Latest news

02:05Илёс Қурбонов: "Ҳаёт-мамот ўйинида зафар қучдик. "Насаф"га қарши ҳам ғалаба учун майдонга чиқамиз"  0 01:45Иван Бошкович "Локомотив"га қарши ўйинда Йовович асосий таркибда тушмаганини айтди  2 01:29Григорий Колосовский: "Зарба бермасдан гол уриб бўлмайди"  0 00:24Ла Лига. "Реал" меҳмонда "Леганес"ни йирик ҳисобда мағлуб этди  40 23:59А Серия. "Наполи" — "Рома" ўйини тақдирини битта гол ҳал қилди  2 23:30АПЛ. МЮ Аморим қўл остидаги илк ўйинда "Ипсвич Таун"ни мағлуб эта олмади  21 22:55Машарипов "Пахтакор"га қарши ўйин олдидан: "Бу жамоада катта бўлганман, аммо..."  5 22:12"Лестер" Куперни истеъфога чиқарди  3 21:15АПЛ. "Саутгемптон" ва "Ливерпуль" ўртасидаги ўйинда 5та гол урилди  38 21:13 Элит Чемпионлар лигаси. "Пахтакор" бош мураббийи Максим Шацких ва ўйинчиси Ҳожиакбар Алижонов "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?  5 20:09Перес Винисиусга мурожаат қилди  7 19:45Кетма-кет иккинчи йил чемпион бўлган Бобир Абдихолиқов билан интервью   2 19:37Суперлига. "Сўғдиёна" – "Локомотив" 2:0. Highlights  0 19:36Суперлигани қайси клуб тарк этади? Кумуш медал кимга насиб қилади? 26-тур интригалари  8 19:18Суперлига. Қайси жамоалар қолади, қайсилари кетади?  6

Кеча, бугун, эртага. «Championat.asia» меҳмони – Акмал Холматов News

Кеча, бугун, эртага. «Championat.asia» меҳмони – Акмал Холматов

Камдан – кам ҳолларда интервью оламан. Ундан кейин бегона киши билан суҳбатлашиш осон эмас. Ҳамма гапларини очиқ-сочиқ айтмайди.
Агар Сиз унга таниш ва ишончидаги киши бўлсангиз, бемалол суҳбатлаша олади. Туркиядаги жаҳон чемпионати бошланишидан аввал, оилй лигамизнинг энг тажрибали ва шу билан бирга ўз савиясини бир маромида ушлаб келаётган Акмал Холматов билан «championat.asia» офисида учрашув ташкил этган эдим. Маҳсус учрашув ташкил этиб суҳбатлашганга нима етсин?

Холматовнинг муваффақияти сири нимада? Жавоб оддий, режага кўра иш тутиш. Футболчи ўз ҳаётини шу даражада мукаммал режалаштирганки, бошқа футболчилар учун оддий кўриниш бўлган интервьюга, роппа-роса айтилган вақтга етиб келди. Холматов узоқ йиллар давомида Фарғонанинг «Нефтчи», сўнг «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилди. У ердан Эроннинг «Пас» жамоасида тўп тепди ва ҳозирда «Локомотив» шарафини ҳимоя қиляпти. Бугунги суҳбатни кўпроқ энди ўсиб чиқаётан ёшлар ўқиб ўзларига керакли бўлган «юлдузлик сири»дан бохабар бўлсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди деб ўйлайман.





– Муваффаққиятингиз сири нимада?
– Ҳаммаси оддий, меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат! Меҳнат қилибгина киши муваффақиятга эришиши мумкин. Ҳеч бир нарса осонликча қўлга киритилмайди. Ундан кейин тартиб ва режа бўлиши керак. Футболчи вақтида ўз машғулотини ўтказиши, вақтида уйда ухлаб ҳордиқ чиқариши керак. Яхши футболчи бўлиб, шу билан бирга узоқ йиллар давомида бир хил маромда тўп тепиш учун, ўйинчининг ўзи амал қиладиган кундалик тартиби бўлиши керак ва унга доимий амал қилиш лозим.

– Буни бирон бир футболчидан ўрганганмисиз?

– Йўқ, ўзимдан. Агар мен ўз вақтида ухламасам машғулотларда яхши қатнаша олмайман. Яхши машғулот қилсам, биламанки эртаси куни ўйинда яхши ўйнайман. Мана ҳозир Сиз билан суҳбатлашяпман. Буни телефон қилган кунингиз ўз режамга киритдим. Тадбиримиз якунига етиши билан уйимга бораман ва тўйиб ухлайман.

– Ҳар ким ҳам узоқ мавсум ўйнаши мумкин. Бундай ўйинчилар етарлича топилади. Аммо улар йил сайин савияси тушиши билан бирга шунга мос жамоа қидиришади. Кўз тегмасин, Сизда аксинча. Ҳар сафар жиддий мақсадларни кўзлайдиган клуб сафидан жой оляпсиз…

– Билмасам, буни кўпроқ четтагилар баҳо беради.





– Агар мен баҳо берадиган бўлсам, барчаси статистикангиздан маълум. «Нефтчи»дан «Пахтакор»га, у эрдан Эронга. Ўша пайтлар 34 ёшда Эронга ўтишингизга ҳеч ким ишонмаган эди. Эронлик танишимни айтишича, Эрон жамоалари жуда камдан-кам ҳолларда 30 ёшдан катта бўлган ўйинчини олар экан. Эрондан қайтиб, мақсадсиз жамоага эмас, ўз олдига чемпионликни вазифа этган клубга ўтдингиз!
– Ҳақиқатдан ҳам Эронга ўтишим қизиқ бўлди. Шартнома тузишдан аввал мени жамоа бошлиғи зимдан кузатди. Икки кунлик машғулотимдан кейин, у менга шартнома тузишини айтди. Қўшимчасига ёшимни аҳамияти йўқлиги, энг мухими жисмоний тайёргарлигим жойида эканлигим унга мос келган экан. Баъзан футболчилар ёшларини кичрайтирадилар, аммо инсон ўз организмини алдай олмайди. Организм паспортга қараб қаримайди. Аввалига жамоамиз мураббийи ҳам менга ишонмади. Бир нечта синовларни берди. Шундан кейин жисмоний тайёргарлик бўйича хорватиялик мураббийимиз бош мураббий мени текшираётганлигини айтди. Ўз навбатида мен ҳам истаганларича текширишларини такидладим ва Ўзбекистонда бундай савиядаги ўйинчилар кўплигини айтдим. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Камига улар мени допинг истеъмол қилган деган фикрга келишди. «Зобахан» билан ўйинда 2-1 ҳисобда ғалаба қозондик ва мен иккита гол урдим. Қизиғи шундаки, ўзимизни мураббийимиз мени допинг назоратидан ўтишим кераклигини айтди. Ҳайрон қолдим, ахир мен у учун фойда келтиряпман-ку. У эса ҳамон ишонмасди. Допинг назоратидан ҳам ўтдим-ки, мураббий охири мендан кечирим сўради. Мен эса балки Эрон жисмоний тайёргарлик бўйича устундир, аммо бизни (Ўзбекистон назарда тутиляпти) сизлардан устун жиҳатларимиз бор дедим.

– Бунинг учун биз катта футбол форумида иштирок этишимиз керак, реклама керак.
– Тўғри айтасиз. Мана ёшлар терма жамоамиз Туркиядаги жаҳон чемпионатида иштирок этишади тўғрими. Бу таркибдаги футболчилар чакки эмас. Биз улар билан ўртоқлик учрашуви ўтказдик. Ҳисоб 0:0 бўлди. Бу ҳеч қандай келишилган натижа эмас эди. Бизда ўсиш бор. Аммо бу билан тўхтаб қолиш керак эмас. Мана шу ўсаётган футболчиларимиз ўзларини устиларида ишлашлари керак.

– Бу кўпроқ футболчига боғлиқми ёки мураббийга?
– Икки томонга, мураббий аввал рухшунос бўлиши керак. Масалан, Ҳаким Фузайловни олайлик. Бирон маротаба сўкканини кўрмадим. Ҳато қилсангиз келиб тўғри маънода тушунтириб кетади. Чунки уни ўзи зўр футболчи бўлган. У ўйнаган пайтларида биз тўп олиб бериб туришни ўзимизга шараф деб билардик.

– Ҳаким Фузайлов иштирокидаги ўйинларга тушармидингиз?

– Нима деяпсиз, ўйин уёқда турсин, Ҳаким Қаюмович «Помир» сафида фаолият олиб бораётганларида уларни қандай машғулот ўтказишларини кўриш учун дарслардан қочардим. Уларни кийимларини кўришни ўзи қандай баҳт эди. Қандай бутсидан ўйнайди, қандай кийим кияди.

– Юрий Саркисяннинг услуби эса бироз бошқачароқ эди…
– Тўғри, аммо Юрий Вазгеновичнинг сўкиши нафратдан эмас. Ўйиндан кейин Вазгеновичдан яхши одам йўқ. Баъзан ўйин пайтида сўкса ва Сиз унга қўлизни кўтариб ҳатодан хулоса чиқарганизни билдирсангиз, Сизга бошқа гапирмайди. Лекин, мураббийнинг гапига, гап билан жавоб бериш яхши эмас. Шундай вазиятларда у тутақиб кетади. Шунчаки Вазгеновичнинг тушунтириш услуби шундай.

– Уни бу қаттиққўллигини футболчилар ҳам юракка яқин олмайди тўғрими?

– Баъзилари олади. Аммо мен бундан тўғри хулоса чиқаришга ҳаракат қилардим ва эътибор бермасдим. Чунки Вазгеновични футболдан кейинги ҳолати қандай бўлишини кўпчилик билмайди.

– Тўғри айтасиз. Биз журналистлар учун ҳам энг яхши суҳбатдош, бу Юрий Саркисян. Жамоаси йирик ҳисобда мағлубиятга учраган пайтлари ҳам ўйиндан кейинги анжуманда барчамизни кулдириб кетарди..
– Биз билан ҳам ҳудди шундай муносабатда бўларди.

– Акмал ака Фарғона сиз учун жуда қадрдон шаҳар. Агар «Нефтчи»га ўйновчи мураббий бўл деса кўнармидингиз?
– Тўғрисини айтсам бу ҳақда ўйлаб кўрмадим. Айни пайтда бор эътиборимни «Локомотив»га қаратганман. Лекин сиз айтган имкониятни ҳам қўлдан чиқармаган бўлар эдим. Ҳақиқатдан ҳам Фарғона ва фарғоналиклардан жуда ҳам минатдорман!

– Бугунги кунда Юрий Саркисян билан муносабатингиз қандай?
– «Нефтчи»дан кетганимдан кейин бироз ҳафа бўлди. Лекин устоз ҳеч қачон ўз шогирдига ёмонлик раво кўрмайди. Кейин яна аввалгидек келишиб кетганмиз.

– Мухлислар орасида шундай гап юради, «Нефтчи»дан кетган ўйинчи ўйнаб кета олмайди?

– Нима учун айтайми? «Нефтчи»да биз ўз номимизга эга бўлган бўлишимиз мумкин, лекин бошқа клубда янги келган оддий ўйинчимиз холос. Шунинг учун у ерда машғулотдан тўхташ керак эмас. Мен илк маротаба «Пахтакор»га келганимда машғулот ўтказиш учун БААга борганмиз. Тўғриси жамоа бунчалик кўп югуриб, кўп машқ қилади деб ўйлмаган эдим. Илҳом Шариповга, мана шу учун сизлар чемпион бўлар экансизларда деганимда, у киши ҳазил билан «сен шунчаки келдим деб ўйладингми», - деб жавоб берган эдилар. Жароҳатимга келсак, бу пешанада бор экан. Футболчи исталган клубда тўп тепиб жароҳат олиши мумкин.

– Фарғонада Акмал Холматов дейишса, жарима зарбаларингиз кўз олдимизга келади. Бунга алохида тайёрланармидингиз?
– Йўқ, бизда Лебедев жарима зарбасини тепарди. Одатий ўйинлардан бирида бу имкониятни менга беришди ва гол урдим. Кейинчалик Лебедев ҳимояга ўтди ва бу иш менга қолди. Машғулотдан сўнг жарима тепиш борасида алохида ишламайман. Машғулотдан кейин ўзимни дастурим бор. Пресс қиламан, югураман.

– Жарима зарбасини тепаётганизда энг мухими нима, тўпни хис этишми ёки зарба?
– Кўпроқ тўпни хис этиш. Агар тўпни тўғри тепсангиз ва жарима деворига тегмаса, дарвозабонлар учун бу жуда қийин.

– Жарима зарбасидан киритган голлариз ичида энг узоқдан амалга оширганингизни эслай оласизми?
– Водий дербисида «Навбаҳор»га қарши ўйинда.

– Шу ўйинни ҳозир эсламоқчи эдим. Тошкентга кўчирилган ўйинда 40 метлрардан гол ургансиз. Дарвозада Беляков эди. Ҳатто расмга ҳам олганман.

– Ҳа, ҳудди шу ўйин.

– «Локомотив» тажрибали футболчиларни йиғиб олгани билан, ўйин шунга мосмасдек?

– Мен ўзимга баҳо беришим мумкин. Тўғри, биз ҳали 100% ўйнаяпмиз деб айта олмайман. Тўлиқ кучга киришимиз учун вақт керак. Масалан, Нагаев ва Мустафоев каби футболчиларимиз тўлиқ чемпионлик характерига эга эмаслар. Секин-секин тажрибали футболчилар билан ўзларини савияларини ошириб боряптилар. Уларни зўр ўйинлари ҳали олдинда деб ўйлайман. Ундан ташқари ўзбекистонлик футболчилар ўз устиларида ишласалар, улардан зўр йўқ! Бу гапларни шунчаки айтмаяпман, мен кўриб турибман.





– Дарҳақиқат бизда истеъдодлар кўп, аммо ўтиш босқичида тушиб қолишяпти. Ўтган ўйинчи 22 ёшдан кейин ўйнаб кетишяпти. Сизда бу босқич қандай кечган?
– Менга жуда қийин бўлган. 1994 йил «Чилонзор»га келганман. У пайтда жамоа шарафини Отабек Пирматов каби футболчилар ҳимоя қилардилар. Мураббий Рауф Инилеев эди. 10 кун машғулот ўтказганимдан кейин мураббий мен жамоага мос келмаганлигимни айтган. Ҳафа бўлмаганман, демак кетишим керак деб Қозоғистонга бордим. У ерда «Қайрат»да машғулот ўтказдим. Бир давра чопканман. Шунда Қурбон Бердиев ўз олдига чақириб, кетаётканлиги ман мен бу ерда қолсам, «еб» қўйишларини айтди. Тожикистонда ҳам осон бўлмаган. Қаерга бормай «керак эмассан», деган жавобни олардим. Кейин «Нефтчи»га келдим у ерда ҳам енгил кечмади. Бошида у ердан ҳам ҳайдашди. Чидадим ва меҳнат қилдим.

– Сиз билан бирга ўйнаган тожикистонлик тенгдошларингиз футболчи бўлишдими?
– Йўқ. Биттаси автоустахонада ишласа, биттаси элчихонада. Яқинда бир танишим телефон қилиб, етар шунча ўйнаганинг дейди.
 
– ОЧЛ Сиз учун нима?
– Аслида «Пахтакор»га ўтишимдан ҳам мақсад ОЧЛ эди. Мен шу мавсумни «Қурувчи» (ҳозирги «Бунёдкор») ўтишим мумкин эди. «Пахтакор»га вада бериб қўйганлигим ва бу жамоани бренд эканлиги боис «Пахтакор»га ўтдим. ОЧЛ ажойиб мусобақа. «Нефтчи» таркибида ҳам ўйнаганман. ОЧЛда Сиз ўзингизни ҳақиқий кучингизни билиб оласиз.

– «Нефтчи»да бир қатор ўзгаришлар бўлиб ўтди. Мураббий-ку ўз йўлига, лекин Анвар Бердиев учун нима учун бундай қарор қабул қилинди ҳайрон қолдим…
– Анвар ўз устида ишлайдиган ва исталган жамоада ўйнаб кетадиган ҳужумчи. Мен ҳам очиғи нима учун у билан бундай йўл тутишганига тушунмадим.

– Сиз «икки аср»дан бери футбол ўйнаяпсиз. Эндиги саволимга кам сонли жавоб бера оладиган футболчилардан бирисиз. 90 йиллардаги футбол кучлими ёки ҳозирги? Ҳозиргиси молия жиҳатдан устун, аммо савия борасидачи? Баъзилар айтадиган кучли бешлик нима эканлигини мен тушуна олмайман. Чемпион бўла олмагандан кейин, кучли бешлик бўладими, ўнлик нима фарқи бор?
– Нодирхўжа мен бир нарсани тушумайман. Нима учун жамоалар юқоридаги клубларга қарши мағлуб бўлиб тушадилар? «Бунёдкор» ёки «Пахтакор» билан ўйнаб ўз кучингни синаб олмайсанми ундан кўра. Мана биз ўйнадик-ку! Муҳими футболчи ўзига бўлган ишончини ошириши керак. Солиштиришга келсам, ҳозирги футбол сал тезроқ. Ўтган асрда жиддий ва рақобатбардош футбол бўлган.

– Футболчиларнинг савиясичи?
– Аввалги десангиз ҳозиргиси ЖЧга яқинлашди. Аввалгиси десангиз бошқача. Менимча ҳозирги авлодда шароит яхши. Масалан, мен ёшлигимда Атаян, Лебедев, Дўрмонов каби футболчиларнинг ҳатти-ҳаракатларини зимдан кузатар эдим. Қандай кийинади, қандай чопади. Ўрганиб-ўрганиб катта бўлдик. Нима учундир ҳозирги ёшлар бундай эмас. Агар бирон-бир маслаҳат берадиган бўлсангиз ҳафа бўлади.

– Тўғри айтасиз. Бунга сабаб, бугунги ёшларни олий лигада эмас, кичик терма жамоалар таркибида юлдуз бўлиб қайтишаётганлигидадир. Олий лигада ҳали улар ҳеч ким эмасликларини тушунишлари лозимдир. Илҳом Шарипов ёшлигини хотирлар экан, ҳатто ўйиндан кейин ечиниш хонасига энг охирги бўлиб киришларини айтиб берганлар…

– Қандай ечиниш хонаси, биз ҳатто овқатланиш учун ошхонага киришга чўчирдик. Эшикни очиб хонада иккита фахрий ўйинчини кўрсак, орқамизга қараб кетардик. Ҳозирчи? Ҳозир ошхонага киринг, аллақачон қорнини тўйдириб, оёғини кўтариб ўтирган бўлади. Катлларни ҳурмат қилиш керак. Майли, мени ҳурмат қил демайман. Одам ўзини ҳурмат қилса, ҳурматга сазовор бўлади. Ҳозирги 20-21 ёшли футболчилар, мен ҳали ёшман, мени сотишади деган фикрда ўйнайди. Майли омадингни берсин, лекин сен кетаётган жойинга Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиласан-ку. Легионер футболчида катта маъсулият ётади.





– Футболда «фахрий» ва «ёш» атамаларини сақлаб қолиш керак деган фикрга қўшиласизми?

– Ҳа! «Нефтчи» билан ўйинга бордик. Битта ёш футболчи майдонга тушди Саркисян унга бақирганди, ақл ўргатяпти. Ҳайрон қолдим. Ҳозирдан гап қайтаришни бошладингми, сен ўсмайсан дедим ўзимга. Мураббий ҳато  қилмаса уришмайди-ку? Агар мен мураббий бўлсам, ўз олдимга вазифа қўйганман. Ишламаса ҳайдайман. Яхши мураббий бўлишга ҳаракат қиламан. Футболчи буни ўзига касб сифатида қараш керак. Баъзан футболчилар машғулотга чиқадилар, мияда битта ўй «шу икки соатлик машғулот ўтса бўлди». Наҳот, 24 соатлик кундан 2 соат машғулотга вақт ажрата олмасак? Ундан ташқари жисмоний ҳолатимиздан келиб чиқиб, биз 90 дақиқалик ўйин кўрсата олмаймиз. Узоғи билан 60 дақиқа бир маромда ўйнаймиз. Эронда жисмоний тайёргарлик бўйича асосан сербиялик мутахассислар шуғулланишади. Секин-секин уларни олдига маҳаллий мутахассис қўшиб боришади. Биздаги Жамшид ака Умаров ҳам кучли мутахассис. Ўзи атлет бўлганлиги учун бу соҳани яхши биладилар.

– Балки футболчиларимиз ўз имкониятини тўлиқ 90 дақиқага тенг тақсимлай олмаслар?
– Бу ҳам тўғри гап. Яна ўйинчилар катта стадионларда ўзларини йўқотиб ҳам қўйишяпти.

– Тан оласизми, «Пахтакор» – «Нефтчи» бу жуда бир бошқача ўйин. Ҳатто «Бунёдкор» бир неча йилдан бери чемпион бўлган бўлсада, «Пахтакор»га қарши ўйин, «Нефтчи» – «Пахтакор» баҳси билан тенглаша олмайди.
– Нимасини айтасиз. Бу энг, энг, энг зўр ўйинлардан бири! Иккита ўйин, «Нефтчи» – «Навбаҳор» ва «Пахтакор» – «Нефтчи» беллашувида ютсак бўлди эди. Биринчи лигага тушиб кетмаймизми? Лекин ўзаро ўйинларда ютишни ўзи жуда катта «адреналин». Буни бир сўз билан таърифлаб бера олмайман. Бу ўйинларга мураббийни тайёрлаши шарт эмас. Футболчиларни ўзи айнан шу битта ўйинга тайёр бўлиб тушади.





– Акмал ака, апрель ойида «FIFA.uz» ва «Championat.asia» сайтлари томонидан «ойнинг энг яхши футболчиси» деб топилдингиз. Бундан футболчи қувонадими? Яъни ёқимлими?
– Мен учун, ҳа! Сиз менга берган совғангизни мен Душанбега оиламга юбораман. Бекорга тўп тепмаганлигимни билишади ва футболчилар учун қўшимча стимул. Албатта меҳнатингни қадрлаш ёқимли. Бунинг учун сизларга ҳам рахмат!

Суҳбат якунига етгач, Акмал Холматов фаолиятидан келиб чиқиб, «мураббий» ўз сифатида таркибини тузиб берди.
Дарвозабон: Игнатий Нестеров
Ҳимоячилар: Илҳом Суюнов, Ислом Тўхтахўжаев, Боян Миладинович, Ислом Иномов
Ярим ҳимоячилар: Акмал Холматов, Одил Аҳмедов, Рузбек ва Нодир Аҳмадий (иккиси Эрон),
Ҳужумчилар: Анвар Бердиев, Фарҳод Тожиев


Нодирхўжа Юлдашев

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика