Вадим Абрамов: "Футболни тўғри ўйнаш керак, шунда ҳаммаси жойига тушади"

Alisher Ostonov
12 авг 2025
Суперлига 18-туридан ўрин олган "Динамо" - "Пахтакор" (1:1) учрашувидан сўнг "Динамо" бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Афсуски, яна ҳисобда олдинда бориб кейин гол ўтказиб юбордик. Бунга ўзимиз айбдормиз, чунки иккинчи таймда устунликни рақибга топшириб қўйдик. Нотўғри ҳимояландик, ярим ҳимояда кўп камчиликлар кўринди. Худдики ярим ҳимоячиларсиз ўйнадик. Ҳисоб 1:0 пайти рақибни қарши ҳужумда ушласак бўларди, аммо ўзимиз қарши ҳужумларда рақибни ўтказиб юбордик. "Пахтакор" офсайддан гол ургандек бўлди, лекин ҳозир буни айтишдан нима фойда. Ўзимизни қониқтирмаган дуранг қайд этдик.

- Улуғбек Ҳошимовнинг жароҳати бўйича бирон гап борми?

- Нима бўлганини эртага биламиз. Ҳеч нарса жиддий бўлгани йўқ деб ўйлаймиз. Менимча, Улуғбек бир-икки ҳафта ўйнай олмайди.

- "Динамо" сафарда яхши ўйнаяпти, аммо уйдаги баҳсларда босим остига тушиб қолгандек.

- Буни психологик босим демаган бўлардим. Балки уйдаги ўйинларда иштиёқ кўп бўлаётгандир, кўрсатишимиз керак бўлган ўйинни ҳам эсдан чиқариб қўйяпмиз. Футболни тўғри ўйнаш керак, шунда ҳаммаси жойига тушади.



- Қизил карточка ҳақида нима дея оласиз? 

- Нима рўй берганини тушунмай қолдим. Ҳакамлар ҳатто ВАРга ҳам бормади. Қизил карточка олган футболчимиз жуда одобли ўйинчи. У "қизил" оладиганлар тоифасидан эмас. Лекин нима учун четлатишди ҳайронман.

- Абдихолиқовнинг голида ўйиндан ташқари ҳолат бормиди?

- Менимча бор эди, лекин ҳакамлар узоқ ўйлаб охири голни ҳисоблашди.

- Бугунги ҳакамликдан қониқдингизми?

- Биз ҳаммамиз одамлармиз ва ҳамма хато қилади.

- "Динамо" чемпионлик учун ҳаракат қиладими?

- Биз курашдан чекинмаймиз. Ҳали "Нефтчи" ва "Насаф" билан ўйинларимиз бор. Охиригача курашамиз.


Alisher OstonovМуаллиф
Манба: championat.asia