UZ

Сўнгги янгиликлар

15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  0 14:53Суперлига. "Олимпик" - "Бунёдкор" (матнли трансляция)  0 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  8 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  18 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  1 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  18 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  6 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1 09:11Goal мундиал фаворитлари рўйхатини янгилади. ТОП-10да ўзгаришлар бор  7 08:45Аморим «Манчестер Юнайтед»да нималарни ўзгартириш кераклигини айтди  3 08:18Sofascore. «Ал Ваҳда» дуранг ўйнади. Ҳожимат Эркиновнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  3 07:46Суперлига. Бугун турнинг қизиқарли баҳсига гувоҳ бўламиз  5

Шукурали Пўлатов: "Ҳозирча маошларимизни ўз вақтида беришяпти" Янгиликлар

Шукурали Пўлатов: "Ҳозирча маошларимизни ўз вақтида беришяпти"

Жорий футбол мавсумининг эндигина 6та тури ортда қолган бўлсада, миллионлар ўйини ишқибозлари шу пайтгача ўтган ўйинларда етарлича кутилмаган натижаларга гувоҳ бўлишди.
Бу жуда ҳам яхши ҳолат. Келишилган ўйинлардан ҳоли чемпионатнинг ўтказилиши ана шу кутилмаган интригани тақдим этаяпти, десак хато бўлмаса керак. Касбимиз ва ишимиз юзасидан ҳар куни жуда кўпчилик билан соҳа вакиллари билан суҳбаталашамиз. Уларнинг деярли 100 фоизи ҳам айнан шундай фикрни илгари суряпти. Агар мавсум охиригача ана шу ҳалоллик сақлаб қолинса, футболимиз тараққиётида олдинга каттагина қадам ташланган бўларди.

Ҳар ҳолда шундай бўлишига умид қилиб қоламиз. Ана шу биз сўз юритаётган интригага ўз хиссасини қўшаётган жамоаларда бири бу Нефтчидир. Аслида Нефтчи шов-шув кўтарди, деган сўзни ишлатишнинг ўзи ножоиздек туюлади. Чунки, ўтган асрнинг 90-йилларида бу жамоа ўзбек футболининг байроқдори бўлган. Лекин сўнгги йилларда водийнинг бош жамоаси ўз мавқейини маълум сабабларга йўқотиб қўйди. Мана бу йилдан Нефтчи яна аввалгидек ўйин кўрсата бошлади. Тўғри, ҳали хулоса чиқаришга бироз эрта. Айтганимиздек, эндигина 6-тур учрашувлари ортда қолди. Аммо Мурод Исмоилов жамоаси ҳозирча ёмон таассурот қолдирмаяпти. Биз айнан 6-тур олдидан Нефтчи етакчи футболчиси Шукурали Пўлатовдан интервью олдик.

- Шукурали, мавсумни жуда яхши бошладинглар. Кўз тегмасин, ҳозирча Нефтчи мағлубиятсиз одимлаяпти. Айтингчи, ижобий натижанинг сири нимада?
- Бунда ҳеч қандай сир йўқ. Шунчаки, жуда аҳил жамоа жам бўлган. Майдонда барча футболчилар бир-бирини жуда яхши тушуниб ҳаракат қиляпти. Айтишадику бирдамликда гап кўп, деб. Кейин мураббийларимизнинг ўйиндан олдин бераётган кўрсатмаларини тўғри бажаряпмиз. Қолаверса, омад ҳам бизга кулиб боқаётганлигини айтган бўлардим. Ўйлайманки, мана шу руҳиятда ўйнашда давом этсак, бу йил ниҳоят Нефтчи совринли ўринлардан бирини эгаллайди.

- Фақат шу омиллар ҳисобига муваффақиятли ўйнаяпсизларми ёки ҳали кучли рақиблар билан ўйнамаганинглар учун пешқадамлар сафида боряпсизларми?
- Биласизми, мавсум эндигина бошланди. Сиз айтгандек, олий лигамизнинг гранд клублари билан ҳали тўқнаш келмадик. Назаримда айнан етакчиларга қарши кечадиган учрашувларда Нефтчининг асл кучига баҳо бериш мумкин бўлади. Лекин шу ортда қолган 5та турда ҳам кучсиз жамоалар билан ўйнамадик. Аввалгидек жамоанинг номига қараб баҳо бериш ўзини оқламаяпти. Мана сўнгги ўйинни олайлик. Машъалга қарши кечган учрашув биз учун марказий ўйин мақомида ўтди. Жуда ҳам муҳим бўлган уч очкони ўз ҳисобимизга ёзиб қўйдик. Машъал ўтган йилги мавсумни кучли бешликда якунлаган эди. Муборакликлар бу йил совринли ўринлар учун курашишяпти. Қолган жамоалар ҳақида ҳам шундай фикрдаман. Мана Қўқон-1912 клубини олинг. Бир неча йиллик танаффусдан сўнг яна кучлилар сафига қайтган вилоятдошларимиз мавсумни жуда яхши темпда бошлашди. Бу кутилмаганликдан эмас, балки жамоаларнинг кучи тенглашиб бораётганлигидан дарак беради. 



- Ана шу ортда қолган 5та ўйиндан қайси бири жамоангиз учун энг қийини бўлди, деб айта оласиз?
- Осон ўйиннинг ўзи йўқ. Осонликча ҳеч бир жамоа нафақат уч, балки бир очкони ҳам бериб қўйгиси келмаяпти. Ҳамма ўйинимиз қийинчилик билан ўтди. Бу би томондан яхши ҳам. Қийин ўйинда қўлга киритилган ғалабанинг мазаси ҳам тотли бўлади. Клуб раҳбариятининг талабчанлиги, қолаверса, жамоамиз ишқибозларининг қўллаб-қувватлаши, керак бўлса талаби бизни олдинга юришга руҳлантирмоқда. Ҳамма ўйинимиз катта босим остида ўтяпти. Кейин олий лигамизнинг 6-7 жамоаси Осиё Чемпионлар лигасига бериладиган йўлланмалардан бирини қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Айтишларича, келаси йили ҳам ОЧЛда бизга 3+1 кўринишидаги ўринлар берилади. Бу ҳолат етакчи клубларимиздан ташқари қолган жамоаларимизга ҳам қўшимча куч бағишлаяпти. Қитъанинг нуфузли клублар мусобақасига 4та ўриннинг ажратилиши олий лигада кескинликнинг ортишига сабаб бўлди, деб айта оламан.

- Жорий мавсумда Нефтчи олдига аниқ мақсад қўйилганми? Ёки мухлисларга ёқадиган футбол намойиши билан чекланасизларми?
- Нефтчи жамоаси қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар, ҳамиша олий мақсадлар қўйилади. Ҳар бир учрашувга худди сўнгги финал ўйинига чиқаётгандек таассуротда, яъни фақат ғалаба учун тушамиз. Бу йил ниятларимиз янада жиддийроқ. Айтганимдек, ОЧЛга берилалиган йўлланмалар учун курашишга тайёрмиз.

- Олий лигада жамоалар сонининг 16тага етказилгани яхши бўлдими?
- Албатта. Жамоалар сонининг кўпайгани айни муддао бўлди. Футболчилар ўйин амалиётига кўпроқ эга бўлишади. Чемпионатимиз ҳозиргидек, яъни 5та турда бўлгани каби ҳалол курашлар остида давом этса, футболимизда яхшигина ўсишга эришилади. Шахсан мен бу йилги футбол мавсумидан жуда кўп нарса кутяпман. Биринчи галда ўйин сифатининг ошиши, қолаверса, совринли ўринлар учун курашнинг сўнгги тургача давом этишини хоҳлайман ва шундай бўлишига ишонаман. Нефтчи жамоасининг мана шу совринли ўринлар учун пойгада ғолиб бўлишини ҳам чин дилдан истайман. Қолаверса, бу йил аввалги мавсумлардан фарқли равишда барқарор ўйин намойиш этиб, хориж клубларида ўзимни синаб кўриш истаги ҳам йўқ эмас. Шунга астойдил ҳаракат қиламан.

- Шукурали, ҳалол ўйинлар ҳақида гапирдингиз. Авваллари келишилган ўйинлар бўлармиди? Шахсан ўзингиз ҳам шундай ўйинларга тўқнаш келганмисиз? Сизга ҳам келишишни тавсия қилишганми?
- Очиғи, бу саволга жавоб бера олмайман. Чунки, бу нарсанинг тепасида турмаганман, бундай жирканч ҳолатга тўқнаш келмаганман. Шахсан ўзимга ҳам шу пайтгача ўйинни келишайлик, деб ҳеч ким мурожаат қилмаган.



- Нефтчининг янги стадиони Истиқлол ҳақида қандай фикрдасиз?
- Фарғона шаҳрида қад ростлаган янги стадион жаҳон талабларига тўлиқ жавоб беради. Бу стадион шаҳримиз кўркига янада кўрк қўшди. Ўйлайманки, бу стадионда мухлисларимизни фақат ғалабалар билан хушнуд қиламиз. Мана куни кеча Ўзбекистон ва Янги Зеландия ёшлар (U-20) терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви Истиқлол стадионида кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Стадионга мухлис сиғмай кетди. ЎФФ раҳбарияти ана шундай терма жамоалар ўртасидаги ўйинларни кўпроқ вилоят стадионларига ишониб топширса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки, халқаро ўйинлар мухлислар билан тўла стадионларда ўтказилса, яна ҳам файзли бўлади.

- Бу йилги мавсумда чемпионлик учун қайси жамоаларнинг имкониятини кўпроқ баҳолайсиз?
- Камтарлик ҳамда айримлар учун бироз кулгули бўлсада айтаман, бу мавсумда Нефтчи жамоаси чемпионлик учун курашади. Энди истак билан уни амалга ошириш ўртасида катта фарқ бор. Энг муҳими, ўз кучимизга ишонишимиз керак. Шунда ҳаммаси биз ўйлагандек амалга ошади. Ўзи ҳар доим катта мақсадлар билан яшаш керак экан. Майли, чемпион бўлмасак ҳам, совринли ўринлардан бирини эгаллармиз. Шунга тоғдек мақсад қўйиб ҳаракат қилавериш керак. Астойдил ҳаракат қилсак, албатта мақсадимизга эришамиз. Энди вазиятга реал қарайдиган бўлсак, чемпионлик учун Пахтакор, Локомотив ва Насафнинг имкониятларини юқорироқ баҳолайман. Бунёдкор жамоасини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Қалдирғочлар Локомотив сингари ОЧЛнинг плей-офф босқичига чиқишдан батамом умидларини узишди. Гуруҳнинг сўнгги тур ўйинларини расмиятчилик учун ўтказишади. Табиики, энди бу икки клуб бор эътиборини ички чемпионат ва кубок баҳсларига қаратади. Демак, Бунёдкорни ҳам бу рўйхатга қўшиш мумкин. Аммо Пахтакор ва Локомотивнинг имкониятларини юқорироқ баҳолаган бўлардим. Кейин Олмалиқ жамоаси ҳам биз каби мавсумни ёмон бошламади. Энди биринчи давра баҳсларидан сўнг кўп нарса ойдинлашади.

- Ўтган йили аввалига Бунёдкор, кейин Навбаҳорда ўйнадингиз. Нима деб ўйлайсиз, Бунёдкорда сизга ўйин амалиётини беришмадими ёки рақобат кучлилик қилдими?
- Мавсумлар оралиғидаги қишки ўқув-машғулот йиғинини Бунёдкор билан бирга ўтказдим. Хориж йиғинларида шуғулландим. Лекин мавсумни қалдирғочлар сафида бошлаш насиб қилмади. Ижара асосида Навбаҳор таркибида биринчи даврани ўтказдим. Бунёдкорга асосий таркибда ўйнаш истагида келгандим. Лекин ҳамиша ҳам сиз ўйлаган нарсалар амалга ошавермас экан. Бунинг сабаблари кўп. Қайсидир жойда ўзим хато қилгандирман. Балки, сиз айтгандек рақобат кучлилик қилгандир. Хуллас, жамоага қўшилиб кетишим қийин кечди. Захирада ўтириб, қачон навбатим келишини кутишни эса истамадим. Футболчи учун ўйин амалиёти жуда ҳам зарур. Кучли жамоанинг захирасида ўтиришдан кўра, ўртамиёнароқ клубнинг асосий таркибида доимий ўйин амалиётига эга бўлишни афзал билдим.

- Нефтчига қайтиш, бу уйга қайтиш дегани. Айтингчи, бошқа таклифлар ҳам бормиди?
- Албатта. Таклифлар етарлича бўлди. Бошқа таклифларни ҳам тарозига қўйиб ўйлаб кўрдим. Лекин юрагимга қулоқ солдим ва унинг айтганини қилдим. Нефтчи жамоасини танлаганимдан афсусланмайман.

- ОЧЛда иштирок этаётган клубларимизнинг ўйинлари сизда қандай таассурот қолдиряпти?  
- ОЧЛ гуруҳ баҳсларида ўзимизнинг клубларга мухлислик қиляпман. Афсуски, Локомотив ва Бунёдкор жамоалари гуруҳдан чиқиш масаласини ижобий ҳал қила олишмади. Айниқса, Бунёдкор ўз майдонида ўтказган уччала ўйинида ҳам мағлубиятга учраб, ўзбек клубларининг антирекордини ўрнатди. Локомотив ҳам ўз имкониятидан анча паст даражада ўйин намойиш этди. Таркиб жиҳатдан темирйўлчилар анча кучли эди. Пахтакор ва Насафда эса ҳали плей-оффга чиқиш учун имконият бор. Менга бу икки клубнинг 5-турда кўрсатган ўйинлари маъқул келди. Иккала жамоамиз ҳам бир кун фарқи билан сафарда Эрон клубларига қарши майдонга тушишди. Насаф иродали ва шу билан бирга ўзи учун тарихий ғалабани қўлга киритди. Артур Геворкян ўзининг ажойиб ўйини ва чиройли голи билан Насафга ғалаба келтирди. Пахтакор ҳам ғалабага жуда яқин келганди. Лекин юзага келтирилган қулай вазиятлардан фойдалана билмаслик жамоага панд берди. Бир очко билан чекланишди. Аммо, бу жамоамизда ҳам имкониятлар сақланиб қоляпти. Энди ОЧЛ мусобақаси катта нуфузга эга. Араб жамоаларини кўряпсиз, ўз таркибларига нафақат Бразилия, балки Европанинг кўзга кўринган футбол юлдузларини ҳам таклиф этишяпти. Катта пул сарфлаш эвазига ОЧЛда ижобий натижаларга эришишяпти. Истайсизми-йўқми, бугунги кунда араб жамоалари молиявий жиҳатдан биздан устун. Исталган спорт турида молиявий жиҳат катта аҳамиятга эга бўлган.  

- Молия ҳақида сўз очдингиз. Нефтчида маошларни ўз вақтида оляпсизларми?
- Ҳа, ҳаммаси жойида. Ҳозирча маошларимизни ўз вақтида беришяпти.

- Олдинги сиз ўйнаган вақтдаги Нефтчи билан ҳозирги Нефтчининг ўртасида қандай фарқни сездингиз?
- Сезиларли ва жуда катта фарқ бор, деб айта олмайман. Тўғри, жамоада янги мураббий ишлаяпти. Таркибда янги футболчилар ҳам бор. Лекин жамоа анъанаси сақланиб қолган. Нефтчи асосан ўз тарбияланувчиларига суянади. Легионер футболчиларга деярли эҳтиёж сезилмайди. Мана бир пайтлар Нефтчи сафида ёрқин ўйин намойиш этган футболчилар яна Фарғонага қайтишди. Бу жуда ҳам тўғри қарор деб ўйлайман. Ўзи туғилиб ўсган вилоятнинг бош жамоасига ёрдам бериб, шу йўл билан фарзандлик бурчи, мухлислар олдидаги қарзини узмаса, яна қайси йўл билан уни узади?

- Бош мураббий Мурод Исмоилов ҳақида фикрингиз қандай?
- Мурод ака ҳар томонлама ўз ишининг устаси. Бир неча йил Пахтакор жамоасида бош мураббий бўлиб ишладилар. Айтмоқчиманки, тажрибалари жуда ҳам катта. Ҳозирги муваффақиятларимизда мураббийимизнинг хиссалари катта. Уларнинг кўрсатмаларини тўғри бажариш орқали ўзимиз учун керакли бўлган натижага эришяпмиз.  



- ЖЧ-2018 қуръаси ҳақида қандай фикрдасиз? Терма жамоамиз гуруҳ ғолиби сифатида кейинги босқичга чиқа оладими?
- Менимча, қуръа биз учун жуда яхши бўлди. Асосий рақиблар Баҳрайн ва КХДР бўлиши кундек равшан. Бу иккала жамоани ҳам бемалол ютиш мумкин. Ҳозирги ҳолатимиз ва терма жамоада жам бўлган футболчилар билан бу вазифани уддаланишига ишонаман. Энди Баҳрайн ҳамиша биз учун ноқулай рақиб бўлиб келган. Адашмасам, расмий ўйинларда ҳали Баҳрайнни мағлубиятга учратмаганмиз. Сўнгги жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичида ҳам улар бизни Тошкентда ҳал қилувчи ўйинда пенальтилар сериясида ютиб кетишганди. Ўша аламли мағлубиятлар учун муносиб тарзда жавоб бериш фурсати етиб келди. КХДР эса ҳимоявий ўйин намойиш этадиган жамоалар сирасига киради. Бундай услубдаги жамоалар билан ўйнаш ҳамиша қийин кечади. Агар ҳисобни очиб олсак, кейин марра бизники бўлади. Филиппин терма жамоаси билан ҳали ўйин ўтказилмаган. Яман билан учрашув Дубайда бўлса керак. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам бу икки жамоа бизга рақиб бўла олмайди. Ўйлайманки ва ишонаманки, терма жамоамиз гуруҳ ғолиби сифатида кейинги босқичга йўлланма олади. 

- Куни кеча Европа Чемпионлар лигасида чорак финалнинг жавоб учрашувлари ўтказилиб, ярим финал иштирокчилари маълум бўлди. Сизнинг чемпион бўлиш қайси жамоага насиб қилади?
- Дунёнинг энг кучли жамоалари ярим финалга етиб келишди. Айниқса, Бавария, Реал ва Барселонани алоҳида таъкидлаган бўлардим. Менимча, бу квартетда Ювентуснинг имкониятлари пастроқ. Ўзи туринликларнинг шу босқичга етиб келганининг ўзиёқ катта натижа. 

- Ўзи қайси жамоага мухлислик қиляпсиз?
- Реалга мухлислик қиляпман. Лекин қайси жамоа чемпион бўлишини тахмин қилиш жуда ҳам қийин. Тенг кучли ва бир-бирига муносиб жамоалар ярим финалда майдонга тушишади.


  Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика