Latest news

09:33Роналдуни судга беришди  0 08:53Дебют ўйинида «Ипсвич»ни юта олмаган Аморим нималар деди?  1 08:14Саудия Арабистони чемпионати. «Ал Иттиҳод» «Ал Фотеҳ»ни мағлуб этди ва турнир жадвалининг 1-ўрнига кўтарилиб олди  0 07:39Элит ОЧЛ. Бугун «Пахтакор» Машарипов жамоасига қарши баҳс олиб боради  4 02:05Илёс Қурбонов: "Ҳаёт-мамот ўйинида зафар қучдик. "Насаф"га қарши ҳам ғалаба учун майдонга чиқамиз"  2 01:45Иван Бошкович "Локомотив"га қарши ўйинда Йовович асосий таркибда тушмаганини айтди  3 01:29Григорий Колосовский: "Зарба бермасдан гол уриб бўлмайди"  2 00:24Ла Лига. "Реал" меҳмонда "Леганес"ни йирик ҳисобда мағлуб этди  46 23:59А Серия. "Наполи" — "Рома" ўйини тақдирини битта гол ҳал қилди  4 23:30АПЛ. МЮ Аморим қўл остидаги илк ўйинда "Ипсвич Таун"ни мағлуб эта олмади  25 22:55Машарипов "Пахтакор"га қарши ўйин олдидан: "Бу жамоада катта бўлганман, аммо..."  5 22:12"Лестер" Куперни истеъфога чиқарди  3 21:15АПЛ. "Саутгемптон" ва "Ливерпуль" ўртасидаги ўйинда 5та гол урилди  38 21:13 Элит Чемпионлар лигаси. "Пахтакор" бош мураббийи Максим Шацких ва ўйинчиси Ҳожиакбар Алижонов "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?  5 20:09Перес Винисиусга мурожаат қилди  8

Мозий юлдузлари: “Марселлик афсунгар” News

Мозий юлдузлари: “Марселлик афсунгар”

Ўтмишда ўзининг ажойиб ўйинлари билан ном қозонган футболичлар бисёр ва улар ўз иқтидорлари билан миллионлар ўйинига ўзгача жозиба олиб кира олганлар.

Биз уларни тарихда қолган такрорланмас фаолияти билан ҳамиша ёд оламиз, ўйинларини соғинамиз ва энтикиш билан эслаймиз. Бугун сиз азиз мухлисларга бетакрор истеъдод соҳиби, туғма қобилят эгаси ва мозий юлдузи Зайниддин Зиданнинг бебаҳо фаолияти ҳақида ҳикоя қиламиз. Мазкур рукнинмизнинг қаҳрамони дунё ва азим Фаранг юртида шуҳрат қозонган араб ўғлонидир. 


Миллионлар ўйинига илк қадамлар

Зайниддин Язид Зидан 1972 йил 23 июнда Марсель шаҳрининг Ла Cастеллане  туманида оддий ишчи оиласида дунёга келди. Зиданлар оиласи бадавлат бўлмаган этник жазоирлик бўлиб, асосан содда турмуш тарзини маъқул кўрарди.  Қаҳрамонимиз эса болалик даврларида тижорат билан шуғулланишни орзу қиларди. Шунингдек, бўш вақтларида дзюдо тўгарагига қатнар, Марсель кўчаларида скейтборд ва велосипедда сайр қилишни ҳуш кўрарди. Миллионлар ўйинига иштиёқ эса мактаб даврларидан бошланади. Ўша йилларда ёш Зайниддин тенгқурлари билан кўча чангитиб тўп тепар ва маҳаллий “Сен-Анри” клубида футболнинг сир-  асрорларини ўрганишга ҳаракат қиларди. 14 ёшида Зиданнинг ўйинлари скаутлар эътиборини тортади ва уни ўйинларини жиддий кузата бошлашади. “Канн” клуби мутасаддилари Зизунинг ўйини кўриш учун Ла Cастелланега бир неча бор ташриф буюришади ва якунда бўлажак футбол қироли билан дастлабки профессионал шартнома имзолашади. Сўлим Марсель иқлимида ўсган Зизу курорт шаҳар ҳисобланган Каннда бироз муддат қийналди. Чунки, у биринчи бор оиласидан йироқда мустақил хаётга қадам қўйганди. Кейинчалик вазият ўзгаради, у ўзини қўлга олиб, “Канн” сафида ажойиб ўйинлар намойиш этган ҳолда, ўзини кўрсата олди ва  16 ёшида клубнинг асосий таркибига жалб этилди.


Юлдузли фаолиятнинг ибтидоси

“Канн” сафида ўринбосарлар таркибидаги ўйинлари билан ўзини ҳар томонлама кўрсата олган Зизу 1989 йил 20 май санасида Франция Биринчи дивизионида ўзининг дебютини нишонлади. Бироқ, каннликлар ўша вақтларда ички биринчилик аутсайдер жамоалари сафида юрар, лигада жон сақлаш учун курашар эди. Зизу жамоасига ҳар қанча ёрдам беришга харакат қилмасин “Канн” қуйи лигага равона бўлади. Бу орада юқори лига аъзоси “Бордо” Зайниддиннинг хизматларига эхтиёж билдиради ва қаҳрамонимиз 20 ёшида мазкур клуб сафига бориб қўшилади. Ўша даврлардаги бордоликлар устози Роллан Курбис Зайниддинга керагидан ортиқ имкониятлар тақдим этди ва Зизу ўзининг юлдузли фаолиятининг ибтидосини Биксент Лизаразю ва Кристоф Дюггари сингари юлдузлар билан бир жамоада бошлади ҳамда биринчи мавсумнинг ўзидаёқ рақиблар дарвозасига 10 та гол уришга муваффақ бўлди. 1995 йилда эса жамоаси билан “Интертото” кубоги ғолиблигини қўлга киритди. “Бордо” клуби Зидан учун кўп нарса тортиқ этди ва унинг машҳур футболчи бўлиши учун трамплин вазифасини ўтаб, топ даражадаги жамоалар сафига бориб қўшилишида ўзига хос “коридор” бўлиб хизмат қилди. 


Бебаҳо фаолиятнинг кульминацияси

Кейинчалик, бордоликлар сафида умумий тўрт мавсумда 139 ўйинда майдонга чиқиб, рақиблар дарвозасига 28 та гол уришга эришган марселлик футбол афсунгари Франциядаги фаолияти тугатиб, Апенин яриморолига йўл олди. Уни янги умидлар, янги марралар ва юлдузли дамлар кутар эди. “Ювентус” билан тузилган шартнома Зизунинг ҳаётида ажойиб саҳифа очди ва унинг бебаҳо фаолиятида эришган ютуқларига шерик бўлди. “Зебралар”нинг ўй ўйингоҳи “Делле Альпи” эса Зидан ва туринлик ашаддий ишқибозларининг муҳаббати тўқнашган янги манзилига айланди.  “Ювентус” сафида кўплаб ғалабалар қўлга киритилди. Жумладан, 1997 ва 1998 йилда Скудетто соҳиби, Италия кубоги ғолиби, УЕФА суперкубоги, Қитъалараро кубок эгаси бўлишга эришди. А Серияда ҳақиқий юлдуз ва жамоасининг алиштириб бўлмас ўйинчиси бўла олди. Туринда жамоадошлари Д.Дешам, А.Дель Пьеро, А.Таккинарди, Ж.Песотто, Ч.Феррара, А.Перуцци билан бирга орзулар жамоасини тузди. Шунингдек, 3 бора А Серияда энг яхши хорижлик футболчиси, 2001 йилда эса лиганинг энг яхши футболчиси бўлишга эришди. 

2001 йилнинг ёзида “қироллик” клуби 75 миллион евролик рекорд сумма эвазига қаҳрамонимизнинг трансферини эълон қилди. Зиданнинг Пириней яриморолига ташрифи клуб муҳлисларини беҳад ҳурсанд қилди. Чунки, Мадридда ҳақиқий “галактикос” шаклланганди. Висенте Дел Боске бошчилигида “Реал” ҳақиқий юлдузлар жамоаси сифатида рақиблари қалбига чин маънода ғулғула солар эди. Албатта, таркибида Зидан, Раул, Фигу, Р.Карлос, Касиляс, Макманаман, Гути каби маҳоратли футболчиларни жалб қилган жамоадан фақат ва фақат олий натижалар кутиларди. Етмаганига мазкур юлдузли жамоага футбол қироллари Роналдо ва Бекхемнинг қўшилиши, Мадриддаги “dream team”га ўзгача зеб берар эди. Зайниддин қироллик клуби таркибида Испания чемпиони, икки бора мамлакат кубоги ғолиби, ЕЧЛ ва УЕФА суперкубоги соҳиби ва қитъалараро кубок соҳиби бўлишга эришди. 2006 йилда эса айнан мадридликлар таркибида бутсаларини михга илди.


Терма жамоа... 

1994 йил 17 августда Зидан терма жамоа либосида ўзининг илк ўйинини ўтказди. Ўша вақтлардаги “учранглилар” бош мураббийи Эме Жаке Зизуни имкониятларига ишонди ва уни 22 ёшидан бошлаб мунтазам мамлакатнинг бош жамоаси сафига жалб қилди. Зиданнинг терма жамоа таркибидаги биринчи халқаро йирик турнири 1996 йилда Англияда ўтган Европа чемпионати бўлди. Зизу терма жамоаси билан ярим финалга қадар етиб борди ва “тўртлик” баҳсида Чехия термасига лотореялар сериясида мағлубиятга учради. Орадан икки йил ўтиб, ўз мамлакати мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатида французлар таркибида ҳақиқий юлдуз бўлишга эришди. Д.Дешам сардорлигидаги жамоа ўзининг ҳақиқий кучини кўрсата олди ва якунда жаҳон чемпиони деган юксак унвонни қўлга киртиди. Гарчи, қаҳрамонимиз гуруҳ баҳсида С.Арабистон терма жамоасига қарши кечган баҳсда рақиб ўйинчисига қасддан жарохат етказиб, қизил карточка билан “сийланган” бўлса ҳам, ҳал қилувчи ўйинларда ўзини кўрсата олди. Айниқса, финал баҳсида рақиб дарвозасини икки бора аниқ нишонга олиб, мундиал ғолиби сифатида кубокни боши узра баланд кўтарди.  2000 йилда Голландия ва Бельгия яшил майдонларида ўтган навбатдаги қитъа биринчилигида терма жамоа сафида ўзининг ажойиб ўйинлари билан барчанинг олиқишига сазовор бўлишга эришди. Қитъа чемпионатининг чорак финалида Испанияга ва ярим финалда Португалияга кечган учрашувларда у томонидан киритилган голлар ҳисобига якунда “учранглилар” Европа чемпиони бўлишга эришди. Афсуски, кейинги мусобақаларда Франция терма жамоасидан очиқчасига омад юз ўгира бошлади. 2002 йилги Осиё майдонларида бўлган мундиалда “учранглилар” гуруҳдан қолиб кетган бўлса, 2004 йилдаги қитъа биринчилиги чорак финалида Греция қаршилигини енга олмади. Зизу фаолиятининг сўнгги йилида терма жамоа сардори сифатида Германия майдонларида бўлган жаҳон биринчилигига ташриф буюрди. Французлар гуруҳ баҳсларидан амаллаб плей-офф баҳсларига ўтиб олди ва финалгача бўлган учрашувларда Испания, Бразилия ва Португалия терма жамоаларини уйларига кузатиб қўйди. Ҳал қилувчи финал баҳсида Италияга қарши бўлиб ўтган драмматик ўйинда биринчи бўлиб айнан Зизу баҳснинг 7-дақиқасида ўн бир метрлик нуқтадан тўпни аниқ йўллаб ҳисобни очади. “Мовий Гвардия”нинг асосий ҳимоячиси Матерацци 19-дақиқада мувозанатни тиклайди ва айнан мазкур икки ўйинчи учрашувнинг асосий “қаҳрамонлари” бўлишди. Ўйининг асосий таймларида ҳисоб ўзгармади ва аргентиналик ҳакам Орасио Элисондо жамоаларни қўйшимча иккита баҳсга таклиф этди. Ҳаммаси ўшанда бошланди... 110-дақиқа ўтиб бораётганда французлар рақибга ҳужум уюштиришади, италияликлар мазкур ҳужумга қарши мудофаада ишончли ўйнашади, ҳужум ривожланмайди ва баҳс майдон марказига қайтади. Барчанинг нигоҳи майдон ”экватори”га қаралган бир вақтда италияликлар жарима майдони олдида ҳимоячи Матерацци жароҳат олган мисол ётарди. Учрашув ҳаками дарҳол вазиятга аралашади ва ён ҳакам билан маслаҳатлашгандан сўнг Зиданни олдига келиб, унга қизил карточка кўрсатади. Ҳамма ҳайрон! Аммо, такрорий вазият шуни кўрсатдики, Зизу ҳақиқатдан ҳам италиялик ҳимоячига қарши жиддий ва кечириб бўлмас харакат қилган. Воқеалар ривожи якунда лотореялар сериясигача давом этди ва унда “Мовий Гвардия”нинг қўли баланд келди. Зидан эса терма жамоадаги сўнгги баҳсини шу тарзда якунлади. Кейинчалик, Зидан ва Матерацци “воқеаси” одамлар оғзидан тушмади. Ўша ракурсга бағишлаб, турли ҳазиллар ўйлаб топилди, карикатуралар чизилди, мақолалар ёзилди, фильмлар олинди ва ҳаттоки жазоирлик ижод соҳиби Одил Абдуссамед томонидан бронзадан ҳайкал ҳам ясалди. Зидан нима учун италиялик ҳимоячига “калла қўйгани” ҳақида кўп ҳам гапиришни истамади, аммо воқеанинг асл сабаби нима билан боғлиқ эканлиги тўғрисида сўзлаб берди. Бироқ, бу энди умуман бошқа мавзу.


Эришган натижалари:

Футболчи сифатида:

“Олтин тўп” соҳиби (1998)

Жаҳон чемпионатининг энг яхши ўйинчиси (2006)

А Сериянинг энг яхши футболчиси (1997, 2000, 2001)

Франциянинг “йил футболчиси” (1998, 2002)

“Интертото” кубоги ғолиби

А Серия ва Ла-лига чемпиони

Испания суперкубоги соҳиби

ЕЧЛ ғолиби

УЕФА суперкубоги соҳиби

Қитъалараро кубок соҳиби

Жаҳон чемпиони

Европа чемпиони


Мураббий сифатида:


Ла-лига чемпиони

Испания суперкубоги соҳиби (2 марта)

ЕЧЛ ғолиби (3 марта)

УЕФА суперкубоги соҳиби (2 марта)

Клублар ўртасида жаҳон чемпиони (2 марта)


“Стадионингни директоригаям!”

Зиданнинг фаолияти назар ташлар эканмиз, у томонидан қўлга киритилган юксак марралар том маънода инсонни ҳавасини келтиришига амин бўламиз. Унинг такрорланмас дриблинглари, сардорлик қобиляти, кучли зарбалари, ўйинни уқиши, тўпни ўзида моҳирона олиб юришлари бўлажак футболчиларга маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилса не ажаб. Шунингдек, Зиданнинг фаолиятига боғлиқ бўлган бир нечта воқеликлар ўзбек футболи муҳлислари кундалик хаётида яхши маънода ўзгача ҳажвия билан ёд олинади. Юмор ўрнида айтадиган бўлсак, халқимиз орасида “Зиданга ўхшаб калла қўйма”, “Ана, Зидан келяпти...” (“кимлар”га нисбатан ишлатилишини тушундингиз), “Стадионингни директоригаям!”, деган ҳазиломус жумлаларга кўп бора гувоҳ бўламиз. Дарҳақиқат, у ҳақиқий етакчи ва замонасининг тенгсиз ижрочиси эди. Ўзбек кулгу устаси Хожибой Тожибоев таъбири билан айтганда: “Чунки, у Зайниддинда!”.


Сени унутмаймиз Зизу!

Албатта, Зиданнинг футболчилик ва мураббийлик фаолиятида қўлга киритган натижалари таҳсинга сазовордир. Унинг ўйинларини кўриб улғайган авлод вакиллари, Зизунинг юлдузли фаолиятини соғинишади ва ўзгача ҳис-туйғулар ила ёд олишади. Зидан футбол учун кўп нарса берди, муҳлисларга олам-олам қувонч улашди ҳамда миллионлар ўйини орқали кўп сонли ишқибозлар аудиторияси қалбидан жой олди. Ҳуллас, Зайниддиннинг ёрқин футболчилик фаолияти изоҳига ҳожат йўқ, лекин эътирофига эхтиёж бор. 


Фаррух Дониёров тайёрлади.

Rating: +13   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика