Latest news

04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  95 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  27 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  8 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8

Александр Григорьян: “Ўзбекистонда футболни қанчалик севишларига гувоҳ бўлганман” News

Александр Григорьян: “Ўзбекистонда футболни қанчалик севишларига гувоҳ бўлганман”

Ўтган йилнинг ёз фаслида “Пахтакор” клубини қисқа муддат бошқарган россиялик мутахассис Александр Григорьян Россия биринчи дивизиони вакили – “СКА-Энергия” жамоасида ишлади.

Гарчи ушбу мураббий Тошкентда у қадар кўп вақт ишламаган бўлса-да, футболни яхши тушунишини ҳамда ўз ишини сидқидилдан бажаришини кўрсатиб берганди. Фақат айрим сабаблар туфайли у яна юртига қайтиб кетганди. Ўтган ҳафтада мазкур мутахассис билан суҳбатда бўлдик ва бир қатор масалаларда мулоқот қилдик. Табиийки, юртимиз футболи ҳақида ҳам гап борди.

- Александр Витальевич, агар ёдингизда бўлса, сиз билан илгари ҳам гаплашгандик. Ўшанда газетамизга интервью бергандингиз. Буни эслайсизми?
- Ҳа, эсимда. Яна мени йўқлаганингиз учун миннатдорман.

- Аввало, стадион, унинг ҳолати ва сиғими ҳақида гапириб берсангиз?
- Биласизми, иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда Хабаровскда табиий ҳолдаги майдонни сақлаб туриш жуда қийин масала ҳисобланади. Шунинг учун стадионимиз майдонига сунъий қоплама ётқизишимизга тўғри келган. Қолаверса, таъмирлаш ишларини олиб бордик. Мўъжаз аренамизга 10500 нафар томошабин сиғади. Масалан, куни кеча ўтказилган учрашувда стадионга салкам 8000 атрофида ишқибоз ташриф буюрди.  

- Майдоннинг қопламасидан кўнглингиз тўляптими?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, майдонимиз қопламаси сунъий. Бундай қопламали майдонда тўп суриш қандай бўлиши борасида ўзингизда ҳам етарлича тасаввур борлигига шубҳа қилмайман.


- Биласизми, стадионингизда шароитлар яхши бўлса-да, негадир охирги пайтларда томошабинлар ташрифи пасайиб кетяпти. Бундай муаммо нафақат Россия, балки МДҲдаги мамлакатларда ҳам кузатилмоқда. Сизнингча, бунинг сабаби нимага бориб тақалади?
- Гарчи клубимиз биринчи лигада иштирок этса-да, уй ўйинларида мухлислар ташрифи бизда у қадар ёмон эмас. Биласизми, бошқа шаҳарларда худди кечаги ўйинга киргандек ишқибозлар стадионга келмайдилар. Шундай ареналар ҳам борки, ўйин чоғида мингга яқин мухлисни кузатасиз холос. Лекин нима сабабдан одамларнинг ўйинга оз келаётгани сабабини сизга тушунтириб бера олмасам керак. Масалан, ўзим юртингизда ишлаган пайтимда учрашувларни ўтказиш учун жамоа майдонга тушган пайтда томошабинлар кўплиги кўзимни қувонтирарди. Стадионларнинг мухлислар билан тўлишини Ўзбекистонда кўрганман. Мисол учун, “Олмалиқ”қа қарши ўйин чоғида мана шундай ҳолат менга жуда ёққанди. “Пахтакор”нинг ижросидаги баҳсларга ишқибозлар кўп ташриф буюрардилар. Шунингдек, Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси ўйнаган пайтда стадионга 20 минг мухлис кирганига ўзим гувоҳ бўлганман. Мен учун беллашув чоғида мухлисларнинг аренанин тўлдириб ўтиришлари жуда бошқача аҳамият касб этади. Зеро, футбол мана шундай ишқибозлар билан янада жозибали кўринади.

- Александр Витальевич, “СКА-Энергия” клуби билан қанча муддатга шартнома имзолагансиз? Келажакдаги режаларингиз билан ўртоқлаша оласизми?
- СКА-Энергия билан имзолаган шартномам яна бир неча кундан сўнг ниҳоясига етади. Аниқроқ айтсам, 31 май куни жамоа билан тузган битим поёнига етиши керак. Албатта, мавсум оғир ўтганига қарамасдан, ўртадаги ҳамкорликни узайтириш масаласида музокаралар бошлаб юборилган. Айтишим керакки, кечаги учрашувдан сўнг аксарият футболчилар уйларига қайтганлар. Ахир Узоқ Шарқда ишлаш осон эмас. Ўйинчилар қатори энди мен ҳам бир неча кун ҳордиқ чиқармоқчиман. Шундан кейин ўртадаги келишув борасида раҳбарият билан бафуржа гаплашиб оламан.

- Айтинг-чи, Узоқ Шарқда ишлашнинг энг мураккаб жиҳатлари нималардан иборат?
- Аввало иқлим шароити, сўнгра вақт борасидаги тафовут кишига ўнғайсизликлар туғдириши мумкинлигини айтмоқчиман. Масалан, сафардаги ўйинни ўтказиш учун йўл олганингизда бу жуда сезилади. Узоқ Шарқда кечки соат 18.00 бўлган пайтда учрашувни ўтказиш учун марказий минтақага бориб қолсангиз ўртадаги фарқ нақд 7 соатни ташкил этади. Бу эса сизга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Тасаввур қиляпсизми, бундай пайтда баҳсни ярим тунда ўтказган бўласиз! Бу эса киши организмга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Шундоқ ҳам футбол кишидан катта жисмоний куч ва чидамни талаб қиладиган ўйиндир. Хуллас, бундай босимга дош бериш осон эмас.


- Биласизми, жамоангиз хоҳ уйда, хоҳ сафарда бўлсин, кучли клубларга қарши яхши ўйин кўрсатади ва очколарни қўлга киритади. Ажабланарлиси, нисбатан кучсиз клублар билан беллашган пайтда бунинг аксини кузатиш мумкин. Мураббий сифатида бир-бирига зид бўлган бундай ҳолатни қандай баҳолайсиз?
- Гапингизда жон бор. “СКА-Энергия” кучли рақибларга қарши ўзини тайёрлайди. Мусобақа жадвалининг қуйи поғоналаридан жой олган жамоалар билан тўқнаш келадиган бўлса, негадир ўйинчилар хотиржамликка берилиб кетадилар. Айнан шунинг эвазига нисбатан кучсиз рақиблар биздан очко тортиб олдилар. Футболда эса ҳар қандай рақибга доим муносиб ҳозирлик кўриш даркор. Бироқ негадир ўйинчиларнинг ҳаммаси ҳам буни негадир эътиборга олмайдилар. Ваҳоланки, мураббий сифатида ихтиёримга топширилган клубни учрашувларга қай даражада тайёрлаш кераклигини яхши биламан. Аммо кишининг табиатини ўзгартириш амримаҳол.

- Жамоангиз қайд этаётган натижаларга назар ташлар эканман, 2:0, 1:1, 0:0 ҳисоблари тез-тез кузатилганига гувоҳ бўлдим. Эътиборлиси, СКАда йирик ғалаба ёки йирик ҳисобдаги мағлубият деярли йўқ...
- Клубимиз ўйинни ҳимояга урғу берган ҳолда олиб бормайди. Биз уйда ёки сафарда бўлсин, ҳимояга биқиниб олишни ёқтирмаймиз. Аммо жамоамизнинг ҳимоячилари ва дарвозабони ўз ишини яхши бажарадилар. Ҳужумчиларимиз ҳам нолийдиган даражада эмаслар. Аммо футболда ҳар доим ҳам йирик ёки голларга бой натижаларни кўрсатиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Афтидан, хавфли вазиятлардан имкон қадар самарали фойдаланиш борасида оқсаётган бўлсак керак. Масалан, 1:1 ҳисобида ниҳоясига етган учрашувларни бемалол ғалаба билан тугатишимиз ҳам ҳеч гап эмасди.

- Футболда ўйинчиларнинг овқатланишларига алоҳида эътибор қаратилади. Айтингчи, жамоангизда уларнинг еб-ичишини назорат қиладиган алоҳида мутахассис ишлайдими? Кишини тетиклаштирувчи қувватбахш ичимликлар борасидаги қарашларингиз ҳақида билмоқчиман.
- Гапингиз рост, футболда ўйинчиларнинг овқатланиши катта аҳамият касб этадиган омиллардан бири ҳисобланади. Шу соҳа одами бўлганим боис бундай жиҳатга бефарқ қараб тура олмайман. Масалан, ватанингизда ишлаб юрган пайтларимда ҳам ўйинчиларнинг таомномаси билан қизиқардим. Қолаверса, ўйинчиларга қувват бағишлайдиган егулик ва ичимларикларнинг аҳамияти ўзгача. Футболчилар кундалик ҳаётини режимга асосан ташкил қиладилар. Мутахассис сифатида кечки соат 18.00 дан кейин бажариладиган машқларга қаршиман. Ўзбекистонда ишлаб юрганимда бундай пайтда ҳаво ҳарорати юқори бўлади. Сизларда фақат эрталабки салқинда машқ қилиш мумкин. Ўйинларни қуёш ботиб, ҳаво тафти пасайгандан кейин ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бу билан мен маслаҳат бермоқчи эмасман, шунчаки, ўз қарашларимдан келиб чққан ҳолда фикр билдиряпман холос.. Иссиқ ҳавода машқ қилиш ёки ўйин ўтказиш осон эмас. Бундай пайтда шак-шубҳасиз, бир қанча омиллар қатори футболчиларнинг емоқ-ичмоғи ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ахир машғулот ёки ўйин чоғида сарфланган қувватнинг ўрнини фақат тўғри овқатланиш билан тўлдириш мумкин. Футбол – жуда мураккаб ўйин. У кишидан чидам, матонат ва катта жисмоний кучни талаб қилади. Шундай экан, бундай омилларга илмий нуқтаи назарадан ёндашиш мақсадга мувофиқ. Замонавий футболда эса мазкур масалага аллақаон шу нуқтаи назардан қараш урфга айланиб улгурган. Шунинг учун ўйинчилар майдонга тушиш олдидан қоринларининг оч-тўқлигига эътибор қаратишлари зарур. Тўқ қоринга ўйнаб бўлмагани каби футболчи очиққан ҳолатда ҳам тушмаслиги керак.   

- Футболда кутилмаган ҳолатлар тез-тез учраб туради: симуляция, жароҳат, пенальти белгиланиши, ҳакамларнинг нотўғри қарор қабул қилишлари ва ҳоказо. Бундай ҳолатлар билан курашишнинг маъқул йўли борми?
- Тўғридан-тўғри сиз санаб ўтган ҳолатлар билан курашишнинг иложи йўқ. Масалан, ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, қўл остимдаги жамоада тўп сураётган ўйинчиларни баҳсларга тайёрлаш чоғида муғомбирлик ишлатиш яхши эмаслигини, ҳар қандай рақибга қарши бор куч-қувватини ишга солган ҳолда курашишлари кераклигини ва шунинг билан бирга уларни ҳурмат қилишларини алоҳида етказишга ҳаракат қиламан. Уларни ўйинларга тайёрлар эканман, футбол спортнинг якка курашлари эмаслигини тушунтираман. Ахир бу ўйин бокс ёки курашдан кескин фарқланади. Қолаверса, шогирдларимдан баҳс чоғида уларни руҳий мувозанатдан чиқармоқчи бўлган рақибларининг ҳийлаларига алданиб қолмасликни сўрайман. Ҳакамлар билан боғлиқ ҳолатларда ҳам қўл остимдаги футболчилардан нотўғри қарор қабул қилинган пайтда қизиққонлик қилганча эхтиросларга зўр бермасликларини тушунтираман. Балки улар томонидан қабул қилинган қарор жамоангизга қимматга тушиши ҳам мумкиндир, лекин майдонда ҳакамлар билан тортишиш яхши оқибатларга олиб келмаслигини ёддан чиқармаслик зарур. Тўғри, адолатсизлик шундоқ кўриниб турган пайтда оғизга тош солиб олгандек жим туриш ҳам ярашмайди. Бу билан нима демоқчи эканлигимни ўзингиз ҳам тушуниб турган бўлсангиз керак.  

- Футбол ичидаги одам бўлганингиз учун сиздан бир нарсани сўрамоқчиман: охирги йилларда видеотакрорлардан фойдаланиш масаласи долзарб аҳамият касб этган. Бу борада баҳс-мунозаралар ҳамон давом этиб келади. Мураббий сифатида видеотакрорлардан фойдаланиш масаласига қандай қарайсиз?
- Бу масала борасидаги қарашларим ижобий. Ахир ҳар бир ҳолатда адолатли бўлиш керак. Ўйин чоғида муҳокама қилиниши тўғри келиб қоладиган мураккаб вазиятга фақат видеотакрорларни диққат билан кузатиш ёрдамида холис баҳо бериш мумкин. Унинг ёрдамида одилона қарорга келса бўлади. Агар ўзингиз ҳам диққат билан кузатиб бораётган бўлсангиз, нафақат футболда, балки спортнинг бошқа бир қанча турларида ҳам видеотакрорлардан фойдаланиш ўзига хос урфга айланганини кўриб турган бўлсангиз керак. Боз устига вазиятга бундай ёндашиш орқали футболдаги коррупцияга сезиларли даражада барҳам беришнинг иложи топилади.  

- Юқорида ўзингиз Узоқ Шарқда футбол ўйнаш нақадар қийин эканлигини айтиб ўтдингиз. Иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда Хабаровск ўлкасида кеч куздан бошлаб ҳаво совушга тушади. Ҳатто эрта баҳорда ҳам ердан қор кетмайди. Айтингчи, шундай шароитда қўл остингиздаги шогирдларингизни ўйинларга тайёрлаш ва ундан кейин тикланиш жараёнларини қандай йўл билан ҳал қиласиз?
- Биласизми, бу жуда узоқ муҳоқама қилинадиган мавзу. Дарҳақиқат, гапингиз рост. Иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда аксарият учрашувларни кўпинча совуқ ҳавода ўтказишимизга тўғри келади. Масалан, ҳаво ҳарорати -14 даражани кўрсатган пайтда ҳам уч бор майдонга тушишимизга тўғри келди. Юқорида айтиб ўтганимдек, иқлим ўйинчиларга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Футболчиларнинг қаҳратон совуқ ва жазирама иссиқ ҳавода ҳам майдонга тушишларига тўғри келади. Табиийки, бундай ҳолатда уларни навбатдаги ўйинга тайёрлаш қаршингизда қўшимча муаммоларни туғдирмасдан қолмайди. Лекин инсон табиатан ҳар қандай шароитга кўникиб кетаверади. Россия – бепоён ўлка. Ундаги иқлим ҳам ўзига яраша. Узоқ Шарқ, Урал, Урал орти ва марказий минтақада тўп суришнинг ўзига яраша мураккаб жиҳатлари бор. 


- 2018 йили Россия жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Айтингчи, Россиядан ташқари ўзингиз ёқтирган бошқа терма жамоа ва клублар ҳам борми?
- Табиийки, терма жамоалар орасида Россияни доим биринчи ўринга қўйиб келаман. Клубларга келсак, болалик чоғимда Ереваннинг “Арарат” жамоасига мухлислик қилардим. Айтишим керакки, профессионал мураббий сифатида фаолиятимни эрта бошлаганим боис кейинчалик фақат ўз ишим билан андармон бўлиб қолганимдан сўнг бундай қизиқишларга эътиборим пасайиб кетган. Шуни ишонч билан таъкидлашим мумкинки, профессионал мураббийларнинг аксарият қисми бу масалада худди мен каби фикр билдирса керак. Чунки мураббийнинг ихтиёрига ўзи бошқараётган жамоа бўлади. Қисқаси, мураббийларнинг бунга вақти қолмайди. Мураббий ўз ишини қилиши керак ёки буни йиғиштириб, мухлислар қаторидан жой олиши даркор. Албатта, биз мураббийлар бошқа клубларни ҳам кузатиб борамиз. Лекин буни касбимиз тақозоси юзасидан амалга оширамиз. Масалан, шахсан менга Дортмунднинг “Боруссия” клуби намойиш этадиган ўйин ўзига тортади. Шунингдек, Гвардиоланинг “Бавария”да олиб борган ишини кузатиш ўзимга ёққанини айтиб ўтишим даркор. Диққат қилинг: мен у бошқарган “Барселона”ни эмас, “Бавария” ҳақида гапиряпман. Шундоқ ҳам унинг “Барса”да олиб борган фантастик ишини ҳамма яхши билади. Лекин Гвардиола “Бавария”да ишлаш чоғида немисча руҳга ўзидан ниманидир қўша олди.   

- Александр Витальевич, мураббийларнинг бир жамоада узоқ қолиб ишлаши ҳар доим ҳам кузатилавермайди. Бир клубда узоқ ишлаган мутахассислар бармоқ билан санарли даражада. Бу билан нима демоқчиман? Касбимиз тақозосига кўра аксарият ҳамкасбларингиз берган интервьюлари билан танишиб борамиз. Уларнинг кўпчилиги бу масалада шундай фикрдалар: мураббий бугун ишга тайинланган бўлса, эртага истеъфога чиқариб юборилиши мумкинлигини билиши керак. Агар сир бўлмаса айтингчи, юртимиздаги клублардан бири сизга ишлаш таклифи юборса, қандай жавоб қайтарган бўлардингиз?   
- Биласизми, мени кўпроқ қийин вазиятга тушиб қолган клубларда ишлаш қизиқтиради. Масалан, СКА мана шундай ҳолатни бошдан кечираётган пайтда раҳбарият менга клубни биринчи лигада олиб қолиш ҳақидаги таклиф билан чиқди. Мени қийин ҳолатдаги жамоани яхши савияга олиб чиқиш кўпроқ қизиқтиради.

- “Пахтакор”дан кетиб СКАда иш бошлаган пайтингизда жамоа лигадаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашарди. Демак, юқоридаги гапингиздан келиб чиққан ҳолда фикр юритадиган бўлсак, хабаровскликларнинг таклифини шунинг учун қабул қилган экансиз-да?
- Ҳа, шундай деса ҳам бўлаверади. Асосийси, клубда иш бошлаганимдан кўп ўтмай мусобақа жадвалидаги хавфли ҳудуддан сезиларли даражада узоқлашишга эришдик. Мураббийлар штаби вакиллари билан СКАнинг ўйинини йўлга қўйиб олганимиз ўз навбатида жамоа ишқибозларини қувонтирмасдан қолмади. Тўғри, футболда биров сизга очколарни қўш-қўллаб топшириб қўймайди. Очколарга эга чиқиш учун аввало жамоангизнинг ўйинини кучайтиришингиз керак бўлади.  

- Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ўйинчилари – Владимир Шишелов ва Андрей Акопянцни биласизми?
- 2010 йили “Нижний Новгород”да бош мураббий сифатида ишлаб юрган пайтимда Андрей Акопянц жамоада ўйнарди. Ўшанда биз биринчи лигада 3-ўринни эгаллаганмиз. Акопянц жамоанинг ярим ҳимоя чизиғи маркази ва қанотларида ўйнай оларди. Уни яхши эслайман. Малакали футболчи эди.

- Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида иқтидорли ўйинчилар кўп. Улардан бирини ўз жамоангизда кўришни истаган бўлармидингиз?
- Бу масала биринчи навбатда раҳбариятнинг фикрига боғлиқ. Мураббий сифатида шуни айтишим мумкинки, агар футболчи чиндан ҳам қобилятли ва ўз ишиин ёқтирадиган бўлса, жон деб бошқараётган клубимга қабул қилишга тайёрман. Мен “Пахтакор”да ишлаб юрган кезларимда “Локомотив” ва бошқа клублардаги ўйинчиларингизни диққат билан кузатардим. Юртингизда иқтидорли футболчилар талайгина. Асосийси, сизларда интизом масаласи ҳам ижобий кўриниш олган. Бундай ижрочилар билан ҳар қандай мураккаб вазифаларни бажарса бўлади.

- Бўлажак режаларингиз қандай?
- Келинг, бу саволингизни жавобсиз қолдирай. Чунки мен ирим-сиримларга ва кўз тегишига ишонадиган одамман. Узр, мени тўғри тушунасиз деб ўйлайман.

- Барибир билиш қизиқ: шу бўйи биринчи лига баҳслари кузда бошланади. Унга қадар эса қизиқарли таклифлар келиб тушиши эҳтимолдан ҳоли эмас...
- Юқорида ҳам айтдим, клуб билан тузган шартномам 31 майда ниҳоясига етади. Шундан кейин СКА билан ҳамкорликни давом эттириш ёки тамомлаш масаласини кўриб чиқаман. Унга қадар эса мураккаб кечган мавсумдан сўнг 4-5 кун яхшилаб дам олмоқчиман.


Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Rating: +5   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика