Latest news

22:12"Лестер" Куперни истеъфога чиқарди  0 21:35"Леганес" — "Реал". Беллингем, Винисиус, Гюлер ва Мбаппе асосий таркибда  29 21:22"Наполи" — "Рома". Таркиблар маълум  1 21:15АПЛ. "Саутгемптон" ва "Ливерпуль" ўртасидаги ўйинда 5та гол урилди  35 21:13 Элит Чемпионлар лигаси. "Пахтакор" бош мураббийи Максим Шацких ва ўйинчиси Ҳожиакбар Алижонов "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?  3 20:31"Ипсвич Таун" — "Манчестер Юнайтед". Бруно, Рэшфорд ва Каземиро асосий таркибда  9 20:09Перес Винисиусга мурожаат қилди  7 19:45Кетма-кет иккинчи йил чемпион бўлган Бобир Абдихолиқов билан интервью   2 19:37Суперлига. "Сўғдиёна" – "Локомотив" 2:0. Highlights  0 19:36Суперлигани қайси клуб тарк этади? Кумуш медал кимга насиб қилади? 26-тур интригалари  8 19:18Суперлига-2025. Қайси жамоалар қолади, қайсилари кетади?  6 18:25Суперлига. «Сўғдиёна» «Локомотив»ни қийинчиликсиз мағлуб этди ва учинчи ўринга кўтарилиб олди  11 18:16Туркия Суперлигаси. "Сивасспор" "Қосимпошо" билан дуранг ўйнади, Турғунбоев бир бўлим ҳаракат қилди  2 18:04Февзи Давлетов: "Ўйинни тўлиқлигича назорат қилдик, фақатгина гол етмади"  4 17:28Холанд "Манчестер Сити" бўйича қарор қабул қилди  1

Александр Мочинов: “Чемпионлик вазифаси қўйилмаган эди” News

Александр Мочинов: “Чемпионлик вазифаси қўйилмаган эди”

Футболимиздаги энг катта муаммолардан бири – мактабни тугатган ёшларни асосий таркибгача бўлган оралиқда сақлаб қола олмаслик.
Сабаби, футбол мактабини битирган ўсмирлар учун шаҳар ва республика биринчиликлари ниҳоясига етади ва уларни мусобақаларсиз ушлаб туриш мушкул, катта футболгача эса хали 3-4 йил оралиқда вақт бор. Айнан шу ҳолларда футболимиз кўплаб иқтидорларни йўқотади. “Бунёдкор” футбол клуби томонидан академия битирувчилари ва бош жамоа ўртасида узвий боғлиқликни сақлаб қолиш мақсадида махсус дастури ишлаб чиқилган ва у ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Унга кўра футбол мактаби битирувчилари 2-лига – 1-лига – ёшлар таркиби – бош жамоа узвийлиги орқали катта футболгача бўлган йўлни босиб ўтадилар. Яъни битирувчилардан 50-60 нафари 3-4 йил давомида доимий ўйин амалиётига эга бўладилар ва ўз малакаларини ошириб борадилар. Шуниси қувончлики, бу тизим орқали нафақат футболчилар, балки маҳаллий мураббийлар ҳам катта футболга дадил кириб бормоқдалар. Улардан бири – ёш бўлишига қарамай ПРО дипломига эга бўлишга улгурган ва ушбу мавсумда “Бунёдкор” ёшлари билан ўринбосарлар мусобақасида ғолибликни қўлга киритган мутахассис Александр Мочинов.
Ўз вақтида “Насаф”, “Навбаҳор”, “Сўғдиёна”, “Шўртан”, шунингдек Қозоғистоннинг “Шимкент”, “Ордабоси”, “Тараз” жамоаларида тўп тепган ярим ҳимоячи Александр Мочинов хали футболчилик фаолиятини якунламай туриб, мураббийликда ўзини синаб кўришга қарор қилган. 2007 йил “Оқ-тепа” клубида ёрдамчи мураббий сифатида иш бошлаган Саша мураббийликка рухсат берувчи ўқув курсларнини муваффақиятли битиргач, “С” лицензиясига эга бўлди. Чўнтагида мураббийлик лицензияси бўлишига қарамай, Мочинов яна футболчилик фаолиятига қайтди ва 2008 йилнинг биринчи даврасида Бекободнинг “Металлург” клуби шарафини ҳимоя қилди. Иккинчи даврадан эса “Оқ-тепа”да, энди бош мураббий сифатида иш бошлади.

2009 йил Александр Мочиновни “Бунёдкор” клубига ишга таклиф қилишди ва унга 1997 йилда таваллуд топган болалар гуруҳи топширилди. Бироқ орадан хеч қанча вақт ўтмай, ёш мураббийга олий лига дебютанти – “Гулистон”дан бош мураббийлик лавозимига таклиф тушди. “Бунёдкор” клуби вазиятни тўғри бахолади ва мураббийнинг олий лигадаги фаолиятига омад тилади. Бироқ иқтисодий муаммоларни ижобий ҳал қила олмаган гулистонликлар мавсум бошланмасдан яна 1-лигага равона бўлишди. “Бунёдкор” билан амалда шартномаси бўлган Мочинов клубга қайтиб, аввалги жамоасини қабул қилди ҳамда биринчи уринишдаёқ шогирдлари билан шаҳар биринчилигида ғолибликни қўлга киритди. Мураббий фаолиятини кузатиб борган “Оқ-тепа” клуби рахбарияти “яхши мутахассис ўзимизга ҳам керак!” қабилида уни яна бир бор чақирди ва биринчи лигада аниқ мақсадларни ўз олдига қўйган жамоани бошқаришни таклиф қилди. Шу тариқа 2010 йил қаҳрамонимиз яна бир мавсум қадрдон жамоаси билан бирга ишлади.

2011 йил Ўзбекистонда ПРО лицензияси бўйича навбатдаги кўп босқичли ўқув курслари ташкил этилди ва уни тўлиқ якунига етказган Мочинов мавсум ниҳоясида яна “Бунёдкор” клубига таклиф этилди. Бу сафар унга 1-лигага тайёргарлик кўраётган “Бунёдкор-2” ишониб топширилди. Худди ўша пайтда ёшлар таркибига қозоғистонлик мутахассис Андрей Пинчуков жалб қилинди. Иккала жамоа мураббийлари олдига аниқ мақсад қўйилди: бош жамоага иқтидорли ёшларни етказиб бериш ва уларда ғолиблик руҳиятини сингдириб бориш мақсадида мусобақаларда юқори ўринлар учун курашиш.

Лекин 2012 йилги мавсумни Пинчуков жамоаси жуда ёмон бошлади: биринчи давранинг 13 ўйинида ёшлар 3 марттадан ғалаба ва дурангга эришиб, 7 учрашувда мағлубият аламини тортишди. Ўз олдига доимо юқори мақсадларни қўядиган клуб рахбариятини бу натижа асло қониқтирмаслиги табиий эди. Шу боисдан қозоғистонлик мураббийга жавоб берилди ва ёшларга Мочинов бош мураббий этиб тайинланди. Иккинчи давранинг худди шунча ўйинида ёшлар ажойиб кўрсаткичга эришишди – 9 ғалаба, 2 тадан дуранг ва мағлубият.

Ва ниҳоят бу йил мураббий Александр Мочинов футболдаги дастлабки муваффақиятига эришди: унинг шогирдлари ёшлар лигасида ғолиб жамоага айланишди. Биз Александр Владимировични чемпионлик билан қутлаш баҳонасида у билан суҳбат уюштирдик.

- Ўринбосарлар мураббийи учун қай бири муҳим, натижами ёки бош жамоага ўйинчи тайёрлашми?
- Албатта асосий жамоа учун ўйинчи тайёрлаш. Ўринбосарлар турнири ўтказилишининг асосий сабаби ҳам ана шунда. Лекин бош жамоа ўз олдига барча мусобақаларда ғолиб чиқиш вазифасини қўйгандан кейин, ёшларда ҳам ғолиблик руҳини шакллантириш талаб этилади. Яъни биз мавсум бошида Акбар Тўраев, Дилшод Жўраев, Алибобо Раҳматуллаев, мавсум давомида Жавлон Мирабдуллаев, Сардор Собирхўжаев ва Сардор Рашидовларни бош жамоага кузатганимиз билан сўнгги тургача ғолиблик учун курашдик.

- Юқорида номлари келтирилган футболчилар бош жамоа аъзоси бўлиб улгурдилар. Мавсумлар оралиғида бош жамоани кимлардир тарк этса, улар ўрнини ўринбосарлар таркиби ҳисобидан тўлдириш мумкинми? Сиз шахсан яна кимларни бош жамоага тавсия қилган бўлардингиз?
- Ҳозирнинг ўзида бир гуруҳ футболчилар остонада туришибди. Улар академиямизнинг 1994-1995 йилларда туғилган тарбияланувчилари ҳисобланишади ва турли ёшлардаги терма жамоа аъзолари ҳисобланишади. Номларга тўхталадиган бўлсам, 1994 йилдан Ҳасан Асқаров ва Камронбей Кападзе, 1995 йилдан Хуршид Ғиёсов, Миржамол Қосимов ва Забихилло Ўринбоевни ҳозирданоқ бош жамоа билан шуғулланишга тайёрлар. Маълумки 1995 йилдаги тарбияланувчиларимиздан 6 нафари Ўзбекистон терма жамоаси сафида Осиё чемпионати саралаш турнирида иштирок этди ва келаси йил бўладиган финал турнирига йўлланмани қўлга киритишди.

- Бу терма жамоа мураббийларидан бири Сиз бўлишингиз керак эди...
- Ўзбекларда “Иккита қўчқорнинг калласи битта қозонда қайнамайди!” дейишармиди (кулади). Аввало менга ишонч билдириб, мураббийлар сафига мени қўшишгани учун терма жамоалар марказига миннатдорчилик билдираман. Лекин ёрдамчи мураббийлик учун бошқа жамоа бош мураббийини жалб қилиш шарт эмас деб ҳисоблайман. Барча қарорни бош мураббий қабул қилади ва натижага ҳам у жавоб беради. Шунчаки ўйинолди ва танаффусдаги машғулотларни ўтказиш учун исталган мураббийни жалб қилиш мумкин. Фақат шу вазифани деб “Бунёдкор” ёшларини холи қолдиришни истамадим. Бу – менинг қарорим.

- Ёшлар таркибида узоқ муддат ушланиб туришни ҳеч ким истамайди. Шу боис ҳам, 1-2 йил ичида бош жамоага қабул қилинмаса, кўплаб футболчилар бошқа жамоа ахтаришга тушишади. Уларнинг қарори тўғрими ва умуман, ўринбосарлар таркибида узоғи билан қанча муддат тўп суриш мумкин?

- Баъзи футболчилар ўринбосарлар даражасидан ўтиб бўлган, лекин бош жамоага хали тайёр эмас деб ҳисобланадилар. Бундай вазиятда қарорни бош жамоанинг бош мураббийи қабул қилиши керак. Агар футболчи бугун бўлмаса, эртага “очилиб” кетишига ишонч бўлса, у бошқа жамоа ахтармагани маъқул ва сабр билан ўз имкониятини кутиши керак. Агар бош мураббий унинг даражаси шу, бундан бошқа ўсмайди деб ҳисобласа – унда клуб бу футболчига жавоб бериши мақсадга мувофиқ бўлади. Айтмоқчи бўлганим, бу босқични назорат қилиш бош жамоанинг бош мураббийи вазифаси ҳисобланади ва футболчининг кейинги тақдирини айнан у ҳал қилади. Муддатларга тўхталадиган бўлсак, фикримча ўйинчининг шаклланиши учун ўринбосарлар таркибида 2 йил етарли. Яъни 16 ёшдан 18 ёшгача. Бу ёғига 3 йўлдан бири танланиши керак, ёки бош жамоада шуғулланиб малакасини ошириш, ёки яна 1-2 йил ўринбосарларда имкониятини кутиш ёки бошқа жамоага ўтиш.

- Яхши, унда аниқ номларни келтираман. Виктор Мочалов, Абдуқаҳхор Ҳожиакбаров, Дониёр Хасанов, Санжар Тўрақулов, Ориф Мамажонов, Азиз Ғуломхўжаев, Анвар Рахимов, Маъруф Аҳмаджонов, Расулжон Шухратов, Араик Бобоев, Дмитрий Хутов, Дмитрий Кузин. Уларга “Бунёдкор”нинг келажаги сифатида қаралган эди, лекин...
- Уларнинг бари иқтидорли эди ва кўпчилиги ҳозирда олий лиганинг бошқа жамоалари асосий таркибида майдонга тушишмоқда. Агар “Бунёдкор” ўртамиёна жамоа бўлганда, уларнинг ярми ҳозир ҳам биз билан бирга бўларди. Лекин “Бунёдкор”нинг таркиби нафақат мамлакат биринчилиги, балки Осиё Чемпионлар лигасида муносиб қатнашиш даражасига қараб шаклланади ва бу таркибдан жой олиш фақат саноқлиларга насиб этади.

- Мен бу саволни бежиз бермадим. Фикримча, ўринбосарлар гуруҳи хар йили 3-4 иқтидорни бош жамоага тайёрлаб бериши талаб этилади. Масалан бу йил 21-22 ёшли Алибобо Раҳматуллаев, Сардор Рашидов, Дилшод Жўраев бош жамоага қабул қилинган бўлсалар, кейинги номзодлар 20-21 ёшлилар орасидан танланиши мантиқан тўғри бўларди. Лекин юқорида биз санаб ўтган гуруҳ клубни тарк этишгач, оралиқда бўшлиқ пайдо бўлди, яъни 19-21 ёшлилар қолмади ҳисоб. Сиз навбатдаги номзодлар 1994-1995 йиллар дедингиз. Лекин улар бош жамоанинг асосий таркибига хали тайёр эмаслар, аниқроғи хали бунга бир неча қовун пишиғи бор. Шу боис ҳам мавсумни 20 дан зиёд футболчи билан бошлаган бош жамоа иккинчи даврани 15-16 ўйинчи билан якунлади...
- “Бунёдкор” бош жамоасидаги мураббийлар штаби мамлакатдаги энг малакали мутахассислардан ташкил топган деб ҳисоблайман. Клуб рахбарияти ҳам футболни профессионал даражада тушунадиган инсонлардан иборат. Айтмоқчиманки, юқорида номлари келтирилган футболчилар бош жамоани кучайтиришига ишонч бўлганда, уларга жавоб берилмасди. Яна қайтараман, уларнинг бари иқтидорли, лекин “Бунёдкор”нинг талаби жуда юқори ва унга фақат саноқлилар жавоб бера олади. Албатта, уларнинг баъзилари рахбариятдан ҳафа ва бошқа жамоага бориб “Бунёдкор”да менинг қадримга етишмади” дея баёнот беришганини ҳам эшитганмиз. Лекин футболчи муаммони аввало ўзидан излаши керак. Афсуски, кўпчилик ўйинчилар улар бошқа жамоага ўтишга мажбур бўлганларида мураббийларни айблашади. Бу жуда катта хато. Хеч қайси мураббий ўзига душман эмас ва тайёр маҳсулотни шунчаки топшириб қўймайди.

- Оддий савол: бош жамоа номзодларни ўринбосарлардан олади, ўринбосарлар улар ўрнини кимлар ҳисобига тўлдиради?
- Жавоб ҳам оддий: футбол мактаби ҳисобига. Бу йил “Бунёдкор”, “Пахтакор”, “Насаф” жамоалари ўз тарбияланувчиларидан бир нечтасини асосий таркибда майдонга туширдилар ва бу уларнинг юқори ўринларни эгаллашларига таъсир ўтказмади. Бу клублар ўз футбол академияларига жиддий эътибор берганлари туфайли, ҳосил ҳам шунга яраша бўлади. Ким футбол мактабига эътибор қаратмаса, номзодларни бошқа жамоалардан излашига тўғри келади. Бу йил академиямизни 1996 йилда таваллуд топганлар битиришди. Улардан 4 нафари яқинда ниҳоясига етган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этишди. Сергей Лушан бошқарувидаги “Бунёдкор-2” жамоаси аъзолари якунига етган мавсумда 1-лигада малакаларини оширишди. Демак бизда ўринбосарлар таркибини тўлдириш катта муаммо бўлмайди.

- Бунинг учун клуб тизимидаги жамоалар ўртасида узвий боғлиқлик бўлиши талаб этилади. Масалан Миржалол Қосимов ва Сизнинг иш борасидаги муносабатингиз қанчалик яқин?
- Жуда ҳам яқин. Биз доимо ўзаро мулоқотдамиз ва мунтазам равишда хар бир ўйинчи борасида фикр алмашиб турамиз. Одатда ўринбосарлар мусобақаси куни бош жамоада ўйин олди машғулот ўтказилиши сабаб, бош мураббий ёшлар ўйинини кузата олмайди. Иккинчи даврадан бошлаб Миржалол Қўшоқович айнан ёшлар ўйинини кўриш учун ўйин олди машғулотларини куннинг биринчи ярмига кўчирди. Бу биринчидан асосий таркиб аъзоларига ўйингача организм тикланишига етарли вақт берилишини таъминласа, иккинчидан бош мураббий ёшлар ўйинини бевосита кузатади ва номзодлар борасида ўз хулосасига эга бўлади. Айнан шундай хулосалардан сўнг ёшлардан Жавлон Мирабдуллаев, Камронбей Кападзе, Сардор Собирхўжаев асосий таркиб машғулотларида иштирок эта бошладилар. Ва бу борадаги охириги мисол: сўнгги турдаги “Сўғдиёна” билан учрашувимиз томонларнинг келишуви билан Янгиерда бўлиб ўтди. Бош жамоа эса Зоминда ўйнаши белгиланганди. Улар жойлашган автобус Зоминга йўл олганида, Қўшоқович ўз машинасида Янгиерга келди ва ёшлар ўйинини кузатди. Учрашув якунлангач, ечиниш хонасига кириб йигитларни чемпионлик билан табриклади. Бош мураббийнинг “Бугунги ғалаба ва чемпионлик билан табриклайман. Лекин сизларнинг асосий мақсадингиз бош жамоа сафида тўп суриш ва катта футболда чемпионлик бўлиши керак. Бу эса фақат ўзингизга боғлиқ” деган сўзлари шогирдларимга ўзгача таъсир қилди. Асосий таркиб ва миллий терма жамоа бош мураббийининг эътибори улар ўз устиларида янада кўпроқ ишлашларига туртки бўлиши аниқ. Бундай эътибор албатта ёқимли.

- Қайси бири яхши: бош жамоа мураббий ёрдамчиси бўлишми ёки ўринбосарларда бош мураббий бўлишми?
- Шундай мураббийлар борки, умри давомида фақат ёрдамчи бўлиб фаолият юргизади. Шундай мураббийлар борки, бир мартта бош бўлгандан кейин, қайтиб ёрдамчи бўла олмайди. Ундаги етакчилик хусусияти бунга йўл қўймайди. Худди мен терма жамоада ёрдамчи бўла олмаганимдек (кулади). Лекин ҳаммаси босқичма-босқич бўлгани фойдадан холи бўлмайди. Масалан мен хали ёшман ва бош жамоада ёрдамчи бўлиб ишлашим кейинчалик бош бўлишимга фақат ёрдам беради.

- Мавзуга боғлиқ кейинги савол: ҳозирнинг ўзида Сизга асосий жамоа бош мураббийлигини таклиф қилишса рози бўлармидингиз?
- (Ўйланиб туриб) Олий лиганинг бошқа клубидан бўлса рози бўлардим. Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар борми? Лекин ўзимизнинг бош жамоага ёрдамчиликка бажонидил борган бўлардим. Миржалол Қосимов, Александр Волков, Ҳикмат Эргашев ва Мурод Отажоновни етук мутаҳассислар деб биламан ва улар билан ёнма-ён ишлаб малакамни оширган бўлардим.

- Бош жамоада ишлашнинг яна бир ёқимли томони бор: ҳар бир ғалаба учун мукофот пуллари берилади. Ёшларда эса бу кўзда тутилмаган. Мукофот пулларисиз футболчиларни ҳар сафар ғалабага ундаш мушкул эмасми?
- Ўринбосарлар жамоаси асосий таркибга олиб борадиган асосий пиллапоя ҳисобланади. Ёшлар улар учун имконият берилгани, яхши натижа орқали ўзларини кўрсатишса бош жамоага йўл очилишини, акс ҳолда ўртамиёна жамоага ўтиб кетишлари мумкинлигини яхши билишади. Юқорида айтганимдек, “Бунёдкор”нинг асосий таркибидан жой олиш ҳаммага ҳам эмас. Ўнлаб, юзлаб футболчилар буни орзу қилишади. Шунинг учун ёшларда ўйнаш улар учун берилган имкон, бошқаларда йўқ бўлган имкон. Лекин бу ҳали асосий таркибга ўтишга кафолат эмас, бунинг учун бор маҳоратни ишга солиш ва тинмай меҳнат қилиш лозим. Бу борада мукофот пуллари биринчи ўринга чиқмайди. Мамлакат миқёсидаги буюк клуб либосида тўп суришнинг ўзи улар учун катта мукофот.
Лекин бошқа жамоаларда ўринбосарларга мукофот пули ажратилиши ва буни бизникиларга маълум бўлиши – ўзига хос муаммо туғдиради. Уларнинг ҳаёлига келадиган биринчи савол “Нега биз ҳаммани ютсак ҳам мукофот пули олмаймиз, рақибимиз эса ҳар бир ютуғига олади?” қабилида бўлади. Қолаверса, улар ота-онасидан пул сўрашга ийманадиган ёшга етишган. Битта яхши бутсининг нарҳи фалон пул. Қисқаси мукофот пули берилмаслиги катта муаммо эмас, лекин оз миқдорда бўлса ҳам бериб турилиши рағбатлантиришнинг энг оддий усули ҳисобланади. Ёшларда “яхши меҳнат қилсам хеч кимга қарам бўлмасдан ўзимни эплай оламан” деган тушунча хосил бўлади.

- Кўплаб буюк клублар ҳақида гап кетганида, уларнинг фалсафаси ҳақида ҳам фикр билдирилади. Масалан “Барселона”нинг ўз фалсафаси бор: клуб президенти ёки бош мураббий ким бўлишидан қатъий назар, ўйин модели ўзгармайди. Шу боисдан ҳам клуб академиясидан чиққан ёшлар асосий таркибга тез киришиб кета олади. “Бунёдкор”нинг ҳам ўз фалсафаси борми? Шахсан Мочиновники-чи?
- Фалсафа ва йўналишни бош жамоа белгилайди. Қолганлар эса унга мослашиши лозим. “Бунёдкор” хали ёш клуб, хали 10 ёшга ҳам тўлмади. Лекин секин-аста ўз фалсафасига эга бўлиб бормоқда. Бунда бош мураббий Миржалол Қосимовнинг клуб ташкил топган пайтдан бери ишлаб келаётгани муҳим ўрин тутади. Пул бўлганда ишлашни ҳамма ҳам билади, унинг йўқлигида ишни тўғри ташкил этиш барчанинг ҳам қўлидан келмайди. “Бунёдкор” қисқа вақт оралиғида жаҳон футбол юлдузларини ҳам кўрди, ҳомийсиз, маблағсиз қолиб кетган пайтлари ҳам бўлди. Лекин мақсад ва вазифа ўзгармади. Жамоани асосий таркиб тўлалигича тарк этишига қарамай, бутунлай бошқа жамоа билан яна чемпион бўлиш тасодиф эмас, балки ишни тўғри йўлга қўйишдан дарак беради. Бу мавсум ҳам иқтисодий жиҳатдан енгил бўлмади. Ойлик маош ва мукофот пуллари кечиккан пайтлар ҳам бўлди. Давралар оралиғида асосий таркибни 5 ўйинчи тарк этди, уларнинг ўрни асосан ёшлар ҳисобига тўлдирилди. Ҳам чемпионлик, ҳам кубокдан маҳрум бўлишга олиб келадиган вазиятлар ҳам содир бўлди. Лекин клуб рахбариятининг бош мураббий билан ҳамкорликда ишни тўғри йўлга қўйиши ўз самарасини берди ва барча мусобақаларда шоҳсупа “Бунёдкор”ники бўлди. Жамоалар бу йилга келибгина ўз базасига эга бўлдилар. Бу ёғига бош жамоа – ўринбосарлар-акдемия узвий боғлиқлиги клуб фалсафасини шакллантириб боради.
Менга келсак, хали ёшман ва ўз фалсафамни излашда давом этмоқдаман. Аниқроғи, ғоя бор, лекин уни ҳаётга тадбиқ этиш йўлларини ахтармоқдаман.

- Мавсум якунларига тўхталсак. Рақиб жамоалардан кимларни алоҳида кўрсатган бўлардингиз?

- “Бухоро” жамоаси жуда ёқди. Ўзаро ўйиндан сўнг бу жамоа нега аутсайдерлар қаторида юрганини тушунмадим. “Пахтакор” сингари курашувчан жамоа борлиги кишини хурсанд қилади. Сўнгги тургача улар эркин нафас олишимизга имкон беришмади. “Насаф” эса мавсум ниҳоясида бизга яхшигина сабоқ берди. Яъни ўйин тақдирини номлар эмас, шижоат ва ғалабага бўлган чанқоқлик ҳал қилиши мумкинлигини исботлаб берди. Биринчилик ғолиби сўнгги турда аниқлангани ҳам турнир қизиқарли ўтишига асос яратди. Рақобат кучли бўлган палладагина маҳорат ўсади.

- Ёшлар лигасида “Пахтакор” мунтазам равишда ғолиблик учун кураш олиб боради. Лекин бу йил асосий рақибингизни уйда ҳам, сафарда ҳам мағлуб этдингиз. “Пахтакор” кучсизланиб қолдими ёки “Бунёдкор” кучайиб кетдими?

- Мен ҳали ҳам “Пахтакор” ёшларини мамлакатдаги энг кучли жамоа деб биламан. Клуб ўз стратегиясини ўзгартириб, асосий урғуни ёшларга қаратмаганда, бу йил ҳам “Пахтакор” ўринбосарлари ғолиб бўлиши аниқ эди. Лекин асосий таркиб ёшлар ҳисобига тўлдирилиши, шунингдек мамлакат терма жамоалари асосини пахтакорчилар ташкил этиши ва улар халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишгани учун ҳам, ёшлар таркиби тез-тез ўзгариб турди, натижада барқарор ўйин кўрсата олишмади. Шунга қарамай сўнгги тургача чемпионлик учун интилишганинниг ўзи таҳсинга лойиқ. Бошқачароқ айтадиган бўлсам, биз чемпион бўлишимизда “Пахтакор” катта туртки бўлди. Айнан “Пахтакор” туфайли “Бунёдкор” ўз потенциалини намоён қила олди.

- Асосий рақибларни мағлуб этган ҳолда, аутсайдерларга очко улашиш. Бунинг изоҳи борми?
- Бор. Ёшлар психологияси. “Пахтакор”ни сафарда йирик ҳисобда ютганимизда, “Шўртан” ва “Бухоро” бизга чўт эмас деган рақибни менсимаслик психологияси. “Иккала ўйинга ҳам учрашув куни етиб бордик. Олис масофа натижасида организм чарчаган. Шу боис, ортиқча куч ишлатмасдан маҳорат эвазига ютамиз” деган психология. Биз ҳар қанча уринмайлик, улар ўз қарашларидан воз кеча олмадилар. Натижада ўзларини қийин ахволга солиб қўйдилар. Биз муддатдан аввал ғолибликни қўлга киритишимиз мумкин эди. Аммо сўнгги тургача курашишга тўғри келди.

- Қаршида 1:5 ҳисобида мағлуб бўлингач, чемпионликни ҳал қиладиган сўнгги ўйинга футболчиларни тайёрлаш қийин кечмадими? Айниқса руҳий жиҳатдан?
- Йўқ. Бизда нима қилиб бўлса ҳам ғолибликни қўлга киритиш деган вазифанинг ўзи йўқ эди. Шунинг учун уларга ортиқча босим ўтказмадик. Умуман мавсум бошида ҳам чемпионлик вазифаси қўйилмаган эди. Лекин йигитлар мусобақа давомида ўз кучларига ишониб бордилар ва ғолиб бўлишлари мумкинлигини ҳис қилдилар. Керак ва мумкин сўзлари орасида катта фарқ бор. Агар биз бошидан “Керак!” деган вазифа қўйганмизда, улар фақат натижа учун ўйнаб, ўз потенциалларини тўлалигича очолмаган бўлардилар. Асосий мақсад, яъни бош жамоага ўтиш интилувчанлиги уларнинг очилиб боришига ҳизмат қилди. Шу боис ҳам сўнгги тур олдидан “Мавсумни чиройли якунлашимиз керак, балки бу баъзилар учун ёшлар таркибида сўнгги ўйин бўлар, бош мураббий чақириғига кўра улар қишки йиғинни асосий таркиб билан Дубайда ўтказар” деган интилувчи фикрларни сингдиришга ҳаракат қилдик. Бу эса ўз самарасини берди.

- Бу йил турли ёшлардаги ҳорижий терма жамоалар юртимизга йиғин ўтказишга келишди ва “Бунёдкор” ёшлари билан ҳам ўртоқлик учрашувларида куч синашишди. Баъзида бундай учрашувларга ёшлар лигаси баҳслари тўғри келиб қолди ва кетма-кет 2 мартта ўйин ўтказишга тўғри келди. Бу ёшларга ортиқча юклама бўлмадими?

- Биз 2 кун давомида 2 мартта ўйнадик. Лекин 1 кунда 2 мартта ўйнашга тўғри келганда ҳам мен бажонидил рози бўлардим. Юқорида айтганимдек, ёшлар лигасида ҳар ўйинда ютиш вазифаси қўйилмаганди ва биз баъзи ўйинларда заҳира ўйинчилари билан харакат қилдик. Халқаро ўйинлар эса, ўртоқлик мақомида бўлса ҳам катта тажриба беради. Боз устига биз ўртамиёна эмас, Жаҳон чемпионати иштирокчилари билан куч синашдик! Шу боисдан ҳам Ироқ, Эрон, Япония терма жамоалари билан бўлиб ўтган учрашувлар бизга катта тажриба берди.

- Чемпион мураббийга бу мавсумдан қониқдингизми деган савол бериш мантиқсиз. Лекин натижа биринчи ўринга чиқмайдиган мусобақада яна нимадан қониқиш мумкин?

- Бажарилган ишдан. Ҳосилни кўришдан. Бош жамоага қабул қилинган ҳар бир ўйинчи бизнинг ютуғимиз. Иқтидор кўпчиликда бор. Лекин у очилмасдан қолиб кетиши ҳам мумкин. Биз уларнинг очилишига қандайдир ҳисса қўшган бўлсак, ўзимизни бахтли ҳис қиламиз.

- ПРО лицензиясига эга мураббий ёшлар лигасида ғолиб чиқди. Яъни бу босқич ортда қолди. Энди бундан юқори мақсадларни кўзлаш вақти келмадими?

- Йўқ. Мен ҳали ёшман ва ўрганишим лозим бўлган нарсалар бор. Ҳар бир мураббий, барча совринларни ютган бўлса ҳам, ўтказган ҳар бир мавсуми унга сабоқ бўлиб қолади ва шу орқали тажриба тўплайди. Боз устига таркиби тез ўзгариб турадиган ёшлар лигасида. Келаси мавсум бизга янги ўйинчилар қўшилади, бошқа характер ва бошқача ёндашув билан. Улар билан ишлаш баробарида биз ҳам ўз маҳоратмизни ошириб борамиз. “Сен кимгадир ўқитаётганингда ўзинг ҳам ўрганиб борасан” деган ақида бор. Шу боисдан ҳам “Мен бу босқичдан ўтдим, энди навбат кейинги босқичга” деган мақсад йўқ. Мен бажонидил ўз жойимда ўз ишимни давом эттиравераман. Агар бирор таклиф тушса – унда ўйлаб кўришим мумкин.

- Клуб билан тузилган шартнома муддати қачонгача?
- Шартнома йил охирида ниҳоясига етади ва мен эркин агентга айланаман (кулади).

- Унда кейинги режалар қандай?
- Ҳозирча бир нарса дейишим қийин. Таътилда яхшилаб дам олмоқчиман. Кейин клуб раҳбарияти билан учрашаман. Ўзаро келишсак, фаолиятимни давом эттираман...

Аброр ИМОМХЎЖАЕВ суҳбатлашди.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика