Latest news

00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  5 23:56"Сельта" — "Барселона". Таркиблар маълум  2 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  8 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 21:10"Милан" — "Ювентус". Таркиблар маълум  9 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  2 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  7 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  1 19:27Илёс Зейтуллаев: "Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди"  4

Миржалол Қосимов - Трансфер нархи, "4-рақам", энг катта маошини қаерда олгани ва ҳеч қаерда ошкор қилинмаган ҳақиқатлар (тўлиқ интервью) News

Миржалол Қосимов - Трансфер нархи, "4-рақам", энг катта маошини қаерда олгани ва ҳеч қаерда ошкор қилинмаган ҳақиқатлар (тўлиқ интервью)

Ўзбек футболи афсонаси, Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ва "Бунёдкор" бош мураббийи Миржалол Қосимовнинг сайтимизга берган эксклюзив интервьюсини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Миржалол Қосимов ҳақида қисқача маълумот:

Туғилган санаси: 1970 йил, 17 сентябрь
Туғилган жойи: Ўзбекистон, Тошкент шаҳри
Бўйи: 174 см
Позицияси: ярим ҳимоячи
Ўйнаган жамоалари: "СК ФММ Москва" (1986), "Пахтакор" (1987), "Динамо Минск" (1988), "Пахтакор" (1988-1991), "Спартак Владикавказ" (1992), "Пахтакор" (1993), "Алания" (1994-1996), "Пахтакор" (1997-1998), "Алания" (1999), "Пахтакор" (1999), "Крилья Советов" (2000-2001), "Ал Шабаб" (2001-2002), "Пахтакор" (2002-2003), "Алания" (2003-2004), "Машъал" (2005).
Терма жамоадаги фаолияти: Ўзбекистон (1992-2005)
Мураббийлик фаолияти: Ўзбекистон олимпия терма жамоаси (2006-2007), Ўзбекистон терма жамоаси (2008-2010, 2012-2015), "Бунёдкор" (2007-2014, 2017-...)

Хуш келибсиз, сизни "championat.asia" сайти меҳмони бўлиб турганингиздан хурсандмиз. Аввало кўпчилик футбол иҳлосмандларини қизиқтирадиган савол билан мурожаат қилмоқчиман: Футболга меҳр қўйиш қачондан ва қандай бошланган?
- Аввало таклиф учун раҳмат! Ишларизга ривож тилайман. Чунки кўп минглаб футбол мухлислари сизларни портални кузатиб боришади ва ўзлари учун керакли маълумотларни олишади. Шу боисдан ҳам машаққатли ишларингизда ривож ва омад тилайман!
Ўзимга келадиган бўлсам, ҳар бир болакайга ўхшаб маҳаллада оёқяланг, бир футболкада тўп тепиб юрганмиз. Айнан ўша пайтдаёқ футболга қизиқиш пайдо бўлган. Бизларни ёшлик давримизда ланка, чилле, лапта ва шунга ўхшаш ўйинлар ўйнардик. Ҳозирги футболчиларнинг аксарияти бу ўйинларни билишмайди. Ўша пайтда юртимизда фақат "Пахтакор" жамоаси бор эди. Барчамиз бирдек ушбу жамоага мухлислик қилардик. Ҳар бир болакай ёшлигида айнан "Пахтакор" либосида футбол ўйнашни орзу қилган. Футболга қизиқишим ва муҳаббатимни пайқаган отам 10 ёшимда, аниқроғи 1980 йил, 5 январь куни Қорақамишдаги Чиғатой футбол мактабига олиб борганлар. Айнан ўша кундан футболдаги илк қадамим бошланган.

- Миржалол Қосимовнинг футболчилик фаолиятини олтин даврга қиёсласа бўлади. Албатта футболчи сифатида юксак даражага чиқишда катта меҳнат ва қийинчиликларни енгиб ўтгансиз. Футболга қадам қўйишдан аввал юлдузлик даражасига қадар етишаман деб ўйлаганмисиз?
- Тўғриси, бундай ҳаёл ҳам бўлмаган. Ёшликда ҳар бир инсонда бўлгани каби футболга муҳаббат уйғонган. Мендаги қизиқиш йиллар ўтган сайин кучайиб борган ва бу профессионал даражага чиққан. Поғонама-поғонама футболчи сифатида проефссионал шартнома имзолаганимдан кейин футболга нафақат ўйин, балки касбим сифатида қараганман. Болаликда футбол ҳақида бошқача фикр бўлади, 10 ёшда бошқача, 15 ёшда бошқача ва кейинчалик бу ўз-ўзидан ишга профессионал ёндошувга ўтган. Бу даражага чиқишимга аввало футболга бўлган қизиқишим, меҳрим ҳақиқий муҳаббатга айлангани ҳам катта роль ўйнаган.

- Футболчилик фаолиятингизда "Пахтакор", "Алания", "Крилья Советов", "Ал Шабаб" ва "Машъал" жамоаларида тўп тепгансиз. Ҳар бир ўйнаган жамоангизни айнан нималари билан ёдда қолган. Қандай таъриф бера оласизми?
- Ёшлигимда маҳаллада тўп тепиб юрган пайтимда футбол ҳақидаги тасаввурим бошқача бўлган. Чиғатойдаги футбол мактабига борганимда эса тасаввурим кенгайган. У ердаги муҳит мен ўйлаганимдан ҳам фарқ қилган. Футболга бўлган қарашларим айнан шу пайтдан ўзгаришни бошлаган. Маҳаллада масалан барча истаган жойида ўйнаган ва тўпни хоҳлаганича тепиб юрган. Ютқазаётганда ҳимоячими, дарвозабонми истаса олдинга ўтиб кетаверарди. Бу ерда эса ҳаммада ўз иши, ўз функцияси бўлишини тушуниб етганман. Айнан мактабдаги илк таассуротим бу футболда тизим бўлишини англаганман. Нима демоқчиман, нафақат ҳар бир клубни, балки футболдаги ҳар бир янги қадам ўзига хос хотиралар билан ёдда қолган.

Футболда ҳамма нарсага зинама-зина, яъни поғона бўйича эришилади. Мана шу нарсалар ҳам ёдда қолган. Аста-секинлик билан футболчи сифатида Ўзбекистон ўсмирлар, ёшлар терма жамоасида ўйнаганман. Ўша пайтларида "Надежда", "Юность" деган мусобақалар бўларди. Айнан шунақа турнирлар орқали Ўзбекистондаги энг яхшиларни мураббийлар саралаб олишарди. Шахсан ўзим "Юность" мусобақасида Воронежга борганман. Раҳматли Мақсад ака Шарипов мени ўша турнирга олиб борганлар. Ўзимдан бир ёш катталар билан ўйнаганман ва кейинчалик "Надежда"да мусобақасида ҳам ўйнаганман.

Шундан сўнг мени Собиқ Иттифоқ терма жамоасига олишган. Под карандаш дейишарди, ҳозирги кунда терма жамоага номзод футболчилар деб айтилади. Шу турнирлар орқали Собиқ Иттифоқ ёшлар терма жамоасидан таклиф олганман. АЛександр Михайлович ўшанда мени терма жамоага таклиф этгандилар. Кейин эса Европа чемпионатига тайёргарлик кўрганмиз. Шу орада терма жамоага келиб-кетиб йиғинларда, ўртоқлик ўйинлари ва халқаро мусобақаларда иштирок этганман. Францияда ўтган Европа чемпионатининг ярим финалида французларни ютиб, финалда "Парк Де Пренс" стадионида Италияга ютқазиб қўйганмиз. Ўша йили ёздаёқ Канада Жаҳон чемпионати бўлиб ўтган. Нигерияни финалда мағлуб этиб Жаҳон чемпионлигини қўлга киритганмиз. Футболчилик давримдаги илк эсда қолган ёрқин ва ёқимли хотиралар айнан шулар. Ўшанда Москва спорт мактабида ўқирдим. Тошкентга келгач эса мени алоҳида тақдирлашгани ёдимда қолган. Шундан сўнг айнан 1987 йили "Пахтакор" жамоасига қўшилганман. 1992 йилда эса Аланияга кетганман. Бу ҳам бошқа давр. Мен янада мустақил бўлганман ва бу менга янада ўсишимга катта ёрдам берган.

- Ўша пайтда “Пахтакор”дан “Алания”га трансфер бўлгансиз. Трансфер баҳоси қанчани ташкил этганини ошкор қила оласизми? Чунки биламиз “Пахтакор”дан кетишдан олдин клуб ғазнасига яхшигина пул қолдириб кетгансиз...
- Аниқ эсимда. Таклиф келган пайтда мени “Пахтакор” билан шартномам муддати тугаган бўлган. Аммо клубнинг ўша пайтдаги молиявий ҳолати ёмонлашгани туфайли, мен янги шартномага имзо чекканман ва “Алания” мени трансферимни 150 минг АҚШ долларига сотиб олишга мажбур бўлганди. Ўшанда “Пахтакор”да футболчилар 6 ойлаб маош ҳам олмаганмиз. Бу бекитадиган нарса эмас. Шунингдек, мен бу гапларни мақтаниш учун ҳам айтмаяпман. Шунчаки ўша пайтдаги ҳолат ва шароитдан келиб чиқиб жамоага сал бўлсада нафим тегишини истаганман. Агарда ҳозирги кунга таққослайдиган бўлсак, ўша пайтдаги 150 минг АҚШ доллари 1,5-2 миллион доллар бўлиши мумкин. Чунки ўша пайтда 1-2 хонали уйлар, менимча, 500-700 доллар турарди. Ундан ташқари “Пахтакор”га икки комплект тўлиқ янги ўйин либосларини олиб келганман.

- Миржалол Қосимовнинг профессионал фаолиятида катта кўмакчи бўлган мураббийларни санаб ўта оласизми?
- Ҳеч кимни ажратиб ўтирмайман. Чунки ҳар бир мураббийнинг менга нафи теккан. Мактабда ўқиб юрган пайтимдаги жисмоний тарбия ўқитувчиларининг ҳам менга кўп фойдаси теккан. Шунингдек, футболдаги биринчи мураббийим Юрий Михайлович Гаспадарчукнинг хизматлари катта бўлган. Профессионал футболчилик фаолиятимдаги ҳар бир мураббийнинг мени ўсишимда ўз ҳиссаси бор. Уларнинг ҳар биридан ниманидир олганман ва узлаштирганман. Ҳаммасини ҳурмат қиламан ва шу боисдан ҳам ҳеч кимни ажратиб кўрсатмайман.

- Миржалол Қосимовнинг футболчилик фаолияти катта бир саҳифа. Умуман ютган совринларни, эсдалик совғалари ва футболкаларни сақлайдиган музей борми?
- Катта бўлмасада алоҳида бир хонанини айнан эсдалик совғалари ва совринларни сақлаш учун ажратганман. Аста-секинлик билан бу музейни катталаштириш режаси бор. Расмлар, формалар, коптоклар, совринлар бор албатта. 1994 йили Ҳиросимада қўлга киритилган чемпионлик либоси ҳам турибди. Бу вақти келиб мендан кейин авлодимга ноёб нарсалар сифатида қолади.

- Хайрлашув учрашувингизда Тошкентга бир қатор футбол юлдузлари, таниқли мутахассислар келишганди. Хусусан Сергей Семак ўша ўйиндан кейин ўз блогпостида Ўзбекистонга ажойиб таъриф берганди. Ҳозир ҳам Семак билан дўстона алоқани сақлаб турибсизми?
- Ҳа, Семак Ўзбекистонга ташриф буюришни тавсия қилиб пост қолдирганини ўқиганман. Айтадику, Ўзбекистоннинг нонини еган маккадан ҳам қайтади.  Бизнинг ҳавоимиз, еримиз, менталитетимиз бошқа. Хушмуомулалигимиз ҳам ҳар қандай меҳмонга илиқ таассурот қолдиради. Ўзбекларнинг меҳмондўстлигини кўриб Семак ҳам ҳақиқатни ёзган. Тўғриси, Сергей Семак билан гаплашмаганимга анча бўлди. Телефоним алмашганидан кейин кўплаб рақамлар йўқолганди. Ҳозир эски дўстлар орқали салом йўллаб турамиз.

- Кўплаб муҳим ва чиройли голларга муаллифлик қилгансиз. Аммо футболчилик фаолиятингизга назар ташлаганизда биринчи бўлиб ёдизга келадиган қадрли гол қайси?
- Ҳар биттаси. Сабаби, биз доим мухлислар учун ўйнаймиз. Ҳозирги кунда кўл остимдаги футболчиларга ҳам шуни кўп таъкидлайман, энг муҳими гол уриш. Чунки ишқибозлар стадионга аввало гол кўриш учун келишади. Жамоа учун муҳим голларни уриш доимо ёқимли бўлади.

- Футболчилик билан мураббийликни ўртасидаги фарқ нималардан иборат?
- Футболчи аввало ўзи учун жавобгар. Мураббий эса бутун жамоага жавобгар. Фарқ ер билан осмонча. Чақалоқ дунёга келгач тезда югуриб кетмайдику, тўғрими? Аввал эмаклайди, кейин секин юришни бошлайди. Йиқилиб, туртилиб юришни ўрганади ва шу рўсинда аста-секинлик билан оёққа туради. Ҳаёт ҳам, футбол ҳам ва мураббийлик соҳаси ҳам шундай. Ютуқ бор жойда мағлубият ҳам бўлади. Муҳими, йиқилганда ўрнингдан туриб ишлашда давом этиш лозим. Изланишдан тўхтамаслик зарур. Малака эса вақт орқали келади. Масалан футболчи ҳам фақат машғулот қилиб юраверса ўсишга эришмайди. Мураббий ҳам ўйинлар орқали ўз хатоларини кўради ва буни устида ишлайди. Футболчини танлаш ҳам ўзига яраша маҳорат. Чизиқлар ўртасидаги боғламни топиш санъат. Футболда тандем деган тушунча бор. Мураббий ўша бир-бирини ўзаро яхши тушунадиган футболчиларни топа билиши лозим. Ҳозир футболда ҳамма уста. Футболчилар ҳам, мухлислар ҳам, журналистлар ҳам. Лекин майдонда бўладиган ҳолат ва воқеалар умуман бошқа. У ерда қандайдир сониялар барча масалани ҳал этиши мумкин. Футболда футболчи бир-бирини яхши кўриб қолиши мумкин. Бу ерда бошқа маънода айтилмоқда. Яъни кўзига қараб шериги қаерга ҳаракатланишини ва қандай тўп узатмани амалга оширишини пайқайдиган футболчилар бўлади. Масалан менда бу нарса Шквирин билан бўлган. Биз бир-биримизни сўзсиз тушунардик. Мен уни қаерга қараб очилишини олдиндан билардим, у эса мени қаерга тўп узатишимни сезарди. Мана шу барча жиҳатларни мураббий ўз жамоасида топиши керак.

- Футболчилик пайтингизда кумирингиз ким бўлган?
- “Динамо Киев”даги Буряк, Марадона, Зидан ўша пайтда менга ёқарди. Ҳозирги кунда Месси ёқади. Роналду ҳам яхши таассурот қолдиради. Лекин футбол аввало жамоавий ўйин. Менга кўпроқ “Тоттенхэм”да йўлга қўйилган ўйин услуби кўпроқ маъқул. Масалан шу каби жамоавий ҳаракатларга қурилган ўйинга қараб кўп нарсани олса бўлади.

- Қосимовнинг жарима зарбалари, бурчак тўпларини амалга ошириш маҳорати туғма истеъдодми ёки машғулотлардаги меҳнатлари самарасими?
- Аввало Худо тарафдан берилган истеъдод. Аммо буни янада такомиллаштириб, машғулотлар орқали ишлов берилмаса бўлмайди.

- 4-рақам бу тасодифан танланганми ёки қандайдир воқеага боғлаб олинганми?
- Тасодифан танланган ва кейинчалик қадрли рақамга айланиб қолган. Бошқа рақамларда ҳам ўйнаганман. 13-рақамда ўйнаганимда ўртасига плюс қўйиб қўярдим. Кейинчалик барча рақамлар 4 билан боғлиқ бўлиб қолди. Машинам, телефон рақамим, тўртта фарзандли бўлдим ва ҳоказо. Лекин шуниси аниқки, гап рақамда эмас.

- Ҳозирги кунда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган мутахассислар ичидан учта ёрқин мураббийни ажратиб санаб беринг...
- Айнан учтами? Рўзиқул Бердиев, Улуғбек Бақоев ва Илҳом Мўминжонов.

- Мураббий сифатида бир қатор муҳим ва қийин беллашувларда ғалабага эришгансиз. Ўшалар ичидан энг таъми ширини ғалаба қайси бўлган?
- Аввало ҳар бир ўйинга фақат ютуқ учун чиқаман. Ғалаба қозонган ўйинларимнинг ҳар биттаси хурсандчилик бағишлаган. Тана бошқа дард билмас, дейдику. Мағлубиятга учраган мураббийларни ҳам бошдан кечираётган ҳиссиётларини тушунаман. Чунки ўз пайтида мен ҳам уларни ҳолатида бўлганман. Ҳар бир ғалаба ўзига яраша ширин бўлган. Ўша Эрондаги қийин ўтган учрашувдаги ғалаба, Япония билан бўлган дуранг. Ёки ютқазиб қўйган ўйинларим ҳам менга кейинчалик ўзимни хатоларимни кўриб олиш орқали фойдаси теккан. Қаерда хато қилингани, нималарга кўпроқ эътибор бериш кераклиги, қайси тактика бўйича кўпроқ ишлаш лозимлиги тушуниб олишингда мағлубиятлар ҳам ёрдам беради. Ютуқ учун аввало омад керак. Бусиз иложи йўқ. Тўғри, ўйинга жиддий тайёргарлик, тўғри тактика танлаш, рақибнинг ожиз нуқтасини топиш, керакли ўзгаришни вақтида қила олиш. Буни пайқаш керак. Яққол мисол яқиндагина Равшан Ҳайдаров биргина ўзгариш орқали финалда барча масалани ҳал этди. Сидоров биргина тўпга тегиш орқали чемпионлик масаласини ҳал этди. Бу аввало мураббийнинг топқирлиги. Муҳими, омад ўша пайт бизга кулиб боққани. Омадсиз ҳеч бир ютуққа эришиб бўлмайди. Лекин ўша омадга ҳам муносиб бўлмоқ лозим.

- Кўплаб мураббийлар айбни ўзидан қидирмайдида, баҳона излайди ёки бошқа сабабларни келтиради. Сизда эса умуман тескари ҳолат. Қосимов доим футболчиларни ҳимоя қилади ва керак бўлса ҳамма масъулият билан биргаликда айбни ўз бўйнига олади. Иорданияга қарши учрашувдан кейин истеъфо бергансиз. Аммо ЎФФ ўшанда сизни бу истеъфоингизни қабул қилмаган. Қолган мураббийлар эса ишни эплай олмаса истеъфо бермай, уни ҳайдаб юборишмагунча кетишни ҳаёлига келтирмайди. Иордания билан учрашувдан кейинги истеъфо борасида қисқача изоҳ бера оласизми?
- Ўшанда ютишимизни Худо хоҳламадида. Ўшанда рақибни ҳужумлар билан рақибни катта босим остида қолдираётганимизда стадионда чироқ ўчиб қолганди. Демак Худо ютишимизни хоҳламаган. Мен шундай деб ўйлайман. Тўғри, қаердадир хато қилганмиз. Ишламаган одам хато қилмайди. Ўшанда чироқнинг ўчиб қолиши ҳам бизга панд берган. Ҳар бир мағлубиятга мураббий айбдор бўлади. Шу боисдан ҳам истеъфо берганман. Чунки МТЖ мени шахсий ҳудудим эмас. Балки бошқа мураббий келганида вазият яхши тарафга ўзгарадими деб истеъфо бергандим. Менга терма жамоани ишониб топширишганида ишладим. Мен эртага нима бўлишини билганимда, ўзбекларда бир гап борку: “Йиқилишимни билганимда кўрпача ёзиб олардим”. Ўша давр асабий пайт бўлган. Шуни айтишим мумкинки, ўша нарсалар мени янада кучли қилди.

- Маълум муддат жуда қаттиқ танқидлар ёмғири остида қолдингиз. Футбол доирасидаги мутахассислар ёки журналистлар эмас, асосан футбол ташқаридаги танқидлар кўпроқ босим юклаб, сизни иш фаолиятингизга таъсир ўтказиб қўймадими?
- Мен ҳам иссиқ жонман. Юрагим уриб туради, мен ҳам ўзига яраша асабийлашаман. Бусиз иложи йўқ. Лекин ўша вазиятдан тез чиқаман. Бир хал пайт ноҳақлик бўлса қаттиқроқ гапириб юборишим мумкин. Сув ҳам томчилаб-томчилаб тошни ҳам тешадику. Нима биз хоҳламаганмизми Жаҳон чемпионатига чиқишни? Футболчилик пайтимда ҳам, мураббийлик давримда ҳаракат қилганман. Баъзида бетоб ҳолда ҳам ЖЧга чиқиш йўлида ишлаганмиз, ҳаракат қилганмиз. Ўша пайтда билинмаган бўлсада, ҳозир буни таъсир бўлиши мумкин. Биринчи навбатда инсонга керак бўладиган - соғлиқ. Шу боисдан ҳам футболчиларга бетоб бўлса ёки жароҳати безовта қилса менга маълум қилишини айтаман. Чунки жароҳат билан футбол ўйнамаслик керак. Мен учун футболчиларнинг соғлиғи биринчи ўринда туради.

Тўғри, ўша пайт ҳар хил вазият бўлган. Ёш болалар гапирган ёки ва ҳоказо. Ўшанда истеъфо сўраганимдан кейин кимгадир қаттиқ гапирганман ва кейинчалик ўша инсондан узр ҳам сўраганман. Бу ҳаётда бўладиган ҳолат. Бундан уялиш керак эмас. Тан олиш керак ва мард бўлиш керак. Кечирим сўраганим билан мени бирор жойим камайиб қолмайди. Мен шундай нарсалардан тепароқда туришни афзал биламан. Кимнидир билмасдан кўнглигини ранжитиб қўйган бўлсам, Худодан кечирим сўрайман. Бир яхши гап билан инсонни кўнглигини олиш мумкин, ёки аксинча.

-КХДРдан учралган мағлубиятдан кейин истеъфога чиқдингиз ва шундан сўнг деярли 2,5 йил матбуотдан бутунлай узоқлашдингиз. Ўша даврларда Миржалол Қосимов нималар билан машғул бўлди?
- Уҳҳҳ... Олий ишлар билан дейдику. Оилам, уй, иш ва ҳоказо. Уёққа бордим, буёққа бордим. Дўстларим кўплаб жойларга таклиф этишди. Ҳордиқ чиқардим. Футболдан анча узоқ бўлдим ҳақиқатдан ҳам. Асосан оилам ва шахсий ишларим билан машғул бўлдим. Инсон тикланиши керакку. Ўша давр мобайнида чала-ярим ўлган асаб толаларини тиклаб олдим.

- Маълум танаффусдан кейин яна ишга қайтдингиз. Айни пайтда мураббий сифатида ўсишга эришганингизни кўпчилик таъкидламоқда. Айнан қайси камчилик ва қандай жиҳатлар устида хатоларингизни тўғриладингиз?
-Камчилик ва хатоларим ўзимда қолгани маъқул. Ўтган давр мобайнида ҳар томонлама 3 ёшга улғайдим. Мураббий сифатида баъзи жиҳатларимга тузатиш киритдим. Хатоларим устида ишладим. Керакли жойларни шакллантирдим.

- “Бунёдкор”ни кўплаб етакчилар тарк этишди. Шомуродов, Шукуровдан ташқари мавсум старти олдидан кутилмаганда иккала қанот вингерлари Ҳамдамов ва Гадоев ҳам жамоадан кетишди. Сиз эса табиийки қанотларда уларга ишонаётгандингиз. Аммо кўплаб йўқотиш ҳамда қийинчиликларга қарамасдан жамоанинг ўйини ва қайд этаётган натижаси пасаймаяпти...
- Ҳар доим таъкидлайдиган гапим: қийинчиликларсиз роҳат бўлмайди. Аввало қўл остимдаги футболчиларга қойил қолиш керак. Улар мен талаб қилаётган нарсаларни бажаришмоқда. Футболчилар ўйин давомида йўл қўйиладиган хатоларни ўз вақтида бартараф этишмоқда. Яхши сифатларни сақлаб қолиб, уни янада сайқаллаштириб давом эттириш кераклигини яхши тушуниб туришибди. Футболчиларга нафақат жисмоний машғулотларда, балки назарий машғулотларда ҳам имкон қадар етарлича тушунтиряпмиз. Ўйинларни таҳлил қилиш жараёнида уларга қаерда қандай ва нима қилиш кераклигини ўқтирамиз. Керак пайтда футболчиларни бошини силаймиз ёки танбеҳ берамиз. Шу боисдан кетган футболчиларга қарамасдан жамоам мен истаган футболни намойиш этмоқда. Яъни жамоам асосан тўп билан муомула қилиб футбол ўйнамоқда. Жисмоний жиҳат ҳам футболда жуда муҳим ўрин касб этади. Чунки футболни юриб, ҳаракатсиз ўйнашнинг имкони йўқ. Шунингдек, футболчилар тактик кўрсатмаларни ҳам яхши бажаришаётганини ҳам алоҳида айтишим мумкин. Футбол - жамоавий ўйин. Шу боисдан ҳам футболни ҳеч қачон ўзи учун ўйнамаслик керак. Энг ёмон кўрганим – футболчи ўзи учун ўйнаши. Барча майдонда бир-бирини ўрнини тўлдириши лозим. Ҳимоячи керак пайтда ҳужумда ёрдамлаши керак ёки аксинча, ҳужумчи вақтида ҳимояда пайдо бўлмоғи лозим. Муҳими, футболчилар майдонда бир жамоа бўлиб ҳаракатанаётганини тушуниб ўйнашлари керак. Футболчи хато қилишдан қўрқмаслиги лозим. Манаман деган футболчилар ҳам хато қилади. Футболни хатосиз ўйнаб бўлмайди. Қийин шароитда ишлашдан роҳатланаман.

- Миржамол Қосимовга отасининг қўл остида ўйнаётгани қўшимча босим юкламаяптими?
- Албатта жуда катта босим юклайди. Ҳар хил гап-сўзлар. Бу нарсалар Миржамолга босим юклайди, ҳа. Лекин менга ҳеч қандай босим юкламайди. Миржамолга икки ёки уч баробар қийин. Нимага? Чунки ишхонада ҳам мураббий, уйда ҳам мураббий назоратида бўлади. Миржамол аста-секинлик билан футболчи сифатида яхши ўсиб бормоқда. Бироз тажриба тўплаганидан кейин ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Ҳамма нарса ўзига боғлиқ. Муҳими, ҳаракат ва меҳнат қилиш лозим. Лекин қўшимча босим остида ўйнаётгани ҳақиқат.

- Миржалол Қосимов Суперлигада “Бунёдкор”дан бошқа жамоаларда ишлаши мумкинми?
- Оғир пайтда жамоани ташлаб кетиш мени қоидаларимга зид.

- Умуман кейинчалик таклифлар бўлсачи...?
- Кейинчалик бўлса, ҳа мумкин. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Мураббийлик мени касбим, мен қиладиган иш. Таклифлар бўлса ўйлаб кўраман.

- Ўртада сизга Қозоғистон ва бошқа чемпионатлардан таклифлар бўлгани айтилганди. Шу хусусида нима дея оласиз?
- Бу гапларга анча бўлди. 2012 йилда Россиянинг “Крилья Советов” жамоасидан ҳам қизиқиш бўлганди. Бу қанчалик жиддий таклиф бўлган ёки йўқ, ҳозир аниқ айтолмайман. Лекин икки бор таклиф билан чиқишганди. Аммо ўшанда ҳам “Бунёдкор”ни қийин паллада ташлаб кетишни истамаганман.

- “Бунёдкор” айни пайтда қийин молиявий ҳолатда. Маош, мукофот пулларидан қарздорликлар мавжуд. Лекин шунга қарамай жамоа ўйнамоқда. Футболчиларни кўзи ёниб турибди. Мураббий сифатида уларни қандай руҳлантиряпсиз?
- Ҳали айтдимку, бизлар ҳам вақтида 6 ойлаб маошсиз ўйнаганмиз. Руҳлантиришга келадиган бўлсам, жуда оддий. Жуда оддий. Ҳеч ким бизга четдан ёрдамга келмайди. Футболчиларга шу нарсаларни доим таъкидлайман. Қачонки йиқилиб тушсанг, устингдан бульдозер ўтиб кетади. Футболчиларга ўз даражаси ва эгнидаги либоснинг даражасидан пастга тушишларига ҳақлари йўқлигини тушунтираман. Агарда ҳозир ўйнамаса, кейин савол туғилади: Пул бўлса ўйнаркан, бўлмаса ўйнамаскан. Биринчидан футбол футболчиларнинг ўзи танлаган, яхши кўрадиган, роҳатланиб ўйнайдиган касби. Футболчи майдонга тушганидан кейин ўзи кўрсатган даражани кўтариши лозим, лекин ҳечам пасайтириб юбормаслиги керак.

- Тан олиш керак, таркиб жиҳатдан “Бунёдкор” айни пайтда чемпионликка даъвогар жамоа ҳисобланмайди. Лекин айни пайтда чемпионлик учун курашда фаол. Трансфер ойнаси очилгач таркибни кескин кучайтирмасада, захира учун ҳеч бўлмаса ўрта савиядаги футболчиларни олиб курашни чинакамига охирагача олиб боришнинг имкони борми? Чунки мураббийлик салоҳиятингиз билан шу шароитда ҳам “Бунёдкор”ни чемпион қилишга қодирлигини кўриниб турибди...
- Айтадику, жўжани кузда санаймиз. Нега мумкин эмас? Ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда. Ҳали айтиб ўтилгандек жамоадан Шомуродов, Шукуров, Ҳамдамов ва Гадоев кетди. Лекин ҳаёт давом этмоқда. Ҳаёт - армияга ўхшайди. Биз кетганларни ўрнини ёшлар билан тўлдириб бораверамиз. Футболчи кейинчалик фаолиятини қаерда давом эттиришидан қатъи назар ўзи учун ҳам футбол ўйнаши керак. Бундан аввало ўзига фойда бўлади. Кимки кетадиган бўлса ҳам айни пайтда мени қўл остимдами, демак мени талабимни бажариши лозим. Мен эса уларни ҳечам бўшашишларига йўл қўймайман. “Бунёдкор” футболчиларига жамоа даражасидан пастга тушишга рухсат йўқ!

Пул борми, йўқми фарқи йўқ. Ҳамма нарса ҳам пул билан ўлчанмайди. Биз ҳар қандай шароитда ҳам кучимиз, ақлимиз етганича чемпионлик учун курашамиз.

-Танқидларга қандай муносабатда бўласиз?
- Ҳозир умуман эътибор бермайман.

- Миржалол Қосимов футболчилик фаолиятидаги энг катта маошни қайси жамоада олган?
- БААда, “Ал Шабаб” жамоасида олганман. Амирликларда шароит жуда зўр бўлган. Менга клуб 3 хонали уй, машина берган. Шароити зўр бўлганига қарамасдан, БААда футболдан роҳат олмаганман. Шу боисдан ҳам шартномам тугаши билан кетганман.

- Баҳрайн билан бекор бўлган ўйин ҳақида...
- Тайёр ғалаба ҳавога учиб кетган. Биз ўшанда сафарда ҳам Баҳрайнни ютиб келишга тўлиқ ишонгандик.  Яхши кайфият билан кетгандик, сафдаги барча футболчилар соппа-соғ. Гарчи япон ҳакамининг қилган хатоси ва 1:0 ғалабага қарамасдан барчада кайфият аъло эди. Жавоб баҳсида ҳам ютишимизга шубҳамиз йўқ эди. Жамоа руҳан жуда тайёр ҳолатда бўлган. Камида уларда ўша пайт таркиб борасида йўқотишлар мавжуд эди. Етакчилари жароҳатланган ва дисквалификация туфайли жавоб беллашувида майдонга тушмасди. Аммо ўйин бекор бўлди ва биз ортга қайтдик. Ўртада юзага келган танаффусда жароҳатланган футболчилари сафга қайтди. Дисквалификациядаги футболчиси ҳам бекор қилинди. Кейин эса нималар руй берганини барча билади. Бўлган иш ўтди-кетди. Тарихда қолди.

Тунги архив. №4 - Миржалол Қосимов

Сергей Семак Миржалол Қосимовнинг хайрлашув учрашуви ҳақида

Миржалол Қосимов билан интервью. Ҳеч қаерда ошкор қилинмаган ҳақиқатлар (ВИДЕО)

Шаҳбоз Беғамов, Нарзулла Сайдуллаев ва Толибжон Қосимов суҳбатлашишди.

Rating: +78   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика