Latest news

23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  3 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  1 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  6 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 21:35"Манчестер Сити" — "Тоттенхэм". Холанд ва Сон Хён Мин асосий таркибда  0 21:10"Милан" — "Ювентус". Таркиблар маълум  6 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  2 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  6 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  1 19:27Илёс Зейтуллаев: "Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди"  3 19:21Суперлига. "Андижон" "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этди ва Суперлигада ўрнини сақлаб қолди  13 19:09Денис Коростиченко: "Бунёдкор" захираси бизникидан кучлироқ экан"  0

"Ҳеч ким менга терма жамоани ёшартириш керак деган талабни қўймаган" — Эктор Купер иштирокидаги тўлиқ матбуот анжумани News

"Ҳеч ким менга терма жамоани ёшартириш керак деган талабни қўймаган" — Эктор Купер иштирокидаги тўлиқ матбуот анжумани

Бугун ЎФА матбуот анжуманлари залида Ўзбекистон терма жамоаси Эктор Купер иштирокидаги матбуот анжумани ўтказилди.

"Хитойдаги турнирга тайёргарлик учун бизда жуда кам вақт бўлишини алоҳида таъкидлаш керак. Биз 8 кунлик йиғин давомида иккита беллашув ўтказишимизга тўғри келади. Мазкур мусобақадаги асосий мақсад жамоа ўйинини кучайтириб олишдан иборат. Масалан ҳозирги кунга қадар йўлга қўйилган ўйинни янада шакллантириб, хато ва камчиликларни тўғрилашимиз талаб этилади. Хитойдаги турнир айнан мана шу жиҳат бўйича бизга хизмат қилиши режалаштирилган. Лекин биз ҳар қандай ҳолатда ва кимга қарши ўйнишимиздан қатъи назар ғалаба учун майдонга тушамиз. 

Хитойдаги турнирга олиб кетилаётган таркиб билан Осиё Кубогидаги футболчилар деярли бир хил. Яъни катта ўзгаришларга қўл урмадик. Чунки ОТЖ сафидаги баъзи футболчиларни жамоага жалб этишни истагандик. Лекин улар саралаш босқичи иштирок этиши сабабли мазкур жамоа номзодларини йиғинга жалб этмадик. Келажакда эса мазкур жамоа футболчилари ҳам бизнинг назоратимиз остида бўлади. Улар доим МТЖ мураббийлар штаби кузатуви остида бўлишади. Қайтараман, Хитойдаги турнирга тайёргарлик учун вақтимиз жуда оз. Лекин қўлдан келганча яхши иштирок этишга ҳаракат қиламиз", - дея гап бошлади Эктор Купер.


"Интерфутбол" газетаси журналисти Эктор Куперга ўтган ўйинлардан қандай хулосалар чиқаргани ва бўлажак баҳсларда айнан нималарга кўпроқ эътибор бериши ҳақида сўради. Купер эса қуйидаги жавобларни берди:

- "Ўтган вақт ҳақидаги хулосалар иккига бўлинади: яхши ва ёмон. Осиё Кубоги давомида мени хурсанд қилган яхши тарафлари ва хафа қиладиган ёмон томонлари ҳам бўлди. Буни тан оламан. Ўзгаришлар ҳақида гапиришдан аввал бизда вақт камлигини инобатга олишни истардим. Ҳозир Хитойдаги турнирдан олдин катта ўзгаришлар қилиб юборадиган муддат менда йўқ. Кичик деталларни ўзгартир ҳолда терма жамоа ўйинини яхшилашга ҳаракат қиламиз. Уругвай билан ўйинда бизнинг Австралияга қарши кўрсатган ўйинимизни такрорлашни истайман. Футболчилар янада ўз ҳаракатларини кучайтирган ҳолда ўйнашларидан умидворман. Лекин бу қисқа вақт ичида биздан мўъжиза кутиш ноўрин. Чунки тайёргарлик кўришга деярли вақтимиз қолмаяпти. Аммо ўйинимизга киритмоқчи бўлаётган кичик деталлардаги ўзгаришларимиз бизга яхши натижа олиб келади. Чунки айнан мазкур ўзгаришлар ғалаба қозонишимиз ёки мағлубиятга учрашимизга сабабчи бўлиши мумкин. Мураббий доим вақт, вақт ва яна вақт ҳақида гапиришади. Чунки бизга амалда қўлламоқчи бўлаётган нарсаларимизни машғулотларда синаб кўришга вақт керак. Масалан Туркиядаги йиғин давомида икки ҳафта шуғулландик ва натижада ўйинимизда ўзгариш кузатилди. Кўряпсизми, қачонки етарли вақт бўлса, машғулотларда буни синаб кўрсак, ўйинда ўзгариш кузатилади. Осиё Кубогида ўйинимиз яхши чиқди. Ҳозир эса қисқа муддат ичида буни амалга ошириш жуда қийин масала", - дея жавоб берди Купер.



Журналист Шаҳбоз Беғамов Эктор Купердан Осиё Кубоги ҳақидаги ҳисоботни имкон қадар батафсил тинглашни сўраб, қитъа чемпионатидан аввал чемпионлик ҳақида гапирилгани ва амалда нимчорак финал натижаси қайд этилганини эслатди. Ҳимояда тартибли ўйин қуришни хоҳлаган мураббийдан нега чемпионат давомида энг кўп хавфли вазиятлар айнан бизнинг терма жамоамиз дарвозаси олдида содир этилгани ва даражаси нисбатан анча кучсиз бўлган Туркманистон билан ўйиндан ташқари қолган учрашувларда ҳужумда кескин ўйналмагани ҳақида сўради. Шунингдек, Осиё Кубогида ҳам терма жамоа ёшартирилмагани ва ҳозирги эълон қилинган таркиб (Нестеров, Юсупов, Рашидов ва Мусаев йўқ. Ўрнига Тўраев, Мирзаев ва Абдухолиқов) ҳам нега деярли ўша-ўша эканлигини сўради. Шунингдек, Купернинг вақт жуда кам деган иддаосига бутун дунёда терма жамоалар фақат ФИФА кунлари пайти йиғилиши ва барчага шароит тенглигини эслатиб ўтиб, кўп вақт тақдим этилган йиғиндан кейин ҳам терма жамоанинг Осиё Кубогидаги натижаси яхши бўлмаганини айтди. Ва ЖЧ-2022 саралаш босқичи пайтида тайёргарликка бунданда кам вақт бўлишини назарда тутиб натижани қандай қилиб яхшиламоқчи бўлаётгани ҳақидаги саволларга Купер қуйидаги жавобларни келтирди:

- "Мени шартномамда нима деб ёзилган биласизми? ЖЧ-2022га чиқиш ва Осиё Кубогида чемпионлик эришиш алоҳида ёзиб қўйилган. Менга масалан таркиб ҳақида, уни ёшартириш борасида гапирилмаган. Келажакда терма жамоани ёшартириш ҳақида гап-сўз йўқ. Футболда келажак деган гап йўқ. Келажак ҳозир, келажак бугун. Биз ҳозирни ўйлашимиз керак. Ҳозир ютиш керак. Ҳозир ЖЧга чиқишимиз лозим. Тўғри, Осиё Кубогида нимчорак финалда ютқаздик. Тўғри, ҳақсиз. Бу мени айбим. Тан оламан. Лекин бизларнинг мақсадимиз ЖЧ чиптасини қўлга киритиш. Бу йўлда биз жуда кўплаб футболчиларни кузатиб борамиз. Олимпия терма жамоаси бу йўлда бизнинг асосий мўлжалимиз бўлади. Шуни айтишим мумкинки, ОТЖ мураббийи испан тилида суҳбатлашади ва бу борада биз бир-биримиз билан доим мулоқотда бўлишимиз мумкин. Бизнинг барча қувватимиз ЖЧга чиқишга сарфланади. Таркибни ёшартириш, ўйинчиларни шакллантириш ҳам муҳим масала, тўғри. Келажакда ОТЖ футболчилари бизнинг ўзагимиз бўлади. Шунингдек, чемпионат ўйинларини ҳам кузатиб борамиз. Лекин мен келажак ҳақида гапиришни хоҳламайман. Келажак ҳозир биз учун Хитойдаги турнир. Мазкур мусобақада яхши қатнашиш учун тайёргарлик кўришимиз керак. Хитойдаги турнирда кўрсатадиган ўйинимиз июнда бошланадиган саралаш босқичида ўйин услубимизнинг асоси бўлади. Агарда биз мақсадларни бўлишни бошласак, ўз-ўзидан қувватимиз ҳам бўлинади. Тўғри таъкидладингиз, айтганингиздек терма жамоа мураббийларида вақт кам бўлади. Уларга аслида кўпроқ вақт керак. Ҳозирдаги барча эътибор ва қувватимизни Хитойдаги турнирга қаратамиз. Мен келажак ҳақида гапирмайман. Чунки мени келажакни кўраётганим йўқ. Балки Хитойдаги турнирда ютқазсак, мени бўшатиб юборишлари мумкин. Шу боисдан ҳам натижага қараймиз. Келажак бу нисбий нарса. Муҳими, ишни яхши режалаштириш керак. Бу эса бизда жуда яхши йўлга қўйилган. Яхши йўналишга тушиб олганмиз. Миямиздаги ягона нарса - ЖЧга чиқиш. Бу жараёнда ОТЖ мураббийлари билан ҳам доимо алоқада бўлиб, ўз стратегияларимиз ҳақида бўлишамиз. Мен ҳам Осиё Кубогидан кўпроқ нарса кутгандим. Лекин ўйлаган ишларимиз амалга ошмади. Мен айбдорман. Мен ҳамиша ғалаба қозониш ҳақида ўйлайман. Асосий мақсад мундиал", - деди Эктор Купер.

Қалампир нашри журналисти Осиё Кубогида терма жамоамиз ўйинида мантиқ кўрганини таъкидлаб, Осиё Кубогида, расмий ўйинларда қитъа жамоаларининг ҳақиқий кучини кўрган мураббий ўзи учун қандай хулосага келганини сўраб, келажакда даражаси паст футболчиларимиз билан қандай қилиб гранд жамоаларни пастга қулатиб ЖЧга чиқишимизни сўради.

- "Ҳа, биз қитъадаги гранд жамоаларни юта оламиз деб ўйлайман. Тўғри айтилди, расмий ўйинлар билан ўртоқлик баҳсларнинг ўртасидаги фарқ ер билан осмонча. Жамоаларнинг ҳақиқий кучи расмий ўйинларда кузатилади. Келажакда Австралия, Япония каби кучли термаларни ютишимизга аниқ ишонаман. Лекин битта шарт бор. Бунга аввало ўзимиз ишонайлик. Барча бирлашган ҳолда ягона дастур асосида ҳаракат қилиш керак. Шундагина бу мақсадга эришиш мумкин. Лекин бу биз аниқ шу жамоаларни ютамиз дегани эмас. Осиё Кубогида биз улар билан тенгма-тенг ўйнай олишимизни кўрдик. Бу исботланди. Келажакда эса уларни ютиш учун, аввало ушбу ўйинни сақлаб, уни янада кучайтириб, шакллантириш лозим бўлади. Эътиборни бошқа нарсалар билан бўлиб, ёшартириш ёки бошқа масаларни ўйламаслик зарур. Балки мен мураббий сифатида бунга қодир эмасдирман. Яъни, бир вақтнинг ўзида барча жиҳатларни инобатга олиб ишлаш қўлимдан келмас. Лекин мен буни нотўғри деб ҳисоблайман. Осиё Кубогидаги мағлубиятни кимдир омадга юйиши, кимдир пенальтилар эвазига ёки бошқа биров кучсиз бўлганимиз билан келтириши мумкин. Хитойдаги турнирда айнан расмий баҳсларга тайёргарлик кўриш учун иштирок этамиз. Уругвай таркибида Кавани, Суарес ёки Годин сингари юлдуз футболчилар бор. Лекин бизнинг мазкур турнирдаги аниқ режамиз: расмий ўйинларга тайёрланишдан иборат", - деди Эктор Купер. 


Шунингдек, Купер эҳтирослар билан саволларга жавоб беришини жаҳли чиққанлиги учун эмас, балки доим шундай оҳангда гапириши билан изоҳлади.


Журналист ва аёллар футболи мутахассис Дмитрий Попов Купердан Осиё Кубогидаги ўйин таҳлилларини қайси дастурлар орқали ўрганиши ва бунинг учун қанча вақт сарфлашини сўради.

- "Замонавий дастурлар мураббийлар учун жуда қулай келди. Чунки ортиқча вақт сарфлашга ҳожат қолмаяпти. Лекин мен ўйинлар таҳлили билан шуғулланмайман. Мен бу борада мутахассис эмасман. Бу иш билан шуғулланадиган таҳлилчи мутахассисимиз бор штабда. Шуни унутмаслик керакки, футболда инсон фактори жуда муҳим. Буни ҳеч қандай технология аниқлаб беролмайди. Ҳамма нарса рақамлар билан боғлиқ эмас. Футбол бу математика эмас. Мен ўқиётган китобда 50 йилликдан сўнг мураббий жамоани компьютер орқали ўтирган жойларидан бошқаришлари мумкинлиги ҳақида ёзишган. Лекин шундай жиҳатлар борки, буни ҳеч қандай технология орқали аниқлашнинг имкони йўқ. Бу футболчининг ватанга бўлган муҳаббати, ўйинга бўлган муносабати каби жиҳатларни дастурий таҳлиллар орқали аниқлай олмаймиз. Шуни айтишим мумкинки, ЎФА менга таҳлиллар учун керак бўлган барча замонавий технолгиялар билан таъминлаб келмоқда.  Мураббийлар штабимиз билан рақиб ўйинини ўрганиш ва ўз ўйинимизни таҳлил қилишда энг охирги моделдаги технологиялардан фойдаланяпмиз. Бизда ҳаммаси бор. Мен ҳали ҳам Осиё Кубогидаги ўйинларимиз таҳлили билан шуғулланяпман. Бу жараён давом этмоқда. Биласизми, мен бир кинони неча маротаба қайтадан кўраман? Балки мен бир кўришда кинони тушунмасман, лекин 5-6 маротаба қайта-қайта кўраман. Кинони ҳар сафар кўрганимизда фильмдан ўзим учун янги бир нима оламан. Актёр ёки актриса ҳаракатларидан янги нимадир оламан. Ҳар сафар қайта кўрганимда ўзим учун янгилик топаман. Балки бошқа мураббийларда бундай бўлмас, улар футболни мендан кўра яхшироқ тушунишлари мумкин. Лекин мен ҳали ҳам ўзимизнинг ўйинларни қайта томоша қиляпман", - деди Купер.


АГМК матбуот котиби Бахтиёр Ширинов Эктор Купердан юртимизда маълум муддат яшаб, ўзбек анъаналари ва яшаш тарзидан бохабар бўлган мутахассис сифатида нега ўзбек футболчилари Осиё гранд жамоалари ўйинчиларидек Европанинг кучли бешлик чемпионатларида ўйнаб кета олмаётгани сабаблари билан қизиқди.

- "Жуда қийин савол. Балки ўзбек футболчилари юртингиздан чиқишни истамас ёки Европага боргиси келмас. Кимгадир Россия, кимгадир Хитой ёқади. Бошқа биров Бирлашган Араб Амирликларини хуш кўриши мумкин. Таҳлил учун жуда яхши мавзу. Ўзбек футболчиларининг даражаси ва сифати бемалол Европада ўйнашга тортади. Буни бемалол айтаман. Шубҳа йўқ", - дейди Эктор Купер.



ЎЗА ахборот агентлиги журналисти Отабек Эшмаматовнинг азалдан терма жамоанинг жисмоний ҳолати борасида муаммо борлигини таъкидлаб, ҳозирги ҳолат бўйича қизиқди ва хорижда ўйнаётган легионерларимизни ўрганиш ва кузатиш жараёнини қандай ўтказаётгани билан қизиқди.

- "Ҳозир энди технологиялар мавзусида суҳбатлашадиган мавзу бўлди. Бизда барча легионерларнинг ўйинлари туширилган видеолар мавжуд. Шу орқали уларни кузатиб борамиз. Лекин шуни айтишим мумкинки, барча легионерлар ҳам жамоаларининг асосий таркиб футболчиси эмас. Уларнинг сони кўп, аммо барча бошланғич таркиб футболчиси эмас айни пайтда. Масалан Фозил Мусаев охирги ўйинларда захирадан майдонга тушди. Фақатгина охирги баҳсда тўлиқ ўйнади. Баъзи нарсалар бир-бирига тўғри келмайди. Легионерлар доим кузатувимиз остида. Лекин айни пайтда чемпионатда шундай ўйинчилар борки, даражаси жиҳатдан айрим легионерлардан устун. Мени фикримча, баъзи футболчилар легионерлар ўйинчилардан кучлироқ. Бу шунчаки менинг шахсий фикрим. Биз ҳар бир қарорни мураббийлар штаби билан гаплашган ва маслаҳатлашган ҳолда чиқарамиз. Технологиялар ҳиссаси эвазига биз хориждаги футболчилар ҳақида етарлича маълумотларга эгамиз. Жисмоний ҳолатимиз ҳақида гапирсам, Осиё Кубогидаги натижаларимиз бу борада анча яхши бўлди. Шундай футболчилар борки, кимдир кўпроқ югуради, кимдир эса камроқ.  Шахсан менда футболчиларнинг жисмоний ҳолати бўйича ҳеч қандай эътироз йўқ", - дейди Эктор Купер.


Шаҳбоз Беғамов Португалия чемпионатида жавлон ураётган, асосий таркиб футболчиси ҳисобланган Рашидов нега рўйхатга киритилмагани ва Денисовнинг хизматларига нега эҳтиёж сезмагани ҳақида сўради. Шунингдек, Купернинг барча легионерлар ўз жамоаларида асосий таркиб футболчиси эмас деганига терма жамоага чақирилган Шораҳмедов ва дарвозабон Тўраев айни пайтда ўз жамоаларида захира ўриндиғида ўтирганини келтириб, бу борада изоҳ сўради.

- "Шундай футболчилар борки, ўз жамоасида ўйнамаса ҳам ўйнаётган легионерлардан кучлироқ бўлиши мумкин. Мен бир нарсани аниқ айтаман, барча терма жамоага ўйнашга лойиқ. Лекин биз футболчилардан доим тайёр бўлишлари кераклигини сўраймиз. Муҳими, футболчиларда ишлашга бўлган иштиёқ бўлмоғи лозим. Терма жамоа футболчилари нафақат мураббий кўрсатмаси, балки жамоага нима керак бўлса шуни бера олишлари керак. Рашидовда виза билан боғлиқ бўлгани учун чақирмадик. Унга ортиқча эътироз йўқ. Чақирилмаган ўйинларни ўрнини тўлдирадиган футболчиларни жалб этганмиз. Бу борада муаммо йўқ. Терма жамоадан чақирув олмаган футболчилар ҳавотир олмаса ҳам бўлади. Чунки улар келажакда чорлов олишлари мумкин. Бизда ҳеч кимга жой кафолатланмаган. Терма жамоа эшиклари эса барча учун очиқ. Лекин шу нарсани тан оламанки, менга ёққан футболчи бошқага ёқмаслиги, ёки аксинча бўлиши мумкин. Лекин биз 23 футболчи билан чекланишга мажбурмиз", - деди Эктор Купер.


Халқ сўзи газетаси мухбири Азамат Муродов яқиндагина МОҚ расмий сайтида футболга жавобгар бўлган ЎФА Биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўз интервьюсида терма жамоани ёшартириш керак деганини эслаб, Купердан раҳбарлар билан мазкур масалада алоҳида суҳбат бўлганми ёки йўқлигини сўради.

- "Сизлар нима хоҳлайсизлар? ЖЧга чиқишни истайсизларми? Ёки ҳар ўйинда учтадан гол уришни истайсизларми? Тўп билан кўпроқ муомулада бўлишни хоҳлайсизларми? Мен сизларни тушунаман, ҳаммани тушунаман. Тўғри, биз тотал футбол ўйнашимиз мумкин. Мен терма жамоани умуман ёшартирмаймиз демайман. Албатта буни қиламиз. Биз келажакда ОТЖ терма жамоасига асосланиб, уларни кузатиб борамиз. Лекин уларнинг ҳам мураббийлари бор, улар ҳам ўз режасига кўра саралаш босқичига тайёрланмоқда. Ҳозирги таркибда нимага ОТЖнинг бирорта футболчиси йўқ? Чунки уларни олдинда муҳим мусобақа кутмоқда. Менга ОТЖ футболчилари қизиқ эмас деганим йўқ. Менга шахсан Умид Аҳмаджонов терма жамоани ёшартириш керак дегани йўқ", - дея матбуот анжуманини якунлади Эктор Купер.


Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 21-25 март кунлари Хитойнинг Гуанси шаҳрида "China Cup-2019" мусобақасида иштирок этади. Эктор Купер мазкур турнирга 22 нафар футболчи билан иборат таркибда йўл олади. Бугун ўтказилган матбуот анжуманида аввал Эктор Купер терма жамоага чақирган футболчилар рўйхати эълон қилинди. Унга кўра, Осиё Кубогида қатнашган 5 нафар футболчи Игнатий Нестеров (дарвозабон), Ўткир Юсупов (дарвозабон), Фозил Мусаев (таянч ярим ҳимоячиси), Азиз Турғунбоев (вингер) ва Сардор Рашидов (ҳужумчи/вингер) рўйхатдан тушиб қолди. Уларнинг ўрнига дарвозабонлар Жавоҳир Илёсов, Акбар Тўраев, Сардор Мирзаев ва Темурхўжа Абдухолиқов рўйхатга киритилган.

Ўзбекистон терма жамоаси 17 март куни кечаси соат 23:00да Тошкентда йиғилади ва эртаси куни мусобақа бўладиган Хитойнинг Гуанси шаҳрига учиб кетиши режалаштирилган.

Rating: +22   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика