U-23 Осиё кубоги саралаши. Афғонистонга 8 та тўп киритган Ўзбекистон Гонгконгга 10 та гол совға қилди
09 сен 2023 20:59
Янгиликлар
U-23 Осиё кубоги саралаши. Афғонистонга 8 та тўп киритган Ўзбекистон Гонгконгга 10 та гол совға қилди
U-23 Осиё Кубоги саралаши
2-тур
Гонконг – Ўзбекистон 0:10
Ҳакамлар: Ҳанна Ҳаттаб (Сурия), Али Аҳмад (Сурия), Банг Гиеол (Корея Республикаси), Чаэ Сангхеоп (Корея Республикаси)
Назоратчи: Уолтер Эдвард (Ҳиндистон)
Комиссар: Давлатманд Исломов (Тожикистон)
Голлар: 0:1 — 6, Ҳусайн Норчаев, 0:2 — 25, Аббос Файзуллаев, 0:3 — 28, Алишер Одилов, 0:4 — 57, Умарали Раҳмоналиев, 0:5 — 59, Ҳусайн Норчаев, 0:6 — 68, Ҳусайн Норчаев, 0:7 — 74, Йип Чеук (автогол), 0:8 — 83, Улуғбек Ҳошимов, 0:9 — 88, Улуғбек Ҳошимов, 0:10 — 90+4, Улуғбек Ҳошимов.
Гонконг: 1.Нг Ваи, 3.Ли Лок (13.Прабҳат Гурунг, 64), 4.Леунг Яу, 5.Чанг Юн, 6.Йип Чеук, 7.Лау Кван, 8.Ченг Чун, 9.Лау Ка, 12.Лам Лок (16.Чун Нго, 64), 14.Ю Жессе (15.Лаи Хо, 72), 23. Корани Крисна (2.Лав Чеук, 80)
Захира: 18.Майкл Ван, 19.Понг Чеук, 10.Ичикава Соҳго, 11.Вонг Ҳо, 17.Йим Каи, 21.Ҳо Лунг, 22.Тсанг Эллисон
Ўзбекистон: 1.Абдувоҳид Неъматов (с), 3.Абдуқодир Ҳусанов, 5.Муҳаммадқодир Ҳамралиев, 6.Иброҳимҳалил Йўлдошев, 8.Иброҳим Ибрагимов (10.Жасур Жалолиддинов, 46), 11.Отабек Жўрақўзиев (20.Руслан Жиянов, 46), 14.Аббосбек Файзуллаев (7.Ҳожимат Эркинов, 71), 15.Умарали Раҳмоналиев, 18.Алибек Давронов, 19.Ҳусайн Норчаев (9.Улуғбек Ҳошимов, 71), 22.Алишер Одилов.
Захира: 12.Владимир Назаров, 21.Ҳамидулло Абдунабиев, 2.Саидазамат Мирсаидов, 4.Одил Абдумажидов, 13.Маҳмуд Маҳамаджонов, 16.Асадбек Раҳимжонов, 17.Диёр Холматов, 23.Абдурауф Бўриев.
Огоҳлантириш: Йип Чеук (42)
МАТНЛИ ТРАНСЛЯЦИЯ
Учрашув якунланди! Ўйинни Оқил Абдубарноев матнли кўринишда шарҳлаб борди.
90+4. ГОЛ деявериб лорга ишим тушадиган бўлди, Ҳошимов эса жамоасининг голлари сонини икки хонали сонга етказди! Гонгконг дарвозасини мен қўриқлаганимда ҳам бундан камроқ гол ўтказардим.
90. Иккинчи бўлимга 6 дақиқа қўшиб берилди. Мени бир савол қийнаяпти: Абдувоҳид Неъматов ҳалиям жойида турибдими ёки биринчи бўлимдан кейин Яндексда киракашлик қилгани чиқиб кетдими?
88. ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛ!!! Ўзбекистон келажакда бунча гол уришини билганимда, болаликда математика дарсидан қочмаган бўлардим!
83. ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛ!!! Ҳошимов!!! Илтимос, секинроқ гол уринглар, ёзиб олай!
80. Стадионга ташриф буюрган (эҳтимол, ташриф буюришга мажбур этилган) талабалар (одатда, энди пойтахт ҳавосидан нафас ола бошлаган 1-курслар) шунча голни текинга томоша қилишганидан норози бўлишмаса керак.
77. Олдиндан гол деб ёзиб қўймоқчиман, чунки ҳаммасини саҳифага киритишга улгуролмай қоляпман.
74. ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛ!!! Гонгконлик футболчи гол уришда дарвозаларни адаштириб қўйди! Нима бўлган тақдирда ҳам, рақибларимиз майдонни голсиз тарк этмайдиган бўлди! 0:7!
71. Терма жамоамиз таркибида яна икки ўзгариш содир бўлди.
68. ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛ!!! Ҳусайн Норчаевдан хет-трик! Бугун чап қанотдаям Норчаев, ўнг қанотдаям Норчаев, марказдаям Норчаев, гол урадиган ҳам Норчаев. Нима бало, майдонда 11 та Норчаев ўйнаяптими?!
68. Жалолиддинов зарбасидан сўнг деярли барча клипимизда такрорланадиган севгилисидан айрилиб қолган йигит сингари бошини чангаллаб қолди.
64. Гонгконг таркибида икки ўзгариш содир бўлди.
62. Гонгконг терма жамоасида икки вакил алоҳида кўзга ташланган ҳолда фаол ҳаракат қилишмоқда. Биринчиси — биринчи шифокор, иккинчиси — иккинчи шифокор.
59. ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛ!!! Норчаев жамоасининг голлари сонини қўлимдаги бармоқларим сонига тенглаштирди!
57. ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛ!!! Раҳмоналиев пенальтидан унумли фойдаланиб, ҳисобни 0:4 га етказди!
56. Файзуллаевни икки хил усулда тўхтатиш мумкин: бирида йиқитиб, иккинчисидаям, ўйлаб қарасам, қизил карточка бериларкан.
54. Яқин бир ой ичида кучли келаётган юмалоқ предметни бехато илиб оладиган икки моҳир кишини кўрдим. Бири қишлоқдаги молхона томида туриб, пастдан отилаётган лой гувалани эпчиллик билан тутиб оладиган уста Отабек ака бўлса, иккинчиси Абдувоҳид Неъматов.
46. Гонконгда алмаштириш: Йип Чеук ўрнига Вонг Ҳо майдонга тушди.
46. Ўзбекистон таркибида 2 та ўзгариш: Жўрақўзиев ўрнига Жиянов, Ибрагимов ўрнига Жалолиддинов ўйинга қўшилди.
46. Иккинчи тайм бошланди!
Биринчи бўлим якунланди. Танаффусда футболчилар мураббийдан керакли кўрсатмаларни олишади. Менга эса ҳозир кўрсатма эмас, сув керак.
45+3. Ҳусанов "Ланс" Инстаграмини безаб берадиган гол уришига бир баҳя қолди.
45. Биринчи бўлимга мактабда фақат гуруҳ сардоримиз ола биладиган баҳога тенг дақиқа қўшиб берилди.
42. Йип Чеук рақибдан қўполлик билан бўлса-да, тўпни тортиб олди, бироқ ҳакамнинг юқорига кўтарилган қўлидаги карточкасини олиб қўйишга бўйи ҳам, қурби ҳам етмади.
40. Экран орқали Гонгконг мураббийининг блокнотига ниманидир қоралаётганини гувоҳи бўлдик. У юз қиёфасидан йўл четида тақиқланган жойга тўхтатилган автомобиль рақамларини киритаётгандек туюлди.
35. Одиловнинг зарбаси рақиб қўриқлаётган дарвозанинг пешонасини ғурра қилди.
32. Лау Кван шикастланди. Унинг ўз жароҳатига даво топиши учун танаффусда 15 дақиқа телевизорда реклама томоша қилиши кифоя.
28. ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛ!!! Одилов 11 метрли нуқтадан ҳали иккинчи голни ҳазм қилишга улгурмаган рақибга десерт туҳфа қилди!
27. Корани Крисна ўз жарима майдонида волейболга хос ҳаракат қилгани учун жарима зарбаси белгиланди.
25. ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛ!!! Файзуллаев!!! Ҳаммаси яхши-ю, кечқурун атрофингда пашшалар учиб юргани ёмон, айниқса, гол деб бақиришгаям чўчийди одам.
22. Гонгконг футболчиси Жўрақўзиевга тегишли 11-рақамдан биттасини эсдаликка олиб қолиб, уни дарвозабонга айлантириб қўймоқчи бўлди, аммо Отабекнинг либоси у ўйлаганчалик сифатсиз даражада эмасди.
18. Норчаевнинг зарбасидан сўнг Гонг Конг дарвозабони юртдошлари миннатдорчилик билдирадиган, аммо кийимлар тозалигига жавобгар санитар ходимининг ғазабига дучор бўладиган ҳаракат амалга оширди.
15. Одиловнинг бош билан йўллаган зарбаси баскетбол майдонида аниқ голга айланарди.
10. Файзуллаев рақиб жарима майдонида йиқитилди, аммо шу лаҳзада ҳакам "Clash of clans" ўйнаётганди, менимча.
9. Гонгконг футболчиси майдон марказида рақибини алдашга кўзи етмагач, ортга қайтиб, ҳакамни алдади ва ўзини-ўзи хурсанд қилиб қўйди.
6. ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛ!!! Норчаев ҳисобни очди! Тўғри, овозим ёқимли эмас, лекин ёнимда ўтирганлар бундан ранжишмайди, деган умиддаман. Ахир, терма жамоамиз ҳисобда олдинга чиқиб олди!
3. Гонгконг захира футболчиси тўп келтирадиган болакайлар сафига қўшилиб, Файзуллаевнинг бурчак зарбасини амалга ошириши учун шароит яратди.
1. Бош ҳакам ЙПХда ишлайдиган қўшнимнинг кўп қўллайдиган ҳаракатларидан бирини амалга ошириб, учрашувни бошлаб берди.
Жамоалар майдонга чиқиб келишди. Бугун Гонгконг футболчилари қизил, ҳамюртларимиз оқ рангли либосда ҳаракат қилади.
Ассалому алайкум, қадрли футбол ишқибозлари! Бугун Олимпия терма жамоамизни қўллаб-қувватлашга тайёрмисиз?
Фикрлар