Буффон ва Доннарума дарвозаларига гол урган ҳамда Ўзбекистонга қарши ўйнаган "Нефтчи"нинг янги легионери билан танишамиз
12 feb 03:30
News
Буффон ва Доннарума дарвозаларига гол урган ҳамда Ўзбекистонга қарши ўйнаган "Нефтчи"нинг янги легионери билан танишамиз
– 18 ёшида "Челси" 2,5 млн еврога сотиб олган;
– Италия А Сериясида Жанлуижи Буффон, Жанлуижи Доннарумма каби номдор посбонлар дарвозасига тўп киритган;
– Европа Конференциялар лигаси тарихидаги биринчи гол муаллифига айланган;
– Бугунги кунда жамоадоши ҳисобланган Жамшид Искандерови бор Ўзбекистонга қарши майдонга тушган.
Стипе Перица 1995 йил Хорватияда туғилган. Профессионал фаолиятини Хорватиянинг "Задар" клубида бошлаган. Асосий жамоа сафидаги дебютини ўша йилнинг сентябрь ойида ўтказган. Илк мавсумидаёқ чемпионатнинг 20 ўйинида 8 та, барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда 10 та гол уришга эришган.
Ёшлигимда, кўчада жияним Антонио Чулина билан бирга тўп тепардик, ҳаммаси шундан бошланган. Ёшлигимда ҳар якшанба телевизорда футбол томоша қилардим. Кўплаб дербиларни биламан.
2013 йилнинг 1 августида Перица 2,5 миллион евро эвазига "Челси" билан шартнома имзолади. "Аристократлар"га келиб қўшилганидан сўнг, клуб уни Нидерландиянинг "НАК Бреда" жамоасига ижарага берди.

18 ёшга тўлганимдан бир неча кун ўтиб "Челси"га кетганман. "Задар"да 17 ёшимда ўйнаганман, шунинг учун ўша пайтда вазиятни тўлиқ англамаганман, ҳеч нарсани тушунмаганман ва мени нима кутаётганини ҳам билмасдим. Шунчаки синовларни енгиб ўтиш қийин бўлди, аммо бунинг яхши ва ёмон томонлари бор эди. Ўйлайманки, ҳаётий тажриба мени бугунги шахс сифатида шакллантирди ва афсусланадиган ҳеч нарсам йўқ деб ҳисоблайман.
Стипе "НАК Бреда" сафидаги дебютида захирадан майдонга тушиб, меҳмонда "Рода" устидан қозонилган 5:1 ҳисобидаги ғалабада илк голини урди. Бир неча ҳафтадан сўнг, "Хераклес"га қарши баҳсда (2:1) ғалаба келтирувчи гол муаллифига айланди. 2014 йилнинг 16 февралида "Фейеноорд"га қарши ўйинда захирадан майдонга тушганидан бор-йўғи 4 дақиқа ўтиб, майдондан четлатилди.
Ўша йилнинг август ойида унинг ижара шартномаси мавсум якунига қадар узайтирилди. Бироқ "Бреда" бош мураббийи Небойша Гудель истеъфога чиқарилгач, унинг жамоадаги роли пасайиб, кам майдонга тушадиган ўйинчига айланиб қолди ва кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида клубни алмаштиришни сўради. 2015 йил 22 январда унинг "НАК Бреда" билан ижара келишуви якунланди ва "Челси" уни 2016 йилнинг июнь ойига қадар "Удинезе"га ижарага берди.
Перица "Наполи"га қарши баҳсда дебют қилди ва 78-дақиқада Бруну Фернандеш ўрнига захирадан майдонга тушди. 2015 йил 4 апрелда Перица "Удинезе"нинг асосий таркибида илк бор майдонга тушди. 17 май куни эса "Рома"га қарши ўйинда илк голини урди, аммо учрашув "Удинезе"нинг 1:2 ҳисобидаги мағлубияти билан тугади.
Италияда машғулотлар анча интенсив. Биринчи навбатда тактика, асосий фарқ шунда, кейин эса ҳужум. Нидерландияда ҳужумчи учун кўпроқ бўш ҳудуд бор. Хорватияда ҳам шундай. Фарқ шундаки, Италияда бўш нуқта топиш учун кўпроқ тер тўкиш керак.

3 июнда "Удинезе" Перицанинг ижара шартномасини бир ярим йилга узайтирди. 20 декабрда у "Торино" устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонилган ўйинда жамоасига ғалаба келтирган гол муаллифига айланди. Шунингдек, у ўша пайтда Жанлуижи Буффон қўриқлаган "Ювентус" ҳамда Жанлуижи Доннарумма қўриқлаган "Милан" дарвозаларини ишғол қилган.
"Ювентус"га қарши илк марта майдонга тушганимда, Буффонга "Дарвозангизга албатта гол ураман" деганман. 10 дақиқа ичида умуман тўпга тега олмаганман. Лекин "Удинезе" "Ювентус"нинг янги стадионидаги илк ғалабасига эришганди. Шу тариқа, биринчи ўйин, иккинчи ўйин, учинчи, тўртинчи ўйин ўтди, мен у қўриқлаётган дарвозага гол ура олмадим. Кейинги бир ўйинда асосий таркибда майдонга тушдим ва ўйин бошланишидан олдин у менга: "Гол уришга ҳаракат қил, чунки мен қаридим, абадий ўйнамайман", деди. Ва ниҳоят, дастлабки олти-етти дақиқа ичида гол урдим ва бу ажойиб туйғу эди. Ўйиндан кейин у ёнимга келиб, менга либосини берди ва биз футболкаларимизни алмашдик, илиқ хотира қолган.
"Сан-Сиро"да гол уриш ёқимли туйғу. Биласизми, бу ҳам бир орзу, ёшлигингизда энг юқори даражада ўйнашни ва дунёнинг энг йирик стадионларида гол уришни ўйлайсиз. Масалан, "Сан-Сиро"да ёки мен "Рома" ва Англиянинг қандайдир жамоасига қарши гол урган "Олимпико"да. Футбол ўйнашни бошлаган ҳар бир бола мана шу даражага етишни орзу қилади. Худога шукурки, баъзи нарсаларга эришдим ва умид қиламанки, ҳали кўпига эришаман.
Фахрланишим мумкин бўлган воқеалар бор, чунки бошқа мамлакатларда гол урганман, машҳур футбол юлдузлари билан бир майдонда ўйнаганман. Набираларимга айтиб берадиган хотиралар етарлича.
2016 йил 15 июнда "Удинезе" Перицанинг шартномасидаги махсус бандни фаоллаштирди, унга кўра футболчи Италия клуби сафига тўлақонли асосда қўшилди.
2018 йил 18 июлда Перица А Сериянинг янги иштирокчиси "Фрозиноне" клубига бир мавсумга ижарага берилди. Январь ойида майдонга тушиш имкониятлари пасайиб кетгач, у "Касимпаша" клубига ўтиш учун "Удинезе" томонидан ижарадан чақириб олинди.
2019 йил 23 августда Перица Бельгия Биринчи А дивизиони вакили "Мускрон" жамоаси сафига 2020 йилнинг 30 июнига қадар ижара асосида келиб қўшилди.
2020 йил 7 сентябрда Перица "Удинезе"дан Англия Чемпионшипи вакили "Уотфорд" сафига ўтди.
"Уотфорд" сафидаги дебютини 15 сентябрда Англия лига кубоги доирасида "Оксфорд Юнайтед"га қарши баҳсда ўтказди. Ўйин пенальтилар сериясигача давом этди ва Перица ўз зарбасини аниқ амалга ошириб, жамоасининг ғалабасига ҳисса қўшди. Кейинги босқичда "Ньюпорт Каунти"га қарши ўйинда Перица қўпол ҳаракати учун майдондан четлатилди, "Уотфорд" эса 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. "Уотфорд" сафидаги илк голини 24 октябрда "Борнмут" билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилган ўйинда киритди.
"Уотфорд"га келганимда, жамоа менежери коронавирусга чалинганди, изоляцияга тушишга тўғри келди. Кейин биринчи ўйин бўлади, қизил карточка олдим, тасодифан рақибни тирсагим билан уриб юбордим ва уч ўйинга четлатилдим. Кейин гол урдим, елкамдан жароҳат олдим, олти ҳафтага сафдан чиқдим... Кейин мураббий алмашди, кейин яна олти ҳафтага сафдан чиқдим! Тасаввур қила оласизми? Шунга қарамай, клуб сафида 20 та ўйин ўтказдим.
2021 йил 14 августда Перица Исроилнинг "Маккаби Тель-Авив" клуби билан шартнома имзолади. Ўша йилнинг 14 сентябрда Перица янги ташкил этилган Европа Конференциялар лигаси тарихидаги биринчи гол муаллифига айланди.

Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Баъзида учта ўйинда 10 та имкониятга эга бўласиз ва гол урасиз. Баъзан эса ўйин бошқача кечади ва сиз дарвозага зарба бера олмайсиз. Футбол шуниси билан қизиқ.
Перицанинг "Маккаби Тель-Авив" билан шартномаси якунланишига бир йил қолганда, у Европага қайтишни истарди. 2022 йил август ойи охирида "Стандард"дан таклиф тушгач, музокаралар чўзилиб кетди. Шу сабабли футболчи вазиятни ўз қўлига олишга қарор қилди ва клубнинг расмий рухсатисиз Бельгияга учиб кетди.
"Маккаби" бундай хатти-ҳаракатдан ниҳоятда норози бўлди, бироқ ишни узоқ суд жараёнларигача олиб бормаслик ва таркибда садоқатсиз ўйинчини ушлаб турмаслик учун томонлар 2 сентябрь куни келишувга эришдилар.
Натижада бельгияликлар форвард учун 900 000 евро тўлашди. У "Стандард"да икки йил фаолият юритди ва 2024 йилнинг сентябрь ойида эркин агент сифатида клубни тарк этди.
Перица 2024 йил сентябрда эркин агент сифатида "Риека" таркибини тўлдирди. 2025 йил бошида Руминиянинг "Динамо Бухарест" либосини кийди. "Динамо" сафида у 34 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди.
Сўнгги йилларда кўплаб клубларни ўзгартирдим, лекин ўзимга тинч бошпана топа олмадим ёки менга мос келадиган барча параметрларга, масалан, тасаввур ва амбицияларга эга клубни топа олмадим. Узоққа бормаслик учун, ўтган йили елкамдан операция қилингани учун "Стандард Льеж"да ўйнамаганим ҳам бўлди. Бундан ташқари, ўша клубга кўникмадим, ишлар яхши кетмади ва бир йилни ўтказиб юбордим. Шунинг учун ҳам фаолиятим учун уйга, Хорватияга қайтиш энг яхшиси деб ўйладим. Танлов ҳужумкор футбол ўйнайдиган, ҳужумкор, ўйнайдиган, формасини тиклайдиган, голлар урадиган "Риека"га тушди. Чунки ҳужумчи билан қандай бўлишини биласиз, агар у ўйнамаса – ўлади. Бу орқага чекиниш бўлишини, шунингдек, агар ўйнай бошласам, уч қадам олдинга олиб чиқиши мумкинлигини билардим. Афсуски, бу иш бермади, вақтим кўп эмас эди. Ва мен ўзимга кўпроқ мос келадиган бошқа муҳит топишга қарор қилдим.
2026 йилнинг февралида эса Ўзбекистоннинг "Нефтчи" клуби билан шартнома имзолади. Хабарларга кўра, 30 ёшли ҳужумчига Хорватиянинг "Истра" ва "Вараздин" клублари ҳам қизиқиш билдирган.

Дунёда мен кузатадиган кўплаб ҳужумчилар бор. Менга ўзимга ўхшаган бўйи баланд ва гол урадиган футболчилар ёқади. Илгари Руд ван Нистелрой ва Лука Тони кумирларим эди. Уларнинг деярли барча голини кўрганман. Кейинчалик Гонсало Игуаин ва Ҳарри Кейннинг ўйин услуби ва голлари ёқа бошлади.
Перица 2013 йилги 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Хорватия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилди. 17 ёшли Перица Хорватиянинг энг ёш ўйинчиси эди ва 26 июнь куни гуруҳ босқичи доирасидаги Ўзбекистонга қарши ўйиннинг 67-дақиқасида захирадан майдонга тушган. Ўзбекистон таркибида майдонда бўлган Жамшид Искандеров ва Муҳсин Убайдуллаев эндиликда хорватиялик форвардга жамоадош ҳисобланади. Орадан уч кун ўтиб, Стипе Янги Зеландия устидан 2:1 ҳисобида қозонилган ғалабада гол муаллифига айланди.

Биласизми, ҳар биримиз қандайдир вазиятларни бошимиздан ўтказамиз, кимнингдир ҳаёти осонроқ, кимникидир қийинроқ, ҳар кимнинг ўз курашлари бор. Биз бир-биримизни билмаймиз... Мен сизнинг нималарни бошдан кечираётганингизни билмайман ва сиз мен нималарни бошдан кечираётганимни билмайсиз. Лекин ўзимни кучли инсон деб ҳисоблайман ва ҳаётимдаги ҳар қандай вазиятда ҳеч қачон таслим бўлмайман.
Ошпаз ва официантликдан футболга. Боаке ҳақида 7 қизиқарли факт
Юзи қонга беланган ва агентидан нолиган "Динамо"нинг уругвайлик футболчиси билан танишамиз
"Локомотив" легионерининг ҳаётий ҳикояси
Отасига эмас, Роналдиньога ўхшашни хоҳлайдиган, гол нишонлагани учун жамоадан ҳайдалган "Бухоро"нинг икки ниқобли легионери билан танишамиз
Онаси футболчи бўлган, муҳтожларни қўллайдиган "Динамо"нинг янги легионери билан танишамиз
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Similar news
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" Вальверденинг хет-триги эвазига "Манчестер Сити"ни мағлуб этди
Суперлига. "Насаф" сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига "Динамо" билан дуранг ўйнади
Opta. EЧЛ учун асосий даъвогарлар рейтингини қайтадан тузиб чиқди
Камолиддин Тожиев: "Эртанги ўйинга 100 фоиз шаймиз. Пенальтилар сериясига тайёрланмадик" (тўлиқ матбуот анжумани)
Comments