Latest news

02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  91 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  26 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  2

Интервью. Элдорбек Суюнов Лобанов билан рақобат, “Миллион”, жанжал ва бошқа мавзулар ҳақида News

Интервью. Элдорбек Суюнов Лобанов билан рақобат, “Миллион”, жанжал ва бошқа мавзулар ҳақида

"Championat.asia" сайти меҳмони бўлган "Пахтакор" клуби ва Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони Элдорбек Суюнов билан бир қатор қизиқарли мавзуларда суҳбат уюштирдик.


- Сизни яна меҳмонимиз сифатида кўриб турганимиздан хурсандмиз. Икки йил илгари "Goal" лойиҳасида таклиф этганимизда, футболдаги фалсафангизни таърифлагандиз: Футболни ҳаёт билан чамбарчас боғлагандингиз. Ўша пайти Элдор Суюнов ўзининг энг гуллаган даврини ўтказаётганди. Ҳозир эса янги жамоадасиз. Янги муҳит, янги жойга мослашиб олишингиз қай даражада кетмоқда?

- “Пахтакор”га ўтиш мен учун янги қадам, янги чорлов бўлди. “Пахтакор”га кўникиб кетиш яхши кечмоқда. Жамоадаги барча футболчиларнинг қўллаб-қувватлаши натижасида аста-секин бу ерга мослашяпман. Янги коллективга кўникиб боряпман.

- “Насаф”дан кетиш осон бўлмагани аниқ. “Пахтакор”га ўтишингизга кўпроқ нима ундади?

- 7 йил бир жамоада ўйнаганингиздан кейин ўша жамоанинг бир бўлаги бўлиб қоласиз. Ҳаётда ўша жамоа сиз учун муҳим роль ўйнайдиган клубга айланади. Шу томонлама олиб қараганда ҳам, “Насаф”дан кетиш қийин бўлди. “Пахтакор”га ўтишимнинг асосий омилларидан бири бу клубнинг янгича давр, янгича ривожланиш йўлидаги олиб бораётган сиёсати сабаб бўлди. Ўзбекистон футболида янги қараш, янгича сиёсат олиб бораётган жамоага ўтиш мен учун қизиқ бўлди. Ўзим ҳам футболчи сифатида об-ҳавони ўзгартирмоқчи бўлдим. Бу мени ўсишимга ёрдам беради, деб ўйлайман

- "Пахтакор"да Аъзамовдан бошқа энг яқин дўстингиз ким?

- Бу ердаги барча футболчилар дўстларим. Бундан аввал ҳам уларни ҳаммасини таниганман


- Футболда баланд пастликлар бўлишини айтгандингиз. Ҳозирча янги жамоада ўз имкониятингизга эга бўлмаяпсиз. Захирада қолиб кетаётганиз қанчалик аламли?

- Йўқ. Чунки ҳеч ким менга “Пахтакор”га ўтаётганимда асосий таркибда ўйнайсан, демаган. Ўзим бу нарсани билиб, яъни захирада ўтириб қолишим мумкин ёки асосий таркибда ўйнашим мумкинлигини билиб келганман. Мураббийлар менга ҳам имконият беришса, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади.

- Терма жамоадаги ва эндиликда клубдаги рақобатдошиз Лобанов яқинда ўз интервьюсида Суюнов мен билан рақобатдан қўрқади, мен эса ўз жойимни йўқотишдан қўрқаман, деганди. Ростан ҳам Лобанов билан бўладиган рақобат Суюновни қўрқитяптими?

- Лобанов билан бўладиган рақобат мени қўрқитмайди. Рақобат ҳеч кимни чўчитмайди, шунчаки бу нарса иккаламизга ривожланиш, кучайиш учун ёрдам беради. Рақобатдан қўрқадиган одам рақобат йўқ жойда ишлайди. Рақобатдан қўрққанимизда иккаламиз битта жамоада ўйнамасдик. Мен келмасдим ёки Лобанов “Пахтакор”дан кетарди.

- Элдор Суюнов ўз вақтида Демьяненко қўл остида майдонга тушган. Шунингдек, Бердиев, Қосимов, Абрамов, Бабаян сингари мутахассислар билан ҳам ишлаган. Уларни фарқли жиҳати ҳақида айта оласизми?

- Ҳамма мураббий ҳар хил. Ушбу мураббийларнинг футболга қараши, футболни тушуниши ҳар хил. Мен қўл остида ўйнаган мураббийлар бир-бирига ўхшамайди. Ҳаммасининг ўзининг устун томонлари, ўзининг ютуқлари бор. Лекин ҳозир мен уларни устун ва ёмон томонларини санаб ўтсам, бу нотўғри бўлади.

- Шота Арвеладзе аслида қандай мураббий экан? Футболчилар билан бевосита ишлаш, уларга қандай ёндошиш услуби ҳақида гапириб берсангиз...

- Шота Арвеладзе кучли, яхши мураббий. Арвеладзе тактика жиҳатидан яхши мутахассислиги кўриниб турибди. Машғулотлар ҳам ранг-баранг, қизиқарли ўтмоқда. Муҳими, машғулотлар фойдали ўтмоқда. Шунчаки ҳозир ушбу мутахассис келганига кўп бўлгани йўқ. Шу боисдан ҳам “Пахтакор” ҳозирча мураббий истаётган, Арвеладзе хоҳлаётган ўйинни кўрсата олмаяпти. Айнан шу сабабли натижалар тўлиқ мухлислар кутганидек бўлмаяпти.  Янги жамоада барча нарсани тезда ўзгартириш жуда қийин. Шота Арвеладзега вақт керак, деб ўйлайман. Вақт ўтган сайин натижалар ҳам яхши бўлади. Арвеладзе ҳам маҳаллий мураббийларимиздек жуда талабчан, машғулотларда футболчилар ўзларининг максимал кучлари билан ишлашларини истайдиган мутахассис


- Бабаян сизни терма жамоада бирор марта майдонга туширмаган. Ўртоқлик ўйинида ҳам, расмий баҳсларда ҳам 1 дақиқа бўлсада ўйнамагансиз. Бабаянга қадар эса терма жамоани деярли асосий таркибида ўйнардиз, Нестеровнинг энг яқин рақобатчиси эдингиз. Бабаян келгач вазият буткул ўзгарди. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Натижа учун Самвел Бабаян жавоб беради. Бабаян кимни кучли деса ёки кимни лойиқ кўрса, ўшани қўяди. Демак Бабаян мени кучсиз деб билган ёки бошқани кучли кўргани учун ўшанга имконият бермоқда. Бу оддий хол.

- Икки йил аввал, Футбол кескин курашларга бой ўйин. Учрашув давомида ҳиссиётлар, эҳтирослар жунбушга келиши табиий. Ёдингизда қолган жанжалли ўйин қайси?, деган саволга "Пахтакор" билан ўйинни айтгандингиз. Айнан ўша баҳсда ҳозирги терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян билан анча кескин тортишиб қолгансиз. Ўшанда нималар руй берганди?

- Тортишиб қолиш ёки баҳслашиш бу футболнинг бир бўлаги. Ўйин пайти эҳтирослар жунбушга келади. Ўша пайт ўйин жараёнида тортишув бўлган. Ҳаммаси майдонда қолган. Учрашувдан кейин ҳеч қандай гап-сўз ёки тортишувлар бўлмаган. Бу тортишув фақат ўйин пайти эҳтирослар натижасида руй берган. Бабаян терма жамоага бош мураббий бўлганидан кейин барча футболчиларни олдида бизни уришиб қолганимизи ва энди ярашиб олганимизни айтиб ўтганди. 

- Хитой билан Кореяни ниманинг эвазига ютишимиз мумкин?

- Яхши, чиройли ўйин эвазига ўз мақсадимизга эришишимиз мумкин. Муҳими, уларга ўз ўйинини кўрсатгани имкон бермасдан, биз ўзимизни яхши сифатдаги футболимизни намойиш этишимиз лозим. Ўшандагина ютишимиз мумкин. Кўп нарса омадга ҳам боғлиқ. Ҳозирги кунда терма жамоамизга жуда кўп омад кулиб боқмоқда. Эронга ютқазиб келганимиздан кейин ҳам эртасига Қатар ютиб, имкониятимизни яна ўз қўлимизга қолдирмоқда. Бу омад. Иккита ўйин бор ва бу бўлажак учрашувларда ғалаба қозонсак, мундиал чиптаси қўлимизда бўлади. Бу ҳам омад. Бўлажак беллашувларда вазиятлар яратиб ва ўша имкониятлардан унумли фойдалансак, ҳаммаси яхши бўлади.

- Ҳозирги кунда терма жамоадаги энг оптимал спорт формадаги футболчилар деб кимларни кўрсата оласиз?

- Одил Аҳмедов. Жамоамиз сардори ҳозирги кунда жуда яхши спорт формасида. Аҳмедов клубда ҳам етакчилар қаторида. Шунингдек, Марат Бикмаев ҳам ажойиб кайфият билан футбол ўйнамоқда. Бикмаев айни пайтда “Локомотив”нинг асосий футболчиларидан бири.

- Терма жамоа аъзоси сифатида ички муҳит ҳақида нима дея оласиз? Сўраётганимнинг боиси, ҳозирги кунда терма жамоада қандайдир тушунарсиз кайфият ҳукмрондек, назаримда. Кўп машғулотларни кузатамиз, ўйинларда ҳам жамоанинг ички муҳити, умуман кайфият сезилмаётгандек. Жамоа яхши жипслашмагандек таассурот қолдиради...

- Жамоада муҳит яхши. Шунчаки охирги ўйинларда кутилган натижалар қайд этилмагани учун шундай туюлгандир. Терма жамоа сафида ҳар қандай футболчи жонини бериб ўйнайди. Кўпчилик ўйлайдики, футболчилар терма жамоа сафида ўзини аяб ўйнайди, якка курашларда ҳам оёғини асраб ҳаракат қилади, деб ўйлаши мумкин. Аслида эса бу умуман нотўғри. Ўзбекистон терма жамоа либосини кийиб чиққан футболчи Ватан шаъни учун жонини ҳам аямайди. Халқимиз, яъни 32 миллиондан ортиқ аҳоли қанчалик Жаҳон чемпионатига чиқишни истаётган бўлса, футболчилар улардан икки ёки уч карра кўпроқ буни хоҳлашади. Мундиалга йўлланма олиш қийин. Лекин футболчиларда иштиёқ ва хоҳиш ниҳоятда юқори.

- Матбуотни фаол кузатиб борасиз. Айтингчи, футболчи сифатида сизга танқид кўпроқ таъсир қиладими ёки мақтовми?

- Танқид бўлса ҳам яхши. Чунки футболчини доим мақтайверса, у осмонга чиқиб кетиши мумкин. Танқид бўлгани яхши. Аммо меъёрида ва асосли танқид бўлмоғи лозим. Бизда журналистлар танқид қилиши мумкин ва бу тўғри. Лекин мухлислар кўп танқид қилолмайди, улар шахсиятга тегиб,  ҳақоратга, сўкишга ўтиб кетишади.  Уларни ёзаётган, айтаётган гаплари танқид эмас, ҳақорат ва бу нотўғри. Мисол учун, мухлис ўз номи билан мухлис. Ҳеч қаерда мухлис ҳақорат қилиши мумкин ёки сўкиши керак, деган қоида йўқ. Исталган ғурурли ва ориятли футболчи шахсиятга текканида ёки уни онасини қўшиб сўкаётганида жавоб қайтаради. Масалан мен ҳам шундайман.  Кимдир мени ҳақорат қиладиган бўлса, унда ўзим билмаган ҳолда унга жавоб қайтариб юбораман. Мени шахсиятимга тегишса бу менга ёмон таъсир қилади. Танқидни эса тўғри қабул қиламан. Танқид келажак меваси. Танқид бор жойда ўсиш бўлади.  Лекин фақат танқид бўладиган бўлса, ўша футболчи мен шундай эканман, деб чўкиб қолиши мумкин. Муҳими, асосли ва ўринли пайтда танқид керак.

- Руслан Нуриддиновнинг интервьюсидан кейин Тимур Кападзе таҳририятимизга келиб, футболчилар номидан эътироз билдирганди. Ўша воқеликлардан хабарингиз борми?

- Ҳа, ушбу воқеликдан хабарим бор. Интервьюни видео ҳаволасини томоша қилгандим, Темур аканинг ҳам чиқишларини кўрдим. Менимча, Нуриддинов ҳазил тариқасида буни айтган. Руслан Нуриддиновга Олимпиядада биз бутун оиламиз билан ишқибозлик қилганмиз.

- Охирги пайтларда футболимизни, терма жамоани, футболчиларни ҳар қайси соҳа вакиллари жиддий танқид остига олишмоқда. Кези келганда сўз усталари кулги қилишмоқда. "Миллион" жамоаси аъзоси, сўз устаси Даврон Кабулов терма жамоани бошқаришга ҳам тайёрлигини айтди. Бу сиз футболчиларга қандай таъсир қилади?

- Тўғриси, бу кулуги ҳолат. Бошқа соҳадаги инсон Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий бўлиб Жаҳон чемпионатига олиб чиқаман дейиши кулгули. Даврон Кабулов ўзининг ишининг устаси. Яхши сўз устаси, қизиқчи. Ҳамма ўзини ишини қилиш керак. Буюк мураббий Валерий Лобановский айтганидек, футболни ўз ишининг профессионаллари муҳокама қилиши, бошқариши керак. Буни алмаштириш керак, уни қўйиш керак, дейиш ҳам нотўғри. Чунки ўша инсон бу вазиятни тепадан кўради. Ҳолатни эса ичкаридан билмайди. Барча соҳа вакиллари ўз ишини қилгани маъқул.

- Умуман сиз “Миллион” жамоасининг концертларига тушиб турасизми?

- Ҳа, албатта. “Миллион”ни ҳам, “Дизайн” жамоасини ҳам концертларига тушиб тураман.  Иккаласи ҳам яхши. Менга кўпроқ “Миллион” жамоаси мухлисиман.

- Элдорбек Суюнов ўзини 15 йилдан кейин қандай тасаввур қилади, деган саволга футбол ичида деб жавоб қайтаргандингиз. Айнан ким бўлишимни билмадим, аммо футбол ичида қоламан, дегансиз. "Насаф"даги дарвозабонлар мураббийи, устозингизДенис Иванков сизга шундай таъриф берганди: "Элдордек ақлли, теран фикрли футболчини кўрмаганман. У нафақат кучли дарвозабон, балки ақлли, футболни жуда чуқур тушунади ва яхши таҳлил қилади. Келажакда у мендек дарвозабонлар мураббийи эмас, балки бош мураббий ёки раҳбар лавозимида ҳам бемалол ишлашига ишонаман". Бу сўзлар Ивановга тегишли. Раҳбарликни эплашизга кўзиз етадими ёки мураббий сифатида чўққиларни забт эта оласизми?

- Денис Иванков мени устозим. “Машъал”да Денис Иванков билан ишлашни бошлаганман. Иванков келиши билан ўйнаб кетганман. Ўшанда “Машъал-2” сафида Биринчи лигада ўйнаганман. 2010 йил эса “Насаф”га ўтдим. Ўша пайт Зуҳуров, Наумов, Козаченко, Ғайрат Ҳасанов сингари тажрибали дарвозабонлар бор эди. 2013 йил эса Денис Иванков жамоага келди ва 3-турдан менга ишонч билдирилди. “Насаф”да ҳам Иванков келганидан кейин асосий таркибда ўйнаб кетганман. Бу тасодиф бўлмаса керак. Денис Иванков билан мени жуда катта куч боғлаб туради. Бу мураббийни жуда қаттиқ ҳурмат қиламан. Иванков бу гапларни мени жуда яқин олиб гапирган бўлиши керак. Ҳамманинг ўз нияти бўлади. Менинг ҳам мақсадим ва истагим келажакда ҳам футбол ичида қолиш. Қўлимдан келса бош мураббийлик қиламан ёки раҳбарлик лавозимида клубда ишларман. Мураббий бўлиш жуда қийин. Бунинг учун нафақат истак ёки хоҳиш, балки мураббийлик истеъдод ҳам жуда зарур. Мураббий ҳар тарафлама кучли бўлиши талаб этилади. Унда психолокларга хос характер ва ёндошув ҳам лозим. Бутун бир жамоани жипслаштириш, уни оилага айлантира олиш қобилияти ҳам бўлиши керак. Келажакда ким бўлишимни вақт кўрсатади.

- “Насаф”да узоқ йил фаолият кўрсатгансиз. Бутун ўзбек футболи мухлисларини қизиқтирадиган савол: Нега “Насаф” чемпион бўлолмаяпти?  Нима тўсқинлик қиляпти ёки етишмаяпти?

- “Насаф” мен ўйнашимдан аввал ҳам, мен ўйнаган пайтда ҳам ва мендан кейин ҳам жуда чиройли футбол ўйнаган. Исталган жамоани ўйин жиҳатидан ютиши мумкин “Насаф”. Аммо керакли пайтда натижа бўлмай қолади. Ғолиблик руҳи, чемпионларга хос характер етишмайди. “Насаф”да ҳамма нарса бор, ижрочилар ҳам етарли. 2011 йили энг кучли жамоа бўлганмиз. Аммо ўшанда ҳам чемпион бўлолмаган жамоа. Ғолиблик руҳи етишмаслиги муҳим ўйинларда панд берган. “Насаф” мухлислари эса буни нотўғри тушунади. Ундай бўлибди, бундай бўлибди, тепадан айтилган деган гаплар умуман нотўғри. Жамоа яна Ўзбекистон кубоги каби совринларни қўлга киритиб турса, чиқаётган ёшларда ғолиблик руҳи шаклланади ва келажакда “Насаф” чемпион бўлади.

- Олий лига бу йили анча файзли ўтаётгандек. Турнир жадвалида жамоалар бемалол жойлаша олишмаяпти. Чемпион бўлиши кутилаётган "Локомотив"нинг 1-ўрнидан ташқари барча ўринлар учун камида 5тадан номзод бордек гуёки. Бу нима билан боғлиқ: чемпионатимиз кучайдими ёки келишилган ўйинлар тугадими?

- Жамоалар кучи тенглашди. Кучли кўринган “Насаф”, “Бунёдкор”, “Пахтакор” каби жамоалар ўз ёшларига кўпроқ ишонч билдиришмоқда. Тажрибали футболчиларнинг кўпчилиги эса “Олмалиқ”, “Бухоро” ва “Қўқон-1912” клубларига ўтишди. Бу эса уларни кучайтирди. “Локомотив” жамоаси бошқаларга нисбатан тажрибали. “Локо” таркиб жиҳатдан анча яхши ижрочиларга эга ва бу уларга керакли пайтда очко жамғариб олишларини таъминламоқда. “Локо”ни турнир жадвалида юқорилаб, бошқалардан илгарилаб кетишига рақиблар ҳам шароит яратиб бермоқда. Мавсум якунида турнир жадвалида янги сюрпризлар ҳам бўлиши мумкин. Менга шахсан “Бухоро” жамоаси илиқ таассурот қолдирмоқда. “Бухоро” ушбу мавсумда жуда курашувчан ва ажойиб жамоага айланди. Айниқса Бухорода бўладиган ўйинларда исталган жамоага жуда қийин бўлиши шубҳасиз.

-Жанубий Кореяга қарши ўйинни стадионда кўрасизми ёки уйда телевизор қаршисидами?

- Агарда “Пахтакор” жамоасининг машғулоти ўйин вақтига тўғри келиб қолмаса, унда албатта стадионга бориб терма жамоамизни қўллаб-қувватлайман.  Элдорбек Суюновни терма жамоага чақиришмади, энди Суюнов уларга беэътибор бўлади дегани эмас. Албатта жамоадошларим учун қайғуриб, бутун халқимиз кутаётган мундиал чиптасини қўлга киритганимизни нишонламоқчиман. Бу нафақат Ўзбекистон терма жамоасининг, балки бутун халқимизнинг ютуғи бўлади. Жаҳон чемпионатига чиқишимиз ҳар бир футболчи ва мухлислар учун фойдали. Буни барча кутмоқда.

- Жаҳон чемпионатига чиқишимизга ишонасизми? Ҳа ёки йўқ?

- Аввало буни Худо билади. Ҳозирги кундаги омадимиз билан, турнир жадвалидаги ҳолатимиз билан чамалайдиган бўлсак, ҳа Жаҳон чемпионатига чиқишимизга ишонаман. Ҳаммаси ўз қўлимизда.



Шаҳбоз БЕҒАМОВ суҳбатлашди.


Элдорбек Суюнов Бабаян, терма жамоа, "Насаф" ва Лобанов билан рақобат ҳақида (ВИДЕО)

Rating: +18   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика