

VADA томонидан тақиқланган юрак-қон томир препарати мелдоний Лондоннинг "Челси" клубининг 24 ёшли украиналик ярим ҳимоячиси Михаил Мудрикнинг қонига Украина терма жамоаси сафида бўлган пайтда тушган, деб хабар бермоқда BBC.
2024 йил декабрь ойида Мудрикнинг допинг тести ижобий натижа кўрсатгани, унинг қонида мелдоний аниқлангани маълум бўлди. "Челси" ярим ҳимоячиси ўйинлардан четлаштирилди, унга тўрт йилгача муддатга дисквалификация қилиниш хавфи таҳдид солмоқда.
2025 йил июнь ойида Англия Футбол Ассоциацияси Мудрикка антидопинг қоидаларини бузганлик бўйича расман айб эълон қилди.



