳс 1:1 ҳисобида якунланди ва низомга мувофиқ дарҳол қайта ўйин тайинланди. 

Дуранг билан якунланган илк баҳсдан сўнг Испаниянинг афсонавий дарвозабони Рикардо Самора қарсаклар остида майдонни тарк этган. Маҳаллий мухлислар унинг маҳорат ва жасоратини юқори баҳолашди. Испаниялик дарвозабон охирги дақиқагча худди шердек жанг қилди, ўзини ҳам, рақибларини ҳам аямади. Италиялик футболчилар эса унга нисбатан ҳеч қандай илтифот кўрсатмади: Саморанинг бир кўзи шикастланган, икки қовурғаси синган, танаси кўкарганди. Шу сабабли у қайта ўйинда иштирок эта олмади.

Такрорий учрашувга Италия жисмоний курашга тайёр ҳолда чиқди. Испания эса захира дарвозабон билан ўйнашга ва фашистик режим раҳбарияти кўз ўнгида майдонга тушиш босимига дош беришга мажбур бўлди. Бу омиллар ўз таъсирини кўрсатди ва Италия навбатдаги қўпол ўйинда рақибини 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

Советларнинг "Физкультура и спорт" журнали эса ўша баҳслар ҳақида қуйидагича ёзган: "Ҳужумчи рақиб футболчиларни сафдан чиқаришдек 'шарафли' вазифа марказий ярим ҳимоячи зиммасига юкланади. Бунинг учун унда зарур жисмоний кўрсаткичлар ва камида бокс ҳамда дзюдо усуллари ҳақида ибтидоий тушунча бўлиши кифоя, футболчилик маҳорати эса иккинчи даражали аҳамият касб этади. Жисмоний қудрати ва характери учун 'Пампалар буқаси' деб ном олган Италия терма жамоасининг марказий ярим ҳимоячиси Монти тўртта ўйин давомида тўққиз нафар футболчини сафдан чиқаргани билан фахрланиши мумкин: уч испанияликни, тўрт австрияликни ва икки чехословакни".

Ярим финалда Европанинг энг кучли жамоаларидан бири саналган Австриянинг "Вундертим" жамоаси мағлуб этилди.

3-ўрин учун беллашувда Германия ва Австрия терма жамоалари майдонга бир хил либосда – оқ футболка ва қора шортикларда чиқиб келишди. Жамоаларни фақат кўкракдаги эмблемалар орқалигина фарқлаш мумкин эди, шу боис кўп ҳолларда нафақат Неаполда тўпланган томошабинлар, балки учрашув ҳаками Альбино Карраро ҳам ким кимга қарши ўйнаётганини англай олмади.

Ярим соатча сарсон бўлган ҳакам ўйинни тўхтатиб, қуръа ташлаш орқали қайси жамоа либосини алмаштиришини ҳал қилди. Қуръа немисларга тушди – уларда ёрқин қизил рангдаги захира форма бор эди. Бироқ стадионда бўлган маҳаллий "Наполи" клуби вакиллари австрияликларга ўзларининг осмонранг футболкаларини таклиф қилишди ва "вундертим" футболчилари бунга қарши чиқишмади. Аммо бегона ранглар австрияликларга омад келтирмади.

Финал куни Муссолинини ғазабга солган воқеа юз берди: Чехословакия расман Совет Иттифоқи билан иттифоқ тузганини эълон қилди. Коммунистик пакт фашизмга қарши қадам сифатида қабул қилиниб, қарама-қарши сиёсий ғояларнинг рамзий тўқнашуви, деб баҳоланди. Италияда кўплаб коммунистлар фашистик режим остида тазйиққа учраётгани сабабли, финал кўпчилик учун Коммунизм ва Фашизм ўртасидаги кураш тимсоли сифатида намоён бўлди.

Ниҳоят, финал куни етиб келди. "Дуче"нинг ўзи ва фашистик партиянинг барча юқори лавозимли амалдорлари стадионда ҳозир эди. Шунингдек, нацист Германияси ва коммунистик Чехословакия вакиллари ҳам учрашувни жойида кузатди. Германия бир кун олдин учинчи ўрин учун баҳсда ғалаба қозонган эди, финалдан сўнг эса Олимпиада маросимларини эслатувчи тантанада уч жамоани тақдирлаш режалаштирилган эди.

Финал олдидан Диктатор Бенито Муссолини Италия терма жамоаси олдига аниқ вазифа қўйган эди – фашистик Италиянинг бутун дунё олдида устунлигини намойиш этиш. Шу боис финалда мағлубиятга йўл қўйиб бўлмасди.

Ҳокимият футболчиларга ўйин учун "керакли" ҳакамни тайинлаш орқали ёрдам берди. Аввалига учрашувни испаниялик Эскартин бошқариши керак эди ва бу номзод ҳар икки жамоани ҳам қониқтирарди. Бироқ финал арафасида турнир дирекцияси ҳакам сифатида Иван Эклинд тайинланганини эълон қилди. У ярим финалда Австрияга қарши баҳсда Италияга мойиллик кўрсатган эди. Ёрдамчи ҳакамлардан бири бельгиялик Барт бўлиб, айнан унинг иштирокида "скуадра адзурра" Испанияга қарши илк ўйинда дурангни сақлаб қолганди.

10 июнь куни Рим шаҳрида тарихдаги иккинчи жаҳон чемпионатининг финали бўлиб ўтди. Мусобақа мезбони Италия терма жамоаси Чехословакияга қарши майдонга тушди. Учрашув 40 даражали жазирама иссиқда, томошабинлар билан лиммо-лим тўлган Миллий фашистик партия стадионида ўтказилди. Мазкур баҳс жаҳон чемпионатлари тарихида финал баҳси илк бор тўғридан-тўғри радио орқали эфирга узатилган ўйин бўлди.

Италияликлар яна тажоввузкор ўйин намойиш этишди. Биринчи таймда Пуч ва Крчил жароҳат олди. Учрашувнинг илк қисми тенг кураш остида кечди: майдон эгаларида бир неча яхши имконият бўлди, аммо Планичка ҳар икки ҳолатда ҳам Меаццанинг зарбаларини бартараф этди. Иккинчи таймда эса чехлар кўплаб вазиятларни бой беришди. Неедли ва Пуч зарба бериш имкониятига эга бўлди, аммо ҳар сафар Феррарис томонидан қўпол равишда тўхтатилди, ҳакам эса ҳуштагини чалмади. Пуч иккинчи бор тўхтатилганида жиддий жароҳат олди.

Ҳужумчи майдон четида мураббий Карел Петру томонидан тиббий ёрдам олди. Ўша пайтда нашатир спирти энг самарали восита ҳисобланарди. Нашатир ҳидини чуқур нафас олган Пуч майдонга қайтиб, икки дақиқа ўтиб ўткир бурчак узатмасидан сўнг ҳисобни очди.

Голдан сўнг италияликлар саросимага тушди, аммо чехлар бундан фойдалана олмади. Қисқа ва ўрта узатмаларга таянган техник ҳужумлар хавфли кечди: Соботка ва Свободанинг зарбаларидан кейин тўп икки бор устунга тегди, Неедли эса ўта қулай имкониятдан фойдалана олмади.

Вақт ўтиши билан майдон эгалари ўзига кела бошлади. Ўйин тугашига 9 дақиқа қолганда Раймундо Орси кескин зарба билан Планичка дарвозасининг "тўққизлиги"ни аниқ нишонга олди.

Финалда Италиянинг ғалаба голидан кўра, ҳисобни тенглаштирган лаҳзаси тарихда қолди. Қанот ҳужумчиси Орси дриблинг қилиб, чап оёғи билан зарба бераётгандек алдамчи ҳаракат қилди ва кутилмаганда ўнг оёғининг ташқи қисми билан тўпни тепди. Бу зарба ҳаммани, жумладан Чехословакия дарвозабони Франтишек Планичкани ҳам алдади ва тўп дарвоза тўридан жой олди.

Финални ёритган журналистлар бу голни омадли тасодиф деб баҳолашди. Орси эса бундан норози бўлиб, истаса бу зарбани яна такрорлай олишини айтди. Эртаси куни у фотографлар олдида шу зарбани қайта бажариш учун 20 марта уриниб кўрди, бироқ бирортасида муваффақият қозона олмади. Журналистлар эса ўз фикрида қолишди – бу гол тасодиф эди.

Қўшимча вақтда устунлик Италия томонида бўлди. Танаффусда Поццо аввал қўллаган ҳийлани такрорлаб, форвардлар Скьявио ва Гуайтанинг ўринларини алмаштирди. Бу рақибни чалғитиш учун қилинган эди ва ҳийла ўз самарасини берди. 95-дақиқада Скьявио ғалаба голини урди, шундан кейин чехлар ҳисобни тенглаштира олмади.

Ўйин натижасидан мамнун бўлган Муссолини олтин ҳайкалчани Италия терма жамоаси сардорига топширди. Жаҳон кубогидан ташқари, футболчилар диктатор томонидан махсус рағбатга ҳам сазовор бўлди: терма жамоа алоҳида кубок билан тақдирланди, ўйинчиларга эса мусобақа чўққисини забт этгани учун хотира медаллари ва "дуче"нинг автографи қўйилган суратлари совға қилинди. Шунингдек, давлат хазинасидан ўша давр учун жуда катта ҳисобланган мукофот пуллари ажратилди – ҳар бир ғолиб тахминан 17 минг долларга тенг сумма олди.

Италияда ажойиб ўйин кўрсатган Чехословакия терма жамоаси Прагада илиқ кутиб олинди: шаҳар кўчаларида минглаб мухлислар тўпланди. Футболчилар финалда намоён этган жасорати учун алоҳида мақтовга сазовор бўлишди, чунки турнир майдон эгалари ғалабаси учун уюштирилгани ҳақида деярли ҳеч кимда шубҳа қолмаган эди.

Финал учрашувидаги баҳсли ҳакамлиги учун Иван Эклинд журналистлар томонидан "Рим графи" деб аталди – у ўша ўйинда италияликлар дарвозасига камида икки аниқ пенальтини белгиламади. Турнир ташкилотчилари томонидан унга қандай босим ўтказилгани аниқ эмас, аммо финал бошланишидан олдин Эклинд "дуче" ложасида кўрилгани қайд этилган. Кейинчалик у бу ҳолатни "буюк инсон билан қўл бериб кўришишни истагандим", дея изоҳлаган.

Франциянинг L’Auto газетаси (кейинчалик L’Equipe’га айланган) швейцариялик ҳакам ҳақида "у бутун учрашув давомида Италиянинг 12-ўйинчисидек ҳаракат қилди", деб ёзди. Ушбу баҳсдан сўнг ҳакам ҳам FIFA, ҳам Швейцария футбол ассоциацияси томонидан умрбод дисквалификация қилинди.

Ўша финал учрашувининг охирги тирик иштирокчиси Чехословакия терма жамоаси дарвозабони Франтишек Планичка эди. У 1996 йил 20 июль куни 92 ёшида вафот этган.

Италия терма жамоаси бош мураббийи Витторио Поццо мусобақа давомида "Методо" деб аталган тактик схемани қўллади. Бу тизим ҳимоя ва ҳужум ўртасида мувозанат яратиб, Европа футболининг кейинги ўн йиллик ривожига кучли таъсир кўрсатди. Айнан шу турнирдан сўнг жисмоний тайёргарлик, прессинг ва позицион ўйин тушунчалари алоҳида аҳамият касб эта бошлади.

Италия асосан мустаҳкамлик, эҳтиёткорлик ва жисмоний кучга таянар, рақибни тўлиқ устунлик билан енгишдан кўра, ҳужумда айрим футболчиларнинг якка маҳоратидан унумли фойдаланишни мақсад қиларди. Айнан шу ёндашув кейинги Италия терма жамоалари учун ҳам йўл-йўриқ вазифасини ўтади.

Витторио Поццо Биринчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳам эди. У жорий этган "методо" тактикаси ҳужум билан ҳимояни уйғунлаштириб, замонавий футболга сезиларли таъсир кўрсатди – буни айрим жиҳатларда Пеп Гвардиола қўллаётган схемаларда ҳам кўриш мумкин.

Биринчи жаҳон уруши қатнашчиси Поццо журналистлар билан суҳбатда "Услубимни кўришиб, мени жиннига чиқаришганди", дея хотирлаган. Ўйинлар бошланишидан бир неча ҳафта олдин туринлик мураббий Римдаги қоронғу кафега кириб, Аттилио Феррарисни топади. Қаттиқ курашувчи ярим ҳимоячи 18 ойдан бери терма жамоада ўйнамаган, 1934 йил март ойида интизомий сабаблар билан "Рома"дан ҳайдалгач, алкоголизм ва қиморга берилиб кетган эди.

"Дарҳол сигаретангни, ичимликни ва биллиард таёғини ташла, мен билан юр – шунда сенда жаҳон чемпионатида ўйнаш имконияти бўлади", – деди Поццо унга қатъий оҳангда.

Ҳайратланарлиси, маст ҳолатига қарамай, Феррарис Поццога эргашиб, Италиянинг жаҳон чемпионати олдидан ўтказилган тайёргарлик йиғини учун Лаго-Мажорега боради. Поццонинг таъкидлашича, у йиғиндаги футболчилар орасида энг юқори яхши жисмоний ҳолатда бўлган.

Марказий ярим ҳимоячи Монти 1930 йилги жаҳон чемпионати финалида Аргентина терма жамоаси сафида ҳам майдонга тушган эди. Уругвайдаги чиқишидан сўнг италия фуқаролигини олгач, "Ювентус"га таклиф этилди ва шу тариқа Поццо ундан терма жамоада фойдаланишга қизиқиб қолди. FIFA ўшанда футболчиларнинг мамлакатлар ўртасида алмашинишини чекламаган давр эди, шунинг учун Монти ҳозиргача икки хил терма жамоа сафида жаҳон чемпионати финалида ўйнаган ягона футболчи бўлиб қолмоқда.

Финалда Италия асосий таркибида ўйнаган яна икки футболчи ҳам аслида аргентиналик эди, бироқ уларнинг илдизлари Италияга бориб тақаларди. Чап қанот ҳужумчиси Раймундо Орси Аргентина терма жамоасида 12 ўйин ўтказган, "Ювентус"га ўтганидан кейин эса Италияни танлаган. Ўнг қанот вингери Энрике Гуайта ҳам "Рома"га қўшилгач, Италия шарафини ҳимоя қилишни маъқул кўрган, унгача Аргентина сафида тўрт бор майдонга тушган.

Аргентина эса Италия клублари томонидан футболчиларининг "ўғирлаб кетилиши"дан хавотир олиб, 1934 йилги жаҳон чемпионатига асосан заҳира таркибни юборди. Тўрт йил аввал финалга чиққан жамоадан бу сафар ҳеч ким иштирок этмади, Монти бундан истисно эди.

Миланда одатда "Сан-Сиро" номидаги стадион аслида "Жузеппе Меацца" деб аталади. Иншоот Италия терма жамоасининг ўша турнирдаги асосий юлдузи, "Интер" (қисқа муддат "Милан") ҳужумчиси Жузеппе Меацца шарафига номланган. Дастлаб ҳимоячи бўлган Меацца кейинчалик марказий ҳужумчига, сўнг марказий форвардга айлантирилган. У Италия футбол тарихида энг сермаҳсул ўйинчилардан бири бўлиши билан бирга, дриблинг ва ўйин қуришда ҳам жуда юқори савия намоён этган.

Меацца турнирдаги барча беш ўйинда майдонга тушган беш футболчидан бири бўлиб, АҚШга қарши 7:1 ҳисобидаги ғалабада еттинчи голни урган, шунингдек, Испанияга қарши чорак финалнинг қайта ўйинида ҳал қилувчи гол муаллифи бўлган.

Табиий истеъдод соҳиби Меацца машғулотлар ва ҳимоявий ўйинга унчалик қизиқмас, сигаретани хуш кўрарди. Италия футболининг илк ҳақиқий суперюлдузи сифатида танилган форвард соч турмаги билан ҳам машҳур бўлган. Ўша йилларда у реклама роликларида тез-тез иштирок этган, фаолиятини якунлагандан сўнг қисқа муддат кино актёри сифатида ҳам кўриниш бериб, кейинчалик мураббийлик фаолиятини бошлаган.

1934 йилги жаҳон чемпионатининг энг сермаҳсул футболчиси чехиялик Олдржих Неедли бўлди. У тўртта ўйинда бешта гол урди – Италияда ўтган қисқа форматдаги мундиаль учун бу жуда салмоқли натижа эди.

Узоқ йиллар давомида Неедли тўпурарлик унвонини италиялик Анжело Скьявио ва немис футболчиси Эдмунд Конен билан бўлишиб келган. Футбол статистиклари ҳар бири ҳисобида тўрттадан гол бор, деб келтиришган. Аммо 2006 йилда ўтказилган қайта текширувдан сўнг Германия дарвозасига урилган яна бир гол Неедли ҳисобига қўшилди ва унинг голлари сони бештага етди.

1934 йилги жаҳон чемпионати финалидан тўрт кун ўтиб рамзий якун топди. Венецияда тарихий учрашув бўлиб ўтди – Адольф Гитлер ва Бенито Муссолини илк бор юзма-юз келди. Айнан шу учрашув Қитъавий Европада кучлар мувозанатини белгилаб берган ва кейинчалик Иккинчи жаҳон урушига йўл кўрсатган иттифоқ шаклланишининг бошланиши сифатида баҳоланади.

Рамзий терма жамоа

Рикардо Самора (Испания) – Хасинто Кинкосес (Испания), Эральдо Мондзелло (Италия) – Луис Монти (Италия), Аттилио Феррарис (Италия), Леонардо Силауррен (Испания) – Жузеппе Меацца (Италия), Раймундо Орси (Италия), Энрике Гуайта (Италия), Маттиас Синделар (Австрия), Олдржих Неедли (Чехословакия).

Мундиал тарихи. Футболчи сувга тушиб кетган, майдон четидаги полиция голли узатма берган ҳамда мураббийлар ҳакамлик қилган илк жаҳон чемпионатини ёдга оламиз


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Rating:    

Comments

   
19 dec 09:03:56
Odilbek Abdushukurov
Exxe, bu jahon chempionati xuddi mahallalar aro chempionatga o‘xshagan ekan. Lekin, qiziqarli.
   
19 dec 07:38:51
Феномен
Эх у даврлар жуда ажоиб бўлган бўлса керак кемада европага 13 Кунда етиб келсая хозир бир кунда самалётда бутун дунёни айланиб чиқса бўлади
championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика