Ёрқин Назаров: "Йигитларда чарчоқ бор дея ҳавотирланаётган эдим"

Aslanov Jasurbek
5 авг 2023
"Турон" ҳамда "Насаф" ўртасидаги Суперлиганинг 15-тур ўйинидан (1:0) сўнг мезбон жамоа устози Ёрқин Назаров матбуот анжуманида иштирок этди.

Ёрқин Назаров: "10 кун ичида учинчи ўйинимизни ўтказаётгандик, шу сабабли йигитларда чарчоқ бор дея ҳавотирланаётган эдим. Йўқ, охиригача чидаб беришди. "Насаф" Ўзбекистоннинг энг яхши жамоаларидан бири. Бу ғалабага эришиш осон бўлмади. Ҳаммани табриклайман".

- Ўзбекистон Кубоги чорак финалида ҳам "Насаф"га қарши ўйнашингиз керак экан...

- Тўғрисини айтадиган бўлсак, "Насаф"га қарши тушишни хоҳламагандик, қаршиликларга қарши баҳс учун икки баравар куч билан тайёргарлик кўрамиз.

- Ўтган турда "Бухоро"га қарши баҳсдаги ғалабани кўпчилик тасодиф деганди. Бугун жамоа ўша гаплар ҳақиқатга тўғри келмаслигини исботлаб қўйдими?

- Тасодиф дейишдими, йўқми, ҳозир бу нарсаларга вақт йўқ. Ким билан ўйнашимиздан қатий назар Суперлигада жон сақлаб қолиш учун ҳар бир ўйинда очко олишимиз керак.

- Бугунги баҳсга кўплаб мухлислар ташриф буюришди...

- Водийда футболни яхши кўришади. "Турон", "Андижон"... Бундай ишқибозлар қаршисида тўп тепиш йигитларга куч бағишлайди. Баҳсдан аввал бу учрашувга кўп одам келади дейишганди. Мухлислардан миннатдорман.

- Кейинги ўйин "Сурхон"га қарши меҳмонда бўлади. Ушбу жамоага қарши қандай тайёргарлик кўрасиз?

- Биз ўйиндан-ўйинга кучайиб боряпмиз. Олдинроқ "Бухоро" учрашувларини кўрдик, яқинда "Насаф"никини, энди "Сурхон"никини томоша қиламиз. Навбатдаги баҳсда ҳам ғалаба қозониш учун бор кучимизни ишга соламиз.



Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia