UZ

Сўнгги янгиликлар

10:22"Ман Сити" ярим ҳимоясини "Ньюкасл" вакили билан кучайтирмоқчи  0 10:00ПРО-Лига. 28-тур расмийлари билан танишинг: Муборакдаги баҳсда аёл ҳакам ишлайди!  2 09:31МЮ чап қанот ҳимоясига Раян Аит-Нурини сотиб олмоқчи  0 09:07Маркиньос: "Рақиб дарвозабоннинг ҳаракатларини чеклаб қўйганди"  0 08:43"Ман Сити" 75-дақиқада 3:0 ҳисобида олдинда бориб, юта олмаган ЕЧЛ тарихидаги биринчи жамоага айланди  18 08:20"Интер" 12 учрашувдан буён мағлуб бўлмаяпти  4 07:56"Барса" ЕЧЛда қаторасига 4 та ғалабага эришди, умумий ҳисоб – 17:3  14 07:32Компани ПСЖ устидан қозонилган ғалабадан кейин: "Яна 1-2 та гол урганимизда ўйин анча хотиржам руҳда ўтарди"  3 03:07ЕЧЛ. Дембеле четлатилган ўйинда "Бавария" ПСЖ устидан ғалаба қозонди  11 03:05ЕЧЛ. "Барса" йирик ғалаба қайд этди. "Манчестер Сити" "Фейеноорд"га қарши 3:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қола олмади  11 02:03Левандовски ЕЧЛдаги 100-голини урди. Фақат Роналду ва Мессида бундан кўпроқ  8 01:31Элит ОЧЛ. "Ал Садд" билан дуранг ўйнаган "Ал Ҳилол" плей-офф йўлланмасини нақд қилди. "Ал Насср" ҳам кейинги босқични кафолатлади  6 00:50ЕЧЛ. "Милан" ва "Атлетико" ўз учрашувларида ғалаба қозонишди  1 00:35ЦСКА "Рубин"ни йирик ҳисобда мағлуб қилиб, Россия кубоги ярим финалига йўл олди. Файзуллаевдан гол!  14 23:45Жуд Беллингем: "Олтин тўп" "Реал Мадрид"га келиши керак эди"  6

Жасур Ҳасанов: “Икки ойни азоб билан ўтказдим” Янгиликлар

Жасур Ҳасанов: “Икки ойни азоб билан ўтказдим”

Футболчининг душмани жароҳат эканлиги барчага маълум. Аксарият ўйинчилар унга дучор бўлишган.
“Локомотив”да тўп сураётган ярим ҳимоячи кичик Жасур Ҳасанов ҳам ёзда айнан жароҳатга учради ва мавсум унинг учун барвақт якунланди. Иқтидорли футболчининг оёғидан лат ейиши жиддий бўлиб чиқди. Шу сабабли бу йил бошқа ўйнай олмаслиги ойдинлашди. Тезроқ соғайиш мақсадида эса Германияга бориб келди.  

- Тикланиш жараёни қандай кечмоқда?
- Ҳаммаси яхши. Германиядан куни-кеча келдим.

- Муолажалар кўнгилдагидек бўлдими?
- Албатта. Аста-секин машғулотларга киришяпман. Ҳозир тренажёрда шуғуллунаяпман.

- Германияда қанча муддат даволандингиз?
- 15 кун давомида Мюнхенда бўлдим. У ерда асосан даволандим.

- Бир ўзингиз у ерда зерикиб қолмадингизми?
- Йўқ. Муолажа ўтказиш учун эрталаб чиқиб кетардим ва кечки пайт қайтардим.

- Оғриқлар билинмаяптими?
- Йўқ. Оғриқлар ўтиб кетди, ҳаммаси жойида.

- Футбол ўйнаб юрган пайтингизда доимо эътиборда бўлардингиз. Жароҳатга учраб четга чиқиб қолганингизда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Сабр қилиб юрибман. Яна спорт формамга кириб олсам аввалгидек ўйнашни бошлайман.

- Мавсум якунланишига олти тур қолди. Шуни ҳисобга олганда, сизни майдонда келаси йили кўрамизми?
- Менимча шундай, келаси йили қайтаман. Бу йил майдонга тушиб тўп суришга улгурмайман. Машғулотларни энди бошлаганимни ҳисобга олсам, тахминан ноябрда умумий гуруҳ билан шуғулланишни бошлайман. Яхши спорт формасига эга бўлгунимча чемпионат тугаб қолади.

- Жароҳат олиб сафдан чиқса бу ҳар қандай футболчининг кайфиятини тушириб юборади. Мана шундай пайтда сизни нима руҳлантиради?
- Жамоам мени қўллаб-қувватлаб турибди. Футболчилар билан телефон орқали гаплашяпман. Мураббийлар ҳам доимий равишда тикланиш жараёним қандай кечаётгани билан қизиқишмоқда. Шу нарсалар менга далда беряпти.

- Футболдан ташқаридаги вақтингизни нима билан ўтказяпсиз?
- Икки-уч соатлаб тренажёрда шуғулланяпман. Қолаверса, бассейнга ҳам боряпман. Кунимни асосан шулар билан ўтказяпман.

- “Локомотив”да иккита Жасур Ҳасанов бор. Шундай экан, сизни нима деб аташади?
- Уни ҳам, мени ҳам Жасур деб чақиришади. Бошқача ном билан аташмайди.

- Нима деб ўйлайсиз, “Локомотив” айни пайтда Ўзбекистоннинг энг кучли клубими?
- Ҳа. Аммо “Бунёдкор”га ютқазиб қўйганимиз чакки бўлди. Лекин “Пахтакор” билан учрашувда ғалаба қозонишса ўйлайманки, чемпионлик учун катта қадам ташлаган бўламиз. Бу йил олтин медалларни ҳам, Кубокни ҳам қўлга киритамиз. Жамоадошларим билан гаплашиб турибман, улар жанговор кайфиятда. Машғулотларини ҳам бориб кўрдим. Ҳамма фақат чемпионлик билан Кубок ҳақида ўйлаяпти.

- Жароҳат сабабли “Локомотив”га ёрдам бера олмаяпсиз. Таркибда йўқлигингиз жамоа ўйинига таъсир қилади деб ўйлаганмисиз?
- Жамоада яхши ўйинчилар бор. Бироқ мен ҳам бўлганимда албатта ёрдам берган бўлардим. Афсуски, жароҳатга учраганим сабабли муҳим ўйинларда “Локомотив” билан бирга бўла олмаяпман. Акс ҳолда албатта фойдам тегарди.

- Лекин жамоанинг таркиби ҳар жиҳатдан кучли. Бундай пайтда ўз ўрнингизни йўқотиб қўйишдан чўчимаяпсизми?
- Йўқ, чўчимаяпман. Тезроқ формамни тиклаб олсам, ўз устимда янада кўпроқ ишлайман. Асосий таркибга қайтишимга ишонаман.

- Сизнинчга фаолиятингиздаги қийин давр жароҳатдан кейин энди бошланадими?
- Аксинча, қийин давр ўтиб кетди деган бўлардим. Жароҳат олганимдан кейинги икки ойни азоб билан ўтказдим. Энди ҳаммаси ортда қолди. Анча ўзимга келиб олдим. Тезроқ майдонга қайтгим келяпти.

- Клубга келган дастлабки чоғингизда сизни нимаси билан ўзига жалб қила олганди?
- Бу ерда шароитлар жуда яхши яратилганди. Мураббий ва футболчилар мени илиқ кутиб олишган. Жамоада ажойиб муҳит ҳукм суради. Шу нарсалар мени ўзига ром қилган.

- Жиддий жароҳат туфайли футболчи сифатида ривожланишдан маълум вақтга тўхтадим деб ўйлайсизми?

- Йўқ, ундай деб ўйламайман. Ўзимни яхши ҳис қиляпман. Яна аввалги ҳолатимга қайтиш учун астойдил ҳаракат қиляпман. Жароҳат олдим деб тўхтаб қолиш яхши эмас. Мен учун барчаси олдинда. Ҳали анча ёшман. Умид қиламанки, мени ёрқин келажак кутяпти. Фақат сабр қилиб ишлашдан қочмаслик зарур. Жароҳат ҳар бир футболчининг бошида бор. Бу нарса биргина мен билан рўй бергани йўқ.

- Агарда “Бухоро”да қолганингизда ҳозирги даражангизга чиқа олармидингиз?

- Менимча, ҳозирги савиямга кўтарила олмасдим. “Локомотив”га ўтишим ўйинчи сифатида анча ўсишимга ёрдам берди. Барибир “Бухоро” билан фарқи катта. “Локо”нинг мақсадлари жиддий. Чемпионик ва Кубок учун курашяпмиз. “Бухоро” эса ўртамиёна клублардан бири. Шу боис бу ерда мен учун ҳар томонлама фойдали бўлди. Шунинг учун тўғри қарор қабул қилдим ва бундан хурсандман.  

- Бухоролик Улуғбек Бақоев фаолиятининг охирги қисмида собиқ жамоасига қайтиб келди. Сиз ҳам унга ўхшаб фаолиятингизнинг охирида қайтиб бормоқчимисиз?
- Балки шундай бўлар! Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Кейинчалик яна “Бухоро”да тўп суриш ниятим бор. Ҳар холда уйим ўша ерда.

- “Локомотив”нинг ўйинларини кузатиб боряпсизми?
- Ҳа, кўряпман. Стадионда жамоадошларимни қўллаб-қувватлаб турибман.

- Футболчи учун стадионда ўйин томоша қилиш оғирми?
- Албатта оғир. Кўпинча майдонга тушиб ўйнагим келади. Ўйиндан кейин йигитлар билан гаплашиб ўтирамиз. Машғулотлар пайтида ҳам улар билан биргаман.


ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.
 
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика