Вадим Абрамов: "Яман - Ўзбекистон учрашувини Тошкентда ўтказиш таклифи билан чиқдик"

Narzulla Saydullayev
9 мар 2020
ОФК миллий футбол федерацияларига март ва июнь ойига белгиланган ЖЧ-2022 саралаш ўйинларини кейинроқ муддатга қолдиришни сўраб хат юборди.

Бироқ иккала томон белгиланган муддатда ўйнашга рози бўлса баҳс ўша куни ўтиши мумкин.

31 март куни Яман - Ўзбекистон учрашуви бўлиб ўтиши лозим. Ямандаги сиёсий вазият туфайли баҳс Баҳрайнда ўтказилиши керак. Хўш, бу баҳс қолдириладими? Мазкур савол билан Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамовга мурожаат қилдик.

"Барча билади коронавирус туфайли рейслар бекор қилинмоқда, ўйинлар қолдирилмоқда. Шу боис Баҳрайнда ўйнай олмаймиз. ЎФА Яманга ўйинни Тошкентда ўтказиш таклифи билан чиқди. Агар улар рози бўлишса 31 март куни Тошкентда ўйин бўлади, агар рози бўлишмаса учрашув номаълум муддатга қолдирилади. Кейинги баҳслар қолдирилиши аниқ, сабаби биз бошқа жамоалардан олдин ўйнашни истамаймиз. Чунки бундай ҳолатда гуруҳдаги қолган жамоалар бизнинг натижадан хабардор бўлади ва шу натижадан келиб чиқиб ўйнайди. Бу нотўғри", - дейди Вадим Абрамов.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил октябрь ойида Тошкентдаги "Пахтакор" стадионида ўтган Ўзбекистон - Яман учрашувида 5:0 ҳисоби қайд этилган.



Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia